Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дин насиҳатдир ҳадисининг шарҳи

2808 марта кўрилган

22-боб. Дин насиҳат эканлиги баёни

35. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (у кишига) қулоқ солиш ва итоат этишга байъат бердим. Шунда «Қодир бўлганимча (итоат этаман) ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга (самимий муносабатда бўлишга байъат бераман)», деб айтишимни буюрдилар».[1]

Бухорий (7204), Муслим (56/106).

بَابُ بَيَانِ نُقْصَانِ الْإِيمَانِ بِالْمَعَاصِي وَ نفْيِهِ عَنِ الْمُتَلَبِّسِ بِالْمَعْصِيَةِ عَلَي إِرَادَةِ نَفْيِ كَمَالِهِ

36 – حَدِيثُ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَزْنِي الزَّانِي حِينَ يَزْنِي وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَشْرَبُ الْخَمْرَ حِينَ يَشْرَبُهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَسْرِقُ السَّارِقُ حِينَ يَسْرِقُ وَهُوَ مُؤْمِنٌ.
وزَادَ فِي رِوايَةٍ وَلَا يَنْتَهِبُ نُهْبَةً ذَاتَ شَرَفٍ يَرْفَعُ النَّاسُ إِلَيْهِ أَبْصَارَهُمْ فِيهَا حِينَ يَنْتَهِبُهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ.
أخرجه البخاري في: 74 كتاب الأشربة: 1 باب قول الله تعالى: (إنما الخمر والميسر والأنصاب والأزلام رجس من عمل الشيطان).

*Боб. Иймон маъсият-гуноҳлар билан ноқис бўлиши, маъсиятга қўл урган киши ҳақида «Иймони йўқ» деб айтиш иймоннинг комиллигини инкор қилиш эканлиги баёни

36. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлган ҳолида зино қилмайди. (Ароқхўр) ароқ ичаётганида мўмин бўлган ҳолида ароқ ичмайди. Ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлган ҳолида ўғрилик қилмайди».

Бошқа бир ривоятда «(Талончи) эътиборга лойиқ, одамлар унга кўз тикиб турадиган бир нарсани талаётганида мўмин ҳолида бўлмайди», жумласи зиёда қилинган.[2]

Бухорий (5578), Муслим (57/107).



[1] Ушбу боб сарлавҳасига чиқарилган “Дин насиҳатдир” жумласининг маъносини Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Насоийлар ривоят қилган қуйидаги ҳадис ва унинг шарҳи орқали тушунамиз:

عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَمِيمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: "الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ" .

Абу Руқайя Тамим ибн Авс Ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дин – насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга (насиҳат)?” – деб сўрадик. “Аллоҳга, Унинг китобига, пайғамбарига, мусулмонларнинг имом-бошлиқларига ва оммасига (ҳамма мусулмонларга)”, дедилар”.

Муслим (55/101), Абу Довуд (4944) ва Насоий (4197, 4198) ривоят қилган.

Ҳадис шарҳи

Насиҳат сўзи араб тилида “холислик”, “тозалик” маъноларини билдиради. Масалан, نَصَحَ الشيءُ – “нарса тоза бўлди”, дегани. ناصحٌ – “носиҳ” сўзи эса асал ва бошқа нарсаларнинг тозасига нисбатан ишлатилади. Ҳар қандай нарса тоза, бошқа аралашмалардан холи бўлса, у “носиҳ” бўлади. “Лисонул-араб”, 2/615.

Ибнул Асир бу ҳақда шундай дейди: “Насиҳат – бутун бир жумлани ифодалаб берадиган сўз. У “насиҳат қилинаётган кишига яхшилик исташ”, демакдир. Бу маънони бошқа сўз билан ифодалаб бўлмайди”. “Ниҳоя”, 5/63.

Абу Сулаймон Ал-Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Насиҳат – умумий маъноларни жамловчи сўз. Унда “насиҳат қилинувчига энг яхши нарсаларни исташ”, маъноси бор. Яна “Насиҳат сўзи тикувчининг мукаммал қилиб кийим тикишидан олинган”, деган гап ҳам бор. Яъни, тикувчи кийимни чиройли қилиб тикканидек, насиҳат қилувчи ўзи насиҳат қилаётган кишини хатолардан огоҳлантиради, тўғриликка йўллайди.

Арабларда نَصَحْتُ الْعَسَلَ – “Насоҳтул асала” деган гап бор. Маъноси: “Асални мумдан тозаладим”. Демак, тўғри гапни ёлғонидан ажратишни ҳам асални тозалашга ўхшатишган”.

