Душанба 24 Июль 2017 | 29 Шаввол 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Абу Муслим Хавлоний

519 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурроҳман Раъфат Боша
Камолиддин Иноятуллоҳ ўғли таржимаси

Абу Муслим Хавлоний

“Абу Муслим шу қадар кўп ибодат қилар эдики: “Жаннат ёки дўзахни кўзим билан кўрсам ҳам бундан ортиқ ибодат қила олмайман”, деб айтар эди. (Усмон ибн Абу Отика)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъдан қайтганларидан кейин касалликлари оғирлашибди, деган хабар Араб ярим оролига яшиндек тарқади. Дарҳол шайтон Асвад ал-Ансийга иймон келтиргандан сўнг куфрга қайтишни, Аллоҳга ёлғон тўқишни ва Яман халқига ўзини Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар эканини даъво қилишни зийнатлаб кўрсатди.

Асвад ал-Ансий келишган, жисмонан ўта бақувват, аммо ичи қора ниҳоятда ёмон одам бўлиб, жоҳилият даврида коҳинликни яхши ўзлаштирган, одамларни сеҳр қилиш ва кўзбўямачиликка моҳир эди. Бундан ташқари гапга уста, фасоҳатли, ўзининг ботиллари билан омма халқнинг ақли билан ўйнаша оладиган ҳамда саховати, инъом-эҳсони билан хос кишиларни ўзига мойил қилган одам эди. Одамларга ҳайбатли кўриниш учун доим қора ниқобда юрар эди.

Асвад ал-Ансийнинг Ямандаги даъвати худди қуриган хашакка ўт тушгандек тез тарқала бошлади. Унинг қабиладошлари Бану Мазҳижнинг унга эргашиши бу даъватнинг тарқалишига катта ёрдам берди. Зеро, Бану Мазҳиж қабиласи Ямандаги қабилалар орасида сон, нуфуз ва қувватда энг юқори қабила эди.

Бунга қўшимча Асвад ал-Ансийнинг ёлғон тўқиш ва унга ишонтириш қобилияти, ҳамда бу ишда ўзига тобеълар орасидаги заковатлиларга таяниб иш қилгани ҳам даъватининг ёйилишига ёрдам берди.

У: "Менинг олдимга осмондан фаришта ваҳий олиб тушяпти, ғайб ишларидан хабар беряпти", деб даъво қилди. Даъвосининг ҳақ эканига одамларни қаноатлантириш учун турли услубларни қўллади. У ўзининг хос кишиларини одамларнинг ҳол-аҳволлари, муаммолари, сир-асрорларини билиш, қалбларида яширинган орзулар вааламларидан огоҳ бўлиб унга хабар бериб туришлари учун ҳар тарафга юборган эди.

Айни вақтда ўша кишилар одамларни унга мурожаат қилиш ва ундан ёрдам сўрашга тарғиб қилишар эди. Асвад ал-Ансий ўз ҳузурига келган ҳожатманднинг ҳожати, мусибатланганнинг мусибатидан сўз очиб, ўзини гўё уларнинг сир-асрорлари ва қалбларидаги яширин нарсалардан огоҳдек қилиб кўрсатарди. Ақлларни лол қиладиган ғароиб ишларни қилиб, халойиқни ўзига ром қилар эди.

Кўп ўтмай унинг иши юришиб, шуҳрати ҳар тарафга ёйилди ва унга эргашувчилар ҳам кўпайиб кетди. У аввал Санъога сўнг бошқа минтақаларга ҳам нуфузини ёйди. Ҳазрамавт билан Тоиф, Баҳрайн билан Адан оралиғидаги шаҳарлар унга бўйсинди.

Асвад ал-Ансий ўрнашиб олгач ва шаҳарлару одамлар унга бўйсингач, ўзига мухолиф бўлган, динига ва пайғамбарига содиқ иймонли, Аллоҳ ва расулига тўла итоат қилувчи, ҳақни ошкор қилиб, ботилга қарши чиқадиган чин мусулмонларни таъқиб қила бошлади. Уларга шафқатсизларча муомала қилар, зўравонлик сиёсатини юргизиб қаттиқ азоблар эди.

