Сешанба 16 Апрель 2024 | 7 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ўн қоида / Болалар тарбиясидаги энг муҳим қоидалар

6906 марта кўрилган

Муаллиф: Доктор Абдулкарим Баккор
Таржимон: Ислом Нури

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

 Муқаддима

Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!  

Бугунги кунда  тарбия соҳасида ёзилган кўплаб яхши  китобларни учратиш мумкин. Айни пайтда бу борада ёзилган сифатсиз китоблар  кўпайиб кетгани ҳам сир эмас. Бу нарса кўпчилик одамларни фарзандларини тўғри ва муваффақиятли  тарбия қилишда уларга ёрдам берадиган маърифий ва маънавий маълумотлар билан таъминлайдиган бундай китобларни танлашда ҳайратланишига олиб келмоқда. Бошқа бир томондан “тарбия бобида шу нарса жуда муҳимки”, деган гаплар бениҳоят кўпайиб кетди. Маълумки, муҳим ишлар юз ёки икки юзтага етгач, инсон бу ишларни қамраб олишдан ожизлик ҳис қилади ва бу нарса ўз ўрнида инсонда бу ишлардан батамом юз ўгиришга бўлган мойилликни пайдо қилади. Шу сабаб, менда, фарзандлар билан муомала қилиш ва уларни тарбиялаш соҳасидаги бош “калит”лар ва асосий қоидалар тўғрисида сўз юритиш фикри туғилди. Бу билан муҳтарам китобхонга болалар тарбияси соҳасидаги одоблар ва ундаги асосий услубларни тушуниш йўлидаги энг муҳим қонун-қоидаларни қўлга киритишига  ёрдам беришни умид қилиб қоламан.

Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин: нега энди бу қоидалар ўнта, бешта ёхуд йигирмата эмас?!

Ушбу саволга жавоб шуки, 10 рақами ўрта ҳажмдаги камтар бир рақам. Мен ёки мендан бошқа биров бу сонга қўшимча қилиши, ёки аксинча, озайтириши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бу сон бирон бир илмий заруратдан келиб чиққан эмас.

Шуни айтиб ўтиш керакки, мен бу китобда айтмоқчи бўлган қоидалар болалар тарбияси биносининг скелет тузилишини ташкил қилиб, фақат бу қоидаларни ўқиш билан чекланиш етарли эмас. Балки  бу борада ёзилган тафсилотларни ўқиш ва араб тилида ёзилган, ёки хориж тилларидан ўгирилган талай китобларда мавжуд бўлган тарбиявий услублар, фикр-мулоҳазалар билан танишиш орқали бу борадаги тажрибалардан фойдаланиш янада мақсадга мувофиқдир.

Ушбу муқаддимадаги сўнг мулоҳаза шундан иборатки, болалар тарбияси борасида айтиладиган маълумотларнинг 80 фоизида барча халқлар ва маданиятлар бир хил гапни гапирганлар. Шу боис,  бу борада биз мусулмон мутахассислар билан бир қаторда улардан бошқаларнинг тажрибаларидан ҳам фойдаланишимиз мумкин.

Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари ила ушбу китобни китобхон биродарларимга манфаатли қилиши, ҳамда молу-дунё ва фарзандлар фойда бермайдиган кунда ҳасанотлар тарозисига қўйишини сўраб илтижо қилиб қоламан.

Аввалу-охирда Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин!

Профессор, Доктор Абдулкарим Баккор

11 Шаъбон, 1429 ҳижрий сана

Биринчи қоида

Агар бир киши илгари билмаган ва кўрмаган бирон бир мураккаб замонавий жиҳоз сотиб олгудек бўлса, албатта бу жиҳозни ишлаб чиқарувчи тарафидан тайёрланган  каталог (Фойдаланиш йўл-йўриқлари)ни ўқиш орқали, ёхуд бу жиҳозни ишлатиб кўрган кишилардан сўраб-суриштириш орқали уни ишлатишга ва ундан фойдаланишга ҳаракат қилади. Аксар ҳолларда ишлаб чиқарувчи мижозларни жиҳоз тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмасдан туриб уни ишлатишдан огоҳлантиради. Шунингдек, одамлар бундай жиҳозларни ишлатиш мобайнида жиддий хатога йўл қўядилар ва оқибатда катта маблағ эвазига қўлга киритилган бу жиҳозларнинг ишдан чиқишига олиб боради.

