Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга шундай ўргатди (2-қисм/2)

2792 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Мўминлар ўртасида ўзаро бирлашиш ва аҳилликнинг зарурлиги


Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, мўминлар ўртасидаги ўзаро бирлашиш ва аҳиллик — қувват, тарқоқлик ва парчаланиш эса заифликдир. Инсон ёлғиз ўзи озчиликдир, биродарлари билан эса кўпчиликдир.

Умар розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бандага Ислом неъматидан сўнг унга Аллоҳни эслатадиган солиҳ дўстдан кўра яхшироқ инъом берилмаган. Агар биронтангиз дўстидан меҳр-муҳаббат ва садоқат кўрса уни маҳкам тутсин”.

Бундай дўстни бамисоли бахил кимса мол-дунёсини маҳкам тутгани сингари маҳкам тутинг, уни қўлдан бой берманг, ана ўшанда ютуқ сизники.

Ҳасан роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Дўстларимиз бизга хотин ва фарзандларимиздан кўра суюклироқдир. Чунки аҳли – оиламиз бизга дунёни эслатади, дўстларимиз эса бизга охиратни эслатадилар ва дунёдаги оғир кунларда бизга кўмакдош бўладилар”.

Умар розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Аллоҳга қасамки, худди ширин мевалар танлаб олингани каби, мен учун ширин сўзларни танлаб оладиган биродарларим бўлмаганида, ҳозироқ Аллоҳга йўлиқишни хоҳлар эдим”.

Чумолилардан бир тўдаси бир туяга дуч келиб қолибдилар. Улардан айримлари: “Туянинг йўлидан тарқалинглар, туёғи билан сизларни янчиб кетмасин” — дебди. Уларнинг ичидан оқил бир чумоли эса шундай дебди: “Барчангиз туяга қарши тўплансангиз уни қатл қилурсизлар”.


Бирлашган ўзар бирлашмаган тўзар.


Яхлит бино.. яхлит тана.. яхлит уммат


Агар Хитойдаги бир минорада азоннинг “Аллоҳу Акбар” — деган сўзлари айтилса, ғарбда намозхонларнинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” — деган сўзларини эшитасиз.

“Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга ва Пайғамбар суннатига) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди.” [Оли Имрон: 103].


Вақтни ғанимат билиш ва уни тоат-ибодатларга сарфлашнинг аҳамияти


Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, тоат-ибодатдаги фурсатларни қўлдан бой бермаслик керак экан. Зеро, ҳар бир ҳаракатланувчи нарсанинг ҳаракатдан тўхташи ва ҳар бир келувчи нарсанинг кетиши бор. Абу Бакрни Аллоҳ Ўз раҳмати олиб, ундан рози бўлсин. “Саҳиҳи Муслим” да ривоят қилинишича, кунлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига қарата: “Сизлардан қай бирингиз бугун рўзадор ҳолатида тонг оттирди?”— деганларида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”— дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бирингиз бугун дафн маросимига қатнашди?” — десалар, Абу Бакр яна: “Мен” —дейди. “Қай бирингиз бугун касал зиёрат қилди” — десалар, Абу Бакр: “Мен” — дейди. “Қай бирингиз бугун мискинга садақа қилди?” — десалар, Абу Бакр яна: “Мен” — дея жавоб қилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу хислатларнинг барчаси қайси бир кишида жамланса, албатта у жаннатга киргай” — дейдилар”.


Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тоат-ибодатдаги ташаббускорлигидан намуналар