Мазлум мусулмонларнинг олди сафида Абу Муслим Хавлоний лақаби билан машҳур Абдуллоҳ ибн Суваб турар эди. Абу Муслим Хавлоний динида мустаҳкам, кучли иймонга эга, ҳақни изҳор қилишдан қайтмас киши бўлиб, Аллоҳ учун ўзини тиккан, дунё ва унинг зийнатлари, енгил ҳаёт ва унинг матоларидан юз ўгирган, ҳаётини Аллоҳнинг ибодати ва Унинг йўлидаги даъватга бағишлаган ҳамда ўткинчи дунёни боқий охиратга алмаштирган эди. Шу сабабли одамлар уни чин дилдан севишар ва уни Аллоҳга қаттиқ боғланган дили пок ва дуоси ижобат инсон деб билишарди.

Асвад ал-Ансий Абу Муслим Хавлонийни қаттиқ азобга солиб, ўз даъватига яширин ва ошкора қарши бўлганлар қалбига қўрқув ва изтироб солиб қўймоқчи ва бу билан уларни батамом бостиришни ирода қилди. Санъонинг майдонларидан бирига кўп ўтин қалатиш сўнгра уни ёқишга амр этди. Яманнинг олими ва обиди Абу Муслим Хавлонийни тавбасига таянтириш ва ўзининг Пайғамбар эканига иқрор бўлишига гувоҳ бўлсинлар деб одамларни йиғди.

Белгиланган вақтда Асвад ал-Ансий халойиқ билан тўлиб-тошган майдонга ўз малайлари ва қўриқчилари қуршовида кириб келди ва оловга қаратиб ўрнатилган улкан тахтига ўтирди. Одамлар кўз ўнгида Абу Муслим Хавлоний олиб келинди. Каззоб ва тоғут Асвад ал-Ансий рўбарўсида турган Абу Муслим Хавлонийга такаббурона қаради, кейин гувиллаб ёниб турган оловга қаради. Сўнг яна Абу Муслимга қараб:

  • —“Мени Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми?” – деди. Абу Муслим Хавлоний:
  • —“Қулоғим оғир нима деяётганингни эшитмаяпман”, деди.
  • —“Муҳаммадни Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берасанми?”
  • —“Ҳа, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, пайғамбарларнинг саййиди ва сўнггиси деб гувоҳлик бераман”, деди. Буни эшитган Асвад ал-Ансий қошларини чимириб, юзини буриштирди ва: “Ундай бўлса сени оловга улоқтираман”, деди.
  • — “Агар мени оловга улоқтирсанг, ёқилғиси ўтин бўлган бу олов билан ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган, устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган ишни қиладиган фаришталар турадиган оловдан сақланаман”.
  • —“Сени оловга улоқтиришга шошилмайман. Ақлингни йиғиштириб олишинг учун яна бир бор фурсат бераман”, деди ва яна аввалги саволини қайтарди:
  • —“Мени Аллоҳнинг расули деб биласанми?”
  • — “Сенга айтдимку қулоғим оғир нима деяётганингни эшитмаяпман”.

Асвад ал-Ансий бадтар дарғазаб бўлиб:

  • —“Муҳаммадни Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берасанми?”
  • — “Ҳа, у Зот Аллоҳнинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло уни ҳақ билан ва ҳидоят дини ила юборган ва рисолатлари билан пайғамбарликни тугатган”.

Абу Муслимнинг ўткир жавоблари ва хотиржамлиги Асвад ал-Ансийнинг ғазабини қўзғотганда қўзғқотди. Шу заҳоти Абу Муслимни оловга улоқтиришга буюрди. Унинг қўл ва оёқларини боғладилар. Сўнгра уни палахмонга ўтқиздириб, алангаланиб турган олов устига улоқтирдилар.

