Якшанба 17 Декабрь 2017 | 28 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ўтмиш халқларда даҳрийлик

146 марта кўрилган

Ўтмишдаги халқлар орасида Раббини инкор қилган, уни тан олмаган, Унга кофир бўлган, балки ўзини Раб ва маъбуд, деб даъво қилганлар бўлган.

Аллоҳ азза ва жалла деди:

«Эй Пайғамбар, Иброҳим алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва рубубияти хусусида талашиб-тортишган кишининг ҳолидан кўра ҳам қизиқроқ ҳолни кўрганмисиз?! Чунки у Аллоҳ унга подшоҳлик берганидан ховлиқиб, зўравонлик қилиб, Иброҳимдан: «Ким сенинг Раббинг?» деб сўради. Иброҳим алайҳиссалом: «Менинг Раббим махлуқотларга ҳаёт бахш этадиган ва уларни ўлдирадиган Зотдир, тирилтириш ва ўлдириш фақат Унга хосдир», деди. Шунда у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман» – яъни, истаган кишимни ўлдириб, истаганимни қолдираман – деди. Иброҳим унга: «Мен ибодат қиладиган Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Хўш, сен мана шу илоҳий қонуниятни ўзгартириб, уни мағрибдан чиқара оласанми?!», деди. Шу билан бу кофир довдираб қолиб, ҳужжати кесилди. Унинг ҳоли золим кимсалар ҳолидекки, Аллоҳ уларни ҳақ ва тўғриликка йўлламайди.» (Бақара, 258)

Фиръавн ўзини энг буюк Раб, деб даъво қилар эди. Аллоҳ таоло айтди:

«Сўнг (ўз одамларини) тўплади-да, жар солиб: «Мен сизларнинг энг олий Раббингизман», деди. Аллоҳ уни ҳам охират, ҳам дунё азоби билан ушлади. (Нозиот: 23-25)

У ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган ёлғиз илоҳ эканини даъво қилар эди. Аллоҳ таоло айтди: «Фиръавн: «Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билмасман, деди.» (Қасас: 38)

Фиръавн қизининг сочини таровчи ходимаси ҳақидаги қиссани кўпчилигимиз биламиз. У қиссани Имом Аҳмад "ҳасан" санад билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, у зот деди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Исро кечаси эди. Мен ёқимли бир ҳид сездим-да, эй Жибрийл, бу ёқимли ҳид қанақа ҳид, деб сўрадим. Жибрийл, бу Фиръавн қизининг ходимасидан таралаётган ҳид, деди. У аёлга нима бўлганди, дедим. Жибрийл айтди: У аёл Фиръавн қизининг сочини тараётганида беҳосдан қўлидан тароқ тушиб кетади. Шунда у: "бисмиллаҳ", деб юборади. Фиръавннинг қизи, отамни айтяпсанми, деб сўрайди. У: йўқ, аксинча, менинг ва сенинг отангнинг Рабби Аллоҳдир, деб жавоб беради. Фиръавннинг қизи: отамга айтсам майлими? – деганди. Айтавер, деди. Қиз Фиръавнга айтиб бергач, Фиръавн ходимани чақиртирди. Ҳозир бўлгач: эй фалончихон, сенинг мендан бошқа Раббинг борми? - деб сўради. У: ҳа, менинг ҳам сенинг ҳам Раббинг Аллоҳ, деб жавоб берди. Фиръавн дарҳол мис дошқозон келтирилсин, деб амр этди. Дошқозон келтирилгач, уни қиздирилиб, ходима ва унинг болаларини ташлашга буюрди.

У Фиръавнга қараб, сендан бир тилагим бор, деди. Фиръавн, нимани экан, деб сўради. Менинг ва болаларимнинг суякларини бир матога жамлаб, дафн қилсанг, деди. Фиръавн: Бу устимиздаги сенинг ҳаққинг, деб жавоб берди".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:" Фиръавн унинг болаларини дошқозонга ташлашга буюрди. Улар оналарининг кўз ўнгида бирин-кетин дошқозонга ташландилар. Навбат эмизикли чақалоғига келганда, унга раҳми келиб, ходима ўзини орқага тортгандай бўлди. Шунда чақалоқ тилга кириб, эй онажон, қўрқмасдан ўзингизни ташланг, дунё азоби охират азобидан енгилроқдир! - деди. Ходима ўзини шартта дошқозонга отди".