Абу Бакр розияллоҳу анҳу эндигина Исломни қабул қилган пайтлар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиқиб, орадан кўп ўтмай Ислом умматининг жанговор бўлинмаларидан дастлабки бўлинмани бошлаб қайтиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтар экан, жаннатга кириши ҳақида башорат берилган ўн кишининг олтитасини ўзига эргаштириб қайтди. Қиёмат куни бу кишилар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг яхши амаллари саҳифасига битилган бўлади. Қарангки, айримларимиз йигирма, ўттиз, олтмиш, балки юз йил умр кўрсада, Аллоҳ таоло унинг қўлида, у сабабли бирон бир кишини ҳидоятламайди. Заифлик ва камчиликларимиздан ёлғиз Аллоҳга шикоят қиламиз. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ташаббускорлиги фақат бугина эмас. Кунларнинг бирида Абу Бакр розияллоҳу анҳу Макканинг қайноқ қумларида қийноққа солинаётган Билол розияллоҳу анҳунинг олдидан ўтиб қолади. Қаттиқ азобланаётганлигига қарамасдан тилидан “Аҳад! Аҳад!” сўзи тушмас эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга хитоб қилиб: “Ёлғиз ва ягона зот бўлмиш Аллоҳ сенга нажот берсин”— дейди. У Билол розияллоҳу анҳу сингари заиф ва чорасиз кишилар динларида фитнага дучор бўлмаслиги учун уларни бу қийноқлардан қутқаришни катта бир фурсат, деб билди. Умайя ибн Халафнинг олдига келади ва унга қарата: “Билолни менга сотасанми?”—дейди. “Сенга сотганим бўлсин," — дейди Умайя, унда бирон яхшилик йўқ”. Абу Бакр Билолни Умайядан беш “уқийя” вазндаги тилла эвазига сотиб олади. Беш “уқийя”ни қўлига олар экан: “Агар бир “уқийя”дан ортиғига рози бўлмаганингда ҳам Билолни сенга сотиб юборардим” — деди Умайя. Бу гапни эшитган Абу Бакр: “Эй Умайя, Аллоҳга қасамки, агар юз “уқийя”дан камига рози бўлмаганингда ҳам Билолни сендан сотиб олган бўлар эдим”—дея жавоб қилади. Негаки, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Умайя ва унга ўхшаш кўплаб инсонларда бўлмаган тарози ва ўлчовлари бор эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг отаси унга: “Агар мол-давлатингни шунчалик сарфлагинг келган бўлса, кучли, обрў-эътиборли кишиларга сарфла, оғир кунларингда сенга нафи тегсин” — дер эди. Абу Бакр эса: “Эй отажон, менинг ўз мақсадларим бор”— дер эди. Хўш, Абу Бакр розияллоҳу анҳу нимани мақсад қилган эди? У Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани, Аллоҳнинг розилиги ва охират диёрини мақсад қилган эди. Айрим одамлар: “Абу Бакр бу ишни Билолга миннатдорчилик изҳор қилиш, Билолнинг унга қилган яхшилигини қайтариш учунгина шундай қилди” — дедилар. Шунда Аллоҳ таоло етти осмон устидан туриб, Ўзи бу бўҳтонга рад жавобини берди: “У (тақводор зот) ҳузурида — зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. (Яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун ҳайр-саҳоват кўрсатмайди). У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг юзини ва ризолигини истаб (мол-давлатини сарф қилур). Яқинда (Рабби унга ато этадиган мукофот — жаннат неъматларидан) рози бўлур.” [Ал-Лайл: 19-21]. Аллоҳ Абу Бакрдан рози бўлсин ва уни Ўзи рози қилсин! Дарҳақиқат, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳар қандай тоат-ибодатларда бошқалардан биринчи ва пешқадам инсон бўлган эди.

Хайсама ибн Ҳориснинг Саъд ибн Хайсама ибн Ҳорис исмли ўғли бор эди. Мусулмонлар Бадр жангига чиқишга, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга отланар эканлар, Хайсама ўғли Саъдни чақириб шундай деди: “Эй ўғлим, биласан, аёлларни ҳимоя қиладиган ҳеч ким қолмаяпти, шунинг учун сени аёллар билан қолишингни истайман”. Ёш йигит Саъд бу жангни Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун такрорланмас бир фурсат деб билди. Саъд отасининг гапига жавобан шундай деди: “Эй отажон, Аллоҳга қасамки, мен аёллар билан қолмайман. Аёлларни ҳимоя қиладиган Рабби бор. Аллоҳга қасамки, дунёда сиздан бошқа ортиқ кўрадиган нарсам йўқ. Эй отажон, Аллоҳга қасамки, агар жаннатдан бошқа нарса бўлганида уни сизга илинган бўлар эдим. Бироқ, бу жаннатдир, Аллоҳга қасамки, мен уни ҳеч кимга бериб қўймайман. Шундай қилиб Саъд жиҳодга кетиб, кекса отаси Хайсамани аёллар билан қолдирди. Саъд Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани умид қилиб жангга отланди ва Аллоҳ йўлида шаҳид бўлди. Аллоҳнинг изни ила уни шаҳидлардан деб ҳисоблаймиз, бирон кимсани Аллоҳнинг зиммасида покламаймиз. Саъднинг отаси кейинчалик шундай дейди: “Аллоҳга қасамки, Саъд мендан кўра ақллироқ экан, мен қолиб у шаҳидликка эришди. Ўтган кеча уни тушимда кўрдим. У жаннат анҳорлари ва боғларида сайр қилиб юрган экан. У менга қараб: “Эй отажон, бизга етиб олинг. Дарҳақиқат, биз Парвардигоримиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканлигини кўрдик”— деди”.


