Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Шафоатнинг исботи ва муваҳҳид – Аллоҳнинг якка ўзига ибодат қилувчиларнинг дўзахдан чиқиши

3800 марта кўрилган

(80) بَابُ إِثْبَاتِ الشَّفَاعَةِ وَإِخْرَاجِ الْمُوَحِّدِينَ مِنَ النَّارِ

116 - حَدِيثُ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَدْخُلُ أَهْلُ الْجَنَّةِ الْجَنَّةَ، وَأَهْلُ النَّارِ النَّارَ ثُمَّ يَقُولُ اللهُ تَعَالَى: أَخْرِجُوا مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ حَبَّةٍ مِنْ خَرْدَلٍ مِنْ إِيمَانٍ، فَيُخْرَجُونَ مِنْهَا قَدِ اسْوَدُّوا، فَيُلْقَونَ فِي نَهَرِ الْحَيَا أَوِ الْحَيَاةِ (شَكٌّ مِنْ أَحَدِ رِجَالِ السَّنَدِ) فَيَنْبُتُونَ كَمَا تَنْبُتُ الْحِبَّةُ فِي جَانِبِ السَّيْلِ، أَلَمْ تَرَ أَنَّهَا تَخْرُجُ صَفْرَاءَ مُلْتَوِيَةً.
أخرجه البخاري في 2 كتاب الإيمان: 15 باب تفاضل أهل الإيمان في الأعمال.

80-боб. Шафоатнинг исботи ва муваҳҳид – Аллоҳнинг якка ўзига ибодат қилувчиларнинг дўзахдан чиқиши.

116. Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кирганидан кейин Аллоҳ Таоло: «Кимнинг қалбида хардалнинг[1] уруғи вазнича иймон бўлса, уни (дўзахдан) чиқаринглар», дейди. У ердан чиқариладилар, куйиб-қорайиб кетган бўладилар. Кейин ҳаё (ёмғир) ёки ҳаёт дарёсига (ҳадис санадидаги ровийлардан бири айнан қайси сўз айтилганида иккиланган) тушириладилар ва худди сел олиб келган кўпиксимон лойқаларда уруғ (сарғайиб) ўсиб чиққанидек ўсадилар (баданлари асл ҳолатига қайтади). Уни (уруғни) сарғайиб, учи қайрилиб (униб) чиқишини кўрмаганмисизлар?»

Бухорий (22), Муслим (184/345).

(81) بَابُ آخِرِ أَهْلِ النَّارِ خُرُوجًا

117 - حَدِيثُ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنِّي لَأَعْلَمُ آخِرَ أَهْلِ النَّارِ خُرُوجًا مِنْهَا، وَآخِرَ أَهْلِ الْجَنَّةِ دُخُولاً رَجُلٌ يَخْرُجُ مِنَ النَّارِ كَبْوًا فَيَقُولُ اللهُ اذْهَبْ فَادْخُلِ الْجَنَّةَ، فَيَأْتِيهَا فَيُخَيَّلُ إِلَيْهِ أَنَّهَا مَلْأَى، فَيَرْجِعُ فَيَقُولُ يَا رَبِّ وَجَدْتُهَا مَلْأَى، فَيَقُولُ اذْهَبْ فَادْخُلِ الْجَنَّةَ فَيَأْتِيَهَا فَيُخَيَّلُ إِلَيْهِ أَنَّهَا مَلْأَى، فَيَرْجِعُ فَيَقُولُ يَا رَبِّ وَجَدْتُهَا مَلْأَى، فَيَقُولُ اذْهَبْ فَادْخُلِ الْجَنَّةَ فَإِنَّ لَكَ مِثْلَ الدُّنْيَا وَعَشَرَةَ أَمْثَالِهَا، أَوْ إِنَّ لَكَ مِثْلَ عَشَرَةِ أَمْثَالِ الدُّنْيَا، فَيَقُولُ تَسْخَرُ مِنِّي أَوْ تَضْحَكُ مِنِّي وَأَنْتَ الْمَلِكُ
فَلَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ضَحِكَ حَتَّى بَدَتْ نَوَاجِذُهُ
وَكَانَ يُقَالُ: ذَلِكَ أَدْنَى أَهْلِ الْجَنَّةِ مَنْزِلَةً.
أخرجه البخاري في 81 كتاب الرقاق: 51 باب صفة الجنة والنار.

81-боб. Дўзахдан охирги бўлиб чиқадиган киши.

117. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен дўзахдан охирги бўлиб чиқадиган ва жаннатга охирги бўлиб кирадиган кишини аниқ биламан. У одам дўзахдан эмаклаб чиқади. Аллоҳ унга: «Бор, жаннатга кир», дейди. У (жаннатнинг олдига) келиб, уни тўлган деб ўйлайди. Ортига қайтиб, «Эй Раббим, унинг тўла эканлигини кўрдим», дейди. (Аллоҳ) «Бор, жаннатга кир», дейди. У келиб, уни тўлган деб ўйлайди. Ортига қайтиб, «Эй Раббим, унинг тўла эканлигини кўрдим», дейди. (Аллоҳ) «Бор, жаннатга кир. Сенга дунё ва унинг ўн баравари – ёки – дунёнинг ўн бараварини», дейди. У (шунча катта неъмат берилганидан ҳайратга тушиб, хурсанд бўлиб): «Сен Малик – подшоҳ бўла туриб, мени масхара қиляпсанми – ёки – менинг устимдан куляпсанми?» – дейди».

(Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади) «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳадиснинг шу жойига келганда) кулганларини кўрдим, ҳатто (кулгидан) озиқ тишлари ҳам кўриниб кетди».

»Бу жаннат аҳлининг энг қуйи даражаси», деб айтилар эди.[2]

Бухорий (6571), Муслим (186/349).

(82) بَابُ أَدْنَى أَهْلِ الْجَنَّةِ مَنْزِلَةً فِيهَا

118 - حَدِيثُ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَجْمَعُ اللهُ النَّاسَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُونَ لَوِ اسْتَشْفَعْنَا عَلَى رَبِّنَا حَتَّى يُرِيحَنَا مِنْ مَكَانِنَا فَيَأْتُونَ آدَمَ فَيَقُولُونَ: أَنْتَ الَّذِي خَلَقَكَ اللهُ بِيَدِهِ، وَنَفَخَ فِيكَ مِنْ رُوحِهِ، وَأَمَرَ الْمَلاَئِكَةَ فَسَجَدُوا لَكَ، فَاشْفَعْ لَنَا عِنْدَ رَبِّنَا؛ فَيَقُولُ: لَسْتُ هُنَاكُمْ، وَيَذْكُرُ خَطِيئَتَهُ، وَيَقُولُ ائْتُوا نُوحًا، أَوَّلَ رَسُولٍ بَعَثَهُ اللهُ فَيَأْتُونَهُ فَيَقُولُ: لَسْتُ هُنَاكُمْ، وَيَذْكُرُ خَطِيئَتَهُ، ائْتُوا إِبْرَاهِيمَ الَّذِي اتَّخَذَهُ اللهُ خَلِيلاً، فَيَأْتُونَهُ فَيَقُولُ لَسْتُ هُنَاكُمْ، وَيَذْكُرُ خَطِيئَتَهُ، ائْتُوا مُوسَى الَّذِي كَلَّمَهُ اللهُ؛ فَيَأْتُونَه فَيَقُولُ لَسْتُ هُنَاكُمْ، فَيَذْكُرُ خَطِيئَتَهُ، ائْتُوا عِيسَى، فَيَأْتُونَهُ فَيَقُولُ لَسْتُ هُنَاكُمْ، ائْتُوا مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ فَيَأْتُونِي، فَأَسْتأْذِنُ عَلَى رَبِّي، فَإِذَا رَأَيْتُهُ وَقَعْتُ سَاجِدًا، فَيَدَعُنِي مَا شَاءَ اللهُ، ثُمَّ يُقَالُ ارْفَعْ رَأْسَكَ، سَلْ تُعْطَهْ، وَقُلْ يُسمَعْ، وَاشْفَعْ تُشَفَّعْ فَأَرْفَعُ رَأْسِي فَأَحْمَدُ رَبِّي بِتَحْمِيدٍ يُعَلِّمُنِي؛ ثُمَّ أَشْفَعُ فَيَحُدُّ لِي حَدًّا، ثُمَّ أُخْرِجُهُمْ مِنَ النَّارِ وَأُدْخِلُهُمُ الْجَنَّةَ؛ ثُمَّ أَعُودُ فَأَقَعُ سَاجِدًا مِثْلَهُ فِي الثَّالِثَةِ أَوِ الرَّابِعَةِ حَتَّى مَا يَبْقَى فِي النَّارِ إِلاَّ مَنْ حَبَسَهُ الْقُرْآنُ.
أخرجه البخاري في: 81 كتاب الرقاق: 51 باب صفة الجنة والنار.

