Душанба 25 Сентябрь 2017 | 4 Муҳаррам 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

2-Дарс. Аёлларга ҳожатлари учун чиқишга изн берилгани ҳақида

1787 марта кўрилган


Аёлларга хос қирқ ҳадис хусусида бошлаган дарсимизни давом эттирамиз. Бугун иншааллоҳ иккинчи ҳадисни ўқиб, ўрганамиз. Мусанниф ҳафизаҳуллоҳ дедиларки: “…” “Аёлларга ҳожатлари учун чиқишликка изн берилганлиги ҳақидаги боб”. “…” Муттафақун алайҳ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга рухсат берилди”. Муттафақун алайҳ (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Шариатимизга кўра аслида аёл киши уйда ўтириши керак эди. Бунинг диний ва дунёвий ўзига хос фойдалари бор. Бу ҳақда ўтган дарсимизда айтиб ўтдик. Бизнинг ўта раҳмли ва доно шариатимиз бандаларга фақат енгилликни хоҳлайди. Улардан оғирлик ва қийинчиликни даф қилишни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам аёлнинг гоҳида ўзига хос бир ҳожати учун чиқишини риоя қилди ва унга шундай ҳожатлари учун чиқишликка рухсат берди. Бу чиқишнинг албатта ўзига хос шарт-шароитлари ва қоидлари бор. Аёлнинг бу чиқиши ўзининг ҳожати, хос ҳожати учун бўлиши мумкин ва ижтимоий ҳожат учун бўлиши ҳам мумкин. Аёлнинг ўз ҳожати учун чиқиши тушунарли, ижтимоий ҳожати учун чиқиши эса унинг табиблик қилиши, ўқитувчилик қилиши ва бундан бошқа ижтимоий манфаатларни келтириш учун чиқишидир. Бу чиқишнинг шартлари бўлиб, ўз ўрнида бу ҳақда ҳадис келади ва баёни ҳам келади иншааллоҳ.

Аёл киши бир неча сабабларга кўра уйдан чиқиши мумкин. Булардан бири масжидга чиқиш, яна бири шаърий илм талаб қилиш учун, икки ҳайит намозни ўқиш учун чиқиши, ҳар-хил хурсандчилик мунособатлари тўй ва шу кабиларга чиқиши унинг шу ҳожати учун чиқиш бобидандир.

Аёл кишининг масжидга намоз ўқиш учун чиқиши. Бу ҳам Имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида баён қилганиларидек шаърий ҳожатларидан биридир. Аллоҳ таолонинг: “…” “Уйларингизда вақор билан ўтиринглар”, деган оятининг тафсирида Ибн Касир дедиларки: “Уйларингизни лозим тутинглар, ундан беҳожат чиқманглар. Шаърий ҳожатлардан бири ўз шартларига биноан масжидга намоз учун чиқишдир, дедилар”. Иқтибос тугади.

Аёлларнинг намозга чиқишларига эътибор бериш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам бир нечта ҳадисларида собит бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедиларки: “…” “Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар, тўсманглар”. Ва яна бир ҳадисларида келганки: “…” “Агар бирон аёл сизлардан бирингиздан масжидга чиқишга изн сўраса, уни ман қилманглар”.  Бу хусусида жуда ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган. Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа имомларимиз ривоят қилганлар. Шу ҳадислардан яна бири Оиша розияллоҳу анҳонинг намозга чиқишидир. Оиша онамиз айтадиларки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқирдилар. Ул зот билан мўмина аёллар ҳам ёпинчиқларига ўранган ҳолатда ҳозир бўлардилар. Сўнгра улар уйларига қайтардилар, уларни бирон киши танимас эди”. Имом Бухорий ривоят қилганлар. Умму Салама онамиздан ривоят қилинади, айтдиларки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида аёллар намоздан салом берилган пайтда тез турардилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зот билан бирга намоз ўқиган эркаклар бир оз ўтирардилар сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турардилар ва ортларидан эркаклар ҳам турардилар. Яъни, улар аёлларни риоя қилиб, уларни чиқиб кетиб олишларини риоя қилардилар.

