Душанба 29 Май 2017 | 3 Рамазон 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Закарийё алайҳиссалом қиссаси

936 марта кўрилган

1 — Закарийёнинг солиҳ фарзанд тилаб қилган дуоси

Аллоҳнинг бандаларига бўлган неъматлари ва барча нарсани қамраб олган қудратининг белгилари Закарийё алайҳиссаломнинг солиҳ, мақбул, саховатли, тақволи ҳамда ўзига ва Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган ва Аллоҳ йўлига даъват этадиган фарзанд тилаб қилган дуосида намоён бўлди. У пайтда Закарийё алайҳиссалом қариб қолган, суяклари заифлаган, соч-соқоли оқарган, хотинининг фарзанд кўришидан умид қолмаган эди. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилиб, одамларнинг гумонлари ва тарихий тажрибаларини пучга чиқарди.

Аллоҳ таоло Закарийёга ақилли фарзанд ато этди. Унда болалик чоғиданоқ камолот, ҳикмат, ҳилм, билим, аломатлари кўринди. Бу бола меҳр, эзгулик, тақво, ота-онага яхшилик қилиш, мулойимлик, меҳрибонлик билан ажралиб турар эди. Аллоҳ таоло Закарийёнинг қалбини қувватлади ва унга Ўзининг буюк қудрати, Ўзи ҳохлаган нарсасини қила олиши ва ярата олиши, Унинг махуқларидаги тасарруфлари ва таналардаги аъзоларнинг ҳоҳлаганини ҳаракатлантириб, ҳоҳлаганини ишдан чиқара олишига далолат қиладиган оят-аломатларини кўрсатди. Закарийё алайҳиссалом коинотнинг барчаси Аллоҳнинг қўлида экани, У ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқариши ҳамда ҳохлаган бандасини беҳисоб ризқлантиришини аниқ билди.

2— Имрон аёлининг назри

Закарийё алайҳиссаломнинг хонадонидан бўлган Имроннинг хотини Аллоҳ ва Унинг динини яхши кўрадиган солиҳа аёл эди. У кунларнинг бирида агар ўғил фарзанд кўрса уни динига хизмат қилиши учун Аллоҳга назр қилмоқчи бўлди. У Аллоҳ таолодан бу фарзандни қабул қилиши, у билан дини ва бандларига фойда бериши ҳамда уни Аллоҳ йўлига даъватчи ва ҳидоят йўлбошчиларидан бири қилишини сўради.

3— Имроннинг хотини: «Роббим, мен қиз туғдим!»— деди

Солиҳа аёл бир ишни, Аллоҳ эса бошқа бир ишни ҳохлаган эди. Аллоҳ бандаларининг манфаатини билувчироқдир. Ўғил кутган аёл қиз туғди ва бундан тушкунликка тушди, хафа бўлди. Бироқ, туғилган қиз бошқа қизларга ўхшамас эди. У ибодатларга тиришқоқ, тоат ва хайрли ишларга кўплаб йигитлардан кўра ҳимматлироқ эди. Аллоҳ Ўзи билган ҳикматга кўра, чақалоқнинг қиз бўлишини тақдир қилган эди. Чунки пайғамбарлик юкини еркакларгина кўтара олар эдилар. Шундай бўлсада, Аллоҳ таоло бу қизнинг келажакда чиқадиган бир пайғамбарнинг онаси бўлишини тақдир қилди.

«(Эй Муҳаммад) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. (Бу назримни Œз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитувчи, билувчисан», деганини эсланг! Кўзи ёригач эса бундай деди: «Роббим, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босувчи) эмасдир.—«Мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан». (Оли Имрон: 26,27)

4— Аллоҳ солиҳа қизга берган марҳамат

Марям қариндоши бўлгани учун Закарийёнинг қарамоғида ва Аллоҳнинг тарбиясида эди. Аллоҳ таоло Марямни пишиш мавсуми етиб келмаган ва у ерда етишмайдиган турли мевалар билан сийларди. Марям у мевалардан ҳолаганини ер ва ҳохлаганини бошқаларга берар эди:

«Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закарийёни кафил қилди. Ҳар қачон Закарийё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрарди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур».