Ҳадиснинг маъноси:

“Диннинг устуни ва асоси насиҳатдир. Бу худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ҳаж Арафадир”*, деган сўзларига ўхшаш. Яъни, ҳажнинг устуни, катта қисми Арафотда туришдир”. Имом Нававий. “Шарҳу Муслим”, 2/37.

– “ Аллоҳга нисбатан насиҳат”

Бу хусусда Ал-Хаттобий шундай дейди: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога насиҳат деган жумланинг маъноси – Унинг якка илоҳ экани ҳақида чин дилдан эътиқод қилиш, ибодатни Унга холис ният билан қилишдир”. Ибн Ражаб Ҳанбалий. “Жомиул улум вал-ҳикам”, 1/229.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳга нисбатан насиҳат – Унга иймон келтириш ва ширк келтирмаслик, Унинг исм ва сифатларини тўғри тушуниб эътиқод қилиш, Уни комиллик ва улуғлик сифатлари билан сифатлаш, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони барча нуқсонли нарсалардан поклаш, Унинг итоатида бўлиб, маъсият-гуноҳлардан четланиш, (бирон нарсани ёки шахсни) Аллоҳ учун яхши кўриб, Унинг учун ёмон кўриш, Унинг тоатидагиларни дўст тутиб, исён қилганларни душман деб билиш, Унга кофир бўлганларга қарши жиҳод қилиш, неъматларини эътироф этиб, шукр қилиш, барча ишларни ихлос билан бажариш. Мана шу юқорида саналган ҳолатларга даъват қилиш ва ундаш, одамлар кўп ёки кам тўпланган жойларда овоза қилиш, демакдир”. “Шарҳу Муслим”, 2/38.

Абул Фараж ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан насиҳат дегани гарчи Аллоҳ бундан беҳожат бўлса-да, Унинг динини муҳофаза қилиш, Унга ширк келтиришдан мудофаа қилишдир. Бу – банданинг ўз фойдаси учун бўлади”. “Кашфул-мушкил”, 4/219.

– “ Аллоҳнинг Китобига насиҳат”

Бу насиҳат Қуръон Аллоҳнинг Китоби эканига иймон келтириш, тиловат қилиш, оятларини тадаббур қилиш, ваъз-насиҳатларига кўра амал қилиш, белгилаб берган чегараларига риоя этиш, буйруқларига бўйсуниб, қайтариқларидан қайтиш билан бўлади.

“Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китобига нисбатан насиҳатнинг маъноси: У Аллоҳнинг Каломи ва Ўзи томонидан туширилганига, бу Калом махлуқлардан биронтасининг гапига ўхшамаслигига, ҳеч ким бундай сўзлашга қодир эмаслигига иймон келтириш, уни улуғлаш ва ҳақиқий кўринишда тиловат қилиш, тиловат қилаётганда овозни чиройли қилиб, хушуъ билан, ҳарфларини махражларидан чиқариб ўқиш, оятларини таҳриф қилувчилар (маъносини бузиб тафсир қилувчилар) ва маломат қилиб, айб изловчилардан уни ҳимоя қилиш. Қуръондаги барча оятларни тасдиқлаш, ҳукмларига риоя этиш, келтирган мисол ва тушунчаларини фаҳмлаш, ундаги насиҳатларга диққат қилиш, ажойиботлари ҳақида тафаккур қилиш, муҳкам (маъноси очиқ-ойдин) оятларига амал қилиб, муташобиҳ (аниқ маъноси тушунилиш қийин бўлган) оятларига сўзсиз таслим бўлиш, умумий ва хусусий, носих (олдинги ҳукмни бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми бекор қилинган) оятларини баҳс қилиб ўрганиш, Қуръон илмларини ёйиш, Қуръонни ўқиш ва амал қилишга даъват қилишдир”. Имом Нававий. “Шарҳу Муслим”, 2/38.

“Аллоҳнинг Китобига насиҳат бир неча ишни ўз ичига олади:

1. Уни ҳимоя қилиш. Бу ботил йўллар билан уни таҳриф қиладиганлар (маъносини бузиб шарҳлайдиганлар)дан ҳимоя қилиш, таҳрифчиларнинг ишларини баён қилиб бериш билан бўлади.