"Шоҳ ва ғулом" қиссаси ҳам шу маънодадир.

Cуҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят килинадики, Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Сизлардан олдин яшаб ўтганлар ичида бир шоҳ бўлиб унинг хизматида бир сеҳргар бор эди. (Изоҳ: Бу шоҳ золим эди. У ўзини роб-худоман, деб даъво қиларди. Ўзига бўйсунмаган кишиларни сеҳргари билан қўрқитар эди.) Сеҳргар қариб қолгач шоҳга деди: “Энди мен қариб қолдим. Менга бирон бир зукко ғулом-ёш йигитни юборинг, мен унга сеҳрни ўргатай”. Шоҳ бир ғуломни сеҳр илмини ўрганиши учун унинг ҳузурига юборди. Ғулом сеҳргарнинг уйига бораётганда бир роҳиб (ибодат учун узлатга чиққан одам)нинг олдидан ўтар эди. Кунларнинг бирида ғулом роҳибнинг олдида ўтириб, унинг сўзларини тинглади ва бу сўзлар унга ёқиб қолди. Шундан кейин ҳар гал ғулом сеҳргарга бораётганида шу роҳиб олдида тўхтар ва у билан ўтирар эди. Сеҳргарнинг олдига келгач, сеҳргар уни кеч колгани учун урар эди. Ғулом буни роҳибга шикоят килди. Роҳиб унга: “Агар сеҳргардан қўрқсанг, мени уйда ушлаб колишди, дегин. Уйдагиларингдан қўрқсанг, мени сеҳргар ушлаб қолди, деб айт” - деди.

У мана шу зайлда бориб келар экан, кунларнинг бирида унинг йўлидан катта бир ҳайвон чиқиб қолди. Бу ҳайвон одамлар йўлини тўсиб қўйиб, уларни ўтишга қўймаётган эди. Ғулом ўзига ўзи деди: “Бугун мен ким афзалроқ эканини билиб оламан, сеҳргарми ё роҳибми?”. Сўнгра у қўлига бир тошни олиб: “Эй Аллоҳ, агар Сенга роҳибнинг ишлари сеҳргарнинг ишларидан кўра севимлироқ бўлса, бу ҳайвонни ўлдир, одамлар бемалол ўтиб кетсинлар!”, деб тошни ҳайвонга отди, ҳайвон шу заҳоти ўлди. Одамлар йўлларида давом этдилар. Кейин ғулом роҳибнинг олдига келиб, бўлган воқеани айтиб берди. Роҳиб унга деди: “Ўғлим, бугун сен мендан ўзиб кетдинг, чунки мен сен етган мартабангни кўрмоқдаман. Шубҳасиз, сен яқин кунларда синовларга дуч келасан. Агар синовларга дуч келсанг мени айтиб қўйма”.

Ғулом туғма кўр, пес ва бошқа касалликларни даволай бошлади. Бу нарсани шоҳнинг аъёнларидан бўлган кўзлари кўр бўлиб колган киши эшитиб қолди. У кўпгина совғалар олиб, ғуломнинг олдига келиб деди: “Агар сен менга шифо берсанг, мана буларнинг барчаси сеники бўлади”. Ғулом унга жавобан деди: “Мен ҳеч кимга шифо бера олмайман – шифони фақат буюк Аллоҳгина беради. Агар сен Аллоҳга иймон келтирсанг, мен Аллоҳга дуо киламан, сенга шифо беради”. Шунда у Аллоҳга иймон келтирди ва Аллоҳ таоло унга шифо берди. Кейин эса у одатига кўра шоҳнинг ҳузурига келиб ўтирди. Шоҳ ундан: “Ким сенинг кўзларингни очди?” - деб сўради. У: “Раббим” деди. Шоҳ: “Нима, сенинг мендан бошқа Раббинг ҳам борми?” - деб сўради. У: “Менинг ва сенинг Раббинг - Аллоҳ” - деди.

