Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Янги ҳижрий сана

2741 марта кўрилган

Еру осмонни яратган, кеча ва кундузни алиштириб турувчи, борлиқдаги барча нарсанинг ижодкори, уларнинг барчасининг адади билан санаб билган ва уларнинг ҳаммасини бошқариб турувчи Аллоҳга ҳамду санолар, Ҳақ йўлни кўрсатиш, дунё ва охират саодатига йўллаш учун юборган пайғамбари Муҳаммад мустафога, ул зотнинг асҳобларига, улрага то қиёмат эргашадиган солиҳ бандаларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Мана бугун 1438-ҳижрий сананинг биринчи куни 1-Муҳаррам. Бу — Ислом аҳли, мусулмонлар эътиборга оладиган сананинг биринчи куни. Аллоҳ таолодан бизларни етказган ушбу йилни яхшилик, барака, Ислом ва мусулмонлар учун нусрат йили қилишини сўраймиз.

Биз кофирлар каби бу кунда кайф-сафо, байрам қилиб, хурсандчилик изҳор қилмаймиз. Балки, бу кунда ўтган йилни қандай ўтказдик, яхши амаллар қилиш билан Аллоҳга қанчалар яқинлашдигу ёмон амалларга қўл уриб Ундан ва унинг раҳматидан қанчалик узоқлашдик деб ўзимизни ўзимиз ҳисоб-китоб қиламиз. Ўтган йилда қилган яхши амалларимиз кўз олдимиздан ўтар экан, тавфиқ бергани учун Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. Агар Аллоҳнинг ҳақларида, бандаларининг ҳақларида камчиликларга йўл қўйган бўлсак, истиғфор айтиб, тавба қиламиз ва ушбу йилда камчиликларни такрорламасликка азму қарор қиламиз. Умримиз бир йилга қисқаргани, қабримиз сари яна бир йиллик масофани босиб қўйганимизни эслаб хушёр тортамиз. Чунки, ҳар бир ўтган йил умримизни бир йилга улғайтирган бўлса, биз учун чекланган умримиздан бир йилини камайтирган бўлади. Бу эса безовта бўлишга, қўрқишга, ваҳимага тушишга сабаб бўлишга ҳақлидир. Биз қаерга яқинлашаётганимизни билмаймиз, жаннатгами ёки жаҳаннамга! Аллоҳдан барчаларимизни жаннатига яқинлиштиришини жаҳаннамидан узоқлаштиришини, жаҳаннамдаги жойимизни жаннатдаги жойларга алиштиришини чин дилдан сўраймиз!

Янги йил учун янги режалар тузамиз, ўтган йилда эриша олмаган марраларга эришишни олдимизга мақсад қилиб қўямиз. Ўтган йилда намозларни мукаммал ўқимаган бўлсак, рўзани тўла тутмаган бўлсак, бу йилда мукаммалаштиришга, таҳажжуд, зуҳо каби суннат намозлар, душанба-пайшанба кунидаги нафл рўзаларни бажара олмаган бўлсак, бу йилда бунга амал қилишга ҳаракат қиламиз. Биз бу дунёда мусофир киши кабимиз, бу дунё биз учун ҳаммаси эмас, бу дунё ҳақиқий ҳаёт кечириладиган Охиратга ўткизиб қўядиган бир кўприк, холос. Бу дунёда охират учун қанча тер тўксак, охиратда шунча ҳосил оламиз. Аммо ҳаётимизни дунёни обод қилиш учун сарфласак, охират учун иш қилмасак, обод қилганимиз дунёни бошқаларга бекорга ташлаб, хароб қилганимиз охират ҳовлисига икки қўлимиз қуруқ равона бўламиз. Аллоҳ сақласин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ҳақида: «Менинг дунё билан ишим нима! Мен билан дунёнинг мисоли иссиқ кунда сафарга чиққан, бир дарахт остида озгина салқинлаб, сўнгра уни тарк қилиб йўлида давом этган отлиққа ўхшайди», - деган эдилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло айтади: "Йўқ, сизлар (эй кофирлар), ҳаёти дунёни устун қўясизлар! Ҳолбуки, Охират яхшироқ ва боқийроқдир" (Аъло: 16,17)

Мана шу икки оятнинг мазмунини чуқур англаб етган инсонлар доимо охират ғамини ейдилар. Улар наздида охират ғами дунё ғамидан устун туради. Бу дунёнинг ишларини эса, охиратни унутмаган ҳолларида қиладир. Улар дунёни охиратга етказадиган йўл ва бу дунёдаги барча нарсаларни яратилишнинг асл мақсади бўлмиш "ибодат"га восита деб биладилар. Шунинг учун ҳам улар ўзларини дунёга топшириб қўймайдилар. Шу билан бирга улар дунё ва унинг аҳлини тарк этиб, нодон суфийлар каби йўл тутмайдилар ҳам. Балки улар: "дунё —охират экинзоридир", деган сўзга биноан, бу дунёда охират ғамини еб, амал қиладилар.

Ўтган кеча Муҳаррам ойининг ҳилоли кўрилди. Шунга кўра бугун Муҳаррам ойининг биринчи куни деб эътибор қилинди. Муҳаррам ойида Ошуро рўзаси бор, у бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Ошуро рўзаси ҳақида мана бу ерда ўқинг.

Муҳаррамнинг ўнинчи куни 11-октябр 2016 – йил сешанба кунига мувофиқ бўлади.