Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сила ибн Ашям Адавий

3283 марта кўрилган

Абдурраҳмон Раъфат Боша
Абу Туроб таржимаси

“Сила ибн Ашям улуғ саҳобалардан таълим олди, уларнинг хулқ-атворлари билан хулқланди”. (Исфаҳоний)

Сила ибн Ашям Адавий тунлари намозда қоим обид, кудузлари эса паҳлавон мужоҳид.

Кеч кириб, қоронғилик коинотга ўз пардасини тортиб, одамлар уйқуга кетгач, Сила ибн Ашям жойини тарк этиб, мукаммал таҳорат олар ва жойнамоз устида туриб бутун вужуди билан намозга берилганида унинг кўнглига Раббидан бошқа нарса сиғмай қоларди. Тунги намоз унинг қалбида ўзига хос ўринга эга эди. У Аллоҳнинг оятларини ўқир экан унинг қалбида илоҳий бир нур порлаб унинг кўз ўнгида коинотнинг кўз илғамас қирраларини мунаввар айлар ва унга атрофдаги Аллоҳнинг оят-аломатларини намоён қиларди.

  У кечанинг охирги учдан бир қисми кирганда Қуръон тиловатига киришар, Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин оятларини мунгли, ҳазин товушда қироат қиларди. У Аллоҳ таолодан қўрқувининг кучлилигидан гоҳо Қуръон тиловатида қалбининг туб-тубигача эгаллаб олган ва ақл жавҳарини қамраб олган ҳаловатни топса, гоҳида қалбни титратиб ташлайдиган қўрқувни ҳис қиларди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, у ўз уйида бўладими, сафарда бўладими қатъий назар, мана шу зайлда ибодат қилишдан асло сусаймас эди.

Жаъфар ибн Зайд ҳикоя қилади: “Биз мусулмон лашкарлари билан бирга Қобул шаҳрининг фатҳ қилишни Аллоҳдан умид қилиб ғазотга чиқдик. Лашкар ичида Сила ибн Ашям ҳам бор эди. Йўлда эканимизда қоронғи тушиб, ҳаммаёқни зулмат қоплади. Муносиб жой топиб жойлашдик. Овқатланиб бўлгач, хуфтон намозини адо этдик ва дам олиб, чарчоқни чиқариш илинжида ҳар ким ўз ўтовига йўл олди. Қарасам, Сила ибн Ашям ҳам ўз жойига борди ва жойига ёнбошлади. Буни кўргач ўзимга ўзим: “Бу одам ҳақидаги: “Кечаси билан ибодат қилганидан оёқлари шишиб кетади”- деб, айтилган гаплар қаерда қолди? - Аллоҳга қасамки, мен бу кеча уни кузатаман, қани кўрайчи, нима қилар экан?”- дедим. Ҳаш-паш дегунча лашкар уйқуга ғарқ бўлди. Сила ибн Ашям уйқусидан уйғонди ва оҳиста туриб, тун зулмати ила паналаб лашкардан узоқроққа кета бошлади. Лашкардан унча узоқ бўлмаган ўрмонга кириб кетди. Ўрмоннинг дарахтлари баланд, шох-шаббаси қалин, дарахтлар ости эса гўё неча замонлардан бери инсон қадами етмаган ям-яшил майсазор эди. Хилват жой бўлгани учун даҳшатли туюларди. Мен унинг орқасидан кузатиб боравердим. Сила ибн Ашям лашкардан узоқлашиб, кўз илғамайдиган ерга келиб, қибла томонни аниқлагач, такбир айтиб намозга киришди. Мен унинг юзида нурни, аъзоларида сокинликни ва ўзининг хотиржамлигини кўрдим. Гўё у ёлғизликда унсни, узоқ кетган жойида яқинликни, зулматда нурни топгандай эди.

