Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қуръон мадрасалари ва мударрислари учун Қуръон ёдлатиш ва такрорлаш режалари

1405 марта кўрилган

Қуръон мадрасалари учун Қуръон ёдлатиш ва такрорлаш режалари

Булар — Қурони Каримни ёдлатиш ва такрорлаш учун тузилган режалар. Ўтган ўн йил мобайнида Қуронни ёдлаш, ёдлатиш ва такрорлаш бўйича ўзим татбиқ қилган ва гувоҳи бўлган тажрибаларнинг хулосасини ўз ичига олади.

Тайёрловчи : Сумайя Неъматжон Ҳамид

بسم الله الرحمن الرحيم

Бу китобча уч турли ўқув режасини ўз ичига олади:

1 ) Йил давомида Қуръон ёдлатиш режаси.

2) Кучайтирилган курсда Қуръон ёдлатиш курсининг режаси.

3) Бир ойлик Қуръон такрорлаш курсининг режаси.

1- Йил давомида Қуръон ёдлатиш режаси:

Бу қуйидагиларни талаб этади:

1 – Сабрли, моҳир Қуръон ёдлатувчи устоз.

2- Қанча ёдлаган бўлишидан қатъий назар, Қуръонни хатосиз ўқий оладиган ўқувчи.

Кундалик ўқиш муддати:

  • Уч соатдан тўрт соатга қадар.
  • Бу режани эрталаб ёки асрдан кейин қўллаш мумкин.

Дарс бериш услуби:

1 ) Ўқувчи ёдлаш қудратига кўра белгиланган миқдорни ёд олади.

Танбеҳ: Ҳар бир ўқувчини қабул қилинган пайтда имтиҳон қилиш орқали ёдлаш савиясини белгилаш мумкин. Сўнгра ўқувчининг зеҳни ва ёдлаш қувватига қараб ёдланадиган миқдор белгиланади.

2) Ўқувчи янги ёдлаган сабоғини (жадидни) устозга эшиттиради.

3) Ўқувчи живар ва мурожааларини бир бошдан устозга эшиттиради.

4) Ўқувчининг эшиттириши қуйидаги тартибда бўлади: Биринчи жадид, кейин живар, кейин мурожаа. Бу босқичлар орасида тайёрлаб олиши учун ўқувчига вақт берилади.

Танбеҳ: Ўқувчи мустақил равишда ўқишга қийналса, хато ёдлаб олмаслиги учун устоз ёки унинг ёрдамчиси ўқувчига янги дарсни тўғри ўқийдиган бўлгунича ўқитиб қўйиши лозим.

Живар: Ўқувчи тўққиз кун давомида ёдлаган сабоқларини жамлаб эшиттиришига “живар” (қўшни сабоқлар) дейилади. Живар занжирсимон бўлади: Сабоқлар мажмуаси ўн кунлик бўлганда биринчи куннинг сабоғи қолдирилади ва ҳоказо тўққиз кунлик сабоқ эшиттирилаверади. Ўқувчи живарни устозга бир чеккадан эшиттиради. Шундай қилиб эсдан чиқармаслик ва ёд олинган сабоқлар мустаҳкам бўлиши кафолатланади.

Мисол: Ҳар куни бир бетдан ёдлайдиган ўқувчи тўққизинчи куни тўққиз бет живар топширади. Бу салкам ярим пора дегани.

Мурожаа: Ярим пора, бир пора ёки бир ярим порани ёддан тўлалигича эшиттиришга “Мурожаа” (такрорлаш) дейилади.

Танбеҳ: Ҳар бир ўқувчига умумий ёд олган миқдорига қараб мурожаа миқдори белгиланади. У ёдлаган миқдорнинг кўпайишига қараб мурожаа миқдори ҳам зиёдалашаверади.

Мисол: Агар ўқувчи 1-5 пора ёдлаган бўлса, унинг кундалик мурожааси ярим порадан бўлади.

Агар ўқувчи 15 пора ёдлаган бўлса, унинг кундалик мурожааси 1 пора қилиб белгиланади.


2- Қуръонни кучайтирилган даврада (курсда) ёдлатиш режаси

Таъриф:

Бу муайян белгиланган муддатда амалга ошириладиган давра. 40 кунлик ёки 2 ойлик бўлиши мумкин.

Ўқувчи давра асносида белгиланган миқдорни ёд олиши ва давра ниҳоясида имтиҳондан ўтиши лозим.

Бу давра бўш вақтдан унумли фойдаланиш учун қишки ва ёзги таътилларда амалга оширилади.

Мақсад: Қисқа муддат ичида Қуръондан муайян пораларни мустаҳкам ёдлаб олиш. Бу услубдан тез ёдлаш қобилиятига эга бўлган ўқувчилар унумли фойдаланадилар.

Иш режаси:

Давра бошланишидан 10-15 кун олдин давранинг энг муҳим мақсадлари ва программаларини ўз ичига олган эълонлар тарқатилади.

