Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Нававийнинг қирқ ҳадисига шарҳ/Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир (Давоми)

4465 марта кўрилган

Шу ўринда бир масала бор:

Бир киши эътироз билдириб шундай деса: “Ахир, “талбия” айтувчининг “Лаббайка Аллоҳумма умратан (Эй Аллоҳ, Сенга умра билан лаббай айтаман)”, “Лаббайка Аллоҳумма ҳажжан (Эй Аллоҳ, Сенга ҳаж билан лаббай айтаман)”, ёки “Лаббайка Аллоҳумма умратан ва ҳажжан (Эй Аллоҳ, Сенга умра ва ҳаж билан лаббай айтаман)”, деган сўзи ниятни талаффуз қилиш эмасми?”.

Мазкур  эътирозга жавоб шуки, бу ниятни талаффуз қилиш ҳисобланмай, балки бу умра ва ҳаж маросимини ошкор қилиш, уни танитишдир. Шунинг учун ҳам айрим уламолар: “Ҳаж ва умра ибодатида талбия айтиш намоздаги “такбиратул эҳром (намозни бошлаш пайтида айтиладиган такбир)”га ўхшайди”, деганлар. Бу фикрдан келиб чиққан ҳолда, намозни бошлаш асносида такбиратул эҳромни айтмасангиз намозга кирмаган ҳисобланганингиздек, агар талбия айтмасангиз эҳромга ҳам кирмаган ҳисобланасиз. Шу боис, баъзи инсонлар эҳромга кириш асносида айтишга одатланган: “Аллоҳумма, инни урийду нусукал умрати (ҳажжи) фа яссирҳу лий (Эй Аллоҳ, мен умра (ҳаж) ибодатини адо қилмоқчиман, Сен уни менга осон қил)”, деган ниятни айтиш суннатдан эмас. Чунки бу  зикр ҳисобланиб, уни айтиш учун далилга муҳтож бўлинади ва бундай далил мавжуд эмас. Демак, бундай зикрни айтган одамларга инкор қилинади. Бироқ, ётиғи билан, юмшоқлик билан тушунтирилади. Унга: “Эй биродар, бу зикрни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотнинг асҳоблари ҳам айтишмаган, шундай экан, уни сиз ҳам айтманг”, дейилади.

Агар у: “Бу ниятни фалончи фалон китобида айтган”, деса, сиз унга жавобан: “Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гап муҳим ва мўътабар”, деб айтинг.

“Ҳар бир кимса учун ният қилгани  насиб қилур...”

Мана бу амалнинг кимга атаб қилинганининг ниятидир. Одамлар бу ниятда бир-бирларидан кескин фарқ қиладилар. Иккита инсон ёнма-ён туриб намоз ўқир экан, ажр-савобдаги улар орасидаги масофа кунчиқар билан кунботар ўртасича, ёки осмон билан ерчалик бўлиши мумкин. Негаки, улардан бири ихлосли, бошқаси эса бундай эмас.

Шунингдек, иккита инсоннинг илм олиш йўлида тавҳид, фиқҳ, тафсир ёки ҳадис ўрганаётганини кўрасиз. Улар бир китобдан, бир устозни қўлида таҳсил олишади. Ҳолбуки, улардан бири жаннатдан ўта йироқ, иккинчиси эса жаннатга яқин бўлади. Чунки улардан бири келажакда қози бўлиш, қозининг катта маоши ва юқори мартабаси бўлгани учун фиқҳ илмини ўрганса, бошқа бири олим бўлиш, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига таълим бериш учун фиқҳ илмини ўрганади. Улар иккиси ўртасида катта фарқ бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Кимда ким аслида Аллоҳнинг розилиги истаб ўрганиладиган бир илмни фақат дунёнинг ўткинчи бир матосига эришиш учун таълим олса унга жаннатнинг бўйи ҳам насиб қилмайди” . Демак, Аллоҳ учун ниятни холис қилинг экан.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ҳижрат қилувчи кимсани мисол қилиб шундай дедилар:

“Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса”

Ҳижрат сўзининг луғавий маъноси “тарк қилиш, ташлаш” демакдир. Бу сўзнинг шаръий маъносига келсак, бу жиҳатдан “куфр диёридан ислом диёрига кўчиб ўтиш” маъносини англатади.

