Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Муҳаммад ибн Ҳанафийя

4492 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Муҳаммад ибн Ҳанафийя

Муҳаммад ибн Алий ибн Аби Толиб

“Алий розияллоҳу анҳудан Муҳаммад ибн Ҳанафиядан кўра кўпроқ илм олган ва кўпроқ фойдаланган бирон кишини билмайман”. (Ибн Жунайд)

Кунларнинг бирида Муҳаммад ибн Ҳанафийя билан унинг акаси Ҳасан ибн Алий аразлашиб қолишди. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафийя имом Ҳасанга мактуб йўллаб қуйидагиларни ёздилар: “Аллоҳ таоло мендан сизни афзал қилган. Онангиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодир. Менинг онам эса Ҳанийфа уруғидан бўлган бир аёлдир. Она тарафдан бўлган бобонгиз, яралмишларнинг энг афзали Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Менинг она тарафдан бобом эса Жаъфар ибн Қайсдир. Сизга ушбу мактубим етиб бориб уни ўқиганингиздан сўнг, менинг олдимга келиб орамизни ислоҳ қилишга шошилинг, шунда сиз мендан ҳар томонлама афзал бўласиз”.

Имом Ҳасан мактубни ўқигач тезда Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг уйига келиб орани очиқ қилдилар ва шу билан ораларидаги келишмовчилик барҳам топди. Бундай одоб, заковат ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлган Муҳаммад ибн Ҳанафийя ким ўзи? Келинг, унинг ҳаёт қиссасини бир бошдан кўриб чиқамиз.

Унинг қиссаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирларидан бошланади. Кунларнинг бирида Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирганларида: “Эй Расулуллоҳ, сиз ўтганингиздан сўнг Аллоҳ таоло менга ўғил фарзанд ато этса, унинг исмини сизнинг исмингиз ва кунясини сизнинг кунянгиз билан номласам нима дейсиз?” — деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, майли” — деб жавоб бердилар.

Кунлар ўтди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафийқул- Аълога етишдилар. Бир неча ойдан сўнг қизлари ва райҳоналари имом Ҳасан ва Ҳусайнларнинг онаси Фотимаи Заҳро ҳам вафот этдилар. Шундан сўнг Алий розияллоҳу анҳу Ҳанийфа қабиласига куёв бўлиб, Жаъфар ибн Қайснинг қизи Хавла Ҳанафийяга уйландилар. Ундан ўғил фарзанд кўрдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган рухсатларига кўра унинг исмини Муҳаммад, кунясини эса Абулқосим, деб қўйдилар. Бироқ, одамлар уни Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғиллари имом Ҳасан ва Ҳусайндан фарқлаш учун Муҳаммад ибн Ҳанафийя, деб чақирадиган бўлдилар. Сўнгра тарихда мана шу ном билан машҳур бўлдилар.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврининг охирларида дунёга келди. Отаси Алий ибн Аби Толибнинг қўл остида ўсиб улғайди ва у зотнинг илмий ва ҳаётий мадрасаларида таҳсил олди. Отасининг ибодатлари ва зуҳдларидан намуна олди. Унинг қувват ва шижоатларига ворис бўлди. Фасоҳат ва балоғатларини тўлиқ қабул қилиб олди. Бунинг натижаси ўлароқ Муҳаммад ибн Ҳанафийя жанг майдонида паҳлавон, катта мажлисларда минбар соҳиби ва зулмат коинотни қоплаб, кўзлар уйқуга ғарқ бўлган тунларда ибодатгўй инсон бўлиб етишди.

Жанг соатларида отаси Муҳаммад ибн Ҳанафийяни ловуллаб турган жанг майдонига киритиб юборардилар. Икки акаси Ҳасан ва Ҳусайнга юкламаган жанг машаққатларини ҳам унга юклардилар. Унинг найзаси ҳеч эгилмас, шашти ҳам ҳеч пасаймас эди. Бир куни Муҳаммад ибн Ҳанафийяга: “Нима учун дадангиз акаларингиз Ҳасан ва Ҳусайнларни қўйиб, сизни таҳликали ўринларга киритиб, оғир ишларни ҳам сизга юклайдилар?” — деб айтилганида, Муҳаммад ибн Ҳанафийя: “Менинг акаларим отамнинг икки кўзлари манзилатидадирлар, мен эса отамнинг икки қўли ўрнидаман. Отам икки кўзларини икки қўли билан сақлайдилар-да” — деб, жавоб берди.