2. Унда келган хабарларни ҳеч қандай шубҳага тушмай тасдиқлаш. Агар кимдир Қуръондаги хабарлардан биттасинигина ёлғонга чиқарса, шак қилса ёки иккиланса, у Аллоҳнинг Китобига насиҳат қилмабди.

3. Ундаги буйруқларга бўйсуниш. Аллоҳнинг Китобида қандай буйруқ бўлса, шунга бўйсунинг. Агар бундай қилмасангиз, унга насиҳат қилмабсиз.

4. Қуръон қайтарган нарсалардан четланиш.

5. Ундаги ҳукмлар энг яхши ҳукмлар эканлигига, Қуръоннинг ҳукмидан афзал ҳукм йўқлигига иймон келтириш.

6. Қуръоннинг ҳарфи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг Каломи эканига, Аллоҳ мана шу Калом билан ҳақиқатда гапирганига, араб тилидаги очиқ огоҳлантирувчи Китоб бўлиши учун Жибрил уни Аллоҳ таолодан қабул қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига олиб тушганига иймон келтириш”. Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Ал-Усаймин. “Шарҳул арбаийн-нававийя”, 116-бет.

– “ Аллоҳнинг Расулига насиҳат”

Ибн Ражаб Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ бу борада шундай дейди: “Аллоҳнинг Расулига нисбатан насиҳатнинг маъноси ҳам юқоридаги гапларга яқиндир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлиги ва у киши олиб келган рисолатга иймон келтириш, пайғамбарнинг ҳурматини жойига қўйиш, буйруқларига итоат қилиш, суннатларини тирилтириш, у кишининг берган илмини ўрганиб, буни бошқаларга тарқатиш, Расулуллоҳнинг ўзига ва пайғабарлигига қарши чиққанларни душман деб билиш, у зотга ва рисолатига эргашганларни дўст тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари билан хулқланиш, одобларидан ўрнак олиш, оила аъзолари ва саҳобаларини яхши кўриш ва шу каби ишлардан иборатдир”. “Жамиул улум вал-ҳикам”, 1/233.

“Аллоҳнинг Расулига насиҳат бир нечта ишларни ўз ичига олади:

1. Бошқаларни қўйиб, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзига эргашиш. Аллоҳ таоло айтди:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللهَ وَالْيَوْمَ الآخِرَ وَذَكَرَ اللهَ كَثِيرًا

(Эй мўминлар), сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир”. (“Аҳзоб” сураси, 21-оят).

2. У зот ҳақиқатдан Аллоҳнинг Расули эканлигига, ёлғон гапирмаслиги ва бошқалар томонидан ҳам ёлғончига чиқарилмаслигига, ростгўй ва пайғамбарлиги Аллоҳ томонидан тасдиқланган эканига иймон келтириш.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган, ўтмиш, ҳозирги кун ва келажакка тегишли барча хабарларга иймон келтириш.

4. Буйруқларига бўйсуниш.

5. Қайтарганларидан четланиш.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатни ҳимоя қилиш.

7. У кишидан саҳиҳ йўл билан бизга етиб келган барча нарсага амал қилиш худди Аллоҳдан келган ваҳий каби эканига эътиқод қилиш. Чунки, суннатда собит бўлган хабарлар Қуръон оятлари кабидир. (Бу хабарларни Аллоҳ билдирсагина пайғамбар билади. Тарж).

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам бериш: у киши ҳаётликларида ёнларида туриб, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан”. Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Ал-Усаймин. “Шарҳул арбаъийн-нававийя”, 117-бет.

– “Мусулмонларнинг имомларига насиҳат”

Мусулмонларнинг имомларидан мақсад олимлар ва амирлардир. Олимлар дин имомлари, амирлар дунё имомлари саналади.

Олимларга насиҳат қилиш уларнинг атрофида тўпланиб илм олиш, одамларнинг қалбида олимларга муҳаббат уйғониши учун халқ орасида уларнинг фазилатларини ёйиш билан бўлади. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, олимларнинг хато ва камчиликларини қидириб юрмаслик ҳам уларга нисбатан насиҳатдир. Чунки, бу иш уларга нисбатан адоватни келтириб чиқаради, мусулмонлар сафини ва бирлигини бузади.

