Душанба 24 Июль 2017 | 29 Шаввол 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Хилоф ва танлаш ҳуқуқи

517 марта кўрилган

Кўпчилик одамлар: уламолар қайсидир масалада ихтилоф қилишларининг ўзи мусулмон учун бу масалалардан истаганини танлаб олишига рухсат беради деб ўйлайди. Бу тушунча ‒ ихтилофга борган уламоларнинг ҳаммасининг иттифоқи билан ‒ хато. Шу маънодаги гапни улуғ имомлар айтганлар: Аҳмад([1]), Бухорий([2]), Шофеийнинг соҳиби Музаний([3]), Ибн Ҳазм([4]), Ибн Абдулбар, Шотибий([5]), Абул Фараж ибн Жавзий([6]), Хаттобий, Ибн Таймия([7]) ва бошқалар.

Ибн Абдулбар «Тамҳидда» деди: «Мусулмонлар хилоф ҳужжат эмас эканига ижмоъ қилишди, ихтилоф бўлганда ҳақ равшан бўлиши учун далил ва ҳужжатни талаб қилиш лозим бўлади»([8]). «Жомиъда» деди: «Мен билган Уммат фуқаҳоларидан биронтасининг наздида ихтилоф ҳужжат эмас. Басирати йўқ, маърифати йўқ, гапираётган гапининг ҳужжати йўқ одам бундан мустасно»([9]).

Хаттобий деди: «Ихтилоф ҳужжат эмас, суннатни баён қилиш ихтилоф қилувчиларга қарши ҳужжатдир»([10]).

Кимки мен фақат ижмоъ қилинган масалаларни оламан деб даъво қилаётган бўлса: Ихтилоф ‒ фақиҳга тақлид қилиб, очиқ далилни тарк қилиш имконини бермаслиги ижмоъ масалаларидан бири эканини билиб қўйсин. Бу гапни тўрт мазҳаб имомлари айтганлар. Хилофни шу маънода тушуниш ‒ яъни "бирон фақиҳнинг айтган сўзига тақлид қилиб очиқ далилни тарк қилиш жоиз"([11]) деб тушуниш ‒ хилофнинг содир бўлишининг ўзини бирон ишнинг жоизлигига далилнинг келишидек қилиб қўяди. Гўёки у фалон нарса ҳалол ёки ҳаром эканига далолат қилувчи хос далил билан баробар. Хилоф ҳақидаги бу тушунча ўта хатарлидир. Фуқаҳоларнинг сўзлари мустақил равишда далил ўрнига ўтмайди.

Баъзи одамлар бирор масалада ихтилоф топилишини очиқ далилни тарк қилишга рухсат қилиб олдилар. Улар шу билан кифояланмадилар, балки буни далилдан кўра кучлироқ қилиб олдилар. Шаръий қоида тескари бўлиб қолди; Ихтилоф пайтида Қуръон ва Суннат ҳакам бўлиши ўрнига ихтилоф бу иккисининг устига ҳакам қилинди! Аллоҳ таоло деди: «Эй одамлар сизлар динингизнинг усулида бўлсин, фуруида бўлсин, ихтилоф қилган нарсанинг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир. (Бу масалада Аллоҳнинг Китоби ёки пайғамбарининг суннатига мурожаат қилинади).» (Шўро: 10), Пайғамбари ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ га деди: «Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик.» (Нисо: 105), Пайғамбар Аллоҳ томонидан қувватланган бўлишига қарамасдан далил турганда ўз раъйи билан ҳукм қилишига рухсат бермади. Аллоҳ ихтилофни зикр қилганда уламоларни ва одамларни ўзлари хоҳлаган нарсани ихтиёр қилишга буюрмади, балки уларни далилга қайтариб деди: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз!» (Нисо: 59).

Аллоҳ хилофни одамлар учун далил қилмади, зеро ҳар бир хилоф Набий ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ‒ дан кейин содир бўлган, демак у диндан эмас. Лекин Аллоҳ таоло уларга далил етмаган ва ижтиҳод қилган кишиларни маъзур санайди, бепарво бўлганларни узрини қабул қилмайди. Аллоҳ кенгликни ихтилоф учун қилмади, балки кенгликни мужтаҳиднинг ижтиҳодига ва ижтиҳоднинг унга қилган таъсири учун қилди. Агар кенглик ихтилофнинг ўзи учун бўлганида фуқаҳолар кенглик ва раҳмат бўлишини умид қилиб, ихтилофни пайдо қилиш мақсадида ижмоъдан чиқишга йўл излаб қолишган бўлишарди. Бу эса хато ва залолат.