Шунда шоҳ уни ушлаб қаттиқ қийноққа солавергач, у ғуломни айтиб қўйди. Ғуломни шоҳ олдига келтирилди. Шоҳ унга деди: “Эй ўғилгинам, сен сеҳр илмида шу даражада кучайибсанки, туғма кўрларни ва песларни даволаётган эмишсан. Бунга жавобан ғулом деди: “Мен ҳеч кимга шифо бера олмайман – фақат буюк Аллоҳгина шифо беради”. Шунда шоҳ уни азоблай бошлади. Азоблайверди, азоблайверди ва ниҳоят у роҳибни айтиб кўйди.

Кейин роҳиб келтирилди ва унга: “Динингдан қайт!” дейилди. У эса рад килди. Шунда подшоҳ аррани олиб келишни буюрди, аррани роҳиб бошининг ўртасига қўйишди-да, арралай бошлашди, ҳаттоки роҳиб иккига бўлиниб ерга қулади. Шундан сўнг шоҳ ҳузурига унинг (кўзи очилган) яқин одамини олиб келишди. Унга ҳам: “Динингдан қайт” - деб айтилди. У ҳам талабни рад этди. Шунда аррани унинг боши ўртасига қўйиб, то танаси иккига бўлиниб ерга тушгунича арралашди. Сўнгра шоҳ олдига ғулом келтирилди ва унга ҳам: “Динингдан кайт!” дейилди. У ҳам бош тортди. Шунда шоҳ бир нечта хизматчиларига уни топшириб: “Фалон тоққа уни олиб чиқинглар ва чўққисига етганингларда, агар у динидан қайтса қайтди, йўқса, уни пастга ташлаб юборинглар!” - деди.

Улар ғуломни айтилган жойга олиб боришди ва уни тоққа олиб чиқишди. У: “Эй Аллоҳ, Ўзинг хоҳлаган нарса билан мени улардан қутқар!” - деди. Шунда тоғ силкиниб улар пастга қулаб тушишди. Ғулом эса шоҳ олдига юриб кириб келди. Шоҳ сўради: “Шерикларингга нима қилди? ” Ғулом айтди: “Буюк Аллоҳ мени улардан қутқарди!” ”Шунда шоҳ бошқа хизматчиларига уни топшириб: “Уни кемага ўтқизиб денгиз ўртасига олиб боринглар. Агар у динидан қайтса қайтди, йўқса уни сувга ташланглар!” - деди. Улар ғуломни буюрилган жойга олиб кетишди. Ғулом дуо қилди: “Эй Аллоҳ, Ўзинг хоҳлаган нарса билан мени улардан қутқар!” Шу пайт кема ағдарилди ва шоҳ хизматчилари чўкиб кетдилар. Ғулом эса яна шоҳ олдига юриб кириб келди. Шоҳ: “Шерикларингга нима қилди?” - деб сўрад. Ғулом унга жавобан: “Аллоҳ таоло мени улардан қутқарди!”, деди. Сўнгра шоҳга айтди: “Сен мени то мен сенга буюрадиган ишни қилмагунингча ўлдира олмайсан!” Шоҳ сўради: “У нима экан?” Ғулом жавоб берди: “Одамларни бир майдонга йиғасан, мени дарахт танасига боғлайсан. Кейин менинг ўқдонимдан бир дона ўқни олиб камон ўртасига қўй-да: “Шу ғуломнинг Рабби Аллоҳ номи билан!” - деб от. Ана шундагина сен мени ўлдира оласан.

Подшоҳ одамларни кенг бир майдонга йиғиб ғуломни дарахт танасига боғлади, унинг ўқдонидан бир дона ўқни олди, уни камоннинг ўртасига қўйиб: “Шу ғуломнинг Рабби Аллоҳ номи билан!”, деб айтиб отганди, ўқ унинг чаккасига тегди. У чаккасини ушлаганча ўлди. Шунда одамлар: “Биз ғуломнинг Раббига иймон келтирдик!”, “Биз ғуломнинг Раббига иймон келтирдик!”, “Биз ғуломнинг Раббига иймон келтирдик!” - дейишди.

