Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Нававийнинг қирқ ҳадисига шарҳ/Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир

5168 марта кўрилган

Муаллиф: Муҳаммад Солиҳ Усаймин
Таржимон: Ислом Нури

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Биринчи ҳадис

Мўминлар амири Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта амаллар(нинг яроқли ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур. Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, у ҳолда (чиндан ҳам)  Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлур. Кимда ким мол-дунёга эришиш, ёхуд бир аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилса, у ҳолда ўзи мақсад қилган нарсасига ҳижрат қилган бўлур” .

Ушбу ҳадисни муҳаддислар икки имоми - Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибнил Муғийра ибн Бардизба Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибнил Ҳажжож ибн Муслим Қушайрий Нисопурийлар ҳадис  китобларининг энг ишончлиси бўлмиш “Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида” ривоят қилганлар.

Шарҳ

“Мўминлар амири” – Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг кўрсатмаси билан халифалик унинг қўлига ўтди. Бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳасанотларидан бири ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифа этиб сайланиши шаръий асосга эга. Чунки уни халифа этиб тайинлаган Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса Бани Соида шийпонида саҳобаларнинг унга байъат қилиши билан халифа этиб сайланган эди. Ҳар икковларининг халифалиги шаръий асосга эгадир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттобни халифаликка ихтиёр қилиб ниҳоятда тўғри иш қилган эди.

Умар розияллоҳу анҳунинг “шундай деганларини эшитдим”, деган сўзи, унинг бу ҳадисни бевосита Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан олганига далилдир.

Ажабланарли томони шундаки, ушбу ҳадис ўта муҳим бўлишига қарамай, уни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан фақат Умар розияллоҳу анҳугина эшитганлар. Бироқ, ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи талай оят ва ҳадислар мавжуддир. Жумладан, Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай дейди:  “Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз!” [Бақара: 272],  “Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз.” [Фатҳ: 29]. Бу икки оятда ҳам ният тўғрисида сўз юритилган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: “Билгинки, сен Аллоҳнинг розилигини истаб бирон бир нафақа-эҳсон қилсанг, ҳаттоки бу хотинингни оғзига солганинг (ҳар қандай) озиқ-овқат бўлсин, албатта унинг эвазига ажр-савоб оласан” . Ҳадисдаги  “Аллоҳнинг розилигини истаб”, деган сўз ниятга далолат қилади. Муҳими, ҳадисда ифода этилган маъно Қуръон ва бошқа ҳадисларда ўз исботини топган. Ҳадис лафзини Умар розияллоҳу анҳунинг якка ўзи ривоят қилган бўлсада, бироқ уни бутун уммат бир овоздан қабул қилган. Ҳатто Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳ” асарини ушбу ҳадис билан бошлаган.

“Албатта амаллар”:

Амал дейилганда барча амалларни: қалбда бажариладиган, тилда бажариладиган ва бошқа ташқи аъзолар билан бажариладиган амалларни ўз ичига олади. Демак, бу ердаги “амаллар” сўзи амалнинг барча турларини ўз ичига қамраб олар экан.

Қалб амаллари дейилганда Аллоҳга таваккул қилиш, Унинг ўзига “инобат қилиш”, яъни қайта-қайта мурожаат қилиш, Аллоҳдан қўрқиш ва шунга ўхшаш қалбда кечадиган амаллар назарда тутилади.

Тил билан бажариладиган амаллар тилда нутқ қилиб бажариладиган амаллардир. Тилда бажариладиган амаллар бениҳоят кўпдир. Аъзолар ичида тилчалик кўп амал қиладиганини билмайман. Агар бўлса ҳам кўз ёки қулоқ бўлиши мумкин.

Ташқи аъзолар билан бажариладиган амаллар икки қўл, икки оёқ ва шу каби аъзолар бажарадиган амаллардир.

 “Албатта амаллар(нинг яроқли ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир”:  

Ниятнинг шаръий тушунчаси - Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида бирон бир ибодатни қилишга азму қарор қилишдир. Ниятнинг ўрни қалбдир. У қалбда кечадиган амал бўлиб, ташқи аъзоларнинг ниятга алоқаси йўқ.   

“Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур”:

Шу ўринда бир масала бор: юқорида зикр қилинган икки жумла, яъни  “Албатта амаллар фақат ниятларга боғлиқдир”  ва “Ҳар бир кимса учун ният қилгани  насиб қилур”  икки жумласи бир хил маънони англатадими, ёки бу иккисининг маъноси бир-биридан фарқлими?   

Аввало шуни билишимиз зарурки, аслини олганда бирон бир гап ўзидан олдинги гап мазмунини таъкидлаб келмасдан, балки алоҳида янги бир маънони англатиши лозимдир. Бу масалада уламолар икки тур фикр билдирганлар:

Биринчиси: Бу икки жумла бир хил маънода келган. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амаллар фақат ниятларга боғлиқдир”, деб, сўнгра уни “Ҳар бир кимса учун ният қилгани  насиб қилур”, деган сўзлари билан таъкидлаганлар.

Икккинчиси: Иккинчи жумла биринчисидан бошқача маънони англатади.

Бу борадаги қоида шундан иборатки, агар бирон бир гапнинг алоҳида янги маънони ифодалаши билан унинг ўзидан олдинги гап мазмунини таъкидлаб келиши ўртасида иккиланиш юзага келса, у ҳолда биз бу гапни алоҳида янги маънони англатиш учун зикр қилинганлик эҳтимолини устун қўямиз. Негаки, бу икки гап маъноси бир хил дейдиган бўлсак, у ҳолда матнда такрорлаш юзага келади ва бизда бу такрорлаш сабабини билишга эҳтиёж туғилади.

Демак, бу масаладаги тўғри фикр – бу икки жумла бир-биридан фарқли маъноларни ифода этади. Биринчи жумла ният қилинган нарса, яъни амал учун айтилган бўлса, иккинчи жумла амалнинг ким ёки нима учун қилинганлиги, яъни  бу амалдан Аллоҳнинг розилиги исталганми ёки бирон бир дунёвий мақсад учун қилинганлиги назарда тутилган. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи жумладан кейин: “Кимда ким Аллоҳ ва унинг Расулини мақсад қилиб ҳижрат қилса, у ҳолда (чиндан ҳам)  Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилган бўлур”, -деган сўзлари ҳам шу нарсага далолат қилади. Демак, бу фикрга кўра матнда такрорланиш йўқ.

Ҳадисдаги бу ниятдан мақсад – одатларни ибодатлардан  ва ибодатларни ўзини ҳам бир-биридан ажратиш.

Одатларни ибодатлардан ажратишнинг мисоли:

1-    Кимдир  шунчаки кўнгли тусаганидан бир овқатни еса, бошқа бир киши Аллоҳ таолонинг: “Ва еб-ичингизлар” [Аъроф: 31], -деган буйруғига бўйсуниб таом ейди. Улардан иккинчи кишининг ейиши ибодат бўлса, биринчисининг ейиши одатдир.

2-    Кимдир салқинлаш мақсадида ювинса, бошқа бир кимса жанобатдан покланиш мақсадида ювинади. Бу ювинишнинг биринчиси одат бўлса, иккинчиси ибодатдир. Шу боис, жанобат етган бир инсон салқинлаш мақсадида денгизга шўнғиб, сўнг намоз ўқиса, унинг бу ювиниши ғусл ўрнига ўтмайди. Чунки ғусл қилиш учун ният зарур. Ҳолбуки, бу кимса ибодатни ният қилмасдан, балки шунчаки салқинлашни мақсад қилган эди.