Бола ҳар қандай жиҳоздан кўра мураккаброқдир. Унга тўғри тарбия бериш пухта билим, тажриба ва маҳорат талаб қилади. Бироқ, одамлар буни тан олгиси келмайди. Шунинг учун бўлса керак, бамайлихотир етти-саккизта фарзанд кўришга журъат қиладилару, фарзанд тарбияси тўғрисида  битта китобча бўлсада мутолаа қилиш, ё бирон бир маъруза тинглаш, ёхуд мутахассисдан маслаҳат сўраш хаёлларига ҳам келмайди. Биз бу лоқайдликнинг аччиқ самарасини татиб келмоқдамиз. Кўп сонли ўспирин йигит ва қизларнинг қинғир-қийшиқ йўлларга кириб кетиши, яна қанчадан-қанча ёш-авлоднинг ўқиш ва амалий ҳаётдаги муваффақиятсизлиги мана шу лоқайдликнинг мудҳиш натижасидир. Бироқ бизларни қувонтирадиган хушхабар шуки, кейинги пайтларда одамларда фарзандларининг яхши тарбия топиши ва намунали таълим олиши муҳим экани ҳақидаги онг-тушунчалари ўсиб бораётганини ҳис қилмоқдамиз.

Мен бу борада қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирмоқчиман:

1-    «Тарбия маданияти» деганда – тарбиявий муҳитни ҳосил қилиш, болалар тарбияси ва уларни салоҳиятли ўстириш услублари борасида, шунингдек, болалар муаммолари ва улардаги хато-камчиликларга қандай ёндашиш борасида талаб қилинган маълумот ва тажрибалар йиғиндиси назарда тутилади.

Қолаверса, «Тарбия маданияти» деганда, аввало тарбия негизини, унинг ўзаро таъсирланиш, таъсир ўтказиш ва ўзаро жамоавий руҳият пайдо қилиш асосига қурилганини англаб етиш ва бу нарса талаб қиладиган тамойиллар, қадриятлар, фидокорлик, ғоя ва тушунчалар назарда тутилади. Тарбия маданиятини ташкил қилувчи бу унсурлар мукаммал тарзда йиғилиши бениҳоят мушкул ишдир. Шунинг учун биз доимо ўзимизни тарбиявий муаммолар исканжасида ҳис қиламиз, бу муаммоларни бартараф этиш борасида муносиб равишда иш юритишни билмай бошимиз қотади. Негаки, тарбия иши ғоят мураккаб иш. Бу иш мураббийдан яхши билим ва ҳикмат, шунингдек, асабий мувозанат ва вазминлик билан бир қаторда муайян даражада амалий тажриба ҳам талаб қилади. Агар борди-ю  мазкур ишлар қаторида мураббийга Аллоҳнинг тавфиқи, ҳидояти ва тўғри йўлга йўналтириши ҳамроҳлик қилмас экан, у ҳода бу нарсалар айтарли ҳеч нарса ифода қилмайди. Шу боис масаланинг бу томонидан ғафлатда қолмаслигимиз, муттасил равишда Аллоҳдан тавфиқ ва ҳидоят  сўраб дуо қилишимиз зарур.

2-    Тарбия иши ниҳоятда қизиқарли ва айни чоғда ўта машаққатли иш. Бу ишнинг машаққатли эканининг бир томони шундаки, тарбия иши билан шуғулланар эканмиз бу ишнинг оғирлигини ҳис қиламиз, бу йўлда кўп саъй-ҳаракат қилаётганимиз ва кўп қимматбаҳо нарсаларни қурбон қилаётганимизни ҳис қиламизу, бироқ болаларнинг шахсияти ва юриш-туришида бунинг асоратини пайқамаймиз.

Шу ўринда тадқиқотчилардан бирининг Хитойда ўсадиган Бамбук дарахти ҳақида айтган сўзини эслатишни маъқул деб биламан.  Бу дарахт уруғи ерга кўмилгач қарийб тўрт йил давомида унинг попукли илдизлари ер остида кенг кўламда тарқалади. Бу вақт асносида ер устида унинг уруғдан ёриб чиққан нимжон ғунчасидан бошқа нарса кўринмайди. Буни қарангки, бешинчи йилга ўтиб бу дарахтнинг баландлиги қарийб 25 метрга етар экан!  

 Ҳа, тарбиянинг ҳоли ҳам шундай. Биз гарчи натижани кўрмасакда, ўзгаришларни ҳис қилмасакда тарбия ишини давом эттираверишимиз зарур. Натижалар бор, ўзгаришлар мавжуд. Кўпинча улар тўсатдан пайдо бўлади. Шу боис умидсизланиш, зерикиш ва тушкунликка ўрин йўқ.