82-боб. Жаннат аҳлининг энг қуйи даражаси.

118. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ Қиёмат куни одамларни жамлайди. Улар (бу ерда кўп туриб қолганликлари учун) «Раббимиздан ёрдам сўрасак, бу ўрнимиздан (ундаги даҳшатли кутиш машаққатидан) қутқарармиди…» дейишади. Кейин Одамнинг олдига бориб, «Сиз Аллоҳ Ўз қўли билан яратган, Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарга буюрган – улар сизга сажда қилган кишисиз. Шундай экан, Раббимизнинг ҳузурида бизни шафоат қилинг (бу ҳолатимиздан қутқарсин)», деб айтишади. У: «Сизларнинг (шафоат истаган) мақомингизда эмасман (бунга имконим йўқ)», деб ўзининг хатосини зикр қилади ва «Аллоҳ жўнатган биринчи расул – Нуҳнинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади (ва шафоат қилишини сўрашади). У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман», деб ўзининг хатосини айтади ва «Аллоҳ ўзига халил қилиб олган Иброҳимнинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади. У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман», деб ўзининг хатосини тилга олади ва «Аллоҳ (бевосита) гаплашган Мусонинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади. У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман», деб ўзининг хатосини айтади ва «Ийсонинг олдига боринглар», дейди. Унинг олдига боришади. У ҳам: «Сизлар (истаган) мақомда эмасман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига боринглар. Унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари мағфират қилинган», дейди. Улар менинг олдимга келишади. Шунда мен Раббим ҳузурига изн сўрайман. Уни кўрганимда саждага йиқиламан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганча мени шундай қолдиради. Кейин: «Бошингни кўтар. Сўра, сўраганинг берилади; гапир, тингланади; шафоат қил, шафоатинг қабул этилади», дейилади. Бошимни кўтариб, Раббимга (ўша куни) менга ўргатадиган мақтовлар билан ҳамд айтаман. Кейин шафоат сўрайман. Менга муайян миқдорни белгилаб беради. Кейин уларни дўзахдан олиб чиқиб жаннатга киритаман. Кейин қайтиб, худди шу йўсинда, учинчи ёки тўртинчи[3] (марта) саждага йиқиламан. Охири дўзахда Қуръон ушлаб қолганларгина (у ерда абадий қолишини хабар берган кишиларгина) қолади».[4]

Бухорий (6565), Муслим (193/363).

119 - حَدِيثُ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ حَدَّثَنَا مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ مَاجَ النَّاسُ بَعْضُهُمْ فِي بَعْضٍ، فَيَأْتُونَ آدَمَ فَيَقُولُونَ: اشْفَعْ لَنَا إِلَى رَبِّكَ فَيَقُولُ: لَسْتُ لَهَا وَلكِنْ عَلَيْكُمْ بِإِبْرَاهِيمَ فَإِنَّهُ خَلِيلُ الرَّحْمَنِ؛ فَيَأْتُونَ إِبْرَاهِيمَ، فَيَقُولُ: لَسْتُ لَهَا وَلَكِنْ عَلَيْكُمْ بِمُوسَى فَإِنَّهُ كَلِيمُ اللهِ؛ فَيَأْتُونَ مُوسَى فَيَقُولُ: لَسْتُ لَهَا وَلكِنْ عَلَيْكُمْ بِعِيسَى فَإِنَّهُ رُوحُ اللهِ وَكَلِمَتُهُ؛ فَيَأْتُونَ عِيسَى فيَقُولُ: لَسْتُ لَهَا وَلَكِنْ عَلَيْكُمْ بِمحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؛ فَيَأْتُونِي فَأَقُولُ: أَنَا لَهَا، فَأَسْتَأْذِنُ عَلَى رَبِّي فَيُؤْذَنُ لِي، وَيُلْهِمُنِي مَحَامِدَ أَحْمَدُهُ بِهَا لاَ تَحْضُرُنِي الْآنَ، فَأَحْمَدُهُ بِتِلْكَ الْمَحَامِدِ وَأَخِرُّ لَهُ سَاجِدًا، فَيُقَالُ: يَا مُحَمَّدُ ارْفَعْ رَأْسَكَ وَقُلْ يُسْمَعْ لَكَ، وَسَلْ تُعْطَ، وَاشْفَعْ تُشَفَّعْ؛ فَأَقُولُ: يَا رَبِّ أُمَّتِي، أُمَّتِي، فَيُقَالُ: انْطَلِقْ فَأَخْرِجْ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ شَعِيرَةٍ مِنْ إِيمَانٍ، فَأَنْطَلِقُ فَأَفْعَلُ ثُمَّ أَعُودُ فَأَحْمَدُهُ بِتِلْكَ الْمَحَامِدِ، ثُمَّ أَخِرُّ لَهُ سَاجِدًا؛ فَيُقَالُ: يَا مُحَمَّدُ ارْفَعْ رَأْسَكَ، وَقُلْ يُسْمَعْ لَكَ، وَسَلْ تُعْطَ، وَاشْفَعْ تُشَفَعْ؛ فَأَقُولُ: يَا رَبِّ أُمَّتِي، أُمَّتِي فَيُقَالُ انْطَلِقْ فَأَخْرِجْ مِنْهَا مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ أَوْ خَرْدَلَةٍ مِنْ إِيمَانٍ؛ فَأَنْطَلِقُ فَأَفْعَلُ؛ ثُمَّ أَعُودُ فَأَحْمَدُهُ بِتَلْكَ الْمَحَامِدِ ثُمَّ أَخِرُّ لَهُ سَاجِدًا؛ فَيُقَالُ يَا مُحَمَّدُ ارْفَعْ رَأْسَكَ، وَقُلْ يُسْمَعْ لَكَ، وَسَلْ تُعْطَ، وَاشْفَعْ تُشَفَّعْ؛ فَأَقُولُ يَا رَبِّ أُمَّتِي، أُمَّتِي فَيُقَالُ انْطَلِقْ فَأخْرِجْ مَنْ كَانَ فِي قَلْبِهِ أَدْنَى أَدْنَى أَدْنَى مِثْقَالِ حَبَّةِ خَرْدَلٍ مِنْ إِيمَانٍ فَأَخْرِجْهُ مِنَ النَّارِ؛ فَأَنْطَلِقُ فَأَفْعَلُ.
ثُمَّ أَعُودُ الرَّابِعَةَ فَأَحْمَدُهُ بِتِلْكَ الْمَحَامِدِ، ثُمَّ أَخِرُّ لَهُ سَاجِدًا؛ فَيُقَالُ يَا مُحَمَّدُ ارْفَعْ رَأْسَكَ، وَقُلْ يُسْمَعْ، وَسَلْ تُعْطَهْ، وَاشْفَعْ تُشَفَّعْ؛ فَأَقُولُ يَا رَبِّ ائْذَنْ لِي فِيمَنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ، فَيَقُولُ وَعِزَّتِي وَجَلاَلِي وَكِبْرِيَائِي وَعَظَمَتِي لأُخْرِجَنَّ مِنْهَا مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إلَّا اللهُ.
أخرجه البخاري في: 97 كتاب التوحيد: 36 باب كلام الرب عز وجل يوم القيامة مع الأنبياء وغيرهم.

119. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай дедилар: «Қиёмат куни бўлганида (у куннинг даҳшатларидан) одамлар бир-бири билан аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Кейин Одамнинг олдига бориб, «Биз учун Раббингизга шафоат қилинг», дейишади. «Бу (шафоат қилиш мартабаси) менга эмас. Лекин сизлар Иброҳимнинг олдига боринглар. Чунки у Раҳмоннинг халили», дейди. Иброҳимнинг олдига боришади. У: «Бу менга эмас. Лекин сизлар Мусонинг олдига боринглар. Чунки у Аллоҳ билан гаплашган», дейди. Мусонинг олдига боришади. У: «Бу (шафоат қилиш мартабаси) менга эмас. Лекин сизлар Ийсонинг олдига боринглар. Чунки у Аллоҳнинг (Ўзи томонидан бўлган) руҳи ва калимасидир», дейди. Ийсонинг олдига боришади. У: «Бу менга эмас. Лекин сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига боринглар», дейди. Менинг олдимга келишади. «Мен бунга ҳақлиман», дейман ва Раббим ҳузурига изн сўрайман. Менга изн берилади ва Уни мақтайдиган, ҳозир мен билмайдиган ҳамдларни айтишимга илҳом беради. Ўша ҳамдлар билан Уни мақтайман ва саждага йиқиламан. Шунда: «Эй Муҳаммад, бошингни кўтар. Сўра, (истаганинг) берилади; гапир, гапинг эшитилади; шафоат қил, шафоатинг қабул этилади», дейилади. «Эй Раббим! Умматим, умматим(га дўзахдан нажот бер)», дейман. Шунда: «Бор, қалбида бир арпа (дони) вазнича иймони бўлганларни (дўзахдан) чиқар», дейилади. Бориб, буни бажараман. Кейин қайтиб, Унга ўша мақтовлар билан ҳамд айтаман, саждага йиқиламан. «Эй Муҳаммад, бошингни кўтар. Сўра, берилади; гапир, гапинг эшитилади; шафоат қил, шафоатинг қабул этилади», дейилади. «Эй Раббим! Умматим, умматим», дейман. Шунда: «Бор, қалбида бир зарра (майда чумоли) ёки хардалнинг уруғи вазнича иймон бўлганларни чиқар», дейилади. Бориб, буни бажараман. Кейин қайтиб, Унга ўша мақтовлар билан ҳамд айтаман, саждага йиқиламан. «Эй Муҳаммад, бошингни кўтар. Сўра, берилади; гапир, гапинг эшитилади; шафоат қил, шафоатинг қабул этилади», дейилади. «Эй Раббим! Умматим, умматим», дейман. Шунда: «Бор, қалбида хардалнинг жуда, жуда, жуда кичик уруғи вазнича иймон бўлганларни чиқар», дейилади. Бориб, буни бажараман.

Кейин тўртинчи марта қайтиб, Унга ўша мақтовлар билан ҳамд айтаман, саждага йиқиламан. «Эй Муҳаммад, бошингни кўтар. Сўра, берилади; гапир, гапинг эшитилади; шафоат қил, шафоатинг қабул этилади», дейилади. «Эй Раббим! «Ла илаҳа иллаллоҳ («Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ») деб айтганлар учун менга (шафоат қилишга) изн бер», дейман. Шунда У: «Иззатим, улуғлигим, кибриём (олийлигим) ва буюклигимга қасамки, ким «Ла илаҳа иллаллоҳ», деган бўлса, албатта дўзахдан чиқараман», дейди».[5]

Бухорий (7510), Муслим (193/367).