Шу ўринда бир масала бор: ҳижрат қилиш фарзми ёки суннатми?

Жавоб шуки, куфр диёрида динига очиқчасига амал қила олмаган ҳар бир мўмин кишига ҳижрат фарз. Унинг мусулмонлиги ҳижратсиз тўла бўлмайди. Негаки, фарз усиз амалга ошмайдиган иш ҳам фарздир. Мусулмонларнинг Маккадан Ҳабашистонга ва Маккадан Мадинага қилган ҳижратлари бунга мисол бўлади.

“Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса”

Бунга мисол Макка фатҳ қилинишидан олдин Аллоҳ ва Расулини истаб, яъни Аллоҳнинг савобини ва Унга етишни мақсад қилиб Маккадан Мадинага ҳижрат қилган кишидир. Оллоҳ таоло шундай дейди: “Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ... истайдиган бўлсангизлар” [Аҳзоб: 29]. Демак, Аллоҳни истаб, яъни Аллоҳнинг розилиги, Унинг динига ёрдам беришни истаб ҳижрат қилади. Албатта бу яхши мақсад. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни истаб, яъни у зотга ҳамроҳ бўлиш, суннатига амал қилиш, суннатни ҳимоя қилиш ва унга одамларни даъват қилиш, ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш ва у зотнинг динига ёрдам бериш мақсадида ҳижрат қилади. Мана бу унинг Аллоҳ ва Расули сари қилган ҳижратидир.  Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай дейди: “Кимки Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман” .  Агар банда Аллоҳни истаса, албатта Аллоҳ таоло унинг бу истаги эвазига қилган амалидан каттароқ инъом билан уни сийлайди.

Шу ўринда бир масала бор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин у зот сари ҳижрат қилишимиз имкони борми?

Жавоб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзларининг ҳузурига ҳижрат қилиш масаласига келсак, бунинг имкони йўқ. Негаки, у зот тупроқ остидалар. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсини мақсад қилиб Мадинага ҳижрат қилинмайди. Энди, у зотнинг суннати ва шариатларига ҳижрат қилишга келсак, бу динимизда тарғиб қилинган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига ёрдам бериш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида бирон бир юртга ҳижрат қилиш бунга мисол бўлади. Демак, Аллоҳ сари ҳижрат қилиш ҳар вақт ва ҳолатда мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сари ҳижрат қилиш,  ҳаётлик даврларида у зотнинг шахсан ўзига ва шариатига мумкин бўлса, вафотларидан кейин эса, фақат шариатини мақсад қилиб ҳижрат қилиш мумкин. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшаш: “Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз!” [Нисо: 59]. Ихтилофлашилган ҳукм борасида доимо Аллоҳга, (яъни Қуръони Каримга) мурожаат қилинади. Пайғамбар алайҳиссаломга келсак, ҳаётлик даврларида шахсан ўзларига, вафотларидан сўнг эса у зотнинг суннатига мурожаат қилинади. Кимки бир юртдан бошқа бир юртга ҳадис ўрганиш мақсадида сафар қилса, бу унинг Аллоҳ ва Расули сари қилган ҳижратидир. Кимки бир аёлга унаштирилса-ю, аёл: “Агар менинг юртимга келмасанг сенга турмушга чиқмайман” – деб туриб олса ва унга уйланиш мақсадида бир ўлкадан бошқасига ҳижрат қилса, у ҳолда бундай кимса нимани мақсад қилган бўлса шунга ҳижрат қилган бўлади.  

“Кимда ким мол-дунёга эришиш... мақсадида ҳижрат қилса”

Бир инсон фалон юртда яхши тижорат қилиш имкони борлигини эшитиб, кўпроқ фойда қилиш ниятида ўша юртга борса, бу унинг мол-дунёга эришиш сари қилган ҳижратидир. Унга фақат ният қилган нарсасигина насиб қилур. Агар Аллоҳ таоло унга ҳеч нарсага эришмасликни ирода қилса, у ҳолда ҳеч нарсага эришмас.