3-    Жамиятлар содда ва тор муҳитлардан мураккаб ва кенг муҳитларга ўтиш ҳаракатини бошдан кечиради. Бу ҳаракат шиддатли кечади ва унга фарзандлар тарбиясида акс этадиган талай ўзгаришлар ҳамроҳлик қилади.

Тор жамиятларда одамлар ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамкорлик даражаси юқори бўлади. Чунки уларнинг ўзаро алоқалари кучлидир. Шундан келиб чиққан ҳолда бир-бирларининг ғам-ташвишларини ҳис қилиш нисбати ҳам юқоридир. Бу  ўз ўрнида бундай жамият аъзоларида қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва ўртоқлари фарзандларининг ҳатти-ҳаракатларидан қандайдир маънавий жавобгарлик ҳиссини пайдо қилади. Бундай жамият аъзоларининг барчаси  тарбия иши билан шуғулланади, ўзаро ёрдам беради ва ҳамкорлик қилади. Бироқ бу ҳолат салбий томонга ривожланиб боради. Одамларда хусусийчилик ва шахсийлик доираси кенгайиб, кўпчилик оталар  фарзандлари  ҳаётига бошқаларнинг аралашувини қабул қилмай қўйдилар. Шунингдек ҳозирги даврда одамларда қандайдир ўз қобиғига ўралиш, жамоавий йиғин ва тўй-ҳашамлар ўрнига ўзининг шахсий кўнгилхушликларига мойилликни кузатиш мумкин. Биз ҳақиқатдан ҳам борган сайин кўпроқ узлат ҳаёти сари йўл олмоқдамиз! Бу дегани бундан буён ота-оналар фарзандлар тарбияси борасида яқин вақтларгача мавжуд бўлган жамоавий ҳамкорликни кутмасдан, балки энди тарбия масъулиятини фақат уларгина ўз зиммаларига олишлари лозимдир. Бу бошқа бир тарафдан шуни ифода қиладики, эндиликда ҳаётимиздаги қусур ва камчиликларни ислоҳ қилиш жамиятдан оила ичкарисига йўналтирилмасдан, аксинча оиладан жамиятга йўналадиган бўлиб қолди.

Намунали ва олийжаноб мусулмон оилагина жамиятдан ёрдам кутмаган ҳолда унга  барчага ўрнак бўладиган  андозаларни тақдим этади. Бироқ бу афсусланарли ҳол!

4-    Маданиятнинг таназзулга юз тутиши жамиятнинг таназзулидан келиб чиқади. Жамиятнинг таназзули эса оила тарқоқлигининг самарасидир. Негаки, оила жамиятни ташкил қилувчи асосий бирикмадир. Оила тарқоқлигининг сабаблари жуда кўп. Бироқ биз бу сабаблардан энг муҳимига эътибор қаратишимиз зарур.  У ҳам бўлса ақиданинг инқирозга учрагани, қалбларда иймон чўғининг сўнганидир. Қолаверса, ота-оналарда фарзандларга нисбатан масъулият туйғусининг заифлиги, ҳамда уларнинг турли хил тубан йўллар ва услублар билан кўнгилочар тадбирлар ва дунёвий лаззатларга берилиши ва бу нарсаларга ортиқча қадр-қиймат ва эътибор қаратган ҳолда ота-онанинг бундай ишларга муккасидан кетиши ҳам оила тарқоқлигининг энг муҳим сабабларидан биридир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, оилани ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз жамият ва умматни таназзулга юз тутишидан ҳимоя қилиш, ҳамда ақидани инқирозга учрашидан асраш йўлида катта ҳисса қўшишга олиб боради.

5-     Шуни айтиб ўтиш ҳам лозимки, одамларнинг болалар тарбияси соҳасида бошдан кечирган қийинчиликлари турличадир. Шундай фарзандлар борки, уларни кўрганингизда ўзидан кичик укаларини тарбиялаш борасида ота-онасига ёрдам бериш учун берилган илоҳий инъом эканини ҳис қиласиз. У одобли, доно, итоатгўй, олийжаноб, тиришқоқ...

