Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Саид ибн Мусаййаб

4391 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

“Саид ибн Мусаййаб саҳобалар ҳаётлик чоғларида фатво берар эди”. (Қудома ибн Мусо)

Мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвон икки ҳарамни зиёрат қилиб, Маккага бориб ҳаж қилишни ва Мадинага келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтишни ният қилди. Зул-Қаъда ойи киргач Халифа ушбу ниятини амалга ошириш учун сафар тадорикларини кўришга амр қилди. Бир қанча Умавий амирлар, давлатнинг обрўли кишилари ва ўзининг айрим фарзандлари ҳамроҳлигида Ҳижоз ерлари томон йўлга тушди.

Халифа сарбонлигидаги карвон Димашқдан Мадина-и Мунаввара сари юришида тез ҳам секин ҳам бўлмаган ўрта тезликда борар, ҳар қачон истироҳат учун тўхтасалар, чодирлар қурилиб, тўшаклар тўшалар ва диний билимлари зиёда бўлиши, қалблари ҳикмат ва гўзал мавъизаларга тўлиб тошиши учун илм мажлислари уюштирилар эди.

Халифа Мадина-и Мунавварага етиб келгач, аввало Ҳарами Шарифга бориб Равзаи мутаҳҳарада намоз ўқиш шарафига сўнгра Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтиш бахтига муяссар бўлди. Аввалда тотмаган роҳатни ва қалб хотиржамлигини тотди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳрида имкон қадар кўпроқ туришни мақсад қилди.

Масжидун Набийни обод қилиб турган илм мажлислари унинг диққатини энг кўп жалб қилган нарсалардан бири бўлди. Осмонда порлаб турган юлдузлар мисоли, Ҳарами Шарифда ҳам улуғ тобеинлардан иборат уламолар ялт-ялт этиб кўзга ташланиб турардилар. Мана бу Урва ибн Зубайрнинг илм ҳалқалари, буниси Саид ибн Мусаййабнинг илм ҳалқалари, ҳов анависи эса Абдуллоҳ ибн Утбанинг илм ҳалқаси...

Кунларнинг бирида Халифа қайлуласидан (чошгоҳ вақтидаги уйқусидан) одатда уйғонмайдиган вақтда уйғониб, ҳожиби Майсарага: “Эй Майсара, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига бориб, бизларга ҳадис айтиб бериши учун уламолардан бирларини чорлаб кел,” деб тайинлади. Майсара Масжидун Набийга бориб қараганди, масжидда биргина илм ҳалқасига кўзи тушди. Ҳалқанинг шайхи ёши олтмишлардан ошган, сиймосида уламолардаги оддийлик, илм ҳайбати ва вақор зоҳир бўлиб турган киши эди. Майсара ҳалқага яқин келиб қўли билан шайхга ишора қилган эди, шайх унга қарамади ҳам, эътибор ҳам бермади. Шунда Майсара шайхнинг олдига келиб:

— “Мен сизни ишора қилиб чақираётганимни кўрмадингизми?”. Шайх:

— “Менга ишора қилдингми?!”

— “Ҳа”

— “Нима ҳожатинг бор?”

— “Мўминлар амири қайлуладан уйғониб менга буюриб дедилар: “Масжидга бориб қарагин ва менинг ҳадис айтиб берувчиларимдан бирини олиб келгин”. Шайх:

— “Мен унга ҳадис айтиб берувчилардан эмасман”.

— “Аммо халифа ҳадис айтиб берадиган кишини истамоқдалар,”

— “Ким бирон нарсани истаса, унинг олдига ўзи келади. Агар суҳбатни хоҳлаётган бўлса, масжиддаги илм ҳалқаси кенг, бемалол сиғади. Ҳадисга борилади, ҳадис бормайди”, дедилар.

Ҳожиб қайтиб бориб, халифага: “Масжидга бордим, лекин у ерда бир шайхдан бошқа ҳеч кимни топмадим. Ишора қилиб чақирган эдим, ўрнидан турмади, эътибор ҳам бермади, ўзим олдига бориб: “Мўминлар амири қайлуладан уйғониб: “Масжидга бориб қарагин ва менинг ҳадис айтиб берувчиларимдан бирини олиб келгин” дедилар, деб айтсам, босиқлик ва қатъийлик билан: “Мен унга ҳадис айтиб берувчилардан эмасман. Агар суҳбатни хоҳлаётган бўлса, масжиддаги илм ҳалқаси кенг, бемалол сиғади”, деб жавоб берди", деди. Абдулмалик ибн Марвон чуқур хўрсинди-да сапчиб ўрнидан турди ва ичкарига ўтиб кетар экан деди: “Бу Саид ибн Мусаййаб. Кошкийди, сен унинг олдига бормаган ва унга гапирмаган бўлганингда.”