Аллоҳ таоло тақдир тақозоси билан ихтилофнинг бўлишини хабар қилди ва бор кучини сарфлаган мужтаҳидни раҳм қилиб маъзур санади. Шундай бўлсада, қачонки мужтаҳидга далил кўринса, унга қайтиши вожиб бўлади. Чунки, унинг фаҳми беқарор, далил эса мустаҳкамдир. Аввалги фуқаҳолар даврида; иккинчи, учинчи асрда кейингиларда бўлгани каби ҳадислар ва уламоларнинг сўзлари мукаммал суратда китобларда жамланмаган эди. Агар олим бирор масалада нотўғри фатво берса, ижтиҳод қилгани учун ажр-савоб олади. Масаланинг далили топилгандан кейин ҳам кейинги замондаги муқаллид-тақлид қилувчи ўша фатвога эргашиб кетаверса, аввалги мужтаҳид олим далилни топмагани учун маъзур бўлади, муқаллиддан узр қабул қилинмаслиги мумкин. Зеро, аввалги замон олими ижтиҳод қилди, кейинги замон муқаллиди далилни ташлади ва фақат ўзига ёққан ва нафс-ҳавосига мос нарсани олди. Шунинг учун ҳам кўплаб одамларни ҳар бир олимга ўзига ёққан масалада тақлид қилаётганини кўрасиз, охир оқибат бу одамда шаҳват-ҳохиш фиқс суратида мужассам бўлади!

Бир фақиҳ хато қилиши, бошқаси эса тўғри топиши мумкин. Кимга далил кўринса, уни олиши вожиб, чунки Аллоҳ қиёмат куни одамлардан фуқаҳоларга тақлид қилганларидан эмас, пайғамбарларга эргашганларидан сўрайди: «Аллоҳ уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимнинг чақириғига нима жавоб қилдинглар?» дейдиган кунда» (Қасас: 65). Аллоҳ Қуръонни хилофни кўтариб ташлаш учун индирган: «Ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб Ҳақ Китобни нозил қилди». (Бақара: 213).

Ақл ‒ рухсатларнинг кетидан қувиш баданларни ҳам, қалбларни ҳам касал қилишига далолат қилмоқда. Уламоларнинг рухсатларига эргашиш динни бузади, табибларнинг рухсатларига эргашиш эса баданни бузади.

Шаҳват ва рағбатни танлаш мезони қилиб олган одамлар, табиб дорисининг ширинлигини дорининг фойдали эканига мезон қилган киши кабидир. Аксар ҳолатда одамлар ўз баданларига жиддий эътибор берадилар, эҳтиёт қиладилар, диний масалаларда эса, биз олим эмас, оддий тақлид қилувчи одамлармиз деган ҳужжат билан бепарво бўладилар!

Кўпчилик одамларнинг олимлар сўзларига эргашишларида нафс-ҳаво яққол кўриниб қолади. Ҳолбуки, улар биз энг тўғри сўзни олишга ҳаракат қилиб изланмоқдамиз дейдилар, даъво шундай бўлсада, улар олимларнинг енгил фатволарини ва рухсатларини оладилар. Шу ерда ҳақиқатни изловчи билан нафс-ҳавосига мос тушадиганини изловчи ўртасидаги фарқ намоён бўлади.

Қуръоннинг оятлари бир-бирига қарама-қарши бўлмайди, балки бир-бирига мувофиқ ва бир-бирини қувватлайди

Муҳим масалалардан бири: Қуръоннинг баъзиси баъзисини тасдиқлайди, баъзиси баъзисини таъкидлайди ва баъзиси баъзисини тафсир қилади, шарҳлайди. Ваҳий орқали насх, яъни бекор қилинсагина қарама–қарши бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло ҳижоб ва сатр оятларининг ҳаммасини очиқ равшан ва пухта ҳолда нозил қилди. Бунда ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Ким унинг маъноларидан биронтасини тушунмоқчи бўлса, бир мавзудаги оятларнинг ҳаммасини бир бобга жамлаши сўнгра унга қараши лозим. Шундай қилиши у учун тушунарсиз бўлган жойларини очиб ташлайди. Аллоҳ таоло деди: “­­­Аллоҳ энг гўзал сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келувчи бир Китоб қилиб нозил қилдики...” (Зумар: 23). Саид ибн Жубайрнинг қуйидаги сўзи саҳиҳ ривоятда келган: “Баъзиси баъзисига ўхшайди, баъзиси баъзисини тасдиқлайди ва баъзиси баъзисига далолат қилади”[12].