    Аёл кишини шаърий илм талаб қилиш учун чиқиши. Аёллар ҳам эркаклар каби шариат буюрган нарсаларга буюрилганлар ва қайтарган нарсалардан қайтарилганлар. Уларга ҳам эркакларга бериладиган савоблар ва эркакларга бериладиган иқоблар ҳам ёзилади. Шундай экан аёллар ҳам ўз динларини ўрганишга маъмурдирлар. Агар аёл киши мана шу илмни, яъни динини таниб, ҳалол-ҳаромни билиб оладиган даражадаги илмни отасидан, акасидан, эридан ёки биронта маҳрамидан ўрганиш имконини топмайдиган бўлса, уни албатта кўчага чиқиб бирор устозга бориб ўрганишга мажбур бўладиган бўлса, унга бу чиқишлик жоиздир. Бунга далил Абу Саид ал Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда айтиладики: “Аёллар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар: Эркаклар биздан ғолиб бўлишди, улар доимо сиз билан бирга, улар бутун илмни олиб кетиб қолишди. Сиз биз учун ҳам вақт ажратсангиз, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга фалончининг уйига фалон куни боришларини айтдилар, ваъда қилдилар ва ана шу куни бордилар, аёллар жамланиб ўтиришганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ваъз қилдилар, буюрдилар, қайтардилар. Шу айтган сўзларининг ичида дедиларки: "Сизлардан қайси бир аёл учта фарзандини тақдим қиладиган бўлса, яъни учта фарзанди ёшлигида вафот этиб кетадиган бўлса, ана шу фарзандлари у учун дўзах ўтидан тўсиқ бўлади-парда бўлади" дедилар. Бир аёл сўрадики: Иккита бўлсачи? Ул зот айтдиларки: "Иккита бўлса ҳам".

Энди мана шу талаби илмга чиқишга яна қўшимча қилишимиз мумкинки, мусулмонлар эҳтиёжи бўладиган, аёлларга хос тиб илмларни ўрганишга чиқиш. Аёлларга хос касалликлар бор, бу касалликларда аёл киши умуман авратини, гоҳида қаттиқроқ ўринларни ҳам кўрсатишга мажбур бўладиган касалликлар бор буни эркак табибларга кўрсатмасдан шу аёлларга кўрсатиши учун аёллардан шу тахассусларда, шу ихтисосларда ҳам табибалар бўлишига ислом жамиятида эҳтиёж бордир. Аёл киши даволаганлиги ҳақида шариатимизда ҳам баъзи бир далиллар келган. Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо "намла" номли бир касалликка дам солардилар, яъни ўқиб қўярдилар. Ансорлардан бир кишига намла чиқди. У билардики, Шифо розияллоҳу анҳо бунга дам солади, келиб сўради, эй Шифо менга дам солиб қўйсангиз. Шунда айтдики: Аллоҳга қасамки мен исломга кирганимдан бери бировга дам солмадим. Шунда ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бориб айтдиларки: шундай шундай мен Шифодан дам солиб қўйишни талаб қилганда у ҳозиргача, яъни Исломга киргандан бери дам солмаганлигини айтганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шифони чақиртирдилар ва айтдиларки: "Қани менга шу руқянгизни ўқиб берингчи". У ул зотга ўқиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Сиз бу кишига дам солиб қўяверинг ва бу руқянгизни Ҳафсага ҳам ўргатиб қўйинг, унга аввалда ёзишни ўргатганингиз каби".

