Пайшанба 21 Сентябрь 2017 | 29 Зулҳижжа 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёллар қабр зиёратига боришининг ҳукми

1342 марта кўрилган

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, уламолар аёл киши қабр зиёратига бориши хусусида уч хил фикр билдиришган:

1.Агар фитнага сабабчи бўлиш хавфи бўлмаса аёллар қабр зиёратига бориши жоиз. Бу жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби, моликий мазҳабининг баъзи уламолари, шунингдек, шофеий мазҳабидаги рожиҳ ва Имом Аҳмаддан ривоят қилинган бир фикрдир.

Қолаверса, ушбу фикрни Ибн Ҳазм ва ундан бошқа уламолар ҳам ёқлаган.

Ибн Обидийн ҳанафий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг мазҳабдаги тўғри фикрга кўра, шунингдек, Карҳий ва бошқа уламоларимиз айтишича, қабрларни зиёрат қилиш эркагу аёлга жоиздир” [“Ҳошияти Ибн Обидийн”, 2/626].

Ҳаттоб моликий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдураҳмон Саолибий шундай дейди: “Кекса ёшдаги аёллар қабр зиёратига бориши жоиз. Аммо ёш аёл-қизларнинг у ерга бориши фитнага сабаб бўлса, у ҳолда уларнинг қабр зиёратига бориши ҳаром саналади” [“Мавоҳибул Жалил”, 2/237].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аёллар қабр зиёратига бориши жоиз эмас деган фикр шофеий мазҳабидаги айрим уламоларнинг фикри саналади. Шофеий мазҳабининг кўпчилик уламолари эса ёллар қабр зиёратига бориши “макруҳи танзиҳий” дейишган.

Руъёний роҳимаҳуллоҳ бу хусусда шофеий мазҳабида икки хил фикр борлигини зикр қилиб шундай дейди: “Биринчи фикрга кўра аёлларнинг қабр зиёрат қилиши (кўпчилик уламолар айтганидек) макруҳ, иккинчи фикрга кўра эса макруҳ эмас. Иккинчи фикр тўғрироқ”.

Менинг (яъни Нававий) фикримча, агар аёлларнинг қабр зиёратига боришида фитна хавфи бўлмаса, бу иш жоиздир” [“Ал-Мажмуъ”, 5/310-311].

Ибн Муфлиҳ ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аёллар қабр зиёратига бориши хусусида имом Аҳмаддан икки хил фикр ривоят қилинган.

Биринчиси: макруҳ. Чунки аёл киши (одатда) сабрсиз бўлади. Яқинининг қабри олдига борса, қайғуси янгиланиб, (овоз кўтариб йиғлаш ёки ёқасини йиртиш каби) ҳаром амалга қўл уриш эҳтимоли ортади.

Иккинчиси: мубоҳ. Зеро, Ойша розияллоҳу анҳо акаси Абдураҳмон розияллоҳу анҳу қабрини зиёрат қилгани боради. Буни кўрган Ибн Абу Мулайка роҳимаҳуллоҳ унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аёлларни) қабр зиёратига боришдан қайтармаганмидилар?”, деди. Ойша: “Шундай, бироқ кейинчалик қарбларни зиёрат қилишга буюрдилар”, деб жавоб берди” [“Мубдеъ”, 2/284].

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусулмон одам яқин (суюкли) мушрик қариндоши қабрини зиёрат қилишининг зиёни йўқ. Бу борада эркак ва аёллар баробардирлар” [“Муҳалло”, 5/160]. Яъни аёллар ҳам худди эркаклар каби қабр зиёратига боришининг зиёни йўқ.

2.Аёллар қабр зиёратига бориши макруҳ саналади. Бу шофеий мазҳабидаги мўътабар, шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикр.

Хатиб Ширбиний шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аёллар қабр зиёратига бориши макруҳ саналади”[“Муғнил муҳтож”, 2/57].

Алоуддин Мирдовий ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, аёллар қабрларни зиёрат қилиши макруҳдир” [“Инсоф”, 6/266].