Қуръон ва суннатдаги аёлнинг ҳижоби ва сатрига боғлиқ аҳкомларга қарайдиган одамларнинг кўпчилиги муштабаҳ–кенг тушунчали жойга қарайди ва уни ўз тушунчасига кўра талқин қилади. Агар у ваҳийнинг бошқа жойига солиштирсайди – хусусан, араб тилини ўрганганлар у ёқда турсин, арабларнинг ўзларининг ҳам тили бузилган ва Қуръон тилидан узоқ бўлган бир пайтда – Аллоҳнинг каломини ва Пайғамбарининг сўзини ҳамда уларнинг ҳукмларини тушунган бўлар, улар ҳақида камчилиги ва мавҳумлиги бўлмаган тўғри маънони тасаввур қилган бўларди.

Аввалгиларнинг истилоҳларидан узоқ бўлиш, янги истилоҳларнинг пайдо бўлиши билан одамларнинг кўпчилиги Қуръоннинг “Ҳижоб”, “Жилбоб–рўмол” ва “Химор” ҳақида ишлатган маъноларни тушунмадилар. Бу қуръоний сўзларни энг оддий арабларнинг эркагу аёли тушунарди. Уларнинг ўрнига аёлнинг либосига нисбатан янги истилоҳлар ва сўзлар қўлланадиган бўлди, натижада омма халқда ва кўплаб зиёли кишиларда бу мавзуда чалкашликлар рўй берди.

Сўзлар ва истилоҳларнинг маъноларини тушуниш кўринишларидан бири: бу сўз ва истилоҳлар хоҳлайдиган маънони билишинг учун уларнинг тўрт томонидан ўраб турадиган, бироқ уларнинг ичига кирмайдиган маъноларни билишинг ва улар хоҳламайдиган маъноларнинг ҳудудига кирмаслигинг керак бўлади. Ақл ҳар бир одам ўз ерини қўшниларининг ерларидан ажратадиган тўрт томондаги ўз ерининг чегарасини билишига далолат қилмоқда. Шундай экан бугунги кундаги изланувчи ёш аёлнинг ҳижоб ва тўсиниш аҳкомларини токи Нур сурасидаги қари аёл ҳижобининг ҳукмини билмагунича ҳамда бу бобдаги Набий – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ҳадислари ва саҳобалардан нақлларга пухта назар ташламагунча фақат Нур ва Аҳзоб суралари оятларининг ўзидан ҳаргиз тушуна олмайди. Қачонки буларни бир бобга жамласа, шундагина унинг тушунчаси тўғри бўлади ва ҳукм кундек равшан бўлади.



([1]) «Фатово ибн Таймия» (20/212).

([2]) «Саҳиҳ Бухорий» (6/2681).

([3]) Унинг сўзини Ибн Абдулбар «Жомиъу баянил илми ва фазлиҳи» (2/922) да нақл қилган.

([4]) «Иҳком» (5/64-70) га қаранг.

([5]) «ал-Мувофақот» (5/92-97) га қаранг.

([6]) «Талбису Иблис» (81) ва «Навосихул Қуръан» (831).

([7])«Фатово» (10/472-473) га қаранг.

([8]) «Тамҳид» (1/165).

([9])«Жомиъу баянил илми ва фазлиҳи» (2/922).

([10]) «Аъломул ҳадис» (3/209).

([11]) Масалан, фақиҳ олим бирон ишни бўлмайди деяпти, далил (яъни мас, суннат) эса бўлади деяпти. Далил саҳиҳ, маъноси тушунарли. Шундай бўлса ҳам фалончи олим бўлмайди дебди, демак бу ихтилофли масала экан, бундай масалаларда бирон олимга эргашилса, бошқалар унга эътироз қилиши мумкин эмас. Олимнинг гапи далил деб, олимни гапини олиш ва очиқ баёнли ҳадисни тарк қилиш.

[12] Ибн Жарир тафсирида ривоят қилган (20/191).