  Шунинг учун ҳам айрим уламолар: “Ғофил бандаларнинг ибодатлари одат, сергак зикр аҳлининг одатлари ҳам ибодатдир”, — деганлар. Ғофил бандаларнинг ибодатлари одат эканига мисол: бундай кишилар одатига кўра таҳорат олиб намоз ўқир экан, бу амали билан Аллоҳнинг амрига бўйсунаётганини кўнглидан кечирмайдилар. Сергак кишиларнинг одатлари ҳам ибодат эканига мисол, бундай инсонлардан бири таом ер экан, Аллоҳнинг амрига буйсунаётгани кўнглидан кечиради, ўз жонини ҳалокатдан сақлаш ва одамларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишдан тийилишни мақсад қилади. Оқибатда, унинг аслида одат бўлмиш бу амали ибодатга айланади. Яна бир мисол,  бир инсон янги кийим кияр экан, одамлар ичида бу кийими билан кеккайиб-гердайишни мақсад қилади. Албатта бундай кимса ажр-савоб олмайди. Бошқа бир инсон борки, янги либос кияр экан, одамларга Аллоҳнинг унга берган неъматини танитиш ва ўзининг беҳожатлигини билдиришни мақсад қилади. Албатта бундай одам савобга муяссар бўлади. Учинчи бир мисол, бир киши жума куни энг кўркам кийимларини кияди, чунки у бу кунда мана шундай қилишга одатланган. Бошқа бир одам эса жума куни энг кўркам либосларини кияр экан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга эргашишни мақсад қилади ва шундай қилиб унинг бу амали ибодатга айланади.   

Ибодатларни бир-биридан ажратишнинг мисоли

Бир киши икки ракаат намоз ўқир экан, нафл намозни ният қилади. Бошқа бир киши икки ракаат намоз ўқир экан, фарз намозни ният қилади. Шакл жиҳатдан бир хил бўлган бу икки амал ният билан бир-биридан ажралади. Бири нафл бўлса, иккинчиси фарздир. Шунингдек, қолган барча амалларни ҳам шунга қиёс қилиб олишингиз мумкин.

Демак, ниятдан мақсад – ибодатларни одатлардан ажратиш, ёхуд нафл ва фарз сингари ибодатларни бири-биридан ажратиш экан.

Шуни билингки, ниятнинг ўрни қалбдир. Шу боис, ният нутқ қилинмайди. Негаки, сиз кўз ишораси ва дилда яширинган сир-асрорларни билувчи Зотга ибодат қиласиз. Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларидаги нарсаларни тўла-тўкис билувчи Зотдир. Сиз токи ниятингизни сўзламагунча дилингиздаги нарсаларни билмайдиган зот ҳузурида турмоқчи эмассиз-ку, ахир? Аксинча, сиз кўнглингизда кечган кечинмалар, сизнинг беқарор ҳолатингизу, ўтмишу- ҳозирингизни биладиган Зот ҳузурида турмоқчисиз. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳам у зотнинг асҳоби киромлари розияллоҳу анҳумлардан ҳам ниятни талаффуз қилганликлари хусусида ҳеч нарса ривоят қилинмаган. Шунга биноан, хоҳ сирли, хоҳ ошкора тарзда бўлсин ниятни талаффуз қилмоқ бидъат ҳисобланиб, ундан қайтарилади. Бироқ, бунга қарши ўлароқ, ниятни талаффуз қилиш тил билан қалбнинг бир-бирига мос келишига ёрдам беради, деган сабабни рўкач қилишган ҳолда  айрим уламолар: “Ният ошкора нутқ қилинади”, — десалар, баъзи уламолар: “Ният сирли талаффуз қилинади”, — дедилар.

Во ажаб! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шу амални қилганми эдилар?! Агар бу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларидан бўлганида, албатта уни қилган ва одамларга баён қилган бўлур эдилар!

Айтишларича, Нажд ўлкасидан келган бир киши Масжиди Ҳаромда пешин намозини ўқимоқчи бўлиб турса, намозга иқомат айтилибди. Шу пайт у билан ёнма-ён турган, ниятни талаффуз қилиш керак, деб ўйлайдиган бир киши овоз чиқариб ният қила бошлабди: “Эй аллоҳ, албатта мен тўрт ракаатли пешин намозини Масжиди Ҳаромнинг имоми орқасида холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”. Ният қилиб бўлиб такбир айтмоқчи бўлганида Нажддан келган омий одам унга қарата: “Шошма, эй биродар, ахир санани:  кун, ой ва  йилни айтишни унутдинг-ку?!”, — деса, ҳалиги одам ҳайрон бўлиб турганмиш!

(Давоми бор)