120 - حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: أُتِيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِلَحْمٍ، فَرُفِعَ إِلَيْهِ الذِّرَاعُ، وَكَانَتْ تُعْجِبُهُ، فَنَهَسَ مِنْهَا نَهْسَةً ثُمَّ قَالَ: أَنَا سَيِّدُ النَّاسِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَهَلْ تَدْرُونَ مِمَّ ذَلِكَ يُجْمَعُ النَّاسُ الأَوَّلِينَ وَالآخِرِينَ فِي صَعِيدٍ وِاحِدٍ، يُسْمِعُهُمُ الدَّاعِي، وَيَنْفُذُهُمُ الْبَصَرُ، وَتَدْنُو الشَّمْسُ فَيَبْلُغُ النَّاسَ مِنَ الغَمِّ وَالْكَرْبِ مَا لاَ يُطِيقُونَ وَلاَ يَحْتَمِلُونَ؛ فَيَقُولُ النَّاسُ أَلاَ تَرَوْنَ مَا قَدْ بَلَغَكُمْ أَلاَ تَنْظُرُونَ مَنْ يَشْفَعُ لَكُمْ إِلَى رَبِّكُمْ فَيقُولُ بَعْضُ النَّاسِ لِبَعْضٍ، عَلَيْكُمْ بِآدَمَ.
فَيَأْتُونَ آدَمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ؛ فَيَقُولُونَ لَهُ: أَنْتَ أَبُو الْبَشَرِ، خَلَقَكَ اللهُ بِيَدِهِ، وَنَفَخَ فِيكَ مِنْ رُوحِهِ، وَأَمَرَ الْمَلاَئِكَةَ فَسَجَدُوا لَكَ، اشْفَعْ لَنَا إِلَى رَبِّكَ، أَلاَ تَرَى إِلَى مَا نَحْنُ فِيهِ أَلاَ تَرَى إِلَى مَا قَدْ بَلَغَنَا فَيَقُولُ آدَمُ إِنَّ رَبِّي قَدْ غَضِبَ الْيَوْمَ غَضَبًا لَمْ يَغْضَبْ قَبْلَهُ مِثْلَهُ وَلَنْ يَغْضَبَ بَعْدَهُ مِثْلَهُ، وَإِنَّهُ نَهَانِي عَنِ الشَّجَرَةِ فَعَصَيْتُهُ، نَفْسِي نَفْسِي نَفْسِي؛ اذْهَبُوا إِلَى غَيْرِي، اذْهَبُوا إِلَى نُوحٍ.
فَيَأْتُونَ نُوحًا فَيَقُولُونَ: يَا نُوحُ إِنَّكَ أَنْتَ أَوَّلُ الرُّسُلِ إِلَى أَهْلِ الْأَرْضِ، وَقَدْ سَمَّاكَ اللهُ عَبْدًا شَكُورًا، اشْفَعْ لَنَا إِلَى رَبِّكَ، أَلاَ تَرَى إِلَى مَا نَحْنُ فِيهِ فَيَقُولُ: إِنَّ رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ قَدْ غَضِبَ الْيَوْمَ غَضَبًا لَمْ يَغْضَبْ قَبْلَهُ مِثْلَهُ وَلَنْ يَغْضَبَ بَعْدَهُ مِثْلَهُ؛ وَإِنَّهُ قَدْ كَانَتْ لِي دَعْوَةٌ دَعَوْتُهَا عَلَى قَوْمِي، نَفْسِي نَفْسِي نَفْسِي؛ اذْهَبُوا إِلَى غَيْرِي، اذْهَبُوا إِلَى إِبْرَاهِيمَ.
فَيَأْتُونَ إِبْراهِيمَ فَيَقُولُونَ يَا إِبْرَاهِيمُ أَنْتَ نَبِيُّ اللهِ وَخِلِيلُهُ مِنْ أَهْلِ الأَرْضِ اشْفَعْ لَنَا إِلَى رَبِّكَ، أَلاَ تَرَى إِلَى مَا نَحْنُ فِيهِ فَيَقُولُ لَهُمْ إِنَّ رَبِّي قَدْ غَضِبَ الْيَوْمَ غَضَبًا لَمْ يَغْضَبْ قَبْلَهُ مِثْلَهُ، وَلَنْ يَغْضَبَ بَعْدَهُ مِثْلَهُ؛ وَإِنِّي قَدْ كُنْتُ كَذَبْتُ ثَلَاثَ كَذَبَاتٍ، نَفْسِي نَفْسِي نَفْسِي؛ اذْهَبُوا إِلَى غَيْرِي، اذْهَبُوا إِلَى مُوسَى.
فَيَأْتُونَ مُوسَى، فَيَقُولُونَ: يَا مُوسَى أَنْتَ رَسُولُ اللهِ فَضَّلَكَ الله بِرِسَالَتِهِ وَبِكَلاَمِهِ عَلَى النَّاسِ، اشْفَعْ لَنَا إِلَى رَبِّكَ أَلاَ تَرَى إِلَى مَا نَحْنُ فِيهِ فَيَقُولُ إِنَّ رَبِّي قَدْ غَضِبَ الْيَوْمَ غَضَبًا لَمْ يَغْضَبْ قَبْلَهُ مِثْلَهُ، وَلَنْ يَغْضَبَ بَعْدَهُ مِثْلَهُ، وَإِنِّي قَدْ قَتَلْتُ نَفْسًا لَمْ أُومَرْ بِقَتْلِهَا، نَفْسِي نَفْسِي نَفْسِي؛ اذْهَبُوا إِلَى غَيْرِي، اذْهبُوا إِلَى عِيسى.
فَيَأْتُونَ عِيسَى، فَيَقُولُونَ يَا عِيسَى أَنْتَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ، وَكَلَّمْتَ النَّاسَ فِي الْمَهْدِ صَبِيًّا، اشْفَعْ لَنَا، أَلاَ تَرَى إِلَى مَا نَحْنُ فِيهِ فَيَقُولُ عِيسى، إِنَّ رَبِّي قَدْ غَضِبَ الْيَوْمَ غَضَبًا لَمْ يَغْضَبْ قَبْلَهُ مِثْلَهُ وَلَنْ يَغْضَبَ بَعْدَهُ مِثْلَهُ، وَلَمْ يَذْكُرْ ذَنْبًا، نَفْسِي نَفْسِي نَفْسِي؛ اذْهَبُوا إِلَى غَيْرِي، اذْهَبُوا إِلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.
فَيَأْتُونَ مُحَمَّدًا صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَيَقُولُونَ: يَا مُحَمَّدُ أَنْتَ رَسُولُ اللهِ وَخَاتِمُ الأَنْبِيَاءِ، وَقَدْ غَفَرَ اللهُ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ، اشْفَعْ لَنَا إِلَى رَبِّكَ، أَلاَ تَرَى إِلَى مَا نَحْنُ فِيهِ فَأَنْطَلِقُ فَآتِي تَحْتَ الْعَرْشِ فَأَقَعُ سَاجِدًا لِرَبِّي عَزَّ وَجَلَّ ثُمَّ يَفْتَحُ اللهُ عَلَيَّ مِنْ مَحَامِدِهِ وَحُسْنِ الثَّنَاءِ عَلَيْهِ شَيْئًا لَمْ يَفْتَحْهُ عَلَى أَحَدٍ قَبْلِي، ثُمَّ يُقَالُ: يَا مُحَمَّدُ ارْفَعْ رَأْسَكَ، سَلْ تُعْطَهْ، وَاشْفَعْ تُشَفَّعْ؛ فَأَرْفَعُ رَأْسِي، فَأَقُولُ: أُمَّتِي يَا رَبِّ أُمَّتِي يَا رَبِّ فَيُقَالُ: يَا مُحَمَّدُ أَدْخِلْ مِنْ أُمَّتِكَ مَنْ لاَ حِسَابَ عَلَيْهِمْ مِنَ الْبَابِ الأَيْمَنِ مِنْ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ، وَهُمْ شُرَكَاءُ النَّاسِ فِيمَا سِوَى ذلِكَ مِنَ الْأَبْوَابِ، ثُمَّ قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّ مَا بَيْنَ المِصْرَاعَيْنِ مِنْ مَصَارِيعِ الْجَنَّةِ كَمَا بَيْنَ مَكَّةَ وَحِمْيَرَ، أَوْ كَمَا بَيْنَ مَكَّةَ وَبُصْرَى.
أخرجه البخاري في: 65 كتاب التفسير: 17 سورة الإسراء: 5 باب ذرية من حملنا مع نوح.

120. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўшт олиб келинди. У кишига (қўйнинг) қўли тақдим қилинди – ул зотга шу жойи ёқар эди. Ундан бир тишладилар. Кейин айтдилар: «Мен Қиёмат куни одамларнинг саййиди бўламан. Сизлар бунинг сабабини биласизларми? Одамларнинг аввалигисию охиргиси бир майдонда тўпланади. Чақирувчи уларнинг ҳаммасига эшиттира олади, бир қараш билан уларни кўрса бўлади. Қуёш яқинлашади (одамларни қаттиқ қиздириб, куйдира бошлайди). Инсонларга шунчалик ғам-қайғу етадики, бунга тоқат қила олмай, кўтара олмай қолишади. Шунда улар бир-бирларига: «Сизларга етган нарсани кўрмаяпсизларми? Ўзинглар учун Раббингизга (орангизда тезроқ ҳисоб-китоб қилиши учун) шафоат[6] қиладиган одамни қарамайсизларми (топмайсизларми)?» – дейишади. Кейин бир-бирларига: «Одамнинг олдига боринглар», деб айтишади.

Улар Одам алайҳиссаломнинг олдига келиб, унга: «Сиз инсоният отасисиз. Аллоҳ сизни Ўз қўли билан яратди, сизга (Ўзи яратган) руҳидан пуфлади, фаришталарга буюрганди, сизга сажда қилишди. Биз учун Раббингизга шафоат қилинг. Биз турган нарсани (машаққатни) кўрмаяпсизми? Бизга нима етганини кўрмаяпсизми?» – деб айтишади. Шунда Одам: «Дарҳақиқат, бугун Раббим шундай қаттиқ ғазабланганки, бундан олдин ҳам бундай ғазаб қилмаган, кейин ҳам бундай ғазаб қилмайди. У мени дарахтдан қайтарган эди. Мен эса Унга исён қилдим. Нафсим, нафсим, нафсим(ўзимга жавоб бера олсам ҳам кифоя)! Мендан бошқасининг олдига боринглар. Нуҳнинг олдига боринглар», дейди.

Нуҳнинг олдига келиб: «Эй Нуҳ! Сиз Ер юзига (жўнатилган) биринчи расулсиз.[7] Аллоҳ сизни «шукр қилувчи банда», деб атаган.[8] Биз учун Раббингизга шафоат қилинг. Биз турган нарсани (машаққатни) кўрмаяпсизми?» – дейишади. У: «Албатта, Раббим азза ва жалла бугун шундай қаттиқ ғазабланганки, бундан олдин ҳам бундай ғазаб қилмаган, кейин ҳам бундай ғазаб қилмайди. Менинг битта (аниқ ижобат бўладиган) дуоим бор эди, уни қавмимга қарши қилиб бўлганман. Нафсим, нафсим, нафсим(ўзимга жавоб бера олсам ҳам кифоя)! Мендан бошқасининг олдига боринглар. Иброҳимнинг олдига боринглар», дейди.

Иброҳимнинг олдига келиб: «Эй Иброҳим! Сиз Аллоҳнинг пайғамбари ва ер аҳлидан бўлган Унинг халилисиз.[9] Биз учун Раббингизга шафоат қилинг. Биз турган нарсани (машаққатни) кўрмаяпсизми?» – дейишади. У: «Дарҳақиқат, бугун Раббим шундай қаттиқ ғазабланганки, бундан олдин ҳам бундай ғазаб қилмаган, кейин ҳам бундай ғазаб қилмайди. Мен уч марта ёлғон гапирганман.[10] Нафсим, нафсим, нафсим(ўзимга жавоб бера олсам ҳам кифоя)! Мендан бошқасининг олдига боринглар. Мусонинг олдига боринглар», дейди.