Алий ибн Аби Толиб ва Муовия розияллоҳу анҳумолар ўрталарида бўлиб ўтган “Сиффийн” жангида Муҳаммад ибн Ҳанафийя оталарининг байроқдори бўлганлар. Жанг тегирмони айланиб, икки тарафдан ҳам одамларни янчиётган бир дамда, Муҳаммад ибн Ҳанафийя билан бир ҳодиса содир бўлган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Сиффийн маъракасида эканмиз, биз Муовия тарафдорлари билан тўқнашиб шундай жанг қилдикки, ҳатто мен — биздан ҳам улардан ҳам бирон кимса қолмаса керак, деб ўйлаб, бу ҳолни даҳшатли ва улкан бир ҳол деб ҳисобладим. Шуларни ўйлаб турганимда орқа томонимда бир кишининг: “Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳой мусулмонлар жамоаси Аллоҳдан қўрқинглар! Агар сизлар ўлиб кетсангизлар аёллар ва болаларни ким ҳимоя қилади? Дин ва ор-номусни ким сақлайди? Рум ва Дайлам (Каспий шимолидаги катта қабила)га ким қарши туради? Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, мусулмонларни қириб ташламанглар” — деб, қичқираётганини эшитиб қолдим. Ана шунда “Бугундан кейин қиличим бирон бир мусулмонга қарши кўтарилмасин” — деб, ўзимга ўзим аҳд бердим”.

Сўнг Алий розияллоҳу анҳу бир осий, золим қўл билан шаҳид қилиндилар. Хилофат Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳумонинг қўлларига ўтди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя мусулмонлар орасини ислоҳ қилиш, сўзларини бир қилиш, тарқоқликни жамлаш, Ислом ва мусулмонларнинг иззати учун енгил ва оғир дамларда ҳам эшитиб ва итоат қилишга байъат бердилар. Муовия розияллоҳу анҳу бу байъатнинг сидқидилдан, холис қилинганлигини хис қилиб, байъат соҳибига ишониб, кўнгли тўқ бўлганидан Муҳаммад ибн Ҳанафийяни ўз зиёратига чақирди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя Муовия розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиш учун Дамашққа бир неча бор ва бир неча сабабларга кўра келганлар.

Зиёратларидан бирининг сабаби қуйидагича бўлганди; Кунларнинг бирида Рум подшоҳи мўминлар амири Муовия розияллоҳу анҳуга мактуб йўллади. Мактубда қуйидагилар битилган эди: “Биз томонларда подшоҳлар ўз диёрларидаги ғаройиб нарсаларни юборишиб, бир-бирларини шодлантириб, қайси бирларининг қўл остидагиларнинг қилган иши ғаройиброқ эканида бир-бирлари билан мусобақалашиб турадилар. Шу иш иккимиз ўртамизда ҳам бўлишига ижозат берасизми?”. Муовия розияллоҳу анҳу таклифга ижобий жавоб қайтариб, рухсат бердилар.

Рум подшоҳи ўзидаги ғаройиб кишилардан иккитасини юборди. Уларнинг бири ҳаддан ташқари узун бўйли, ўта барваста, баҳайбат бўлиб, гўё у одам эмас, балки бамисоли ўрмондаги улкан дарахт ёки бир бино каби, иккинчиси эса ниҳоятда бақувват, кучли, темир каби метин бўлиб, худди йиртқич ҳайвонга ўхшар эди.

Рум подшоҳи бу иккиси билан ўз мактубини ҳам юборибди. Унда қуйидагилар битилган экан: “Мамлакатингизда узунлик ва қувватда мана шу иккисига тенг келадигани борми?”.