Табук жангидаги Абу Хайсаманинг тутган ўрни


Табук жангида Абу Хайсама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолган эди. Унинг икки хотини бор бўлиб, кунлардан бирида уларнинг ҳузурига борди. Улардан ҳар бири айвонига сув сепган, Абу Хайсамани келишига совуқ сув ва овқат ҳозирлаган эди. Буни кўрган Абу Хайсаманинг кўзларига ёш қалқиди: “Э воҳ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жазирама иссиқ ва гармселда юрсалар-у, Абу Хайсама соя-салқинда муздек сув ичиб ўтирса-я! Аллоҳга қасамки, бу инсофдан эмас”.

Табук жангига қатнашишни шундай фурсат деб билдики, агар бу фурсатни ўткизиб юборса мунофиқлар сафидан ўрин олажагига кўзи етди. Шундан сўнг Абу Хайсама: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олмагунимга қадар ҳеч нарса татимайман” – дея қасам ичди. Сафар анжомларини ва уловини ҳозирлади. Саъд ҳалокатли, ғўр ҳам, зўр ҳам адашадиган бепоён саҳрода якка ўзи йўлга чиқди.

Табукка яқин қолганда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб олди. Уни узоқдан кўрган одамлар: “Бир улов минган киши биз томонга келяпти, эй Расулуллоҳ” — дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ишқилиб, Абу Хайсама бўлгин! Абу Хайсама бўлгин!” — дедилар. Саҳобалар: “У Абу Хайсама экан”— дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига дуо қилдилар. Шундай қилиб Абу Хайсама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларига мушарраф бўлди. Бу қандай шараф, бу қандай муваффақият!


Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг Аллоҳ динига даъват қилиш борасидаги пешқадамлиги


Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ эзгулик соҳасида илғор, Аллоҳ таолога тоат- ибодат қилиш борасида бирон бир фурсатни зое қилмайдиган кишилар сирасидан эди. “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир.” [Юсуф: 111]. Ҳасан Басрий замонасидаги ҳокимлардан бири Восит шаҳрида ўзига атаб ҳашаматли қаср қуриб, уни ниҳоятда нақш ва безаклар ила зийнатлади. Сўнгра бу иморатни томоша қилиш ва иморат соҳибининг ҳаққига дуо қилиш учун одамларни таклиф қилди. Барча одамлар йиғилган пайтда Ҳасан Басрий бу дамни уларга панд-насиҳат қилиш, уларга Аллоҳни эслатиш ва уларнинг дунёга бўлган иштиёқини сусайтириб, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсаларга рағбатлантириш учун қулай бир фурсат деб билди. Шундай қилиб Ҳасан Басрий бу йиғинга шошилди ва у ерга етиб боргач, одамлар орасида туриб Аллоҳга ҳамд-сано айтиб гап бошлади. Ҳозир бўлган барча одамларнинг кўзлари Ҳасан Басрийга тикилди, қалблар унга диққат билан қулоқ солди. У жумладан шундай деди: “Дарҳақиқат, сизлар ярамасларнинг ярамаси қурган бу иморатни томоша қилдингиз. Биз Фиръавннинг бунинг қурган иморатидан баланд иморатлар ва юксак қасрлар қурганини биламиз. Ахир, Фиръавн: “Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?!” — демаганмиди? Оқибат Аллоҳ таоло бу дарёларни унинг боши устидан оқизиб, уни сувда ғарқ қилмадими?! Кошкийди, бу одам осмон аҳли уни ёмон кўрганлиги ва ер аҳли уни ёлғондан мақташганини билганида...”. Шундай қилиб Ҳасан Басрий панд-насиҳатга берилиб кетди, ҳаттоки, айрим ҳозир бўлганлар бу гаплар ҳокимнинг қулоғига етиб борса Ҳасан Басрийнинг ҳоли не кечишини ўйлаб унга раҳми келиб, ачина бошлади. Улар: “Эй Абу Саид, бўлди, етар!”— дедилар. “Йўқ, Аллоҳга қасамки! Ахир, Аллоҳ таоло илм аҳлидан ҳақни инсонларга баён қилурсиз ва уни яширмагайсиз, деб аҳду-паймон олган: “Кимики бирон илмни яширса, Аллоҳ уни (охиратда) оловдан бўлган тизгин билан жиловлайди”. Бу гапларни ҳокимнинг ўзи ҳам эшитади. Ғазаб отига минган ҳоким аъёнлари олдига кириб келиб шундай дейди: “Ер юткурлар! Басра аҳли қулларидан бири келиб биз тўғримизда оғзига келганини гапирса-ю, уни тийиб қўядиган ёки эътироз билдирадиган бир одам топилмаса! Қараб турларинг, эй қўрқоқлар, Аллоҳга қасамки, мен сенларга унинг қонини ичирмасамми!”. Шундан сўнг ҳоким қилич, жаллод ва устида одам қатл қилиш учун ишлатиладиган тери сурпа келтиришларини, шунингдек, Ҳасан роҳимаҳуллоҳни ҳам ҳузурига чақиришларини буюради. Ҳасан Басрий келадилар, қилич ва жаллодни кўрган пайтларида бир нарсаларни айтиб пичирлайдилар, бироқ соқчи ва аъёнлар унинг сўзларини англай олмайдилар. Ҳасан Басрий аввалдан Аллоҳдан қўрққани учун ҳоким ҳузурига кириб келар эканлар Аллоҳ таоло ҳамманинг қалбига унга нисбатан ҳайбат ва қўрқув солиб қўйди. Унинг кириб келаётганини кўрган ҳоким ўрнидан туриб Ҳасан Барсий роҳимаҳуллоҳни “Хуш келибсиз, имом ҳазратлари”, — дея илиқ кутиб олди ва “Бу ерга ўтирсинлар, бу ерга ўтирсинлар, эй Абу Саид” — дея уни ўзининг курсисига ўтқизиб, ўзи эса унинг ёнбошига ўтирди. Ҳоким ундан айрим саволларни сўрагач, унинг соқолига хушбўйлик суртар экан шундай деди: “Эй Абу Саид, сиз олимларнинг энг билимдонисиз! Майли, яхши боринг!”. Ҳасан Басрий ҳоким мажлисидан чиққач, соқчилардан бири унинг ортидан етиб келиб унга шундай деди: “Аллоҳга қасамки, ҳоким сизни бундан бошқа нарса учун чақиртирган эди. Ажабо, сиз кираётганингизда нима деб дуо қилувдингиз?”. “Мени ўз ҳолимга қўй” — дедилар Ҳасан роҳимаҳуллоҳ. “Аллоҳ номи ила сўрайман, сиз унинг ҳузурига кириб келаётиб нима дуо қилдингиз?”— деди ҳалиги соқчи. Шунда Ҳасан Басрий деди: “Мен унинг ҳузурига кирар эканман шундай дуо қилдим: “Эй менга неъмат берувчи, бошимга мусибат тушганда менга бошпана берувчи Зот! Иброҳим алайҳиссаломга оловни (куйдирмайдиган, аксинча) омонлик ва салқин қилганингдек, мен учун бу ҳокимнинг азобини ҳам омонлик ва хайрли қилгин!”. Ҳасан Басрий Аллоҳ билан боғланди ва одамларга панд-насиҳат қилиш учун яратилган бу қулай фурсатни зое қилмади. Аллоҳ таоло ҳам унинг содиқлигини билди ва унга нажот бериб, ҳокимнинг зулмидан қутқарди, уни ҳифзу-ҳимоясида асради: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақловчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир”. [Юсуф: 64].