Амирларга насиҳат эса уларга хайрли ишларни қилишда ёрдам бериш, ҳаққа йўллаб, маслаҳат бериб туришда ва яхшиликка буюрганларида итоат қилиш билан бўлади.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имомларга насиҳат қилиш ҳақ ишда ёрдам бериш ва бўйсуниш, хато қилганида юмшоқлик ва лутф билан танбеҳ бериш, мусулмонларнинг ҳақларини уларга эслатиб туриш, уларга қарши чиқмаслик, одамларни имомларга итоат қилишга ундашдир.

Бу борада Ал-Хаттобий роҳимаҳуллоҳнинг айтганлари: “Имомларнинг ортида намоз ўқиш, улар билан жиҳодга бориш, закотни имом тайинлаган кишиларга бериш, имомдан жабр-зулм содир бўлганда ҳам унга қилич билан қарши чиқмаслик, уларни ёлғон мақтов-мадҳиялар билан ҳақиқий ҳолатдан чалғитиб қўймаслик, уларнинг ҳаққига яхшилик тилаб дуо қилиш уларга нисбатан насиҳат бўлади”. “Шарҳу Муслим”. 2/38.

“Мусулмонларнинг имомларига насиҳат ҳақда уларга кўмаклашиш ва итоат қилиш, уларга ҳақ-ноҳақни эслатиб туриш, хато-камчиликларини юмшоқлик билан тушунтириш, уларга қарши чиқишдан четланиш, уларни тўғриликка муваффақ қилишни сўраб Аллоҳга дуо қилиш ва бошқаларни ҳам шунга ундашдир”. Ибн Ражаб Ҳанбалий. “Жомиул улум вал-ҳикам”, 1/233.

– “Мусулмонларга насиҳат”

Ибн Ражаб Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бунинг маъноси киши ўзи ёқтирган нарсалар уларда ҳам бўлишини хоҳлаши, ўзига ёқмаган нарсаларни улар учун ҳам ёқтирмаслиги, мусулмонларнинг ҳаммасига меҳрибон, кичикларига раҳмдил, катталарига тавозеъли бўлиши, уларга етган мусибатларга хафа бўлиб, агар ўзининг зарарига бўлса ҳам мусулмонларни хурсанд қиладиган ишлардан шодланиши (масалан, маҳсулотларнинг нархи арзонлаб кетиб, тижоратига зиён етса ҳам), шунингдек, уларга манфаатли нарсаларни яхши кўриши, мусулмонлар фойдаланаётган неъматлар бардавом бўлишини сўраши, душманларига қарши ёрдам бериши, уларга етаётган азият ва қийинчиликларни кетказишга ҳаракат қилиши, деганидир.

Абу Амр ибн Салоҳ бу ҳақда: “Насиҳат кўп маъноларни ўзида жамловчи сўз бўлиб, насиҳат қилувчи ўзи насиҳат қилаётган кишига сўзда ҳам, амалда ҳам барча яхшиликларни қилишини билдиради”, деган”. “Жомиъул улум вал-ҳикам”, 80-бет.

Юқоридагилардан қисқача хулоса қилсак, “Насиҳат бу самимиятдир!”

Аллоҳга, Унинг Расулига, Китобига, мусулмонларнинг диний ва дунёвий бошлиқларига ва мусулмонларнинг оммасига самимий, чин қалб билан муомала қилишимиз айни насиҳат бўлади.

------------------------------------

*Термизий (889). Саҳиҳ ҳадис.

Ҳадис шарҳи: http://islamqa.info/ar/227923

http://articles.islamweb.net/media/index.php?page=article&lang=A&id=59067

[2]Ҳадис гуноҳлар кишининг иймонига зарар бериши, уни ноқис қилиб қўйиши ҳақидадир. Яъни, иймони комил одам юқоридаги гуноҳи кабираларга қўл урмайди.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг шарҳи: “Ибн Баттол айтади: “Бу ароқ ичишнинг қатъий ҳаромлиги тўғрисидаги энг кучли ҳадисдир. Хаворижлар шу ҳадисга таяниб, қасддан, ҳаромлигини била туриб гуноҳи кабирага қўл урган кишини кофирга чиқаришган. Аҳли сунна вал-жамоа эса (бундай ҳадислар ҳақида) “Бу ерда иймоннинг комил бўлмаслиги ҳақида айтилган. Чунки осий – гуноҳга қўл ураётган кишининг иймони гуноҳ қилмаётган кишиникига нисбатан ноқис бўлади”, дейишган…” “Фатҳул-Борий”. Ичимликлар китоби. “Аллоҳ Таолонинг: “Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир” (“Моида”, 90), деган сўзи” боби, 5578-ҳадис шарҳи.