Муовия розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумога: “Бўйда уларнинг новчасига тенг келадиган, балки ундан-да узунроқ кишини биламан, у Қайс ибн Саъд ибн Убода. Аммо кучлигига келсак, сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман”.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо: “Мен бунга тенг келадиган икки кишини биламан, бироқ уларнинг ҳар иккиси сиздан узоқда, Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва Абдуллоҳ ибн Зубайр”.

Муовия розияллоҳу анҳу: “Муҳаммад ибн Ҳанафийя биздан узоқ эмас”.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: “Лекин, Муҳаммад ибн Ҳанафийя шунча қадр-қиммати ва олий мартабаси билан, одамлар олдида “Рум”лик бир киши билан куч синашишга рози бўлади, деб ўйлайсизми?”.

Муовия розияллоҳу анҳу: “Исломни азиз қилиш учун бўлса нафақат буни, бундан-да кўпроғини ҳам қилади, деб ўйлайман”.

Муовия розияллоҳу анҳу Қайс ибн Саъд ибн Убода билан Муҳаммад ибн Ҳанафийяни чақиртирдилар. Ҳамма йиғилиб беллашувчилар ҳам ҳозир бўлгач, Қайс ибн Саъд ўринларидан туриб шалварларини ечдилар ва “Рум”лик новчага узатиб кийишга буюрдилар. Румлик баҳайбат шалварни кийган эди, у унинг кўкрагидан келди ва роса кулгига қолди. Одамлар бу ҳолни кўриб мириқиб кулдилар.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя эса таржимонга қараб: “Бу Румликка айт, агар хоҳласа у ўтирган ҳолда, мен эса тик ҳолда қўл бериб тортишамиз, ё у мени ўзига тортиб ўтқазиб қўяди ва ё мен уни тиклаб қўяман. Хоҳласа бунинг аксини танласин, мен ўтирган, у эса тик ҳолда”. Румлик полвон ўтирган ҳолатни танлади. Беллашув бошланди. Румлик полвон Муҳаммад ибн Ҳанафийяни тортиб ўтқазиб қўя олмади, аксинча Муҳаммад ибн Ҳанафийя уни бир тортиб тик тургазиб қўйдилар. Румлик полвоннинг ҳамияти қўзиб, энди у турган ҳолатда, Муҳаммад ибн Ҳанафийя эса ўтирган ҳолатда бўлишни талаб қилди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўтирган ҳолатда Румлик полвоннинг қўлидан ушлаб шундай қаттиқ тортдиларки, унинг қўлини чиқариб юборишларига оз қолди ва уни ерга ўтқазиб қўйдилар. Шундай қилиб Румлик икки “ғароиб” ўз подшоҳларининг ҳузурига шарманда бўлиб, мағлуб ҳолда қайтдилар”.

Сўнг яна кунлар ўтди. Халифалардан Муовия розияллоҳу анҳу, Язид ва Марвон ибн Ҳакамлар фоний ҳаётни тарк этиб, боқий ҳаётга сафар қилдилар. Умавийлардан халифа этиб Абдулмалик ибн Марвон тайинланди. У ўзини мусулмонлар халифаси деб эълон қилди. Унга Шом аҳли байъат берди. Аммо Ҳижоз ва Ироқ аҳли Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат беришди. Ҳар икки даъвогар ҳам ўзига байъат қилмаганларни байъат қилишга чақирар ва халифаликка ўзини ҳақлироқ эканини одамларга уқтиришга уринар эди.