3.Аёллар қабр зиёратига бориши ҳаром саналади. Бу баъзи ҳанафий ва моликий мазҳаби уламоларининг фикри ҳамда шофеий мазҳабидаги айрим озчилик уламоларнинг фикридир. Шунингдек, ушбу фикр Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ва Шайхулислом Ибн Таймия ёқлаган бир фикрдир.

Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи уламолар аёллар қабрларни зиёрат қилиши ҳаром дейишган” [“Ҳошияти Ибн Обидийн”, 2/242].

Ҳаттоб моликий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимлар аёлларни қабр зиёратига боришдан қайтаришлари лозим” [“Мавоҳибул Жалил”, 2/237].

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу борада тўғри фикр шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни қабр зиёратига боришига рухсат бермаганлар” [“Мажмуул фатово”, 24/344].

Аёллар қабр зиёратига бориши ҳаром деган уламоларнинг далиллари:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни кўп зиёрат қиладиган аёлларни лаънатладилар” [Термизий: 1056, Ибн Можа: 1576 ва Аҳмад: 8449].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи ҳамда у ерларни масжидга айлантириб олувчи аёлларни лаънатладилар” [Абу Довуд: 3236 ва Байҳақий: 7206].

Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Биз аёллар жамоасига тобутларни эркакларга эргашиб мақбарагача олиб бориш тақиқланди. Бироқ бу иш (бошқа тақиқланган ишлардаги каби) қатъий равишда тақиқланмади” [Бухорий: 1278 ва Муслим: 938].

Аёл киши одатда яқинларидан бири вафот этса, ўзини идора қила олмайди. Агар яқинининг қабрга қўйилгани ёки у ерда ётганини кўрса дод-вой солиб йиғлаш ва юзига уриб, кийимларини йиртиш каби ҳаром аммаларга қўл уриши мумкин. Ҳаром амалнинг олдини олиш мақсадида уларни қабр зиёратига боришдан қайтарилади.

Аёлларнинг қабр зиёратига боришида фитна хавфи бўлмаса, у ҳолда уларнинг қабр зиёратига боришлари жоиз, деган уламоларнинг далиллари:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳога қабр зиёратига боришга изн берганлари ва у ерга борганида қайси дуони айтиши кераклигини ўргатганлари саҳиҳ ҳадисда келган.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаброил ҳузуримга келиб: “Раббингиз Бақеъ қабристонига бориб, у ерда ётган одамлар учун истиғфор айтишингизга буюрди”, деди”. Ойша деди: “Ё Расулуллоҳ, агар мен ҳам у ерга борсам нима деб айтай?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин ва мусулмонлардан иборат қабристон аҳлига салом бўлсин. Бизлардан вафот этганлар ва ҳануз ҳаёт бўлганларни Аллоҳ раҳм айласин. Дарҳақиқат, бизлар ҳам иншаоллоҳ, сизларнинг ортингиздан борурмиз” [Муслим: 974].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтдилар. Шунда у зот унга: “Аллоҳдан қўрқ ва (бошингга тушган мусибатга) сабр қил”, дедилар. Аёл: “Нари тур! Менинг бошимга тушган мусибатни қаердан ҳам билардинг. Зеро, сени бошинга тушмаган-да”, деди. Сўнг одамлар аёлга бу зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканини айтишди. Шунда ҳалиги аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига борди ва эшик олдида қўриқчиларни кўрмади. Аёл: “Сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чинакам сабр мусибатнинг дастлабки онларида сабр қилишдир”, деб жавоб бердилар” [Бухорий: 1283 ва Муслим: 926].

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёлнинг қабр зиёратига боргани ҳамда қабр бошида туришига эътироз билдирмадилар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон ишга эътироз билдирмасалар бу ўша ишнинг жоизлигига далолат қилади.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ҳадисдаги далолат ўрни шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида ўтиришига танбеҳ бермасдан унга иқрор бўлишлари бу ишнинг жоизлигига ҳужжат бўлади” [“Фатҳул Борий”, 3/148]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг қабр олдида шариатимизда тақиқланган дод-вой солиб йиғлашига танбеҳ бердилар, холос.