Мусонинг олдига келиб: «Эй Мусо! Сиз Аллоҳнинг элчисисиз. Аллоҳ сизни Ўз рисолати ва Каломи (у билан гаплашишингиз) билан одамлардан афзал қилди. Биз учун Раббингизга шафоат қилинг. Биз турган нарсани (машаққатни) кўрмаяпсизми?» – дейишади. У: «Дарҳақиқат, бугун Раббим шундай қаттиқ ғазабланганки, бундан олдин ҳам бундай ғазаб қилмаган, кейин ҳам бундай ғазаб қилмайди. Мен ўзимга буюрилмаган бўлса-да бир жонни ўлдириб қўйганман. Нафсим, нафсим, нафсим(ўзимга жавоб бера олсам ҳам кифоя)! Мендан бошқасининг олдига боринглар. Ийсонинг олдига боринглар», дейди.

Ийсонинг олдига келиб: «Эй Ийсо! Сиз Аллоҳнинг элчиси, – соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Унга Аллоҳнинг саловати ва саломи бўлсин) – Марямга ташлаган калимаси ва У томонидан (яратилган) бир руҳсиз. Одамларга бешикда, гўдаклигингиздаёқ гапиргансиз. Биз учун шафоат қилинг. Биз турган ҳолатни кўрмаяпсизми?» – дейишади. Ийсо: «Дарҳақиқат, бугун Раббим шундай қаттиқ ғазабланганки, бундан олдин ҳам бундай ғазаб қилмаган, кейин ҳам бундай ғазаб қилмайди. – Лекин (у олдинги пайғамбарлар каби) бирон гуноҳни зикр қилмайди. – Нафсим, нафсим, нафсим(ўзимга жавоб бера олсам ҳам кифоя)! Мендан бошқасининг олдига боринглар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламинг олдига боринглар», дейди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб: «Эй Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сиз Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг охиргисисиз. Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни кечирган. Биз учун Раббингизга шафоат қилинг. Биз турган ҳолатни кўрмаяпсизми?» – дейишади. Шунда мен юриб, Аршнинг остига келаман, Раббим азза ва жалла учун саждага йиқиламан. Кейин Аллоҳ менга Ўзининг ҳамди ва Унга бўлган гўзал мақтовлардан менгача бирон кишига очмаганларини (билдирмаганларини) очади (шу ҳамд ва мақтовлар билан унга дуо қиламан). Сўнгра: «Эй Муҳаммад, бошингни кўтар. Сўра, (истаганинг) берилади; шафоат қил, шафоатинг қабул этилади», дейилади. Бошимни кўтариб: «Эй Раббим, умматим! Эй Раббим, умматим!» – дейман. Шунда: «Эй Муҳаммад, умматингдан ҳисоб қилинмайдиганларини жаннат эшикларининг ўнг томонидаги эшикдан кирит. Улар бундан бошқа эшикларда одамлар билан шерикдирлар», дейилади».

Кейин ул зот шундай дедилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, жаннат эшиклари табақаларидан икки табақанинг ораси Макка ва Ҳимяр, ёки Макка ва Бусро ўртасидаги масофа кабидир».[11]

Бухорий (4712), Муслим (194/368).



[1] Хардал – хантал (горчица), ўсимлик тури.

[2]“Кирмоний: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эмас, балки ҳадисни саҳобадан нақл қилган ровийнинг гапи”, деган.

Мен эса “…деб айтилар эди” жумласи ҳадис ровийларидан бирига тегишли, аммо “Бу жаннат аҳлининг энг қуйи даражаси” лафзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари айтган, дейман.

Бу жумла Абу Саид Ал-Худрий ривоят қилган ҳадисда келган: “жаннат аҳлининг энг қуйи даражаси Аллоҳ юзини дўзахдан буриб қўйган киши(га берилган)”. Муслим (188/352).

Яна Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда ҳам Мусо алайҳиссаломнинг Робби азза ва жалладан шу ҳақида сўрагани ва айни жавобни олгани айтилган. Муслим (189/353).

Ҳаммом ибн Мунаббиҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу аҳҳудан ривоят қилган ҳадис: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

إِنَّ أَدْنَى مَقْعَدِ أَحَدِكُمْ مِنْ الْجَنَّةِ أَنْ يَقُولَ لَهُ تَمَنَّ فَيَتَمَنَّى وَيَتَمَنَّى فَيَقُولُ لَهُ هَلْ تَمَنَّيْتَ فَيَقُولُ نَعَمْ فَيَقُولُ لَهُ فَإِنَّ لَكَ مَا تَمَنَّيْتَ وَمِثْلَهُ مَعَهُ.

“Сизлардан бирингизнинг жаннатдаги энг қуйи даражаси – (Аллоҳ) унга: “Орзу қил”, дейиши, у (ўзи хоҳлаган нарсаларни) орзу қилиб бўлгач, (Аллоҳ) ундан: “Орзуларингни қилиб бўлдингми?” – деб сўраши, у: “Ҳа”, деганидан кейин “Сенга мана шу орзу қилган нарсаларинг ва яна шунчаси, деб айтишидир”. Муслим (182/342).

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул-Борий”. Риқоқ (қалбни юмшатувчи насиҳатлар) китоби. “Жаннат ва дўзахнинг сифати” боби, 6571-ҳадис шарҳи.

[3] Ҳадис ровийларидан бири айнан қайси сўз айтилганида иккиланган.

[4]Таржимадаги қисқа изоҳларда Ҳофиз Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ал-Қасталонийнинг “Иршодус-сорий фи шарҳи саҳиҳил Бухорий” асаридан фойдаланилган: Риқоқ (қалбни юмшатувчи насиҳатлар) китоби. “жаннат ва дўзахнинг сифати” боби, 6565-ҳадис шарҳи.

[5]Таржимадаги қисқа изоҳларда Ҳофиз Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ал-Қасталонийнинг “Иршодус-сорий фи шарҳи саҳиҳил Бухорий” асаридан фойдаланилган: Тавҳид китоби. “Робб азза ва жалла Қиёмат куни пайғамбарлар ва бошқалар билан гаплашиши” боби, 7510-ҳадис шарҳи.

[6]Шафоат – луғатда “ўртага тушиш”, “ҳимоя қилиш” маъносини билдириб, кимгадир фойда келтириш, ёки зарарни даф қилишни англатади.

Шаръий истилоҳда (атамашуносликда) эса шафоат икки қисмга бўлинади:

1. Охиратда, қиёмат куни бўладиган шафоат.

2. Дунёда дунёвий ишларда бўладиган шафоат.

Охиратдаги шафоатнинг ўзи икки турга бўлинади:

1. Хос шафоат – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ўзларига тегишли бўлиб, унга бошқа бирон киши шерик бўлмайди.

Бу шафоатнинг ўзи яна бир неча қисмдан иборат:

1) Шафоатул-узмо – Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваъда қилган мақталган мақом бўлиб, Бу ҳақда қуйидаги оятда зикр қилинган:

«وَمِنْ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَى أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا»

“Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Роббингиз сизни (қиёмат кунида) мақтовли мақомда тирилтирур”. (“Исро” сураси, 79).