5— Раҳмли Робдан илҳом

Аллоҳ таоло пайғамбарлардан, зийрак ва ақлли кишилардан бири бўлган Закарийёга онаси назр ва дуода ихлос қилган, ўзи ҳам тоат-ибодатларда мухлис бўлган қизга мавсуми ўтган ёки келмаган меваларни инъом этишга қодир бўлган зотнинг ёши ўтиб, соч соқоли оқарган ва заифлаб қолган чолга ҳам фарзанд бера олишга қодирлигини илҳомлантирди. Чунки Закарийёнинг қаригани ва қариган одамларнинг одатда фарзанд кўрмасликлари уни фарзанддан ноумид қилиб қўйган эди.

Бу илҳомдан сўнг Закарийёнинг ичи тўлиб тошди, ҳиммати юксалди, Роббига бўлган ишончи кучайди ва тили фаришталар «омин» деган ва Аллоҳнинг раҳматини ҳаракатга келтирган дуони айтди. Бу дуо ҳам Раҳмли Робнинг илҳоми ҳамда Азиз ва Билувчи зотнинг тақдиридан эди:

«Ўшанда Закарийё Роббига дуо қилиб деди: «Роббим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни эшитувчисан». (Оли Имрон: 38)

6— Фарзанд хушхабари

Аллоҳ таоло Закарийёнинг дуосини қабул қилди ва унга яқин замонда туғиладиган солиҳ фарзанднинг хушхабари келди.

Инсон шошқалоқлик табиати билан яратилган. Шунинг учун ҳам Закарийё бу буюк ҳодисанинг бўлиши ва рўй беришининг яқинлигига аломат талаб қилиб деди: «Парвардигор, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги — аломат қилсанг». Аллоҳ айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!» (Оли Имрон: 41)

Нарсларнинг хусусиятларини тортиб олишга қодир бўлган зот, гапирадиган тилни соқов қилиб қўяди-да, у бирон сўз айтишга айланмай қолади. У зот ҳохлаган бандасига ҳохлаган хусусиятни беради. Бир нарсани ман қилишга қодир бўлган зот, бошқа нарсани беришга қодирдир.

7— Аллоҳнинг қудрати ва мўжизалари

Аллоҳнинг қудрати ва мўжизалари Закарийёнинг баданида, кейин эса хонадони ва оиласида намоён бўлди. Яҳё туғилди. Закарийё шод бўлди, чунки энди унинг ёрдамчиси бор, даъвати эса давом етади.

Қуръон Каримнинг бу қиссани гоҳо қисқа ва гоҳо батафсил ҳикоя қилганига қулоқ солинглар:

«(Эй Муҳаммад) Закариёнинг: «Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма (яъни менга Ўз даргоҳингдан бир меросхўр фарзанд ато эт), Ўзинг ворисларнинг яхшироғидирсан (яъни ҳамманинг ортида қолувчидирсан) деб нидо қилган пайтини (эсланг). Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар.» (Анбиё: 89, 90)

8— Яҳё даъват юкини кўтаради

Яҳё туғилиб, отаси учун нури дийда ва ўринбосар бўлди. У Аллоҳга ва ҳақ динга чақириш юкини зиммасига олди. Яҳёда гўдаклигидан улуғлик белгилари намоён бўлди. Кичиклигида илмни шавқ билан ўрганди, йигитлик даврида яхшилик ва тақво билан безанди. У тенгдошларидан, ота-онага муҳаббат, ҳалимлик ва яхшилик қилиш билан ажралиб турар ва бу хислатлари билан халқ ичида машҳур бўлган эди.

Аллоҳ таоло Яҳёга хитоб қилиб деди: «Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушлагин», ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик. Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳр ва поклик (ато этдик). У тақволи бўлди. У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлур (яъни у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва қиёмат кунида дўзахга тушиш хавфидан холидир). (Марям: 12-15)