Азизлар, бу ҳаёт фурсатлардан иборат, бу фурсатларни ғанимат билган кимса муваффақиятга эришади, бу фурсатларни қўлдан бой берган, зое қилган киши эса муҳаққақ зиён кўради: “Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир.” [Ҳадид: 20].


Шамолинг эсганда ғанимат билгин,
Яъни, то ҳаётсан фойдалан ундин.
Зеро дукуллаган ҳар қандай юрак
Уришдан тўхтайди бир кунмас бир кун.


Ғафлатда қолмагин қилмоқдан эҳсон,
Билмайсан бу юрак тўхтайди қачон.
Туянг сут берганда тезроқ соғиб ол,
Сут доим бўлиши бу ҳам даргумон.


Кексайган чоғингда худди навқирон
Йигитдек бўлишни исташинг ёмон.
Нафсу ҳаво, кўнгил алдабди сени,
Жулдур кийим бўлмас янги ҳеч қачон.


Инсон аввало ўз камчиликларини тузатиши лозим


Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, инсон имкон қадар бошқаларнинг айбини қидирмаслиги, аксинча ўз камчиликларини тузатиш билан машғул бўлмоғи лозимдир. Дарҳақиқат, инсоннинг ўзида камчилик бўла туриб бошқалардан айб қидириши катта гуноҳ ва айни пайтда уятли бир ҳолатдир.


Топилмас барча хулқ-атвори мақтовли кимса
Айб-нуқсонин адоғи бўлмоқ инсонга шараф
Борми асло айбсиз, ёмон иш қилмаган кимса
Ёхуд қилган иши ҳасаноту, билгани шараф

Халифа Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ кенгаш мажлиси иштирокчиларини ўта эҳтиёткорлик билан саралаб олар, уларнинг олдиларига бир қанча талабларни қўяр эди. Жумладан, уларга то унинг мажлисидан тарқалгунларига қадар бирон кимсани ғийбат қилмаслик ва айбламаслик талабини қўяр эди.

Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ агар у иштирок этган йиғинда бирон кимсанинг ёмон иш қилганлиги тилга олинса, дарҳол у киши ҳақида билган энг яхши амални зикр қилишга ошиқар ва шу тарзда унинг обрў-эътиборини ҳимоя қилар эди. Кунлардан бирида ҳамсуҳбатларидан бирининг Ҳажжож оламдан ўтгач, уни ҳақоратлаётганини эшитди. Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ ғазабланган ҳолда унга ўгирилди ва шундай деди: “Тилингни тий, эй жиян! Ҳажжож Парвардигорининг ҳузурига кетди. Сен Аллоҳнинг ҳузурига борганингда дунёда содир этган энг арзимас гуноҳингни Ҳажжож содир этган энг улкан гуноҳдан ҳам оғирроқ эканини кўрасан. Ўша пайтда сиз иккингизнинг ҳам ўзига яраша ташвиши бўлади. Эй жиян! Шуни яхши билгинки, Аллоҳ таоло Ҳажжож зулм қилган кишиларга ундан қасос олиб берганидек, Ҳажжожга ҳам унга зулм қилган кишилардан қасос олиб беради. Бугундан эътиборан бировларни айблаш билан ўзингни машғул қилма, бирон кимсанинг айб-нуқсонини қидирма”.

Айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолар.

Эй ўзида айб-нуқсон бўла туриб ўзгаларни айблаган инсон! Аллоҳдан тақво қил! Мусулмонларнинг обрў-эътиборига тил теккизиш инсонни дўзахга етаклайди. Уламолар эса мусулмонлар ичидаги энг обрў-эътиборли ва ҳурматга сазовор кишилардир. Уларни ғийбат қилиш, обрўсига путур еткизиш катта гуноҳ. Зеро, уламоларнинг гўшти заҳарли, Аллоҳ таолонинг уларни ҳақоратлаган, камситган кишиларни шарманда қилиши хусусидаги одати маълумдир. Кимики уламоларни ҳақоратлашда тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни ўлимидан олдин қалбининг ўлиши билан кулфатлайди.