Тўсатдан ўрмоннинг шарқ томонидан биз тарафга қараб шер чиқиб келди. Унинг шерлигини аниқ билган пайтимда қўрқинчдан юрагим қинидан чиқаёзди, еб қўймасин деб, баланд дарахтга чиқиб олдим. Шер Сила ибн Ашямга яқинлашиб келар, у эса хотиржам намоз ўқишда давом этарди. Шер Сила ибн Ашямга етишига бир-икки қадам қолди, Сила эса бепарво, ҳеч нарса кўрмагандек саждага кетди. Ана энди шер унга ташланиб еб қўйса керак! - деб ўйладим. Саждадан бошини кўтариб, ташаҳҳудга ўтирганида, шер худди синчиклаб қараётгандек унинг рўпарасида турарди. Сила намоздан салом бергач, шерга қараб бир нималар деди, шер оҳиста ўгирилиб, келган томонига қайтиб кетди”.

Субҳ бўлгач у бомдод намозини адо этди ва Аллоҳ таолога шундай ҳамду санолар айтдики, мен ҳаётимда бундай ҳамду санони биринчи бор эшитаётгандим. Сўнг у дуо қила бошлади: “Эй Аллоҳ, мени дўзахдан сақлашингни сўрайман. Мендек гуноҳкор банда Сендан жаннатни сўрашга журъат қила олармиди”. Шу дуони қайтаравериб-қайтаравериб ўзи ҳам йиғлади, мени ҳам йиғлатди. Сўнг ҳеч кимга сездирмай, худди ўз жойида тунаган киши каби лашкарга қўшилиб олди. Мен ҳам кечани ухламай ўтказган, заиф, бўшашган, унинг устига шердан қўрққанимдан унинг миқдорини Ёлғиз Аллоҳгина биладиган аҳволда унинг кетидан қайтиб келдим”.

Сила ибн Ашям бирон фурсатни қўлдан бой бермай, одамларга панд-насиҳат ва маърузалар қилар эди. Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилишдаги услуби ҳикмат ва гўзал мавъиза эдики, бу билан у қотган қалбларни юмшатиб, динга мойил қилишни ирода қилган эди.

Даъватидан бир намуна

 Сила ибн Ашямнинг хилватда ибодат қилиш учун Басранинг четидаги ялангликка чиқиш одати бор эди. Ибодат қилиши асносида, унинг ёнидан ёшлигига мағрурланиб, ўйин-кулги ва нафс-ҳавосига эрк бериб, бебошлик қилиб юрган ёш йигитлар ўтиб турардилар. У ҳар сафар уларга дўстона салом бериб, мулойимлик билан: “Йигитлар, қани айтингларчи, бир қавм муҳим ишни бажариш учун узоқ сафарга чиққан, бироқ, улар кундузлари йўл четига тўхтаб ўйин-кулги билан вақтичоғлик қилар, кечалари эса чарчоқни чиқариш учун дам олиб ухлашарди. Улар қачон сафарларини тугатиб, мақсадларига эришадилар?”- дер ва бу сўзини ҳар ўтганларида эринмай такрорлар эди. Кунларнинг бирида у яна шу сўзини такрорлади. Йигитлардан бири сергак тортиб: “Аллоҳга қасамки, шайх бу сўзи билан бизларни назарда тутмоқдалар. Ҳақиқатда биз кундузи ўйин-кулги билан оворамиз, кечаси эса уйқуга ғарқмиз”- деди ва дўстларидан ажралди. Ўша кундан бошлаб то Сила ибн Ашям вафот этгунича ажралмасдан,  унга шогирд бўлиб юрди.

Яна бир намуна

Сила ибн Ашям шогирдлари билан кетаётганида, қаршиларидан ниҳоятда кўркам, ўзига бино қўйган, изорини (лўнгисини) узун қилиб, такаббурона тарзда ерга судраб келаётган бир йигит чиқиб қолди. Буни кўрган шогирдлар аччиқланиб, йигитга қаттиқ гапириб, сал бўлмаса уриб, унинг адабини бериб қўймоқчи бўлдилар. Буни сезган Сила: “Менга қўйиб беринглар, ўзим гапираман”- деди ва унга меҳрибон отанинг мулойимлиги ва қадрдон дўстнинг дўстона оҳангида мурожаат қилди:

—    “Эй жиян, менинг сенда ҳожатим бор”.