Шундай қилиб мусулмонлар сафи яна иккига ажралиб қолди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳижоз аҳли байъат қилганидек Муҳаммад ибн Ҳанафийя ҳам унга байъат қилишини талаб қилди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя кимнидир байъат қилиши байъат қилинган одамга нисбатан ўзининг зиммасига бир қанча ҳақ-ҳуқуқларни юклашини яхши билар эди. Жумладан: Байъат қилинган кишини ҳимоя қилиб, уни қўллаб-қувватлаб унга мухолиф бўлганларга қарши қилич кўтариш. Ҳолбуки, унга мухолифлар ҳам, ўзларича ижтиҳод қилиб ундан бошқага байъат берган мусулмонлардир. Ақлли, баркамол одам “Сиффийн” кунини асло ёдидан чиқармайди. Узоқ йиллар ўтишига қарамай Муҳаммад ибн Ҳанафийя “Сиффийн” кунидаги ўз қулоқлари билан эшитган ўша бўғилган, вазмин ва ҳазин нидони асло унута олмайди: “Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳой мусулмонлар жамоаси Аллоҳдан қўрқинглар! Агар сизлар ўлиб кетсангизлар аёллар ва болаларни ким ҳимоя қилади? Дин ва ор-номусни ким сақлайди? Рум ва Дайлам (Каспий шимолидаги катта қабила)га ким қарши туради? Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, мусулмонларни қириб ташламанглар”. Ҳа, бу сўзлар унинг ёдидан чиққан эмас. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафийя Абдуллоҳ ибн Зубайрга: “Ўзингиз яхши биласиз, хилофат ишида менинг бирон илинжим ва истагим йўқ. Мен мусулмонларнинг бириман, холос. Агар ҳамма мусулмонларнинг сўзи бир жойдан чиқиб, уларнинг барчалари сизга ёки Абдулмаликка байъат берсалар, мен ҳам мусулмонлар иттифоқ бўлган кишига байъат бераман. Аммо ҳозир сизга ҳам унга ҳам байъат бермайман. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр Муҳаммад ибн Ҳанафийяга баъзида борди-келди қилиб яхши муомала қилса, баъзида эса алоқа қилмай ва ё дағал муомала қиладиган бўлиб қолди.

Кундан-кун Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг фикрига қўшилганлар сони кўпайди ва унинг атрофида жамланиб, уни ўзларига етакчи қилиб олдилар. Фитнадан ўзларини четга олган ва ўзларини фитна оловига ўтин қилиб қўйишдан бош тортганлар сони етти мингга етди. Муҳаммад ибн Ҳанафийяга эргашувчилар кўпайгани сари, Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳам ғазаби зиёда бўлар ва байъат қилишини қаттиқ туриб талаб қилар эди. Уларнинг байъат қилишларидан ноумид бўлгач, Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва у билан бирга бўлган Бану Ҳошим ва бошқа қабилалардан бўлганларни Маккадаги икки тоғ орасидаги жойларидан чиқмай ўша ерда туришга амр қилди ва уларга пойлоқчилар ҳам тайинлади.

Сўнг уларга: “Аллоҳга қасамки, байъат берасизлар ёки бўлмаса ҳаммангизни ўтда куйдираман” — деб, дағдаға қилди. Кейин уларни ўз уйларига қамаб қўйди. Ўтин тўплатиб, ўтин билан уйларининг атрофини ўраб чиқди. Ўтин кўплигидан девор бўйи бўлиб кетди. Агар бир дона ўтинни ёқиб юборса ҳаммалари олов остида қолиб кетар эдилар. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг ҳузурига атбоъларидан бир жамоа келиб: “Рухсат беринг, биз Ибн Зубайр билан жанг қилиб, одамларни ундан халос этайлик” — дедилар. Муҳаммад ибн Ҳанафийя: “Биз аралашиб қолмайлик, деб четланганимиз фитна оловини энди ўз қўлимиз билан ёқамизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси ва саҳобасининг ўғли билан жанг қиламизми?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва Унинг Расули ғазаб қиладиган ишни асло қилмаймиз”— деб, жавоб берди.

Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва унинг ҳамфикрлари Абдуллоҳ ибн Зубайрдан кўраётган қаттиқликлар хабари етганида, уларни ўзига мойил қилиш учун бу фурсатни ғанимат билиб, чопар орқали бир мактуб юборди. Агар у бу мактубни ўз ўғилларидан бирига ёзганда ҳам бу даражада мулойим ва илиқ бўлмаган бўларди: “Ибн Зубайрнинг сизга ва биродарларингизга тазйиқ қилаётгани, сиздан қариндошлик риштасини узгани ва қадрингизга етмаётгани ҳақидаги хабар менга етиб келди. Мана, Шом ерлари сиз ва биродарларингиз учун очиқ. Келсангиз, қучоғимизни очиб кутиб оламиз. Хоҳлаган ерингизга келиб жойлашинг, ўзингизга муносиб яқинлар топасиз ва яхши қўшниларга эга бўласиз. Бизларни сизнинг қадр-қийматингизни билувчи, фазл-шарафингизни қадрловчи ва қариндош-уруғчилик риштасини боғловчи эканимизни кўрасиз иншааллоҳ”.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўз сафдошлари билан бирга Шом ерларига йўлга чиқди. “Убла” (ҳозирда Эйлат) шаҳрига етганларида, шу ерни ўзларига макон қилиб, ўрнашдилар. Шаҳар аҳолиси уларни иззат-икром билан кутиб олдилар, яхши жойларга жойлаштириб, яхши қўшничилик қилдилар. Улар Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг ибодати ва чин зоҳидлигини кўриб уни севиб қолдилар. Уни олқишлаб, ҳурмат кўрсатдилар. Ўз ўрнида Муҳаммад ибн Ҳанафийя ҳам уларни яхшиликка бошлаб, ёмонликдан қайтарар, улар ичида дин шиорларини қоим қилар, уларнинг ўрталарини ислоҳ этар, бирон кимсани бировга зулм қилишига йўл қўймас эди.

Бу хабар Абдулмалик ибн Марвонга етганида унга маъқул келмади ва ҳавотирланиб ўз мулозимларига маслаҳат солди. Улар: “Унга ўз мамлакатингизда қолишига изн беришингизни тўғри, деб билмаймиз. Унинг қандай инсон эканини ўзингиз яхши биласиз, ё сизга байъат берсин ёки юртига қайтиб кетсин”.

Машваратдан таъсирланган Абдулмалик Муҳаммад ибн Ҳанафийяга хат ёзиб юборди: “Сиз бизнинг диёримизга келиб, унинг бир четига жойлашдингиз. Мен билан Абдуллоҳ ибн Зубайр ўртасидаги уруш эса ҳали ҳам давом этмоқда. Сиз мусулмонлар орасида обрў-эътиборли инсонсиз. Модомики бизнинг ерларимизда турар экансиз, менга байъат қилишингизни маъқул, деб билдим. Менга байъат қилсангиз, кечагина “Қалзам” портидан келган юзта кемани ичидаги барча нарсалари ва одамлари билан сизга ҳадя қиламан. Бунга қўшимча сизга миллион дирҳам нақд ҳамда ўзингиз, фарзандларингиз, қариндошларингиз, қўл-остингиздагилар ва мавлоларингизга ўзингиз белгилайдиган атолар берилади. Агар бош тортсангиз, унда менинг қўл-остимда бўлмаган ерларга кўчиб кетинг”.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя унга шундай жавоб хати ёзадилар: “Муҳаммад ибн Алидан Абдулмалик ибн Марвонга. Ассаламу алайкум. Мен Ундан ўзга ҳақ маъбуд бўлмаган Аллоҳга ҳамд-у сано айтаман. Аммо баъд... Сен мендан хавфсираётган кўринасан, сен менинг хилофатга нисбатан тутган ўрнимни яхши биласан, деб ўйлагандим. Аллоҳга қасамки, бир дона қишлоқдан бошқа барча уммат менга байъат қилишга жамланса ҳам мен бу ишни қабул қилмайман ва ўша бош тортган қишлоқ аҳлига уруш ҳам очмайман. Маккага борганимда Абдуллоҳ ибн Зубайр уни байъат қилишимни истади. Мен бош тортгандим, менга яхши муомалада бўлмади. Шу вақтда сен ўзинг менга мактуб йўллаб, Шом диёрига кўчиб келиб шу ерларда яшашимга даъват этдинг. Салтанатинг марказидан узоқлиги ҳамда нарҳ-навосининг арзонлиги боис, сенга қарашли ерларнинг энг чеккасидаги бир шаҳарга келиб жойлашдик. Энди сен менга мана бу хатни ёзибсан. Биз сенинг ерингдан кетамиз, иншааллоҳ”.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўз аҳли ва одамлари билан Шом диёридан чиқиб кетдилар. Йўлда қаерга бориб тушсалар, тезда чиқиб кетишларини талаб қилинар эди. Мана шу ғам-ташвиш етмаганидай Аллоҳ таоло яна бир бундан-да қаттиқроқ, таҳаммули оғирроқ синов билан имтиҳон қилди. Унга эргашганлардан бир қанча иймони заиф ва нодон кишилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом Алий ва унинг оиласининг қалбига кўпгина илм-асрорларни, дин қоидаларини ва шариат хазиналарини жойлаб кетганлар, ул зот аҳли байтни, бошқаларга билдирмаган нарсалар билан хослаганлар”, деган гапларни айта бошладилар.