Дарвоқе, айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолади. Шундай экан, дўстларингизга доимо ризо ва қаноат кўзи билан боқинг.


Ризо ва қаноат кўзи билан боқ,
Кўрмайсан атрофда ҳеч қандай нуқсон,
Дунё қоронғудир, зимистон ҳар ёқ,
Гар нафратла нигоҳ ташласа инсон.


Айрим кишилар борки, биродарларига зулм қиладилар, инсоф билан ёндашмайдилар. Ўзгаларнинг кўзидаги гардни кўриб, ўз кўзларидаги чўпни кўрмайдилар.

Ўз айби ва камчиликларини тузатиш билан овора бўлган ва ўзгаларнинг камчилигига эътибор бермаган кишига жаннат насиб қилсин!

“Ҳақиқий доно киши ўзини ўзи ҳисоб-китоб қилган ва ўлимдан кейинги (боқий ҳаёт) учун амал қилган кишидир. Ожиз киши эса, нафсини ҳою-ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли хил орзу-умидларни умид қилган кишидир”.

Дўст танлашнинг аҳамияти

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, инсоннинг дўсти уни ўз йўлига тортувчидир. Инсоннинг кимлиги унинг ҳамроҳи билан билинади. Одамлар худди қушлар мисоли ўзига ўхшаш кишилар билан ҳамроҳ бўладилар. Қушларни кўрасизки, каптар каптар билан, қарға қарға билан, товуқ товуқ билан, бургут бургут билан, лочин лочин билан, хуллас барчаси ўзига шаклдош қушлар билан ҳамроҳ бўладилар.

Дарвоқе, киши ўз ҳамроҳининг динида бўлади. Бинобарин, ёмон ҳамроҳдан шердан қочгандек қочмоқлик, ундан узоқлашмоқлик керак. Чунки ёмон ҳамроҳ юқумли қўтир касалига чалинган кишига ўхшайди, инсонни жаҳаннамга етаклайди. Агар инсон унинг йўлида юрса, уни жаҳаннамга улоқтиради ва Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузурига борганда унга душман бўлади: “У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар).” [Зухруф: 67].

Уқба ибн Абу Муийт Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирар, кофир бўлсада бошқа Қурайш қабиласи одамлари сингари у зот билан бирга ўтириб қолса у зотга зиён бермас эди. Ибн Абу Муийтнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан хушмуомаласини кўрган Қурайш қабиласи уни мусулмон бўлган, деб ўйлар эди. Ибн Абу Муийтнинг Шом сафарида юрган кофир ўртоғи бор эди. Ўртоғи Шом сафаридан қайтгач, Қурайш қабиласи унга: “Ана ўртоғинг - Ибн Абу Муийт мусулмон бўлди”, — дедилар. Бундан у қаттиқ ғазабланди ва то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бермагунича Уқба билан гаплашмаслиги ва у билан салом-алик қилмаслигини маълум қилди. Уқба ўртоғининг гапига кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор берди. Ҳатто бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқасидан тутиб у зоти шарифни бўғди, бошқа бир сафар эса, у зотнинг муборак юзларига туфлади. Шундай қилиб, Уқба ўша вақтда ер юзидаги ҳар қандай тубанлик ва разилликка рози бўлди. Оқибатда, Бадр жангида кофир ҳолатида ҳалок бўлди. Аллоҳ таоло у ва унга ўхшаш кишилар тўғрисида то қиёматга қадар тиловат қилинадиган Қуръон оятларини нозил қилди: “У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди. Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўювчидир.” [Фурқон: 27-29].

Азизлар, ёмон ҳамроҳдан узоқ туринг. Зеро, унинг ёмонлиги қўтир касали мисол юқумлидир.


Инсоннинг қилган амали айтган сўзига мувофиқ бўлмоғи лозим


Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, инсон имкон қадар айтган сўзига амал қилмоғи лозимдир. Сўзлаган сўзига, бошқаларни даъват қилган нарсасига ўзи амал қилмаган киши, аввало ўзини ўзи масхара қилган бўлади.

Азизлар, дин ва дунёда сизга манфаатли бўлган ишларга ошиқинг ва имкон қадар сўзлаган сўзингизга амал қилинг: “Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир) .” [Соф: 3].