Бу шафоатнинг моҳияти қиёмат кунида Аллоҳ бандалари ўртасида ҳисоб-китоб қилишни кечиктирган, маҳшар майдонида тўпланганлар узоқ кутганидан ғам-қайғуга тушиб, тоқат қила олмай қолган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг барчаси учун шафоатчи бўлишларидир. Чунки, одамлар ўша куни бу шафоатни талаб қилиб қайси пайғамбарнинг олдига борсалар у: “Бу менинг мақомим эмас”, деб уларни ўзидан кейинги пайғамбарнинг олдига йўллайди. Охирида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишади ва у кишининг шафоатидан сўнг Аллоҳ бандалари орасида ҳисоб-китоб қилади. Мана шу шафоатул-узмо – буюк шафоат бўлиб, саҳиҳ ҳадисларда ҳам унга далил бор.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Қиёмат куни одамлар тўп-тўп бўлиб қолишади. Ҳар бир уммат ўз пайғамбарининг ортидан эргашиб: “Эй фалончи, (бизни) шафоат қилинг”, деб айтади. Охирида шафоат қилиш талаби Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб тўхтайди. Бу – Аллоҳ у кишини мақталган мақомда тирилтирадиган кундир”. Бухорий (4718).

2) Жаннат аҳлига жаннатга киришлари учун қилинадиган шафоат.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат куни жаннат эшигининг олдига келиб, уни очишни сўрайман. Қўриқчиси: “Сен кимсан?” – дейди. “Муҳаммадман”, дейман. У: “Эшикни сенга очишга буюрилдим, сендан олдин ҳеч кимга очмайман”, дейди”. Муслим (197/374).

Яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен жаннатга кириш учун шафоат қиладиган биринчи кишиман”, деб айтганлар. Муслим (196/373).

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибнинг ҳаққига қиладиган шафоатлари.

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида амакилари Абу Толиб зикр қилинди. Шунда у киши: “Шоядки, қиёмат куни унга менинг шафоатим фойда берса. У дўзахнинг саёз (юқорироқ) жойига қўйилади, (олов) икки тўпиғига етиб, бундан мияси қайнаб туради”, дедилар”. Бухорий (3885), Муслим (210/401).

4) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан бир қисми жаннатга ҳисоб-китобсиз кириши учун шафоат қиладилар.

Бу шафоат турини баъзи олимлар зикр қилиб, унга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган узун ҳадисни далил сифатида келтирганлар. Ҳадиснинг охири шундай: “Сўнгра: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар. Сўра, истаганинг берилади, шафоат қил, шафоатинг қабул этилади”, дейилади. Бошимни кўтариб: “Эй Раббим, умматим! Эй Раббим, умматим!” – дейман. Шунда: “Эй Муҳаммад, умматингдан ҳисоб қилинмайдиганларини жаннат эшикларининг ўнг томонидаги эшикдан кирит. Улар бундан бошқа эшикларда одамлар билан шерикдир”, дейилади”. Бухорий (4712), Муслим (194/368).

2. Умумий шафоат – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда ҳам, фаришталар, бошқа пайғамбарлар ва солиҳ кишиларда ҳам мавжуд бўлган ҳақ.

Бу шафоат тури ҳам бир неча қисмларга бўлинади:

1) Дўзахга тушган инсонларни ундан чиқариш учун қилинадиган шафоат.

Бу турдаги шафоатнинг далилллари кўп. Шулардан бири:

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан биронтангиз Қиёмат куни мўминлар Аллоҳдан дўзахда қолган ўз биродарларининг ҳаққини талаб қилганидек Аллоҳга қаттиқ илтижо қила олмайди. Улар (ўзлари нажот топиб, биродарлари азобда қолганини кўргач): “Эй Раббимиз, улар биз билан бирга рўза тутар, намоз ўқир, ҳаж қилар эдилар”, дейишади. Уларга: “Боринглар, кимни танисанглар, уни чиқаринглар”, дейилади ва уларнинг юзи (бадани дўзах оловига) ҳаром қилинади. Улар кўпчиликни чиқаришади…

Кейин Аллоҳ азза ва жалла: “Фаришталар, пайғамбарлар, мўминлар шафоат қилишди. Раҳмлиларнинг раҳмлисигина қолди”, дейди-да, дўзахдан бир сиқим олади ва ҳеч ҳам яхшилик қилмаган қавмларни ундан чиқаради”. Муслим (183/343).

2) Дўзахга тушишга ҳақли бўлган кишиларни унга кирмасларидан олдин шафоат қилиниши.

Бунинг далили Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирон мусулмон вафот этиб, унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши қатнашса, Аллоҳ уларни унга шафоатчи қилади”, деб айтдилар”. Муслим (948/2087).

Бу шафоат дўзахга киришдан олдин бўлади, Аллоҳ жанозада қатнашган, Унга ширк келтирмаган кишиларни маййит учун шафоатчи қилади.

3) Жаннатга киришга ҳақли бўлган мўминларнинг у ердаги даражалари ва мақомлари янада зиёда бўлиши учун шафоат қилиниши.

Бунга мисол Умму Салама онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Салама розияллоҳу анҳунинг ҳаққига қилган дуолари: “Эй Аллоҳ, Абу Саламани мағфират қил. Ҳидоят топганлар ичидаги даражасини кўтар. Ортида қолганларга ўринбосар бўл. Эй оламлар Робби, бизни ва уни мағфират қил. Унга қабрини кенг оч ва нурли қил”. Муслим (920/2014).

Шафоат амалга ошиши учун бир нечта шартлар топилиши керак:

1. Шафоат қилинувчидан Аллоҳ рози бўлиши. Бунга далил:

«وَلَا يَشْفَعُونَ إِلَّا لِمَنِ ارْتَضَىٰ»

“Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар”. (“Анбиё” сураси, 28-оят).

Бу шарт шафоат қилинувчи тавҳид аҳлидан бўлишини лозим қилади. Чунки Аллоҳ мушриклардан рози бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Эй Расулуллоҳ, қиёмат куни шафоатингизга сазовор бўладиган бахтиёр киши ким?” – деб сўралди (яъни, Абу Ҳурайранинг ўзи шу саволни берди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Абу Ҳурайра, ҳадисга бўлган иштиёқингни кўрганим учун бу ҳақда сендан олдин ҳеч ким сўрамаса керак, деб ўйлагандим. Қиёмат куни шафоатимга сазовор бўладиган бахтиёр киши қалбидан ёки нафсидан (ич-ичидан) ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ (“Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ”), деб айтган кишидир”. Бухорий (99).

2. Шафоат қилувчи шафоат қилиши учун Аллоҳнинг изни, рухсати бўлиши:

«مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِندَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ»

“Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас”. (“Бақара” сураси, 255-оят).

3. Шафоат қилувчидан Аллоҳ рози бўлиши:

«وَكَم مِّن مَّلَكٍ فِي السَّمَاوَاتِ لَا تُغْنِي شَفَاعَتُهُمْ شَيْئًا إِلَّا مِن بَعْدِ أَن يَأْذَنَ اللَّـهُ لِمَن يَشَاءُ وَيَرْضَىٰ»

“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган, рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (“Нажм” сураси, 26-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ноҳақ лаънат айтувчилар қиёмат куни шафоатчи бўла олмаслигини баён қилганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деяётганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ноҳақ лаънатловчилар қиёмат куни гувоҳ ҳам, шафоатчи ҳам бўлмайдилар”. Муслим (2598/6507).

Шайх Муҳаммад Солиҳ Ал-Мунажжид.

https://islamqa.info/ar/26259

[7]“Бу ерда зикр қилинган Нуҳ алайҳиссаломнинг биринчи расул (элчи) эканлиги баъзи ноаниқликларни келтириб чиқарган. Чунки Одам, Шис ва Идрис ҳам набий ва расул деб айтилган. Улар Нуҳдан олдин ўтишган эди.

Ушбу масаладаги жавобнинг хулосаси шундай: Бу ердаги биринчилик “ер аҳлига жўнатилган биринчи расул” деган маънодадир. Чунки Одам ва у билан бирга зикр қилинган бошқа пайғамбарлар бутун ер аҳлига жўнатилмаган.

