Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ таолонинг Ал-Витр исмининг маъноси

3244 марта кўрилган


Бу исм суннатда собит бўлган. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، رِوَايَةً، قَالَ: «لِلَّهِ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ اسْمًا، مِائَةٌ إِلَّا وَاحِدًا، لاَ يَحْفَظُهَا أَحَدٌ إِلَّا دَخَلَ الجَنَّةَ، وَهُوَ وَتْرٌ يُحِبُّ الوَتْرَ»

 “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун тўқсон тўққиз исм бор, бир кам юзта, уни ким ёдлайдиган бўлса, ким уни муҳофаза қилса, албатта жаннатга киради. У витрдир, витрни яхши кўради. (У тоқдир, тоқни яхши кўради)”.

Витр дегани Унинг шериги ҳам, тенгги ҳам бўлмаган тоқ, якка зот дегани. Бу исм Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ваҳдониятига, ёлғиз эканига, камолат васфлари ва жалолат сифатлари билан ёлғиз эканига, ҳамда Унинг бу нарсларда, бу васфларнинг биронтасида мисли ҳам, шериги ҳам йўқ эканлигига далолат қилади.

Қуръони Каримдаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан шерикни, тенгни, мислни, тенгдошни рад қиладиган кўплаб оятлар Аллоҳнинг буюк сифатларида ёлғиз эканлигига далолат қилади ва бу нарсаларни жуда ҳам очиқ тасдиқлайди. Аллоҳ таолони витр-тоқ, ёлғиз деб иймон келтириш ҳамма томонлама; зотда бўлсин, сифатларда бўлсин, феълларда бўлсин, Аллоҳ таолодан шерикни рад этишдир ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони улуғлик, камолат, кибриё ва жалолатда ёлғиз эканига иқрор бўлишдир, буни тасдиқ этишдир. Шунингдек Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз деб иймон келтиришда, Аллоҳ таолонинг барча коинотларни яратиши, жониворларни пайдо қилиши, махлуқотларни вужудга келтиришда ва уларда Ўзи хоҳлагандек тасарруф қилишида ва бу ишда Унга на шерик ва на ўхшаш ва на назири бор эканини тасдиқлаш бордир. Бу тасдиқлаш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони бандалар томонидан ҳокисорлик, бўйсуниш, муҳаббат, умид, таваккул, суяниш, инобат, Унинг ёлғиз ўзига қайтиш ва бундан бошқа ибодат турлари билан яккалиниши, яъни шу ибодатларни ёлғиз Унгагина қилишни вожиб қилади. Яъни, ким Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз деб иқрор бўлган бўлса, мазкур ибодатларни ёлғиз Аллоҳнинг ўзига қилиши керак бўлади.

Абул Аббос Қуртибий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: витрдан тавҳид мақсад қилинади маъно шуки: Аллоҳ таоло зотида, камолида, феълларида бирдир. Тавҳидни, яъни ибодатларда якка ёлғиз бўлишни ва У махлуқотларидан ажраган ёлғиз маъбуд деб эътиқод қилинишини яхши кўради. Шундай маъно бериладиган бўлса, ҳадиснинг аввали охири билан, зоҳири ботини билан бирикиб кетади, киришиб кетади. Ҳадиснинг аввалида Аллоҳнинг ваҳдонияти ҳақида ва У улуғликда, камолотда, яратишда, тасарруфда, тадбир қилишда ёлғиз эканлиги ҳақида хабар берилган бўлса, ҳадиснинг охирида тавҳидга тарғиб қилинди ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тавҳид қилувчиларни ва тавҳидни муҳофаза қилувчиларни яхши кўришининг баёни ва тавҳидга ундаш, тарғиб қилиш бўлди, яъни ҳадиснинг бошида айтилдики: Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта исми борлиги, ҳадиснинг охирида айтилдики: Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради, яъни ёлғиздир, ёлғиз ибодат қилинишини яхши кўради, деган маъно.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Аллоҳ билан ўзлари ўртасида шафоатчиларни ушлаган кишиларни Аллоҳга ширк келтирувчи эканликлари, улар ўзларига ибодат қилаётганлар учун на фойда ва на зиён еткиза олмасликларини баён қилди. Аллоҳ таоло деди:

«وَيَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنْفَعُهُمْ وَيَقُولُونَ هَؤُلَاءِ شُفَعَاؤُنَا عِنْدَ اللَّهِ قُلْ أَتُنَبِّئُونَ اللَّهَ بِمَا لَا يَعْلَمُ فِي السَّمَاوَاتِ وَلَا فِي الْأَرْضِ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ»

"Улар, яъни мушриклар Аллоҳдан ўзга, уларга фойда ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсаларга ибдодат қилишади ва ана улар бизнинг Аллоҳ олдидаги шафоатгўйларимиз деб айтадилар. Айтинг эй Пайғамбар: "Сизлар Аллоҳ таолога еру осмонлардаги У билмайдиган нарсаларни билдириб қўймоқчимисизлар? Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан олий ва покдир”. Шафоатчини ушловчи мушрикдир, унинг шафоати бу мушрикка фойда бермайди, Аллоҳнинг олдида уни шафоат ҳам қила олмайди. Ёлғиз Раб таолони ўзининг илоҳи қилиб, маъбуди қилиб, маҳбуби қилиб, Ундан умид қиладиган, Ундан қўрқадиган, Раб қилиб олган бандагина мўмин, муваҳҳиддир. У Аллоҳ таолога ибодатлар билан тақарруб қилади, Унинг ризосини талаб қилади, Унинг ғазабидан узоқлашади, гўзал оқибат, дунё ва охиратдаги саодат ва маваффақият бунинг учундир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни мана шундай тавҳидни рўёбга чиқаришга маваффақ айласин ва Ўз фазлу марҳамати билан бизларни жаннатун наъим аҳлидан қилсин.