Бир кунни «Тажриба куни» қилиб таъйинланади ва ўша куни даврада иштирок этмоқчи бўлган ўқувчилар ҳозир бўладилар. Ҳар бир ўқувчига аввал ёдламаган жойидан бир бет берилиб, ёдлаш қобилияти текширилади ва ёдлаш учун қанча вақт сарфлагани ўлчанади. Улардан айримлари йигирма дақиқада, айримлари ўттиз дақиқада ёки тўла бир соатда ёд олишлари мумкин. Натижага қараб қайси гуруҳга қабул қилиниши белгиланади.

Программа яъни барнамаж:

1) Ўқувчилар гуруҳларга тақсимланади. Қуръонни тўла ёдловчи , 20 поралик, 15 поралик, 10 поралик, 5 поралик ва 3 поралик.

2) Ҳар бир гуруҳга кундалик эшиттириш миқдори белгиланади:

40 кунга мўлжалланган давра учун:

3 поралик гуруҳ: Ўқувчи ҳар куни бир ярим бет ёдлайди.

5 поралик гуруҳ: Ўқувчи ҳар куни икки ярим бет ёдлайди.

10 поралик гуруҳ: Ўқувчи ҳар куни беш бет ёдлайди.

Кундалик ёдлаш миқдорини чиқариш йўли:

Мисол: 40 кунлик давра:

3 порада 60 бет бор. Бетлар сонини кунлар сонига бўламиз 60:40 = ҳар кун учун 1,5 бет.

Мисол: 2 ойлик давра 60 кун бўлади:

3 порада 60 бет бор. Бетлар сонини кунлар сонига бўламиз 60:60 = ҳар кун учун 1 бет.

Бу қуйидагиларни талаб этади:

1) Ёдлатувчи устоз.

2) Қуръонни хатосиз ўқий оладиган ва бир бет ё ундан кўпроқ ёд олиш қобилиятига эга ўқувчи.

Кундалик ўқиш муддати:

6 ёки 7 соат. Ўртада ярим соат нонушта учун танафус берилади.

Ўқитиш услуби:

1) Ўқувчи белгиланган миқдордан бир бет-бир бетдан ёдлаб устозга топшираверади.

2) Живарни устозга бир чеккадан эшиттиради. Ўқувчи тўққиз кун давомида ёдлаган сабоқларини жамлаб эшиттиришига “живар” (қўшни сабоқлар) дейилади. Живар занжирсимон бўлади: Сабоқлар мажмуаси ўн кунлик бўлганда биринчи куннинг сабоғи қолдирилади ва ҳоказо тўққиз кунлик сабоқ эшиттирилаверади.

3) Живар кунлари тўла бўлгандан сўнг ўқувчи живардан чиқан бетларини мурожа қилиб эшиттиришни бошлайди.

4) Ҳар хафтанинг бошида ўша кунгача ёд олинган бетларнинг ҳаммасидан имтиҳон бўлади.

5) Давра ниҳоясида якуний имтиҳон бўлади. %80 дан паст даража олган ўқувчига ёрлиқ берилмайди. Берилган тақдирда “Даврага қатнашди” деган ёрлиқ берилади, холос.

6) Ўқувчи уч кун давомида белгиланган вазифани ёдлай олмаса даврадан чиқарилади ёки пораси озроқ гуруҳга ўтказилади.


3- Бир ойлик Қуръони Каримни такрорлаш давра режаси

Таъриф: Бу бир ойлик давра бўлиб, ўқувчи унда Қуръондан ёд олган пораларини такрорлаб мустаҳкамлайди. Давра ниҳоясидаги имтиҳондан ўтиши керак. Акс ҳолда у даврага қатнашишдан кўзланган мақсадни амалга ошира олмаган бўлади.

Мақсад: Қисқа муддат ичида Қуръондан ёдланган муайян миқдорни яхшилаш ва мустаҳкамлашдир. Бу даврадан пишиқ ёдламаган ўқувчилар унумли фойдаланадилар.

Иш режаси: Давра бошланишидан 10-15 кун олдин давранинг энг муҳим мақсадлари ва программаларини ўз ичига олган эълонлар тарқатилади.

Ҳар бир ўқувчи суҳбатдан ўтади ва аввал ёдлаган жойларидан мустаҳкамламоқчи бўлган пораларнинг у ер бу еридан сўраб имтиҳон қилинади.

Мисол: 10 пора ёд олган ўқувчи ёдлаганларини пуҳталамоқчи. Савол сўралганда қаттиқ унтгани сабабли ўқиб бера олмайди. Уни 10 поралик гуруҳга қабул қилинмайди, балки 5 поралик гуруҳга олинади.

Программа яъни барнамаж:

1) Ўқувчилар гуруҳларга тақсимланади. Қуръонни тўла такрорлаш, 20 пора, 15 пора, 10 пора ва 5 пора.

2) Ҳар бир гуруҳга кундалик эшиттириш миқдори белгиланади:

Мисол: Тўла Қуръонни такрорлаш: Ҳар куни бир ярим пора эшиттиради.