Ушбу ҳадисни муҳаддислар икки имоми - Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибнил Муғийра ибн Бардизба Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибнил Ҳажжож ибн Муслим Қушайрий Нисопурийлар ҳадис  китобларининг энг ишончлиси бўлмиш “Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида” ривоят қилганлар

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”дан мақсад – Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим китобларидир. Бу икки асар ҳадис илмида ёзилган китобларнинг энг саҳиҳ ва ишончлиси. Шу боис, айрим муҳаддислар: “Имом Бухорий ва Муслим иттифоқ қилган ҳадислар фақат гумонни ифода қилибгина қолмай, балки қатъий илмни ифода қилади” – деганлар.

Саҳиҳи Бухорий асари Саҳиҳи Муслим асаридан саҳиҳроқдир. Негаки, Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоятда ровийнинг ҳадисни ривоят қилган киши билан аниқ учрашганлигини шарт қилади. Муслим роҳимаҳуллоҳ эса ровийнинг ҳадисни ривоят қилган киши билан учрашгани ўз исботини топмаган бўлсада, учрашиш имкони бўлиши билан бирга улар иккисининг замондош бўлишини шарт қилиш билан кифояланади. Муслим роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи”нинг бошида ровий шайхи билан аниқ учрашишини шарт қилган кишига ажабланарли тарзда эътироз билдиради. Бироқ, тўғри фикр – аниқ учрашиши шартлигини айтган Бухорий зикр қилган фикрдир. Уламоларнинг айтишича, “Саҳиҳи Муслим” асаридаги ҳадислар жойлашув тартиби “Саҳиҳи Бухорий” никидан яхшироқ. Сабаби, Муслим роҳимаҳуллоҳ бир ҳадисни зикр қилиб, сўнгра уни ортидан ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар ва ровийлар шажарасини қўллаб-қувватловчи бошқа ривоятларни ҳам зикр қилган. Бухорий роҳимаҳуллоҳ эса бундай қилмай, балки бир ҳадисни бўлиб-бўлиб зикр қилган. Демак, ҳадисларни жойлашиш тартиби жиҳатидан “Саҳиҳи Муслим” асари афзал бўлса, ривоят ва ҳадисларнинг саҳиҳлик даражасида “Саҳиҳи Бухорий” асари афзалдир.

Бухорий афзалми, ё афзал Муслим?

Талашди ҳузуримда бир жамоат

Дедим: “Саҳиҳликда афзал Бухорий

Тартибда устундир Муслим, ҳақиқат”.

Уламолардан бири (Дорақутний) : “Агар Бухорий бўлмаганида Муслим ҳеч нарсага эришмаган бўлур эди” – деган эди. Негаки, Бухорий унинг шайхи бўлиб, Муслим ундан кўп таъсирланган.

Демак, биз шарҳлаётган бу ҳадис қатъий илм ифода қиладиган саҳиҳ ҳадисдир. Бироқ, унинг қатъий илм ифода қилиши ақл билан маълум бўлмай, балки ҳадиснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аниқ ривоят қилинганлиги жиҳатидан қатъийдир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1–ушбу ҳадис ислом динининг таянч нуқталарини шакллантирувчи саноқли ҳадислардан биридир. Уламоларнинг айтишича, исломнинг асоси иккита ҳадисдир: бири ушбу ҳадис бўлса, икинчиси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис: “Кимки бизнинг динимизда бўлмаган амални қилса, унинг бу амали (мақбул эмас) қайтарилажак” . Биз шарҳлаётган ҳадис қалб амалларининг асоси, ички амалларнинг мезони бўлса, мазкур Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси ташқи аъзолар билан бажариладиган амаллар асосидир.

Бунга мисол, бир инсон ниҳоятда ихлосли бўлиб, Аллоҳнинг савобини ва иззат-икром диёри бўлмиш – жаннатини истайди-ю, бироқ кўп бидъат ишларни қилиб юради. Агар унинг ниятига қарасак, нияти ғоятда яхши, бироқ унинг амалига қарасак, унинг шариатга мувофиқ бўлмагани учун ёмон ва номақбул амал эканини кўрамиз.