—    “Нима ҳожатингиз бор, амаки?”.

—    “Изорингни кўтариб олишинг. Агар шундай қилсанг кийиминг тозароқ, Раббингга тақволироқ ва Пайғамбаринг суннатига яқинроқ бўлади”.

—    “Ҳўб бўлади, амаки”- деди ва ўша заҳоти изорини кўтариб олди.

Сила ибн Ашям шогирдларига қараб: “Сиз тутмоқчи бўлган йўлдан кўра бу яхшироқдир. Сизлар у билан уришиб сўкишганингизда, у ҳам уришиб сўкишар эди. Изорини эса ерга судрганча осилтириб кетаверарди”- деди.

Бир куни Басралик йигитлардан бири келиб: “Эй Абу Саҳбо, Аллоҳ сизга ўргатган илмдан менга ҳам ўргатинг”- деди. Сила ибн Ашям табассум билан: “Менга асло ёдимдан чиқмайдиган ўтмишни эслатиб юбординг. Мен ҳам сен каби ўспиринлик чоғимда, ҳаёт бўлган саҳобаларнинг ҳузурларига бориб: “Аллоҳ ўргатган нарсалардан менга ҳам ўргатинглар”- деб айтганимда, улар: “Қуръонни нафснинг ҳимоячиси ва қалбнинг ҳузур-ҳаловати қилиб олгин. Ундан ибрат ол, одамларга у билан насиҳат қил ва имкон қадар Аллоҳ таолога кўп дуо қил”- дейишган эди. Йигит: “Аллоҳ ажрингизни берсин, ҳаққимга дуо қилинг”- деди. Сила ибн Ашям: “Аллоҳ таоло сени боқий нарсада рағбатли ва фоний нарсада зоҳид қилсин. Сенга қалблар таскин топадиган ва динда суянчиқ бўладиган ишончни ато этсин”- деб, дуо қилди.

Сила ибн Ашямнинг Муоза Адавия исмли аммакисининг қизи бор эди. У мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳога ҳамсуҳбат бўлиб, ундан дарс олган тобеин аёллардан эди. Ҳасан Басрий ҳам бу аёлдан ҳадис ривоят қилган. У ниҳоятда тақводор, покдомон, ибодатгўй, дунёдан воз кечган аёл эди. Унинг одати агар кеч кирадиган бўлса: “Мана шу менинг охирги кечам бўлса керак”- дер ва ухламай ибодат қилар, тонг отадиган бўлса: “Бу менинг охирги куним бўлса керак”- деб, ёнбоши кўрпача кўрмай кунни ўтказар, қишнинг совуқ кунларида “Кўп ухлаб қолиб, ибодатдан қолиб кетмайин”- деб, юпунроқ кийиниб оларди. Кечаларни намоз ва Қуръон тиловати билан ўтказар, агар уйқу босса, ҳовлида айланиб: “Эй нафс, олдинда сени узоқ уйқу кутмоқда, яқинда қабрда узоқ ётасан! Ё ҳасрат чекасан, ё шодмон бўласан. Эй, Муоза, эртага қай ҳолда бўлишни истасанг, бугун уни танлаб ол!”- деб, уйқуни кетказар эди.