Айни дамда шундай фарзандлар борки, улар ўн йил ёки йигирма йил давомида оила аъзоларига тинчлик бермайдилар. Шу боис, олдин ишора қилиб ўтганимдек, муттасил фарзандларимизга ҳидоят ва дину-диёнат сўраб Аллоҳга дуо қилишимиз ва бундан асло зерикмаслигимиз зарур. Шу ўринда таъкидлаш керакки, характери оғир ва шўх фарзандларимизни тарбиялаш бизнинг оила ва тарбия маданиятимиз учун “калит” вазифасини бажарсин. Мисол учун, болаларимиздан бирининг қайсарлиги, насиҳат ва йўл-йўриқларга осонликча қулоқ солавермаслигидан қийналадиган бўлсак, у ҳолда бу муаммонинг ечими боладан нолиш ва шикоят қилиш бўлмаслиги керак. Аксинча, агар фарзандлардан бири шизофрения касаллиги ёхуд алоҳида қаровга муҳтож бўладиган бошқа бирон ғаройиб касалга чалинганида бу касалликни даволаш учун ўқиб изланганимиздек, қайсар болалар билан қандай муомала қилиш ҳақида ҳам ўқиб-ўрганиш зарур.

Оғир характерли, ўзига хос фарзандлар билан муомала қилиш биз учун бир синов бўлиб, бу синовдан муваффақиятли ўтиш бизнинг вазифамиздир.

Бир оиланинг дангаса, ўқишни севмайдиган фарзанди бор. Хўш, бу оиланинг бундай фарзандга нисбатан бурчи нима?

Бу оила дангаса болалар билан қандай муомала қилиш тўғрисида мутолаа қилиши ва бу хусусдаги тарбия маданиятини бойитиши, ҳамда оила аъзолари унинг мактабга бормасликка уринишига қарши қатъий ва ягона муносабат билдиришлари зарур. Қолаверса, бу борада мутахассислардан маслаҳат сўрашлари ва таълим олишга қизиқтирувчи барча воситаларни ишга солишлари керак. Шундай қилиб, тарбиявий қийинчилик ва муаммолар бизларни бепарво ва лоқайд ёки ожизлик ва таслим бўлиш мавқеида туриш ўрнига, тарбия маданиятимизни бойитиш ва болаларни тарбиялаш, уларга бу борада лозим бўлган йўл-йўриқларни кўрсатиш соҳасида илдам қадам ташлашга бўлган қатъиятимизни янгилаш манбаига айланади.

6-    Тарбия маданиятини ҳосил қилиш фақат ота-онанинггина вазифаси бўлмай, балки бу бутун оила аъзоларининг вазифасидир. Ёлғиз ота-онанинг ўзи асло барча тарбия машаққатини кўтара олмайдилар. Оилангизда ёши учинчи ўн йиллик (20-30), иккинчи ўн йиллик (10-20) ва биринчи ўн йиллик (1-10) да бўлган, шунингдек, мактаб ёшига етмаган  фарзандларингиз бўлса, у ҳолда оила аъзолари бўлмиш бу фарзандлар оилада ўзаро исломий одоб-ахлоқларни ўстириш ва хато-камчиликларни бартараф этишга ҳамкорлик қилмоқликлари керак.

 Биз фарзандлардан содир бўладиган хато-камчиликлар ва муваффақиятсизликлардан оиланинг умумий маданиятини пайдо қилиш йўлида фойдаланмоғимиз лозим. Айтайлик, қизингиз ўқув йили якуний имтиҳонидан ўта олмади ва бундан тушкунликка тушиб йиғлай бошлади. Бу сиз оила аъзолари учун қизингизга нисбатан ҳамдардлик, меҳрибонлик ва ёрдам қўлини чўзиш учун қулай фурсат.

Фарзандларингиздан бири ўз иниси билан жанжаллашиб қолди, дейлик. Бу жанжал асносида улар ўртасида ўзаро тушунмовчилик ва одоб доирасидан чиқиш юз берди. Бу ҳолат улар иккисидан хато содир қилганининг узр сўраши, бошқа бирининг эса ўз саховати ва кечиримлилигини изҳор қилиши учун муносиб фурсатдир.

Шунингдек, фарзандлардан бири қайсидир шахсни ғийбат қилди, дейлик. Бу ҳолат ғийбат қилинган бу ғойиб шахс шаънини ҳимоя қилиш ва боланинг бу ҳатти-ҳаракатининг нотўғри эканини эслатиш учун муносиб фурсатдир...

Биз жоҳил ва тарқоқ оилалар аъзолари ўртасига раҳна соладиган  ишларни ўзаро оилавий ришталарни кучайтирувчи, жамоавий меҳр-оқибат туйғуларини ўстирувчи, ҳамда уларнинг бу борадаги онг даражасини оширишга ёрдам берадиган омилларга айланишини истаймиз. Албатта биз Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи ила бу ишларга қодирмиз.