Мисол: 20 пора: Ҳар куни 1 пора эшиттиради.

Бу қуйидагиларни талаб этади:

1) Ёдлатувчи устоз.

2) Мустаҳкамланиши ирода қилинган пораларни пухталаб ёдлайдиган ўқувчи.

Кунлик дарс муддати:

5 соат ва ўртада 15 дақиқа танафус берилади. Бу режани эрталаб ёки асрдан кейин татбиқ қилиш мумкин.

Ўқитиш услуби:

1) Ўқувчи белгиланган миқдорни мударрис ҳузурига келишдан олдин ҳозирлайди.

2) Дарс бошланганда устоз ўқувчиларни иккитадан қилиб тақсимлайди. Ҳар икки ўқувчи бир-бирига дарсларини ёддан эшиттириб, хато ва танбеҳларини кундалик дафтарларига ёзадилар. Ёки устоз ўқувчиларни давра қилиб ўтқизади, сўнгра улар бир кунлик вазифаларини бир оят бир оятдан кетма-кет ўқиб устозга эшиттириб чиқадилар. (Яъни, биринчи оятни биринчи ўқувчи, иккинчи оятни иккинчи ўқувчи, учинчи оятни учинчи ўқувчи ва ҳоказо айланаверади.)

3) Икки шерик бир-бирларига эшиттириб бўлгандан кейин устоз олдига келадилар. Устоз улардан вазифаларининг икки-уч еридан сўраб кўради.

4) Ёдлатувчи устознинг вазифаси ўқувчилар бир-бирларига эшиттираётганларида уларни кузатиб туриш. Эшиттириб бўлганларидан кейин айрим жойлардан сўраб қўйиш.

5) Барча ўқувчилар вазифаларини эшиттириб бўлганларидан кейин ёдлатувчи қуйидаги айрим ишларни қилиши мумкин:

— Белгиланган миқдорни қайтадан ҳаммадан оят-оят эшитиб чиқиши мумкин.

— Бугунги дарс ичидан муташобиҳ оятларни чиқаради. Бу ишда унга ўқувчилар ҳам ёрдам беришлари мумкин. Муташобиҳотни билиш Қуръонни пухта ёдлашларига сабаб бўлади. Ўқитувчи муташобиҳот ҳақида ёзилган китобдан фойдаланиши ҳам мумкин.

— Ўқувчиларга бир кун олдинги вазифани қайтаришни буюриши мумкин. Шериклар ўз ҳолича қолади, лозим бўлса, ўринларини алиштиради.

6) Ҳар хафтанинг бошида ўша кунгача такрорланган пораларнинг ҳаммасидан имтиҳон бўлади.

7) Давра ниҳоясида якуний имтиҳон бўлади. %85 дан паст даража олган ўқувчига ёрлиқ берилмайди. Берилган тақдирда “Даврага қатнашди” деган ёрлиқ берилади, холос.

Кундалик жадвал ва қўшимчалари

Унинг аҳамияти:

Кундалик жадвалнинг аҳамияти мушриф (мудир ёки мутасадди) ва ота-оналар томонидан ўқувчининг ҳолатини кузатиб боришни қулайлаштириши остида яшириниб ётади.

Шунингдек жадвал орқали ўқувчининг ўзлаштириш даражаси ва юксалиш-пастлаш ҳолати билиб олинади.

Эшиттириш тури

Сура номи

Оятдан

Оятгача

Хатолар сони

Баҳо

Жадид

Живар

Мурожаа

Аломатлар:

«» Бирорта хатосиз ўқиб берганда қўйилади.

Танбеҳ: «/» Хато ўқиган пайтда инкор товуши билан ёки «йўқ» деб танбеҳ берилганда ўқувчи хатосини ўзи тўғрилаб ўқиганда қўйилади.

Фатҳ: «Х» Ўқий олмай тўхтаб қолганда ёки хатосини ўзи тўғрилай олмаганда тўғрисини айтиб берилганда қўйилади.

Баҳолар:

Мумтоз (аъло) (م)

Агар бир бетда «» ёки «/» ёки «//» ёки «Х» олган тақдирда қўйилади.

Жаййид жиддан (яхши) (ج ج)

Бир бетда «///» ёки «Х/» олган тақдирда қўйилади.

Жаййид (қониқарли) (ج)

«////» ёки «Х//» ёки «ХХ» олган тақдирда қўйилади.

Ўқувчининг сабоғи бир бетдан озроқ, масалан, 6 қатор бўлган тақдирда ҳам айни услубда баҳо қўйилади. Живар ва мурожааларда бу баҳолар бир бет эмас ҳар икки бет учун қўйилади.

Жадид топшираётган ўқувчининг ўзлаштиришига қараб, хато аломатларини тўлалигича қўйиш билан бирга баҳони ҳақли бўлганидан кўра юқорироқ қўйиш мумкин. Бу билан ўқувчининг кўнгли кўтарилади ва қизиқиши ортади.

http://www.alukah.net/library/0/117017/#PostComment дан олинди.

Абу Закария ал-Маданий таржимаси