Айтишларича, бу олов шунчалик даҳшатли эдики, олов алангаси ва тафтининг баландлигидан унинг устидан учиб ўтган қушларнинг қанотлари куйиб олов ўртасига йиқилар эди. Палахмонда отилган Абу Муслим ҳавода учар экан ёлғиз Аллоҳни зикр қилди ва унга илтижо қилиб: "Ҳасбияллоҳ ва ниъмал вакил" “Аллоҳнинг Ўзи менга кифоя ва У нақадар яхши асрагувчидир” - деди. Даҳшатли олов ўртасига тушаётган Абу Муслимни кўрган мусулмонларнинг юраклари қинидан чиқаёзди, аламдан қалблар эзилди. Бирдан олов аста секин ўча бошлади. Қарасалар, олов қўл оёқларини бўшатган, кийимлари куймаган, оёқяланг Абу Муслим табассум қилганича чўғ устида юрар эди. Буни кўрган золим Ансий эс-ҳушини юқотди. Бошқалар ҳам мусулмон бўлишидан қўрқиб, уларга таҳдид солиб қўрқита бошлади. Шу пайт унинг катта малайларидан бири келиб унинг қулоғига пичирлади: “Бўлар иш бўлди, энди буни юртдан чиқариб юборинг ана шунда ундан қутиласиз ва тинч бўласиз, акс ҳолда сизга иймон келтирганларга таъсири ўтиши мумкин”. Ансий унинг маслаҳатини олиб, ўша заҳоти Абу Муслим Хавлонийни юртдан чиқиб кетишига буйруқ берди.

Абу Муслим Хавлоний Мадина томон йўл олди. Унинг орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиш эди. Зеро, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш неъматига муяссар бўлмай туриб иймон келтирган эди. Бироқ, у Мадина атрофидаги ерларга етганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этганлари ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотнинг халифаси бўлгани ҳақидаги хабар унга етиб қолди. Абу Муслим Хавлоний Расулуллоҳнинг вафотларига ич-ичидан маҳзун бўлиб, қайғуга ботди.

Мадинага етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига йўл олди. Масжидга етгач, туясини эшикка яқин ерга боғлади ва масжидга кириб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди, сўнг бир чеккага ўтиб намоз ўқий бошлади. Намоздан фориғ бўлгач, унинг олдига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу келдилар ва:

  • —“Меҳмонга ўхшайсиз, қайси юртдансиз?” деб, сўрадилар. Абу Муслим Хавлоний:
  • —“Ямандан”, деб жавоб берди.
  • — “Аллоҳнинг душмани ўтга улоқтирганда Аллоҳ нажот берган биродаримиз қандай аҳволда?”
  • —“Аллоҳнинг фазли-марҳамати билан яхши”.
  • —“Қасам Аллоҳга, сиз ўша инсон эмасмисиз?”
  • — “Ҳа, ўша менман”. Умар розияллоҳу анҳу Абу Муслим Хавлонийнинг пешонасидан ўпиб:
  • —“Аллоҳ таоло Ўзининг ва сизнинг душманингизни нима қилганидан хабарингиз борми?”.
  • —“Йўқ, Ямандан чиққанимдан бери ундан бехабарман”.
  • — “У ерда қолган иймонида содиқ мўминлар қўли билан Аллоҳ уни қатл этди, салтанатини йўқ қилди ва унга эргашиб кетганларни яна динга қайтарди”.
  • —“Унинг ўлимини ва Яман аҳлидан бўлган унга алданиб эргашиб юрганларнинг яна динимиз сафига қайтганликларини кўрсатган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”.

