Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ийд ул-Фитр – Рўза ҳайити муборак!

673 марта кўрилган

Ийд ул-Фитр –  Рўза ҳайити муборак!

 

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар, Расулига кўпдан-кўп салавоту саломлар бўлсин...

Мана, кечагина интиқлик билан кутганимиз муборак Рамазон ойи ажру савоб умидида кундузларини рўзадор, кечаларини намозларда бедор ўтказган миллионлаб мусулмонларга йўл-йўлакай ажру савоблар улашганча ўтди-кетди...

Унга қанчалар интиқлик билан ошиққан бўлсак, бугун ўшанча ўкинч билан ортидан кузатиб қолмоқдамиз, ўксик қалбларимиз унга яна бир бор етишиш истаги билан ёнмоқда...

Ҳа, бу кунларга етганлар ҳам бўлди, етмаганлар ҳам... Табиийки, келгуси Рамазонга етишиш бахти ҳам кимларгадир насиб бўлади, кимларгадир йўқ...

"Ер курраси" аталмиш мактабда Рамазон исмли муаллим бу йил ҳам бизларга тўла бир ой дарс ўтди. Унинг дарсларига биз ўқувчилар, одатдагидек, ҳар хил муносабатда бўлдик. Кимлардир дарслардан кеч қолди, кимлардир дарсларга бепарволик билан қатнашди. Кимлардир Унинг дарсларидан "қочди".  Аълочилар ҳар сафаргидек, бу йил ҳам аъло баҳолар олиш учун тиришдилар. Дарсни бузиб танбеҳ олганлар ҳам, сабоқдошларини дарсдан чалғитишга уринган ноқобил ўқувчилар ҳам бўлди...

Ҳа, масжидларимиз намозхонлар билан тўлиб-тошди. Рамазон зийнати бўлган хатми Қуръон овозлари чор атрофда янгради.

Мусулмонлар қалбида ҳиммат ва саховат туйғулари жўш урди. Саховатпешалар бева-бечораларнинг ҳолларидан хабар олдилар, муҳтожларга қўлдан келганича ёрдам кўрсатдилар. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат бажо келтирилди.

Жаннат дарвозалари кенг очилган, дўзах қопқаларига дамба урилган, шайтонлар занжирбанд этилган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳмат ва мағфирати мўл-кўл ёғилган муборак кунлар – Рамазон ойи ўтиб, мана, муқаддас динимиздаги икки байрамнинг бири саналмиш Ийд ул-Фитр – Рўза ҳайити байрами ҳам етиб келди.

Бугун бутун мусулмон оламида байрам шукуҳи ҳукмрон, диллар қувончга тўлган, барча бир-бирини байрам билан қутлаган...

Бироқ, баъзи хонадонлар борки, уларнинг дастурхонлари ҳар қанча мўл бўлмасин, синиқ кўнгилларининг бир чети тўлмагандек, ўксик дилларига шодлик татимагандек.. Чунки, уларнинг ё оталари ё оналари, ё акалари ё укалари, ё опалари ё сингиллари, ё яқин қариндошларидан бири Ислом душманлари зиндонида банди, золимлар қўлида асир, дилбандларидан узоқда - синовлар гирдобида.. Бу хонадонлар аҳли дастурхон атрофида ўтириб, нозу-неъматларга тўйган бўлсалар бордир, бироқ улар ҳали ҳануз дуо қилишга тўймадилар. Тилларидан мазлум қондош-диндошига тезроқ нажот беришини, золимларга эса Ўзи кифоя қилишини сўраб, Аллоҳга ёлбориб қилаётган илтижолари бир зум бўлсин, тўхтамади ва тўхтамайди ҳам!

Ҳа, чин юракдан Аллоҳнинг Китобига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилмоқчи бўлган кўплаб муслим ва муслималар ҳали ҳам банди ва мазлумдирлар. Аллоҳ уларга нажот бериб, оилалари қучоғига соғ-саломат қайтарсин ва уларнинг бу оғир кунларини Қиёмат куни амаллари мезонида солиҳ амаллар палласига қўйсин.

Дини учун ўз юртини тарк этишга мажбур бўлган ва ўзга юртларда муҳожир бўлиб яшаётган мусулмонлар ҳаёти ҳам балки ўзгача бўлгандир... Балки улар ҳам бу ой давомида ибодатлар учун бир йиллик қувват олгандирлар...

Мана, Қуръон нозил бўлган, Аллоҳ розилигини қўлга киритиш учун моддий ва маънавий амаллар мусобақаси уюштирилган муборак ой ҳам ниҳоясига етди.

Биз «Ислом Нури» таҳририяти ўлароқ, Ер юзидаги барча мусулмонларни кириб келган ИЙД УЛ-ФИТР байрами билан муборакбод этамиз.

Аллоҳим, барча мўмин-мусулмон бандаларингнинг ушбу ойда қилган тоат-ибодатларини, сиём, қиём ва тиловати Қуръонларини Ўз даргоҳингда мақбул айла!

Рамазонда ҳозир бўлгану бўлмаганларни дўзахингдан озод эт!

Аллоҳим, Ислом ва мусулмонларга иззату нусрат ато эт!

Аллоҳим, золимлар зиндонида иймон синовига кирган муслим ва муслима дўстларимизнинг барчасини иймонларида собитқадам, дуоларини мустажоб, қалбларини хотиржам, жисмларини саломат қил!

Аллоҳим, Ер куррасида яшаётган мусулмонлар ҳаётини осуда, баракали ва тотув қил!

Аллоҳим, иймон билан яшаб ўтган аждодларимиз, хеш-ақраболаримиз ва мўмин-мусулмон биродарларимизни Ўзинг раҳмат қил!

Аллоҳим, келгуси Рамазонга Иймон, Ислом ва солиҳ амаллар билан етиб боришга насиб эт!