Одамларни рози қиламан, деб овора бўлманг


Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, одамларни рози қилиш – эришиб бўлмас мақсаддир. Уларни рози қилишнинг имкони йўқ. Чунки, одамларнинг билими қосир, ақлларининг идрок доираси чекланган. Уларни ҳою-ҳаво ва камчиликлар эгаллаган, онг-идрок ва тушунчалари ҳам турлича. Шу боис уларни рози қилиб бўлмайди.

Ундай бўлса кимни рози қилиш керак? Аллоҳ таолони рози қилинг, шунинг ўзи кифоядир.

Бир киши уй қуриб, уй эшигини шарқдан очибди. Уй яқинидан ўтган бир қавм буни кўриб: “Эшикни ғарб томондан очмабсан, ўшанда муносиброқ бўларди”, — дейишибди. Уй олдидан ўтган бошқа бир қавм эса: “Эшикни шимол томонга очганингда янада чиройлироқ бўларди”, — дебдилар. Уйни кўрган учинчи бир жамоат уй эгасига: “Эшикни жануб томонга очмабсан, шунда яхшироқ бўларди”, — дейишибди. Ҳамманинг ўзига яраша кўз қараши бор. Барча одамларни рози қилиб бўлмайди. Демак, Аллоҳни рози қилинг, кифоя.

Яна бир киши ўғли ва эшаги билан кетаётган экан. Ўзи эшакка миниб, ўғли эса пиёда кетаётиб бир қавмнинг олдидан ўтиб қолибдилар. Шунда қавм: “Бу қандай бераҳм ва бешафқат отаки, ўзи эшакка миниб олиб, бечора ўғлини ортидан пиёда юргизиб қўйибди?!”— дейишибди. Шундан сўнг ҳалиги одам эшакдан тушибди-ю, ўрнига ўғлини миндириб, ўзи унинг ортидан юрибди. Йўлда бошқа бир қавмнинг олдидан ўтибдилар. Уларни кўрган қавм: “Бу қандай оқпадар бола бўлдики, ўзи эшакка миниб олиб, отасини эшак ортидан юргизиб қўйибди?!”, — дейишибди. Бу гапдан кейин ота-бола эшакка мингашиб олибдилар. Йўлда учинчи қавм олдидан ўтиб қолибдилар. Уларни бу ҳолатда кўрган қавм: “Бу қандай ваҳшийлик, ахир, бу бечора эшакка зулм-ку!” — дейишибди. Шундан сўнг ота-бола эшакдан тушиб, икковлон эшак ортидан яёв юрибдилар. Йўлда уларни кўрган бошқа бир жамоат шундай дебдилар: “Эҳ аҳмоқ ва нодон кимсалар, Аллоҳ таоло уларга шундай уловни буйсиндириб қўйса-ю, унга минмасдан ўзлари унинг ортидан юрсалар-а!”.

“Агар Қуръон уларнинг ҳавои нафсларига эргашса эди, албатта осмонлар, ер ва улардаги бор жонзот бузилиб-ҳалок бўлган бўлур эди.” [Мўъминун: 71].

Аллоҳ йўлидаги биродарим, кимни рози қилмоқчисиз? Аллоҳни рози қилинг, кифоя. Кимда ким одамларни хафа қилиб Аллоҳни рози қилса, Аллоҳ ундан рози бўлиб, одамларни ҳам ундан рози қилиб қўяди. Кимда ким Аллоҳни ғазаблантириб одамларни рози қилса, Аллоҳ ундан ғазабланиб, одамларни ҳам ундан норози қилиб қўяди.

Аллоҳга осий бўлинадиган ишларда бандасига итоат қилинмайди.

Одамлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳни рози қилишнинг имкони бор, балки вожиб ишдир. Негаки, Аллоҳнинг йўли ягона, дини бир: “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр.” [Анъом: 153].