Шифо бинти Абдуллоҳнинг ўзларидан ривоят қилинади, дедиларки: Мен Ҳафса билан ўтирганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келдилар ва айтдиларки: "Сиз бунга намланинг руқиясини ўргатиб қўймайсизми унга ёзишни ўргатганингиз каби", дедилар. Демак, биз бу ҳадисдан шуларни истифода қилишимиз мумкинки: аёлларга ёзишни ва тибни ўрганиш жоиз экан. Чунки, дам солиш ҳам тибнинг бир туридир. Аҳли илмлар мана шу руқя ҳадисларини тиб китобларида келтирганлар. Аёлларнинг бугунги кундаги тибни ўрганишларидан баъзи бир кўмакчи илмларга ҳам эҳтиёжлари бўлади; биология бўлсин, физика, ҳимия бўлсин ва бундан бошқа тибни ўрганишда ёрдамчи бўладиган баъзи бир илмлар бор. Демак, аёл киши тибни яхши пухта ўрганиши учун ушбу илмларни ҳам ўрганиши лозим бўлади. Аёл табибларга бўлган жамиятнинг эҳтиёжи жуда ҳам каттадир. Масалан, тери касалликлари, таносил касалликлари, туғишга доир касалликлар ва туғриқлар, тиш оғриқлари, тишларни даволаш ва бундан бошқа аёл киши баданининг бир қисмини табибга кўрсатишга мажбур бўладиган ҳар қандай касалликда аёл табибларнинг бўлиши шароит тақазоси ва Ислом рухсат берган ишлардандир.

Жамият муаллимага, мураббияга, даъватчига, табибага эҳтиёж ҳис қилади, лекин жамиятнинг аёл муҳандисага ёки аёл адвокатга эҳтиёжи аввалги эҳтиёжидек эмас. Чунки, муҳандислик ёки адвокатлик ишлари ўзига хос кўп маҳзуротлар, яъни ман қилинган ишларни ўз ичига олгани туфайли ва бу ишларни бажарадиган эркаклар етарли бўлгани учун Ислом аёлларни бу илмларни ўрганишга рухсат бермайди. Бу дегани ана Ислом аёлларни бутун илмларни ўрганишдан ман қилади, дегани эмас. Балки, Ислом ҳар бир жинсга ўзига хос ва муносиб-мулоим бўлган илмларни ўрганишга рухсат беради, балки тарғиб қилади. Бу дегани энди аёллар бу илмларни ўргана олмайди, аёлларнинг ақли бунга ноқислик қилади дегани эмас. Бу ўрин эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақалашиш майдони ҳам эмас ва ўзини кўрсатиб қўйиш ўрни ҳам эмас. Шариат рухсат берган илмларни ҳар бири ўз ўрнида ўрганиб, жамиятига фойда етказсин. Тўғри, гоҳи аёллар анча-мунча эркаклар ўргана олмаган, етиша олмаган илмларга етиши мумкин. Лекин ҳозир айтганимиздек бу ўрин яъни ўзини кўрсатиб қўйиш ёки мусобақалашиш ўрни эмас. Ҳар ким ўзининг соҳасида ўзини кўрсатаверсин ва илм чўққиларига кўтарилаверсин, Ислом бундан қайтармайди. Исломнинг мақсади жамиятга қандай қилиб фойда келтириш. Бу аёллар билан бўладими, эркаклар билан бўладими фарқи йўқ. Фақат ҳаммаси ўзига муносиб бўлган ўринда. Аралаш-қуралаш, фасод кўринишлари билан эмас.

Аёл кишининг чиқишига рухсат этилган ўринлардан бири, икки ийд намозларига чиқишидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларга икки ийдни инъом қилди. Бир йилда икки маротаба; фитр байрами ва қурбонлик байрами қилишни машру қилди. Бу мусулмонлар учун хайр ва барака кунлари бўлиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу икки кунни ийд намози билан хослади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам барча мусулмон эркак-аёлларни мана шу намозга ҳозир бўлишга тарғиб қилдилар. Балки, аёлларни шу намозга чиқишга хос буйруқ билан буюрдилар. Ҳаттоки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш қизларни ҳам, келинчакларни ҳам намозга чиқишга буюрдилар. Узрли аёлларни эса, (ҳайз ҳолатидаги аёлларни) намозгоҳдан четда туришга буюрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз ҳолатидаги аёлларни ҳам чиқишга буюрдилар ва бунинг ҳикматини ўзлари баён қилиб бердилар: "Ҳайз ҳолатидаги аёллар чиқсинлар ва лекин намоздан четда турсинлар" яъни, намоз ўқиладиган пайтда намозгоҳнинг четроғида турсинлар. "Яхшиликка ва мусулмонларнинг дуосига ҳозир бўлсинлар". Имом Бухорийнинг ривоятида эса, "Яхшиликка ва мўминларнинг дуосига гувоҳ бўлсинлар" деганлар.