Умар роҳияллоҳу анҳу: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати ичида, отамиз Иброҳим алайҳис-саломга қилинган иш унга ҳам қилинган кишини менга рўбарў қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтаман”, деди. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу меҳмонни қўлидан тутиб, тўғри Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига олиб бордилар. Абу Муслим Хавлоний Расулуллоҳнинг халифасига салом бериб кўришдилар, хилофатни эътироф этиб шу онда байъат бердилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу меҳмонни Умар розияллоҳу анҳу билан ўзларининг ўрталарига ўтқазиб, ундан Асвад ал-Ансий билан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сўзлаб, хотиралари билан баҳамлашишни сўрадилар.

Абу Муслим Хавлоний бир қанча вақт Мадинада яшади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини лозим тутиб, ундан ҳеч айрилмади. Равзаи мутоҳҳарада Аллоҳ ирода этганича намоз ўқиб, ҳаёт бўлган улуғ саҳобалардан имкон қадар илм ўрганди. Айниқса, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Зар Ғифорий, Убода ибн Сомит, Муоз ибн Жабал ва Авф ибн Молик Ашжаъийлар билан кўпроқ боғланиб турди.

Сўнгра Абу Муслим Шом диёрига кетиб, ўша ерда яшамоқчи бўлди. Унинг мақсади мусулмонларнинг чегараларига яқинроқ бўлиб, Аллоҳ йўлида риботда туришдек ажрга эга бўлиш ва Румга қарши мусулмон лашкарлар сафида жиҳод қилиш эди.

Халифалик Муовия ибн Абу Суфёнга ўтгач, Абу Муслим Хавлоний халифани тез-тез зиёрат қиладиган, мажлисларида ҳозир бўладиган бўлди. У билан Муовия розияллоҳу анҳу ўрталарида бўлиб ўтган сўзлашув ва суҳбатлардан бу икки инсоннинг нақадар етук шахс ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлганликлари намоён бўлади.

Шулардан бири: Кунларнинг бирида Абу Муслим Хавлоний Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирди. Халифа мажлиснинг тўрида ўтирибди, унинг атрофини давлат арбоблари, қўмондонлар ва зодагонлар ўраб олган. Одамлар халифани бу даражада улуғлаб, кўкка кўтараётганини кўрган Абу Муслим бу ҳолат халифага ёмон таъсир қилишидан қўрқди ва бунинг олдини олиш учун “Ассалому алайка эй мўминлар ажири (хизматкори) деб, салом берди. Халифанинг атрофидагилар унга ўгирилишиб: “Мўминлар амири, денг эй Абу Муслим” деб, уни тўғрилаб қўйдилар.

Абу Муслим уларга парво қилмай: “Ассалому алайка эй мўминлар ажири (хизматкори)” деди. Одамлар яна: “Мўминлар амири, эй Абу Муслим... Мўминлар амири”.

Абу Муслим Хавлоний пинагини бузмай, уларга қараб ҳам қўймай: “Ассалому алайка, эй мўминлар ажири (хизматкори) деди.

Одамлар уни яна тўғриламоқчи бўлишганди, Муовия уларга бурилиб қаради ва: “Абу Муслимни ўз ҳолига қўйинглар, у нима деяётганини жуда яхши билади”, деди. Абу Муслим Муовияга юзланиб: “Аллоҳ таоло мусулмонлар ишини сизга берганидан сўнг, энди сиз бамисоли бир одам қўйларини боқиш учун ёллаган чўпонга ўхшайсиз. У одам чўпонга агар қўйларга яхши қараса, уларни семиртириб, жун ва сутларини кўпайтирса ажр-мукофот тайинлаган. Агар чўпон аҳдлашилган ишни бажарса, қўзичоқ катта бўлса, ориқ қўй семирса ва касал қўйлар соғайса, унга ҳаққини зиёдаси билан беради. Аммо чўпон бепарволик қилиб қўйларга яхши қарамаса, ориқлари нобуд бўлса, семизлари ориқласа, жун ва сут бермаса, иш ҳаққидан маҳрум қилади, унга ғазаб қилиб, жазолайди. Шундай экан сиз ҳам ўзингиз учун яхшиси ва мукофотга лойиқ бўладиганини ихтиёр қилинг”.

