Чоршанба 22 Февраль 2017 | 25 Жумадул-аввал 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ таолонинг Ар-Рафиқ исмининг маъноси

489 марта кўрилган


Бу ҳам суннатда собит бўлган асмоул-ҳуснолар жумласидандир. Имом Бухорий саҳиҳларида Урвадан, у Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз дедилар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا، قَالَتْ: اسْتَأْذَنَ رَهْطٌ مِنَ اليَهُودِ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالُوا: السَّامُ عَلَيْكَ، فَقُلْتُ: بَلْ عَلَيْكُمُ السَّامُ وَاللَّعْنَةُ، فَقَالَ: «يَا عَائِشَةُ، إِنَّ اللَّهَ رَفِيقٌ يُحِبُّ الرِّفْقَ فِي الأَمْرِ كُلِّهِ» قُلْتُ: أَوَلَمْ تَسْمَعْ مَا قَالُوا؟ قَالَ: « قُلْتُ: وَعَلَيْكُمْ»

Оиша онамиз айтадиларки: Яҳудлардан бир жамоси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига киришга рухсат сўрашди ва улар кирганларида ассаму алайка дедилар. Ассом маъноси: ўлим. Сенга ўлим бўлсин, дедилар, яъни саломни бузиб айтишди. Шунда Оиша онамиз айтадиларки: Мен уларга дедим: Балки сизларга ўлим бўлсин ва лаънат бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам дедилар: "Эй Оиша, Аллоҳ Рафиқдир-юмшоқдир, меҳрибондир, ишларнинг ҳаммасида юмшоқликни яхши кўради". Мен дедимки: Сиз улар айтган гапни эшитмадингизми? Ул зот дедилар: "Мен ва алайкум, деб қўйдим, яъни ўлим бўлсин дейишганди, сизларга ҳам деб қўйдим.

Ҳадисда Аллоҳ таолони Рафиқ деб исмлаш ва уни рифқ, яъни меҳрибонлик, юмшоқлик билан сифатлаш очиқ-ойдин айтилган. Аллоҳ учун бу васфнинг энг олийси, энг мукаммали ва ўзининг жалолати ва камолатига лойиқ бўлганидир. "Рифқ" дегани "юмшоқлик, енгиллик, ишларда шошмаслик" дегани. Бунинг зидди эса қўполлик, қаттиқ қўллик, тезликдир. У ишларда шошмаслик ва аста секинликдан олингандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қадарида, қазосида, феълларида Рафиқдир - юмшоқдир, меҳрибондир. Аллоҳ буйруқларида, аҳкомларида, динида ва шариатида юмшоқдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феълларидаги юмшоқлигидан, марҳаматидан У махлуқотларнинг ҳаммасини босқичма-босқич, ҳикмати ва рифқига биноан яратди. Ҳолбуки, У бу махлуқотларнинг ҳаммасини бир дафъада "Бўл" деган сўзи билан яратиб қўйишга қодир эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига меҳрибонлигидан, юмшоқлигидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга ўз аҳкомларида, буйруғида ва қайтариғида юмшоқлик қилди, бандаларига улар тоқат қилмайдиган ишларни юкламайди. Аллоҳ буйруқларни бажаришни имконият-тоқатнинг миқдорига боғлиқ қилиб қўйди. Бандаларидан жуда ҳам кўп амалларни қуруқ машаққатларнинг бўлиши билангина уларга рухсат бериб, уларга юмшоқлик қилиб, меҳрибонлик қилиб, уларга раҳмат қилиб, улардан бу амалларни соқит қилди. Бандаларига диний мажбуриятларни бирданига юклаб қўймади, балки гоҳи мажбуриятларни уларга босқичма-босқич юклади, токи уларнинг қалблари бунга кўниксин, табиатлари юмшаб, тўла бўйсунишга қодир бўлсинлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хато қилган ва гуноҳ қилган бандага, у Раббига қайтиб олиши, гуноҳидан тавба қилиши ва тўғри йўлга қайтиб олиши учун уқубатни тезда туширмаслиги ва унга муҳлат бериши Аллоҳ таолонинг юмшоқлигидан, меҳрибонлигидандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг юмшоқлигидан, меҳрибонлигидан Унинг динининг ҳаммаси юмшоқликдир, енгилликдир, раҳматдир. У бандаларини юмшоқликка буюрди, у юмшоқликка қўполликка бермайдиган ажрни беради. Юмшоқлик қай бир ишда бўладиган бўлса, уни зийнатлайди. Ким юмшоқликдан маҳрум бўлса, бутун яхшиликдан маҳрум бўлибди. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон, ишларнинг ҳаммасида, ҳолатларнинг ҳаммасида шошқалоқликдан, тезликдан, бемулоҳоза иш қилишдан узоқ бўлиб, юмшоқ бўлиши керак. Шошқалоқлик шайтондан, шошқолоқлик ўз эгасига фақат муваффиқиятсизлик ва зиённи келтиради. Юмшоқликнинг Раҳмон таолога суюкли бўлишининг ўзи, юмшоқлик учун шараф ва фазилат жиҳатидан кифоядир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Рафиқдир, юмшоқдир, Рифқни юмшоқликни яхши кўради. Бизнинг вазифамиз, ишларимизнинг ҳаммасида юмшоқлик билан сифатланишимиздир. Шериксиз Алоҳ таолонинг ёлғиз ўзи юмшоқликка маваффақ қилгувчидир.