Саҳобия аёллар қабр зиёратига борганлари саҳиҳ ривоятларда келган. Ибн Абу Мулайка роҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, у Ойша розияллоҳу анҳо акаси Абдураҳмоннинг қабрини зиёрат қилганини кўради. Одамлар Ойшага: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аёлларни) қабр зиёратига боришдан қайтарманганмидилар?”, дейишади. Ойша: “Шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб бу ишдан қайтариб, сўнг қарбларни зиёрат қилишга буюрган эдилар”, деб жавоб беради” [“Мустадрак”, 1392 ва “Сунани Байҳақий”, 7207].

Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди бўлса уларни зиёрат қилаверинглар” [Муслим: 977 ва Термизий: 1054]. Имом Термизий: “Зеро, қабрларни зиёрат қилиш охиратни эслатади”, деган қўшимча билан ривоят қилган.

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни кўп зиёрат қиладиган аёлларни лаънатлади” ҳадисини ривоят қилгач, шундай деган: “Баъзи уламолар бу ҳукм, яъни аёлларнинг қабр зиёратига бориши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишга рухсат беришларидан олдин бўлган. Кейинчалик қабр зиёратига рухсат бердилар ва бу ҳукм эркагу аёлларни ўзи ичига олади” [“Сунани Термизий”, 3/362].

Аёллар қабр зиёратига бориши макруҳ деган уламоларнинг далиллари

Бу борада келган далиллар бир-бирига зид бўлгани боис бу ишнинг энг камида макруҳлиги келиб чиқади.

Одатда аёллар қабристонга бориб у ерда ётган яқинини кўрса дод-вой солиб йиғлашдан ўзини тийиб тура олмайди.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр зиёратига рухсат беришлари эркакларга хос бўлиши мумкин. Шунингдек, қабрни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатлаб келган ҳадис эркаклар учун қабр зиёратига изн берилганидан сўнг айтилган бўлиш эҳтимоли бор. Бинобарин, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишининг ҳукми ҳаром билан жоизлик ўртасида бўлгач, бу амал энг камида макруҳ бўлади. Зеро, аёл киши сабрсиз ва мусибатга чидамсиз бўлади. Аёл киши яқинининг қабри олдига бориши унинг ғам-қайғусини оширади ва уни эсга солиб, ярасини янгилайди. Албатта, бундай ҳис-туйғулар (уни қабр олдида дод-вой солиб йиғлаш ва юзига уриб, кийимларини йиртиш каби) ҳаром амалларни қилишга олиб бориши мумкин” [“Ал-Муғний”, 2/425].

Бу хусусдаги рожиҳ фикр жумҳур уламоларнинг фикри бўлиб, аёл киши қабр зиёратига бориши жоиздир.

Қуйида бунинг далилларини зикр қиламиз:

Биринчидан: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис заифдир. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи ҳамда у ерларни масжидга айлантириб олувчи аёлларни лаънатлади”. Мазкур ҳадисни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган тобеин Абу Солиҳ Бозом кўпчилик муҳаддис уламоларнинг фикрига кўра ривояти заиф саналади. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ аёл киши қабр зиёратига бориши ҳақида сўралганида: “Умид қиламанки, бунинг зиёни йўқ. Дарҳақиқат, Ойша акасининг қабрини зиёрат қилгани борган. Аммо Ибн Аббоснинг ҳадисига келсак, ушбу ҳадисни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Бозом ривоят қилган”. Сўнг Ибн Бозомни заиф санаган оҳангда: “Ибн Бозом ким бўпти?!”, (яъни Ойша розияллоҳу анҳонинг амали олдида унинг ривояти эътибор қилинармиди?) деб: “Умид қиламанки, Ойша розияллоҳу анҳо акаси қабрини зиёрат қилган(и каби бошқа аёллар ҳам қабр зиёратига борса бўлади)”, деди” [“Тамҳид”, 3/234].