Муҳаммад ибн Ҳанафийядек оқил, доно, фаҳм-фаросатли олим бу сўз ичида яширинган ҳақдан тойиш ва залолатни ҳамда бу нарса Ислом ва мусулмонларга қанчалик зарар ва хатар эканини дарҳол идрок этдилар. Шунинг учун Муҳаммад ибн Ҳанафийя одамларни тўпладилар ва Аллоҳга ҳамд-у сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар айтганларидан сўнг шундай дедилар: “Айрим кишилар бизларда яъни аҳли байтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бирон бир одамга билдирмаган, фақат бизларга билдирган хос илм бор, деб даъво қилмоқда эканлар. Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шу Қуръондан бошқа нарсани олмаганмиз. Кимки бизда Аллоҳнинг Китобидан бошқа, биз ўқийдиган хос нарсалар бор, деб даъво қилса, ёлғон гапирибди”.

Муҳаммад ибн Ҳанафийяга баъзи атбоълари: “Ассалому алайка, ё Маҳдий”, деб салом берсалар. “Ҳа, мен тўғри йўлга йўлланган маҳдийман, иншааллоҳ сизлар ҳам тўғри йўлга йўлланасизлар. Фақат, салом берсангизлар исмимни айтиб: “Ассалому алайка, ё Муҳаммад”, деб, салом беринглар” — дер эди.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва у билан бирга бўлганлар, қаерга бориб ўрнашсак экан, деб ҳайрон бўлишлари узоқ чўзилмади. Сабаби Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилгач, барча мусулмонлар Абдулмалик ибн Марвонга байъат бердилар. Муҳаммад ибн Ҳанафийя ҳам Абдулмалик ибн Марвонга хат йўллаб байъат берганини эълон қилди: “Мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Ҳанафийядан. Аммо баъд... Хилофат иши сен тарафга ҳал бўлиб, одамлар сенга байъат берганликларини кўргач, мен ҳам шулардан бири ўлароқ, сенга Ҳижоздаги волийинг орқали байъат бердим. Бу байъатимни мана шу мактуб орқали сенга юбордим. Вассаламу алайка”.

Абдулмалик ибн Марвон Муҳаммад ибн Ҳанафийядан келган мактубни мулозимларига ўқиб берди. Улар: “Агар у қарши чиқишни ирода қилса ва рози бўлмай, ишни бузаман деса, албатта қўлидан келар эди, сиз эса унга қарши бирон чора топа олмас эдингиз. Шунинг учун унга, у ва у билан бирга бўлганларни асло безовта қилмайдиган, ранжитмайдиган ва Аллоҳ ва Расулининг омонлиги битилган аҳд мактубини йўлланг”, деб, маслаҳат бердилар. Абдулмалик ибн Марвон маслаҳатга кўра шундай мактуб юборди. Ҳажжожга ҳам мактуб йўллаб, Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг ҳурматини жойига қўйиш, унга зиёда иззат-икром кўрсатишга амр қилди. Бироқ, Муҳаммад ибн Ҳанафийя шундан кейин кўп яшамади.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Ҳанафийянинг қабрини мунаввар айласин, Жаннатда руҳларини шод қилсин. Дарҳақиқат Муҳаммад ибн Ҳанафийя ер юзида зулму-зўравонлик, бузғунчилик қилишни ва одамлар устидан олий бўлишни истмайдиган кишилардан эди.