Шоҳнинг олдига аъёнлари келиб: “Ана энди нима дейсиз?! Аллоҳга касам ичиб айтамизки, сиз қўрқаётган иш юз берди – одамлар иймон келтиришди!” - дейишди. Шоҳ дарҳол кўчаларнинг бошларига чуқур хандақлар қазишни буюрди. Хандақлар қазилиб, ичларига ўтлар ёқилди. Сўнгра шоҳ буйруқ бериб: “Ким динидан қайтмаса, уни ўтга ташланглар!” – деди ёки "бирма-бир одамларга ўзингни ўтга ташла",- деб айтилди. Миршаблар шундай қилдилар. Навбат қўлида ёш гўдаги бор бир аёлга келганда у аёл ўтга тушишдан ўзини олиб кочди, шунда гўдак тилга кириб унга деди: “Онажон, сабр қилинг, албатта, сиз ҳак узрасиз!”

Имом Муслим ривояти

Барча нарсалар яратувчисиз ўзи пайдо бўлиб қолган дейдиган кўрнамак даҳрий билан мунозара

Аввало айтаманки, Аллоҳ таоло, «Шак-шубҳасиз инсон Парвардигорига кўрнамаклик қилувчидир» (Вал-одиёт: 6), деб нақадар ҳақ сўзни айтгандир. Яъни, инсон ғоят нонкўр, ўта ношукрдир.

Раббини йўқ деган, яратувчисини тан олмаган ва ўз вужудидаги Аллоҳнинг неъматларини инкор қилган даҳрийга айтаманки:

Сен ўтирган мана бу курсига боқ, тўртта оёғи, ўтириладиган қисми ва суянғичи бор. Сенга, бу курси ўзини ўзи ясаб олган: аввал бир дарахт пайдо бўлган, кейин у дарахт ўзини бўлакларга бўлган, бўлаклардан эса ҳеч кимнинг аралашувисиз мана шу курси ясалиб қолган, десам. Сен менга: “Қип-қизил жинни экансан-ку!”, дейсан.

Шунингдек, қўлингдаги мобил телефон ҳеч ким аралашмаган ҳолда ўзини ўзи ясаб олган. Аввал 1 рақамли тугмача пайдо бўлган, ёнида 2 рақамли тугмача, унинг ёнида 3 рақамли, унинг тагида 4 рақамлиси пайдо бўлган ва ҳоказо. Кейин экран пайдо бўлиб буларнинг устига ўрнашган, кейин эса устидаги қопқоғи келиб жойлашган, кейин ҳеч ким аралашмасдан, ёритгичлари келиб ўрнашган. Бу ишларнинг ҳаммаси ясовчисиз амалга ошган, десам. Сен менга: “Ғирт жинни экансан-ку!”, деб айтмайсанми?

Яна тўғри келган нарсани олиб кўрайлик. Масалан, сен ёзаётган қалам, қандай ясалган?

Кийиб юрган пойафзалинг, қандай ясалган?

Ҳоказо, кўриб турганинг энг оддий нарсаларни ҳам олиб кўришимиз мумкин!

Энди сени каттароқ нарсаларга олиб ўтсак. Учоқ ўзини ўзи ясаган, ракета ҳам шундай, бомбалар, танклар, баланд-баланд уй ва осмон ўпар бинолар ҳам худди шундай ўзидан ўзи пайдо бўлган, десак! Эй даҳрий, сен бизларга қараб, эй, нарсалар ўзини ўзи ясаб олган ёки уларни табиат яратган дейдиганлар, сизлар ҳеч шубҳасиз мажнунсизлар, дейсан.

Қўлингдаги телефон ўзини ясаб олганини инкор қилсанг!

Курси ўзини ўзи ясаган эканини тан олмасанг!

Сумка ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолганини мумкин эмас деяётган бўлсанг!

Буларнинг ҳаммасини албатта асовчи ва яратувчиси бор, деб таъкидлаётган бўлсанг!

Нега энди инсон ўзини ўзи яратган, ёки у яратувчисиз пайдо бўлиб қолган, деган гапни рад қилмайсан?! Балки, шу гап тўғри деб, туриб оласан!

Сенингча қайси бири қийинроқ.:

Инсонни яратишми ёки сумка, телефон ё курси ясашми?!

Аллоҳнинг ушбу сўзлари нақадар ҳақ бўлмаса!:

«Токи уларга ушбу Қуръон Ҳақ эканлиги аниқ маълум бўлгунича албатта Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз». (Фуссилат: 53)