Иккинчидан: Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди эса уларни зиёрат қилаверинглар”, деган сўзлари кўпчилик фиқҳ ва усул уламоларининг наздида то бу ҳукм эркак ёки аёлларга хос эканига далолат қиладиган далил ёки уламолар ижмоси келмагунга қадар эркагу аёлларга тегишли бўлади. Бунга қуйидагилар далолат қилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аёллар (хулқ, табиат ва шаръий ҳукмларда) эркакларнинг тенгдошларидирлар” [Абу Довуд (236) ва Термизий (113) Ойша розияллоҳу анҳодан, Доримий (764) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган].

Араб тили уламоларининг иттифоқ қилишларича, бир вақтнинг ўзида эркак ва аёллардан иборат кўпчиликка хитоб қилинса, уларга эркак жинсига хос хитоб қилинади. Яъни бу эркак жинсига хос хитоб эркак ва аёлларнинг барчаларига тааллуқли бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилишга буюришларининг сабаби охиратни эсга олиш эканини зикр қилдилар. Маълумки, ҳар қандай шаръий ҳукмнинг жорий бўлиши унинг иллати (сабаби) топилиши ёки йўқлигига боғлиқ. Бинобарин, охиратни эслаш эркагу аёлга тегишли бўлгани боис қабрларни зиёрат қилиш ҳукми ҳам улар учун бир хил бўлади.

Ўғлининг қабри ёнида дод-вой солиб йиғлаган аёлнинг у ерга боришига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танбеҳ бермаганлари ҳамда Ойша розияллоҳу анҳога қабристонда айтиладиган дуони ўргатганлари бу иш аёлларга ҳам жоизлигига далолат қилади.

Аёл киши табиатан заифлиги ва қабр зиёратига борганда ўзини идора қила олмаслиги сабаб уни қабр зиёратидан ман қилишга келсак, бу иш нафақат аёлларга хос, балки эркак киши ҳам қабристонда ўзини идора қила олмаса ва ҳаром амалга қўл уриш эҳтимоли бўлса эркак кишига ҳам қабристонга бориши жоиз бўлмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркагу аёлларни қабр зиёратида ножўя сўз айтиш ёки шариатимиз тақиқлаган амални қилишдан қайтарганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қабрларни зиёрат қилинглар. Аммо ботил ва ножўя сўзларни айтманглар” [Насоий: 2033].

Муновий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадисда саҳобалар яқинда исломга кирганлари боис марсия айтиб йиғлаш каби жоҳилона сўзларни айтмаслари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қабр зиёратидан қайтарганларига ишора бор” [Ат-Тайсир би шарҳи ал-жомеус сағир” 2/45].

Хулоса қиладиган бўлсак, аёллар қабр зиёратига бориши қуйидаги шартлар асосида жоиз бўлади:

1.Аёл киши қабр олдида дод-вой солиб йиғлаш, юзига уриш ва кийимларни йиртиш каби ҳаром амалларни қилмаслигига амин бўлиши.

2.Зиёратдан мақсад охиратни эслаш ва қабристонда ётган майитлар ҳаққига дуо қилиш.

3.Аёл киши қабристонга бориши ортидан у ердаги эркаклар фитнага дуч келмаслиги.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, аёл кишининг қабрларни зиёрат қилиши деганда яқин қариндошлар ёки ёру биродарлар ҳаққига дуо қилиш учун уларнинг қабрини зиёрат қилиши, шунингдек, ибрат олиш ва охиратни эслаш мақсадида ҳар қандай қабрларни зиёрат қилиш назарда тутилган. Аммо авлиё ёки солиҳ инсонлардан бирон манфаат тилаб ёки бирон зарарни даф қилиш мақсадида уларнинг қабрларини зиёрат қилиш шариатимизда ҳаром қилинган ширк амал саналади, валлоҳу аълам.

Манба: ixlos.org