 Бошқа бир мисол, бир йигит мукаммал тарзда намоз ўқий бошлади, бироқ аслида отасидан қўрққанидан, унга намоз ўқиётганини кўрсатиш учун риё қилиб намоз ўқияпти. Бу инсонда ихлос йўқ, шунинг учун бу амалига ажр-савоб олмайди. Бироқ, намозни тарк қилса отаси уни уришидан қўрқиб намоз ўқиётган бўлса, у ҳолда ўқиган намози билан Аллоҳга ибодат қилаётган бўлади.

2– Ушбу ҳадис фойдаларидан яна бири – ибодатларни бир-биридан ва ибодатларни одатий ишлар, кундалик олди-берди муомалалардан ажратиш лозим. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амаллар(нинг яроқли ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир”, — дедилар. Келинг, бунга намоздан мисол келтирайлик: бир одам пешин намозини ўқимоқчи бўлса, у албатта бошқа намозлардан ажратиш учун пешинни ният қилиши зурур. Борди-ю, унинг зиммасида иккита пешин намози бўлса, у ҳолда кечаги пешинни бугунгидан ажратиши лозим. Чунки, ҳар бир намоз учун алоҳида ният бўлиши зарур.

Агар бир киши қуёш заволга оққач уйидан таҳоратли ҳолда чиқиб масжидга кириб борса, ҳолбуки ўқимоқчи бўлган намозининг на пешин, на аср ва на хуфтон намози эканини кўнглидан кечирмай, балки жорий вақтнинг фарз намозини ният қилса, шунинг ўзи кифоя қиладими ёки йўқми?

Жавоб шуки, бу нарса биз ҳозиргина айтиб ўтган қоидага биноан кифоя қилмайди. Сабаби, бу одам пешинни тайин қилмади. Бу фикр Ҳанбалий мазҳабининг фикри.

Бошқа бир фикрда айтилишича, бу нарсанинг ўзи кифоя қилади, тайин бўлиб турган нарсага аниқлик киритишга ҳожат йўқ. Бу одам мутлақ намозни ният қилиши кифоя, қайси намоз экани вақтга қараб аниқ бўлади. Бу фикр Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан бир ривоятда айтилган. Демак, жорий вақт фарзини ният қилса кифоя. Мана шу фикргина одамларга амал қилиш имкони бўлган тўғри фикрдир. Негаки, одам гоҳида шошилиб келиб, бу намознинг пешин намози экани хаёлидан ўтмай такбир айтиб имом билан намозга киради. Бироқ, кирган  намози жорий вақт фарзи экани, уйидан шу намоз учун чиққани ўй-хаёлида бўлади. (Ҳанбалий) мазҳабга кўра унга: “Намозингни қайтадан ўқиб ол,” – десак, тўғри фикрга кўра: “Қайтаришга ҳожат йўқ,” – деймиз. Мана шу фикр қалбни хотиржам қилади. Сабаби, бундай ҳолатлар кўп учрайди. Ҳатто имом ҳам баъзан янглишиб, кираётган намозининг жорий вақт намози деган ўй билан кифояланиб такбир айтиб намоз бошлайди. Бундай кимса (Ҳанбалий) мазҳабга кўра намозни қайтадан ўқиши керак. Тўғри фикрга кўра эса намозни қайтадан ўқимайди.

3– Ҳадисдан олинадиган фойдалардан яна бири – Аллоҳ таолога ниятни холис қилишга тарғибдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом одамларни икки қисмга бўлдилар:

Биринчи қисм одамлар амаллари билан Аллоҳнинг розилиги ва охират диёрини истаган кишилар.

Иккинчи қисм одамлар эса буткул бунинг акси. Бу дегани – Аллоҳ таолога ниятни холис қилишга тарғиб демакдир.

Ихлосга эътибор қаратиш ва унга тарғиб қилиш фарз. Чунки ихлос, бу одамларнинг яратилиш сабаби бўлмиш ўта муҳим бирламчи таянч нуқтасидир. Оллоҳ таоло шундай дейди: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.” [Зориёт: 56].

(Давоми бор.)