Сила ибн Ашям ибодатгўй ва ўта зоҳид киши бўлишига қарамасдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйланишдаги суннатларидан юз ўгирган эмасди. У амакисининг қизи Муозага совчи қўйди. Келин тушириладиган кун, жиянларидан бири уни тайёрлади ва ҳаммомга олиб борди. Ҳаммомдан қайтгач, уни келин ўтирган муаттар уйга киритиб юборди. Сила келин билан бир уйда ёлғиз қолгач, ўрнидан туриб икки ракат намоз ўқимоқчи бўлди. Келин ҳам унга эргашиб намоз ўқиди. Намоз уларнинг ҳар икковини ўзига ром қилди, то тонг отгунга қадар намоз ўқидилар. Тонг отиб жиян уларнинг кечасидаги ҳолатидан хабар топгач унга деди:

— “Амаки, келин сизга топширилиб, уйингизга олиб келиб берилган бўлса-ю, сиз уни қўйиб, кечаси билан намоз ўқиб чиқсангиз!”.

—    “Эй жиян, ўзинг кеча менга дўзахни ҳам жаннатни ҳам эслатиб қўйдинг-да! Мен бўлсам шу иккиси ҳақида фикр юритиб тонг отганини билмай қолибман”.

—    “Эй амаки, мен қандай қилиб сизга бу иккисини эслатибман?”

—    “Кеча мени ҳаммомга олиб борганингда, ҳаммомнинг иссиғи менга дўзах оташини эслатиб юборди. Сўнг мени келиннинг хушбўйланган хонасига киритиб қўйгандинг, унинг хушбўй иси жаннат бўйини ёдимга солди”.

Сила ибн Ашям кўп тавба-тазарру қилувчи, обид ва зоҳид бўлибгина қолмасдан, у кучли чавандоз ва жасур мужоҳид ҳам эди-ки, жанг майдонлари у каби довюрак, қиличи кескир паҳлавонларни оз кўрган. Унинг шижоати туфайли катта ғалабага етиш умидида уни ўз жамоасида бўлиши ҳар бир қўмондоннинг орзуси эди.

Жаъфар ибн Зайд ҳикоя қилади: “Ғазотга чиқдик, биз билан Сила ибн Ашям ва Ҳишом ибн Омир ҳам бор эди. Душманга йўлиққан пайтимизда Сила ибн Ашям шериги билан лашкардан  ажралиб чиқдилар ва қилич билан чопиб, найзаларни санчиб, душман сафлари оралаб кириб кетдилар ва тезда душманнинг олдинги сафларига анчагина талофат етказдилар. Буни кўрган душман қўмондонлари бир-бирларига қараб дедилар: “Мусулмонлар лашкаридан икки киши бизни шу аҳволга солиб қўйган бўлса, уларнинг барчалари биз билан жанг қилсалар ҳолимиз не кечаркин?! Яхшиси, мусулмонлар ҳукми остига кириб, уларга итоат қилинглар”.

Ҳижратнинг етмиш олтинчи йили Сила ибн Ашям Мовароуннаҳр диёрларига ғазотга чиққан мусулмон лашкари билан йўлга тушди. У билан бирга ўғли ҳам бор эди. Душман билан тўқнаш келиниб, айни жанг қизиган паллада Сила ибн Ашям ўғлига деди: “Эй ўғлим, олға бос! Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қил! Сени Унинг ҳузурида омонатлар ҳеч қачон зое бўлмайдиган Зотга топширдим”. Ҳимматли отанинг жасур ўғли камондан отилган ўқдек душман ичига кириб, шаҳид бўлгунга қадар жанг қилди. Ота ҳам ўғлининг кетидан жангга кириб, душманга қарши қаттиқ жиҳод қилди. Ваниҳоят боласининг ёнига шаҳид бўлиб йиқилди. Уларнинг вафотлари хабари Басрага етганида, аёллар таъзия билдириш мақсадида Муоза Адавиянинг олдига бордилар. Муоза уларга қараб: “Агар мени табриклаш учун келган бўлсангиз, хуш келибсиз. Бундан бошқа мақсадда бўлса, қайтиб кетаверинглар, Аллоҳ ажрингизни берсин”-деди.

Бундай улуғ юзларни Аллоҳ мунаввар қилсин! Ислом ва мусулмонлар номидан уларга яхши мукофотлар берсин!