Аёл киши ҳайит намозига чиқиш учун ёпинчиққа эҳтиёжи бор. Буни муслима аёллар яхши билганларидан ва ана шу пайтда ҳар бир муслима аёл ёпинчиққа эга эмасликлари туфайли, аёллар бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар. Умму Атийя айтадиларки: Мен айтдим: Эй Расулуллоҳ, биздан биримизнинг ёпинчиғи бўлмаса нима қилади? Ул зот айтдиларки: "Опаси унга ёпинчиқларидан бирини бериб турсин". Бошқа бир ривоятда айтдиларки: Эй Расулуллоҳ бизлардан биримизнинг ёпинчиғи бўлмаса, чиқмаса мумкинми, жоизми? деб сўраганларида ул зот айтдиларки: "Ўртоғи унга ўз ёпинчиқларидан бирини ёпинтириб турсин", яъни бериб турсин, дедилар. Яъни, қайсидир аёлда умуман ёпинчиғи йўқ, қайсидир аёлда иккита ёки учта ёпинчиқ бўлиши мумкин, ҳар кимнинг моддий шароитидан келиб чиқиб ўша ёпинчиғи борлар ёпинчиғини бериб турсин дедилар. Демак, аёллар ёпинчиғини ёпиб ҳайит намозига чиққанлар. Бу ерда бир савол туғилиши мумкин. Нимга энди аёлларни уйда ўқиган намозлари афзал, деган тарғиблар келди, бу ерда эса аёлларни ҳайит намозга чиқишга қаттиқ тарғиб бўляпти, балки буйруқ бўляпти? Бу ўринли савол.

Ҳайит бир йилда икки маротаба бўладиган байрам ва бунда кўп мусулмонлар жамланади, жамоавий дуолар бўлади, аммо беш вақт намоз эса ҳар куни беш марта такрорланади. Беш вақт намозга чиқадиган аёл кўп кўчага чиқишликка мажбур бўлиб қолади. Аммо бир йилда икки марта ҳайит намозга чиққан аёлга кўп чиқди дейилмайди. Шунинг учун ҳам бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ тарғиб қилиб, буюрганлар. Аёлларнинг кўп чиқишлари ва уларнинг кўп чиқаверган аёлда кўп чиққан аёлда секин-секин сусткашлик бошланиб, яъни бееътиборлик бошланади, кийинишида ҳам, бошқасида ҳам ҳижобларида ҳам Оиша онамиз айтганларки: Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг бугунги ҳолатини кўрганларида худди Бану Исроил аёлларини масжидлардан ман қилгандек, аёлларни масжидлардан ман қилган бўлардилар, дедилар. Оиша онамизнинг давридаги муслима аёлларнинг ҳолатидан келиб чиқиб шу сўзни айтилган бўлса, бугунги кундаги аёлларнинг ҳолатига бир нарса дейиш қийин.

     Аёлларнинг чиқишга рухсат берилган ва ҳожат ўринларидан деб қаралган ўринлардан бири тўй маросимларига ва шунга ўхшаш, хурсандчилик маросимларига чиқишнинг жоизлиги.