Муовия бошини ҳам қилиб ўтирган эди, бошини кўтарди ва: “Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин. Биз сизни Аллоҳ ва Унинг Расули учун ҳамда барча мусулмонлар учун насиҳатгўй деб биламиз”, дедилар.

Абу Муслим Хавлоний Дамашқда жума намозига ҳозир бўлдилар. Мўминлар амири Муовия розияллоҳу анҳу одамларга хутба қила туриб, суви тоза ва тиниқ бўлиши учун “Барада” дарёсини қайтадан қазиш ҳақидаги фармонини эслатиб қолди. Шунда сафда ўтирган Абу Муслим Хавлоний: “Эй Муовия, шуни ёдингда тутки, бугунми-эрта сен ҳам дунёдан ўтасан, борар жойинг қабр бўлади. Агар унга бирон нарса билан борсанг, у сенга ўша ерда асқотади. Агар қуруқ қўл билан борсанг, уни теп-текис ҳеч вақо йўқ ҳолда топасан.

Эй Муовия, сен халифалик дарё қазиш, ё мол-дунё жамлаш деб ўйлаб қолишингдан сенга Аллоҳдан паноҳ тилайман. Халифалик ҳаққа амал қилиш, сидқ ва инсоф билан гапириш ҳамда одамларни Аллоҳ рози бўладиган ишларга етаклашдир.

Эй Муовия, агар бизнинг бошимиз соф бўлса, сувларимизнинг лойқалигига парво қилмаймиз. Сен бизнинг бошимизсан. Доимо соф қолишга ҳаракат қил.

Эй Муовия, агар сен бир кишига зулм қилсанг, унга қилган зулминг бутун адолатингни олиб кетади. Зулмдан сақлан, чунки зулм Қиёмат кунида зулматлар бўлади”.

Абу Муслим Хавлоний сўзини тугатгач, Муовия минбардан тушиб: “Эй Абу Муслим сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин ва яхши мукофотлар билан сийласин”, деди.

Бошқа бир сафар Муовия минбарга кўтарилиб, хутба қилишни бошлаганида, Абу Муслим ўрнидан туриб: “Эй Муовия, одамларга бермай турганинг бу мол-дунё сеники ҳам, ота-онангники ҳам эмас. Шундай экан нима сабабдан уни одамларга бермай ушлаб турибсан?”, деди. Муовия икки ойдан бери одамларнинг ҳақларини бермаётган эди.

Абу Муслимнинг сўзидан Муовиянинг юзларида ғазаб аломатлари кўринди. Одамлар: "Энди нима бўларкин" деб кузатиб турган эдилар. Муовия одамларга кетиб қолмай, жойларингда қимирламай кутиб туринглар деган ишорани қилиб, минбардан тушди. Таҳорат қилди, устидан озроқ сув ҳам қуйди, сўнг яна минбарга кўтарилди. Аллоҳга ҳамду-сано айтгач: “Абу Муслим менга бу молни меники ҳам, ота-онамники ҳам эмаслигини эслатиб, рост гапни сўзлади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Ғазаб шайтондан, шайтон эса оловдан, сув оловни ўчиради. Бирортангиз ғазаб қилса ювинсин”, деб айтганларини эшитганман. Эй мусулмонлар, бориб ҳақларингизни олинглар”, деди.

Абу Муслим Хавлонийдан Аллоҳ рози бўлсин, ҳақни баралла айтишда бошқаларга ўрнак кишилардан эди.

Муовия ибн Абу Суфёндан ҳам Аллоҳ рози бўлсин, ҳаққа қайтишда барчага ўрнак ва намуна эди.

Шоир нақадар гўзал сўз айтган: “Ё уларни маломат қилма, ёки уларни жойига туриб, қилган ишларини қил”.