Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ инсонни яратгани ҳақида

3618 марта кўрилган

Эй инсон, сенга эслатиб қўймоқчиман:

Сени яратиб, мутаносиб ва мўътадил ҳолда қилган, сени ҳозирги шаклингда бўлишингни ихтиёр қилган зот – Аллоҳ эканлигини эслатаман.

Инсонни яратиб, уни бекаму-кўст қилган, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб ўргатиб қўйган зот – Аллоҳ эканлигини эслатаман.

Буниси мўъмин, буниси эса кофир, буниси ўзи солиҳ, бошқаларни ҳам солиҳ бўлишга чақиради, анавиниси эса бузуқ ва бузғунчи.

Аллоҳ бир шахсни раҳмдил ва юмшоқкўнгил қилиб яратган, бошқасини эса қўпол, дағал ва бағритош қилиб.

Эй инсон, менга айтчи, юмшоқкўнгил ёки қаттиқ ва қўпол бўлишни ўзинг танлаганмисан?!

Нима учун чиройли ва келишган бўлишни танламадинг?!

Новча ё пакана бўлишни, қулоқ ва кўзларинг соғлом бўлишини сен танладингми?!

Ўзингга бир қара! Нега мислсиз заковат соҳиби бўлиб олмадинг? Аксинча, бефаросат нодон бўлгансан?!

Ўзингга бир назар солиб, хато қилиш, унутиш, хотирлаш, ёдлаш ва пухта билиш ҳақида фикр юритиб кўрмайсанми?!

Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деди:

"Биз сизни эсингингиздан чиқмайдиган қилиб Қуръон қироат қилдирамиз. Сиз Аллоҳнинг Ўзи унутишингизни хоҳлаган оятлардан бошқа бирон оятни унутмайсиз". (Аъло: 6, 7)

Сен ўқувчини дарсларини такрорлаётгани, тиришиб ҳаракат қилаётганини кўрасан. Имтиҳон вақти келганда, аниқ билган саволига жавоб ёдидан кўтарилиб қолади. Уни унуттирган ким?

Биз айрим одамларни кўрамиз, Аллоҳ уларни яхшиликка муяссар қилган, хайрли ишларни севадиган қилиб қўйган. Биз уларни намоз ўқиган ва рўза тутган, Аллоҳдан қўрқаётқан, фақир ва мискинларга садақа берган, Аллоҳнинг уйларини обод қилган ҳолда кўрамиз. Айни дамда улар ота-оналарига яхшилик қилувчи, ака-ука, опа-сингил ва қариндош-уруғларига меҳрибондирлар. Инсонларга эзгулик истайдилар ва уни инсонларга еткизишга ҳаракат қиладилар.

Шунингдек биз разил, қотил ва золим бўлган бошқа инсонларни ҳам кўрамиз. Улар ака-ука ва опа-cингилларини урганлари етмагандек, ўз ота-оналарини ҳам калтаклайдилар. Зулм билан етимларнинг молларини ейдилар, Ер юзида бузғунчилик қиладилар.

Эй атеист, сенинг-ча, мана шу икки хил инсон ўлганларидан кейин бир-хил ҳолатда бўладиларми?!

Эй инсон, атрофингдаги одамлар ҳақида бир фикр юритиб кўрсанг бўлмаймиди?

Бу оқ танли, анави қора, буниси ўртача ранг, униси ундан кўра сал оқроқ!!

Бу одам узун бўйли, буниси калта, мана буниси дўмбалоқ, семиз, буниси эса озғин, ингичка!

Мана бу одам хушхулқу, буниси бадхулқ.

Буниси нодону, буниси олим.

Бу одам мажнун, униси калтафаҳм, бошқа бири эса даҳою зукко.

Бу одам кўр, буниси очиқ, мана бу кар, буниси соғлом.

Бу қўрқоқ, эса довюрак.

Бу одам сахий, буниси бахил.

Мана бу доим соғ-саломат, буниси касал, бошидан кулфат аримайди!!

Буниси бой, буниси камбағал!

Бу бахтсиз, бу эса бахтиёр!!

Бу одам рашкчи, наригиси дайюс, уйидагилар фаҳш ишларни қилса ҳам индамай юраверади.

Бу одам оилали, фарзандларининг ҳаммаси қиз, мана бу ҳам уйланган, фарзандларининг барчаси ўғил, мана бунисида эса ўғил ва қизлар. Бунисига эса фарзанд насиб қилмаган, на ўғил ва на қиз фарзанди бор.

Ҳақиқатда, ризқ-насиба улашган Зот — ҳар нарсани Билувчи ва ҳар ишга Қодир Аллоҳдир.

Ўзинг учун энг яхши, энг гўзал хислатларни, энг гўзал тақдир ва энг кенг ризқни танламабсан-да?!!

Ўзинг учун энг чиройли ва келишган одам бўлишни ихтиёр қилмабсан-да?!!

Йўқ, аксинча сен заифсан. Аллоҳнинг ўзи тақдирларни белгилайдиган, истаган ва ихтиёр қилган нарсасини яратадиган Зотдир.

Тиллар ва рангларнинг турли хиллиги Аллоҳнинг мўъжизаларидандир

Аллоҳ таоло деди: "Унинг оятларидан (яна бири) – У зот осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хил қилиб қўйгандир. Албатта бунда барча оламлар учун оят-ибратлар бордир". (Рум: 22)

Эй инсон, чуқур назар сол. Бир кун йўл юзида тур, яна бир кун бозорга бориб қара, одамлардан биронтаси иккинчисига қуйиб қўйгандек ўхшайдими?

Яхшилаб қара, ҳеч қачон бошқа бировга ўхшайдиган одамни топа олмайсан. Бошқа жонзотлар ҳам худди шундай.

Ҳар нарсани яратиб, кейин унга яшаш тарзини ўргатиб қўйган Зот нақадар пок!!

Бутун махлуқотни Ўзи хоҳлаганидек яратган Зот нақадар покдир!!

Худди шунингдек, овозларга ҳам қулоқ солиб кўр. Бири бошқасига тамоман ўхшайдиган ва мос тушадиган овозни топа олмайсан. Мана шунга кўра ҳозирги замонда бармоқ, оёқ ва кўз излари у ёқда турсин, овознинг ўзига хос тўлқинлари билан одамларни таниб олишмоқда.

Ҳар нарсани яратишни билувчи ва ҳар нарсани яратишга қодир Аллоҳ нақадар покдир!