Шариати исломийя ислом жамиятининг аъзолари ўртасида муҳаббат, улфат, яқинликни ёйишликка, бир-бирига бўлган меҳр-мурувват, меҳр-муҳаббатни ёйишликка қаттиқ аҳамият берган. Буни жуда ҳам кўп оят ва ҳадисларда тарғиб қилган. Аёл киши ҳозир бўлиши ва бориши мумкин бўлган ижтимоий мунособатлардан бири тўйларга ҳозир бўлишдир.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу деди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча аёллар ва болаларни тўйдан қайтиб келаётганликларини кўриб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга пешвоз чиқиб айтдиларки: "Сизлар менга энг севимли кишиларсиз". Имом Бухорий ҳам ўз саҳиҳларида "Аёллар ва болаларнинг тўйга боришлари ҳақидаги боб" деб алоҳида боб ёзганлар. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: гўёки имом Бухорий бу билан бирон киши аёлларнинг тўйга бориши макруҳ эканлигини тушуниб қолмаслиги учун шундай қилганлар. Аёлларнинг ва болаларнинг тўйга боришларига рухсат берилган, бироқ, бу рухсат эркак ва аёллар аралашмайдиган, мункарлар йўқ, куй-қўшиқлар, карнай-сурнайлар бўлмайдиган тўйларга боришдир. Агар бориладиган тўйда ёмон, мункар ишлар бўладиган бўлса, эркак-аёл аралашадиган бўлса, бирга ўтиришадиган бўлса, ўйин-кулгилар қилишадиган бўлса, мусиқалар ҳозир бўладиган бўлса, бундан бошқа яна ҳаром қилинган ичимликлар ваҳоказолар бўладиган бўлса на эркак, на аёл бориши мумкин эмас.

Кимнинг шу мункарларни ўзгартириш қўлидан келадиган бўлса, ана шу одамга бориш лозим бўлади, ундан бошқа ҳолатда бориш мумкин эмас. Яна шу тўй каби ижтимоий мунособатлардан баъзилари масалан, ёру биродарлардан бирортаси фарзандлик бўладиган бўлса, уни қутлаш учун бориш. Бирор кишининг уйида аза бўладиган бўлса, таъзия билдириш учун бориш шу ўринлар ҳам аёл кишига чиқиш рухсат берилган ўринлардандир. Бу ўринларнинг ҳаммаси аёл киши ўзининг шаръий ҳижобига эътибор бериб, агар масофа узоқ бўлса, маҳрами билан, агар яқин бўлса, ўзи ёлғизми ёки бошқа биронтаси билан хушбўйланмасдан, зийнатли кийимларни киймасдан, эркакларга аралашмасдан боришлиги жоиздир.

Бу ўқиб ўтилган дарсимиздан баъзи бир фойдаларни чиқаришимиз мумкин:

Биринчи фойда: Шариатимиз аёлларни ҳожатлари учун чиқишларига рухсат берди.

Иккинчи фойда: Аёл кишини чиқишлигига рухсат берилиши бу уларнинг уйда ўтиришликларига хилоф эмасдир.

Учинчи фойда: Сафар миқдорига, яъни сафар масофасига етмайдиган чиқишларда аёл киши маҳрамсиз чиқса ҳам бўлади, ёлғиз ўзи чиқса ҳам бўлади. Агар кўча, йўл тинч-хотиржам бўладиган бўлса.

Тўртинчи фойда: Ҳожат бўлмаган ишларга чиқишликка рухсат берилмаган. Ҳожат бўлмаган ишларга масалан, бозар-учарга, айланишга, вақт ўтказишга чиқиш ёки ундан бошқа ўринларга чиқиш.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барчаларимизни Ўзининг динида собит қилишини, Тўғри йўлига ҳидоят қилишини ва ўқиб ўтилган илмларга амал қилишликни насиб қилишини сўраймиз.

Аёлларимизни жоиз бўлган ўринларга чиқишлари, ундан бошқа вақтларини уйларида ўзлари учун, оилалари учун ва бундан аввал Аллоҳ ва Расулининг розиликлари учун сарфлашларига муваффақ айласин.