Айни пайтда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси ҳам бор: унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг бошқа пайғамбарлардан бешта хислат билан афзал қилинганликларини айта туриб,

«وَكَانَ النَّبِيُّ يُبْعَثُ إِلَى قَوْمِهِ خَاصَّةً وَبُعِثْتُ إِلَى النَّاسِ عَامَّةً»

“Олдинлари пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юбориларди. Мен эса одамларнинг барчасига юборилдим”, деганлар. Бухорий (335), Муслим (521/1050).

Бу ҳадисга шундай жавоб берилади: Нуҳ алайҳиссаломнинг бутун ер юзига расул қилиб жўнатилиши воқеликка кўра бўлган. Ваҳоланки, уларнинг (тўфондан кейин тирик қолганларнинг) барчаси Нуҳнинг қавмидан эмас эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолат билан жўнатилишлари эса ҳам ўз қавмларига, ҳам бутун ер юзи аҳлига бўлганди.

Ёки бу ердаги Нуҳ алайҳиссаломнинг биринчи расул эканлигини “қавмига ҳалокат келиши жиҳатидан биринчи бўлган”, деб изоҳлаш мумкин.

Яна “Олдинги учтаси (Одам, Шис, Идрис) расул эмас, набий бўлган”, дейиш ҳам мумкин.

Ибн Баттол Одам алайҳиссалом масаласида шу фикрга мойил бўлган. Лекин Қози Иёз Ибн Ҳиббон саҳиҳ санаган Абу Зар розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирган, унда Одам алайҳиссаломнинг расул эканлиги, Шисга эса саҳифалар туширилгани очиқ айтилган. Маълумки, бу рисолат (расуллик) белгиларидандир. Идрис масаласида эса бир тоифа олимлар: “У аслида Бани Исроил пайғамбарларидан бўлиб, Илёсдир”, деб айтишган.

Бу, охирги гапга шундай жавоб берса бўлади: Одамнинг расуллиги ўз фарзандларига эди. Улар эса муваҳҳид – Аллоҳни якка деб эътиқод қилувчи кишилар бўлишган. Одам алайҳиссалом уларга Аллоҳнинг шариатини ўргатиш учун расул бўлган эди. Нуҳ эса кофир қавмга, уларни тавҳидга даъват қилиш учун расул этиб жўнатилган (шу жиҳатдан ҳам у биринчи расул бўлади)”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний. “Фатҳул-Борий”. Риқоқ (қалбни юмшатувчи насиҳатлар) китоби. “Жаннат ва дўзахнинг сифати” боби, 6565-ҳадис шарҳи.

«إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَىٰ نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِن بَعْدِهِ ۚ وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَعِيسَىٰ وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَارُونَ وَسُلَيْمَانَ ۚ وَآتَيْنَا دَاوُودَ زَبُورًا»

(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурни бердик”. (“Нисо” сураси, 163-оят).

Имом Бағавий ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: “Аллоҳ бу ерда ўзи ваҳий жўнатган бир неча пайғамбарларни зикр қилиб, Нуҳ алайҳиссаломнинг номи билан бошлади. Чунки у Одам алайҳиссалом каби (тўфондан кейинги вақтда) инсоният отасидир. Аллоҳ таоло Бу ҳақда

«وَجَعَلْنَا ذُرِّيَّتَهُ هُمُ الْبَاقِينَ»

“Ва унинг зурриётини (то қиёмат) боқий қолувчи кишилар қилиб қўйдик” (“Ас-Соффат” сураси, 77-оят), деган.

Нуҳ алайҳиссалом шариат пайғамбарларидан биринчиси, ширкка қарши огоҳлантирувчиларнинг аввалгиси эди. Даъвати рад этилгани учун биринчи марта унинг умматига азоб келди, дуоси билан ер аҳли ҳалок бўлди”.

Ҳусайн ибн Масъуд Ал-Бағавий. “Тафсирул Бағавий (Маолимут-танзил)”, “Нисо” сураси, 163-оят тафсири.

Айни масалада замонамиз алломаларидан Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Ал-Усаймин шундай деган:

“Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида келтирганидек Одам алайҳиссалом набийларнинг аввалгисидир: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Одам ҳақида “У набийми?” – деб сўрашди. У киши: “Ҳа, у гапирилган (Аллоҳ унга гапирган) набийдир”, деб жавоб бердилар”.

Лекин Одам алайҳиссалом расул бўлмаган. Бунинг далили шафоат ҳадисида одамлар Нуҳнинг олдига келиб, унга: “Сиз Аллоҳ ер аҳлига жўнатган биринчи расулсиз”, дейишларидир.

Бу Нуҳ алайҳиссалом биринчи расул эканлигига очиқ далилдир. Валлоҳу аълам”.

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Ал-Усаймин. “Мажмуул-фатово”, 1-жилд, 317-бет.

https://islamqa.info/ar/10551

Набий ва расул ўртасида қандай фарқ бор?

“Набий ва расул ўртасида фарқ йўқ”, деб айтувчиларнинг сўзи тўғри эмас. Бу сўзнинг ботиллигига набийлар ва расулларнинг сони ҳақида келган ҳадис исбот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам набийларнинг сони бир юз йигирма тўрт минг (124 000), расулларнинг сони эса уч юз ўнтадан (310) ошиқроқ эканлигини айтганлар.

Аҳмад (22432). Заиф ҳадис.

Бу икки вазифа ўртасида фарқ борлигининг яна бир далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир:

«وَمَا أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ مِن رَّسُولٍ وَلَا نَبِيٍّ إِلَّا إِذَا تَمَنَّىٰ أَلْقَى الشَّيْطَانُ فِي أُمْنِيَّتِهِ»

(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Биз сиздан илгари юборган ҳар бир элчи (расул) ва пайғамбар (набий) борки, қачон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (оятда бўлмаган нарсаларни) ташлагандир”. (“Ҳаж” сураси, 52-оят).

Бу ерда Аллоҳ Ўзи жўнатган пайғамбарларнинг баъзиларини рисолат (расуллик), баъзиларини нубувват (набийлик) билан зикр қилиши рисолат нубувватдан қўшимча устунликка эга эканлигини билдиради. Худди Мусо алайҳиссаломнинг ҳақида айтган сўзи каби:

«وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مُوسَىٰ إِنَّهُ كَانَ مُخْلَصًا وَكَانَ رَسُولًا نَّبِيًّا»

(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу Китобда Мусо (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди”. (“Марям” сураси, 51-оят).

Уламолар наздида ушбу фикр кенг тарқалган: “Набий тушунчаси расулдан умумийроқ. Расул – унга шариат ваҳий қилинган ва бошқаларга етказишга буюрилган киши; набий – унга ваҳий келган-у, лекин бошқаларга етказиш буюрилмаган киши. Шунга кўра, ҳар бир расул айни вақтда набийдир, аммо ҳар бир набий расул эмасдир”.

“Шарҳи ақидати таҳовия”, 167-бет; “Лавомиул анворил-баҳийя”, 1-жилд, 49-бет.

Бироқ бу таъриф бир неча сабабларга кўра ҳақиқатдан узоқдир:

1. Аллоҳ таоло расулларни элчи қилиб жўнатганидек набийларни ҳам элчи қилиб жўнатганини очиқ айтди:

«وَمَا أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ مِن رَّسُولٍ وَلَا نَبِيٍّ إِلَّا إِذَا تَمَنَّىٰ أَلْقَى الشَّيْطَانُ فِي أُمْنِيَّتِهِ»

(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Биз сиздан илгари жўнатган ҳар бир элчи ва пайғамбар борки, қачон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (оятда бўлмаган нарсаларни) ташлагандир”. (“Ҳаж” сураси, 52-оят).

Агар набий ва расул ўртасидаги фарқ “буйруқларни одамларга етказиш” масаласида десак, Аллоҳ набийларни “жўнатгани”нинг ўзиёқ уларга ҳам “буйруқни етказиш” вазифаси юкланганини билдиради.