Шайх Умар Ал-Ашқар ўзининг “Ал-мавоқиф” китобида мавзумизга муносиб бир воқеани зикр қилади. Кунлардан бирида кичкина бир қизалоқ мактабдан онасининг олдига ниҳоятда ғамгин ва тушкин кайфиятда қайтиб келибди. Онаси ундан бунинг сабаби тўғрисида сўраганида, диндор оилага мансуб бу қизалоқ шундай жавоб берибди: “Муаллимамиз узун кийимда келганим учун урушдилар ва иккинчи бор бундай узун кийимда мактабга келмаслигимни айтдилар”. Онаси унга шундай дебди: “Қизим, бироқ сенинг бу узун кийиминг Аллоҳ хоҳлаган либосдир”. “Лекин муаллима буни хоҳламаяпти”, — дебди қизи онасига. Онаси дебди: “Муаллима хоҳламайди, Аллоҳ эса хоҳлайди. Хўш, қай бирисига итоат қиласан? Сени яратган, сурат бахш этган ва сенга ноз-неъматлар инъом этган Аллоҳгами, йўқса ҳеч қандай фойда ва зарарга эга бўлмаган бир бандагами?”. Шунда қизалоқ ичидаги соғлом фитратидан келиб чиқиб: “Йўқ, албатта Аллоҳга итоат қиламан, нима бўлса бўлсин”, — дея жавоб берибди.

Эртаси куни яна ўша узун либосларини кийган қизалоқ мактабга йўл олибди. Уни бу кўйда кўрган муаллиманинг ғазаби келибди, унинг хоҳишига қарши чиққан, талабини қондирмаган, таҳдид ва уқубатидан қўрқмаган қизалоққа қаттиқ дашном берибди. Муаллиманинг узоқ ҳайфсан ва дашномларини кўтаролмаган бегуноҳ бечора қизалоқ ҳўнграб йиғлаб юборибди. Кўзларидан аччиқ ва аламли ёшлар оқибди. Бу ҳолатни кўрган муаллима ҳайрон қолибди. Бир оздан сўнг йиғидан ўзини тийган ва кўзёшларини артган қизалоқ тилга кирибди. Унинг оғзидан чиққан сўзлар бомба мисоли муаллимани гангитиб қўйибди. У шундай дебди: “Аллоҳга қасамки, мен кимга итоат этишни билмай қолдим! Сизгами ёки Унгами?”. “Унгами”, — деганинг ким?”, — деб сўрабди муаллима. “Мени ва сизни яратган, мен ва сизга сурат бахш этган Оламлар Парвардигори Аллоҳга итоат қилайми, ё сизгами? Сиз хоҳлаган нарсани кийиб Уни ғазаблантирайми, ёхуд Унга итоат қилиб сизга осий бўлайми? Йўқ, йўқ, Унга итоат қиламан, нима бўлса бўлсин!”, — дебди қизалоқ.

Бу сўзларни эшитган муаллима ҳайратдан қотиб қолибди. Жажжи бир қизалоқ шу сўзларни гапиряптими?! Унинг бу сўзлари муаллимага қаттиқ таъсир қилган эди. У қизалоққа ҳеч нарса демабди.

Эртаси куни муаллима қизалоқнинг онасини чақиртирибди ва унга шундай дебди: “Дарҳақиқат, қизингиз менга ҳаётимдаги энг муҳим сабоқни берди. Мен Аллоҳга тавба қилдим, Унга қайтдим. Дарвоқе, мен ўзимни Аллоҳга тенг қилиб қўйган эканман. Қизингиз менга ким эканлигимни билдирди. Аллоҳ сиздек мураббий онага хайрли мукофотлар ато этсин!”.

Азизлар! Биз Аллоҳ таолони рози қилишга нақадар муҳтожмиз. Яна шуни яхши англамоғимиз керакки, ҳақ сўз унга чинакамига ишонадиган ва амал қиладиган қалбдан чиқмас экан, ўзгаларнинг қалбига етиб бормайди. Совуқ ва жонсиз сўзлар асло тингловчига таъсир қилмайди. Аллоҳ таолони рози қилинг, шунинг ўзи етарли.


Таънагирнинг сўзидан йўқдир нажот,
Юксак тоғ ғорида топсангда имкон,
Одамлардан қолибдир ким саломат,
Гар бургут уйида яшаса пинҳон.


“Гарчи сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин бўлмайдилар.” [Юсуф: 103].