7-    Биз оммавий ва оилавий ҳаётимизда содир этадиган энг катта хатолардан бири – “Бошқалар ҳам худди биз сингари фикр юритади, уларнинг ён-атрофдаги нарсаларга нисбатан муносабати ҳам айнан бизникига ўхшаш бўлиши керак”, деб ўйлашимиз бўлса керак.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизнинг юз-чеҳраларимизни бири-биридан фарқли қилиб яратганидек, феъл-атворимиз ва ақлларимизни ҳам тафовутли қилиб яратди. Одамлар юз тузилишининг ўзаро фарқли эканида катта бойлик ва беҳисоб фойдалар бўлганидек, уларнинг ақл даражалари ва хоҳиш-истакларининг хилма-хиллигида ҳам кўплаб манфаатлар бор. Фарзандлардан бири билан муомала қилишда яраган бир услуб, эҳтимол унинг укаси билан муомала қилишда қўл келмаслиги, шунингдек, улардан бири хоҳлаган нарсани бошқа бири хуш кўрмаслиги мумкин ва ҳоказо... Мақсад, тарбия маданиятимизни муттасил равишда бойитиб бориш ва фарзандларимизга қўлламоқчи бўлган тарбиявий услубларимизни хилма-хиллигини таъминлашдир. Мен биламан, бу иш ниҳоятда оғир ва машаққатли, бироқ, буни қилмай иложимиз йўқ. Акс ҳолда муваффақиятсизлик бизга ҳамроҳдир. Кўп ота-оналарни кўрамизки, улар бирон бир тарбия услуби қайсидир фарзандига қўл келгани ва айни услубнинг бошқа фарзандига кор қилмаганидан ажабланадилар. Аслида  биргина тарбия услубининг бир неча фарзандга мос келиши ажабланишга ҳақлироқдир.

8-    Замонавий тарбия талаблари билан танишар эканмиз, биз ота-оналар фарзандлар тарбияси борасида жуда кўп ишларни амалга оширимиз кераклигини чуқур ҳис қиламиз. Амалга оширишимиз лозим бўлган бу ишлар балки бизнинг имконият даражамиздан ортиқ бўлиши, зиммамизга оғир мажбуриятларни юклаши мумкин. Мен бу ҳис-тўйғунинг аниқ ва чинакам тўйғу эканига аминман. Зеро, тарбия иши ҳафтада етти кун, бир кунда йигирма тўрт соат тўхтовсиз меҳнат талаб қилади. Тарбия иши баъзи ҳолатларда партизанлар уруши, ёхуд тошлоқ ерда хандақ қазишга ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, тарбия жараёни шундай, унинг табиати шундан иборат. Бироқ бу ўринда биз иккита нарсани доимо ёдда сақламоғимиз керак:

Биринчиси: Фарзандларимизни тўғри тарбиялаш борасида сарфлаган барча саъй-ҳаракатларимиз иншааллоҳ ажр-савобга дохилдир. Зеро, уларни вужудга келишларига биз сабабчи бўлдик,  уларни тўғри йўлга бошлаган ҳам бизмиз. Уларнинг қалбларига Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатини солган, фозил инсонлар бўлиб етишишларига ҳаракат қилган ва бу хусусда кўп нарсаларни қурбон қилган ҳам биз ота-оналармиз.

Аллоҳ таолодан умидимиз фарзандларимизнинг солиҳ амалларини бизнинг номаи аъмолларимизга киритсин, ҳаётдан кўз юмгач фарзандларимизнинг дуолари сабаб даражаларимизни юксалтирсин. Агар бу нарса рўёбга чиқадиган бўлса, фарзандларимизнинг тарбияси борасида сарфлаган саъй-ҳаракатларимиз учун бизга бениҳоят катта мукофот берилган бўлади.

Иккинчиси: Шуни эсдан чиқармаслигимиз керак-ки, бугун фарзандларимизга нисбатан биздан талаб қилинаётган нарса, ўтмишда ота-оналаримиздан бизларга нисбатан талаб қилинган нарса эди. Шунингдек, бу нарса келажакда фарзандларимиздан ҳам уларнинг фарзандларига нисбатан талаб қилинажакдир. Демак, масала қарз ва мажбурият, олди-берди масаласи экан.

Билим ва тажриба, келажакка умид, сабр ва матонат билан кўп нарсаларга эришиш мумкин. Аллоҳнинг изни ва мадади ила иншааллоҳ кўп нарсаларга эришамиз.

(Давоми бор)