2. Ўзига берилган буйруқни одамларга етказмаслик Аллоҳ таолонинг ваҳийсини беркитиш бўлиб қолади. Аллоҳ ўз ваҳийсини беркитиш, биргина инсоннинг қалбида кўмилиб ётиши ва ўша инсон ўлими билан йўқолиб кетиши учун нозил қилмайди.

3. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Менга умматлар кўрсатилди: бир набий (ўзига эргашган) бир киши билан, бир набий икки киши билан, бошқаси бир жамоа билан, яна бошқаси эса ёлғиз ўзи ўта бошлади”.

Бухорий (5752), Муслим (220/415).

Демак, набийларга ҳам Аллоҳнинг буйруқларини одамларга етказиш буюрилган, одамлар уларга эргашишида эса турли хил даражададирлар.

Бизнинг наздимизда бу икки атаманинг таърифи шундай: “Расул – унга янги шариат ваҳий қилинган киши; набий – ўзидан олдинги шариатни қарор топтириш учун жўнатилган киши”.

Шиҳобиддин Маҳмуд ибн Абдуллоҳ Ал-Ҳусайний Ал-Олусий. “Руҳул маоний” тафсири, 7-жилд, 157-бет.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«كَانَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ تَسُوسُهُمْ الْأَنْبِيَاءُ كُلَّمَا هَلَكَ نَبِيٌّ خَلَفَهُ نَبِيٌّ»

“Бани Исроилни набийлар бошқарар, қачон бир набий вафот этса, ортидан бошқа набий ўринбосар бўлар эди”.

Бухорий (3455), Муслим (1842/4666).

Бани Исроилнинг барча набийлари Мусо алайҳиссаломнинг шариати – Таврот билан жўнатилган, Аллоҳнинг ваҳийсини қавмига етказишга буюрилган:

«أَلَمْ تَرَ إِلَى الْمَلَإِ مِن بَنِي إِسْرَائِيلَ مِن بَعْدِ مُوسَىٰ إِذْ قَالُوا لِنَبِيٍّ لَّهُمُ ابْعَثْ لَنَا مَلِكًا نُّقَاتِلْ فِي سَبِيلِ اللَّـهِ قَالَ هَلْ عَسَيْتُمْ إِن كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِتَالُ أَلَّا تُقَاتِلُوا»

“Бани Исроилдан бўлган, Мусодан кейинги бир жамоатнинг ҳоли-хабарини билмадингизми? Улар ўзларининг пайғамбарларига: “Биз учун бир подшоҳ тайинлагин, биз (у билан бирга) Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, дейишди. (Пайғамбар) “Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол урушмассиз?” – деди”. (“Бақара” сураси, 246-оят).

Оятда очиқ кўриниб турганидек, набийга ҳам у ўз қавмига муайян бир ишни вожиб қиладиган ваҳий туширилади. Бу эса ваҳийни уларга етказиш билангина амал ошади. Мусо алайҳиссаломдан кейиги набийлар Бани Исроилнинг сиёсатини юритар, улар ўртасида ҳукм қилар, ҳақни уларга етказар эдилар. Валлоҳу аълам”.

Умар ал-Ашқар. “Ар-русул вар-рисола”, 14-бет.

http://www.dorar.net/enc/aqadia/1903

[8]Бу ерда Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ишора қилинган:

«ذُرِّيَّةَ مَنْ حَمَلْنَا مَعَ نُوحٍ إِنَّهُ كَانَ عَبْدًا شَكُورًا»

(Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар) зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди”. (“Исро” сураси. 3-оят).

[9]“Халил – муҳаббати тоза, самимий дўст”. Маждиддин Муҳаммад ибн Яъқуб ал-Ферузободий. “Қомусул муҳит”, 392-бет. Байрут. “Дорул-маърифа”.

Луғатда “дўст, содиқ дўст” маъносини берувчи “халил” сўзи шаръий истилоҳда оддий “дўст”дан кўра кучлироқ, устунроқ маънога эга. Уни дўстликнинг энг юқори даражаси дейиш мумкин. Хусусан, Аллоҳнинг халили бўлишга фақат икки пайғамбаргина – Иброҳим алайҳиссалом ва Муҳаммад алайҳиссалом (уларнинг иккисига ҳам Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин) эришган.

Ҳадисда инсонлар Иброҳим алайҳиссаломга “Сиз Аллоҳнинг ер аҳлидан бўлган халилисиз”, деб мурожаат қилгани билан айни сифат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда ҳам мавжуд.

Жундаб ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан беш кун олдин шундай деяётганларини эшитдим: “Сизлардан бирортангиз менга халил бўлишидан Аллоҳнинг олдида покман (сизлардан халилим йўқ). Чунки Аллоҳ Иброҳимни халил қилганидек, мени ҳам Ўзига халил қилди. Агар умматимдан бирортасини ўзимга халил-дўст қилиб ушлаганимда Абу Бакрни халил қилган бўлардим”. Муслим (532/1075).

Ибн Қаййим Жавзийя роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Халиллик даражаси фақат икки пайғамбар – Иброҳим ва Муҳаммадга тегишли (уларга Аллоҳнинг саловати ва саломи бўлсин). Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар бор:

“Дарҳақиқат, Аллоҳ Иброҳимни халил қилганидек, мени ҳам Ўзига халил қилди”. (Муслим, 532/1075).

“Агар ер аҳлидан бирон кишини ўзимга халил қилганимда, Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин у биродарим ва дўстимдир. Аллоҳ азза ва жалла эса соҳибингизни Ўзига халил қилгандир”. (Муслим, 2383/6066).

Демак, бу икки ҳадис баъзилар айтган “Халиллик Иброҳимга, муҳаббат Муҳаммадга тегишли. Иброҳим Аллоҳнинг халили, Муҳаммад Унинг ҳабиби”, деган гапни ботилга чиқаради”.

“Мадорижус-соликин”, 3-жилд, 30-бет.

Хулоса: иккала пайғамбар – Иброҳим алайҳиссалом ҳам, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таоло уларга берган гўзал сифатлар ва буюк ишлар туфайли халиллик мартабасига эришгандир.

https://islamqa.info/ar/122509

[10]“Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом қавми уни бутларга ибодат қилиб, байрам ўтказиш учун шаҳар ташқарисига олиб кетмоқчи бўлганида “Мен касалман”, дегани; бутларни синдириб, кейин болтани уларнинг каттасининг бўйнига илиб қўйгани ва байрамдан қайтган қавми бу ҳақда сўраганида “Бу ишни анави, бутларнинг каттаси қилди”, деб айтгани; Сора билан Мисрга сафар қилганида у ернинг ҳокими ўзига зулм қилишидан хавфсираб, аёли ҳақида “У менинг синглим”, дегани назарда тутилган. Лекин бу уч ҳолатда ҳам Иброҳим алайҳиссалом ёлғон гапирмаган, балки таъриз қилган – аслида бошқа маънони назарда тутиб гапирган.

Шундай бўлса ҳам бу гапларнинг кўриниши ёлғон бўлгани учун Қиёмат куни уларни шундай номлайди, ўз нафсини шафоат мақомидан қуйида деб билиб, узрини айтади. Чунки ким Аллоҳни кўпроқ таниса, қанча яқин бўлса, Ундан бўлган қўрқуви ва хавфи ҳам шунчалик буюк бўлади. Байзовий тафсирда шундай деган”.

Ҳофиз Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ал-Қасталоний “Иршодус-сорий фи шарҳи саҳиҳил Бухорий”. Тафсир китоби. “Исро” сураси, (Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди” боби, 4712-ҳадис шарҳи.

[11]Таржимадаги қисқа изоҳларда Ҳофиз Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Ал-Қасталонийнинг “Иршодус-сорий фи шарҳи саҳиҳил Бухорий” асаридан фойдаланилган: Тафсир китоби. “Исро” сураси, (Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди” боби, 4712-ҳадис шарҳи.