У меҳмонхонадан чиқиб кетгач, Абдулмалик ибн Марвоннинг кичик ўғли акасига: “Бутун дунё унга бўйсинган, ҳайбатидан Рум шохлари унга бош эгган мўминлар амирига катталик қилиб, унинг ҳузурига келиш ва мажлисида хозир бўлишдан бўйинтовлаган бу, ким экан?”. Акаси: “Мўминлар амири акамиз Валидга қизини сўраганда, қизини акамизга беришдан бош тортган, мана шу одам бўлади”. Ука: “Валид ибн Абдулмаликка қизини беришдан бош тортганми?! Мўминлар амирининг валийаҳди, мусулмонларнинг бўлажак халифасидан кўра яхшироқ куёв истаганми қизига?!” Ака укасининг гапларига жавоб бермай жим турган эди, ука сўзида давом этиб: “Қизини Мўминлар амирининг валийаҳдига беришни хоҳламаганига яраша қизига муносиб жойни топиб узатганми ёки айримлар қилганидек қизини узатишни ўйламай қари қиз қилиб уйда ўтқазиб қўйганми?!” Акаси: “Очиғини айтсам мен у киши ва унинг қизи ҳақида бирон хабарга эга эмасман”. Шунда даврада ўтирган Мадина аҳлидан бўлган бир киши: “Агар амир изн берсалар мен у қизнинг қиссасини тўлиқ ҳолда гапириб бераман. У қиз маҳалламизда яшовчи Абу Вадоа деган йигитга турмушга чиққан. Йигит бизнинг ён қўшнимиз бўлади. Унинг бу қизга уйланишининг ғаройиб қиссаси бор, бу ҳақда йигитнинг ўзи менга гапириб берган”, деди. Ака-укалар: “Қани унда, сўзлаб беринг бизга,” дедилар. Абу Вадоа менга қуйидагиларни сўзлаб берган эди: “Ўзингизга маълум, мен илм талабида Масжидун Набийга боғланганман. Масжиддаги Саид ибн Мусаййабнинг илм ҳалқаларида толиби илмлар билан елкама-елка туриб, давомий қатнашиб келар эдим. Шайхнинг илм ҳалқаларига бир неча кун қатнаша олмай қолдим. Шайх менинг йўқлигимни билгач: “Касал бўлиб қолганмикин ёки бирон кор-ҳол рўй бердимикин?” деб, мен ҳақимда атрофидагилардан сўрабдилар, аммо улардан бирон хабар топа олмабдилар. Бир неча кундан сўнг ўзим яна шайхнинг ҳузурларига қайтган эдим, мен билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб: “Эй Абу Вадоа қаерда эдинг, нега кўринмай қолдинг?” деб сўрадилар. Мен: “Хотиним вафот этди, шу билан машғул бўлиб қолдим,” дедим. Шайх: “Эй Абу Вадоа бизларга хабар бермабсан-да, оғир дамларда ёнингда турардик, жанозада қатнашиб, бошингга тушган мусибатда сенга далда бўлардик,” дедилар. Мен: “Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин, деб ўрнимдан турмоқчи эдим, тўхтаб туришимни талаб қилдилар. Мажлисдаги ҳамма туриб кетгач менга: "Эй Абу Вадоа, уйланиш ҳақида ўйлаб кўрмадингми?” деб сўраб қолдилар. Мен: “Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, ким ҳам менга қизини берарди, мен етим бўлиб ўсган, қўли калта камбағал бўлсам, икки ё уч дирҳамдан бошқа пулим бўлмаса”, дедим. Шайх: “Мен сенга қизимни бераман”, дедилар. Тилим айланмай қолди. Зўрбазўр: “Сиз?!... Менинг бу ҳолимни билганингиздан кейин ўз қизингизни менга хотин қилиб берасизми?!”, дедим. Шайх: “Ҳа, бизга дини ва хулқидан рози бўлинадиган киши бўлса, албатта никоҳлаб берамиз. Сен бизнинг наздимизда дини ва хулқида рози бўлинган кишисан”, дедилар. Сўнг атрофларига қарадиларда, ўзларига яқин турганларни чақирдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўлладилар ва уларнинг гувоҳлигида қизларини менга никоҳлаб қўйдилар. Маҳрга икки дирҳам белгиладилар. Мен даҳшатдан ва ҳурсандлигимдан нима дейишни билмай қолдим. Сўнг уйимга жўнадим, шу куни рўзадор эдим, рўзадорлигимни ҳам унутибман. Ўзимга-ўзим гапирардим: “Эй Абу Вадоа, ҳолингга вой! Нималар қилиб қўйдинг! Энди пулни қаердан топасан, кимдан қарз сўрайсан?! Шундай ҳолатда вақт ўтганини ҳам ҳис қилмапман, бирдан шомга азон айтилиб қолди. Намозни адо этиб келгач, ифторга ўтирдим, дастурхонда нон ва зайтундан бошқа нарса йўқ эди. Бир икки луқма еган ҳам эдим-ки, эшик таққиллаб қолди. “Ким у?” деган эдим. “Саидман”, деган жавоб келди. Аллоҳга қасам-ки ҳаёлимдан Саид исмли ўзим билган инсонларнинг ҳаммаси бирма-бир ўтди, аммо Саид ибн Мусаййаб ҳаёлимга келгани йўқ. Сабаби қирқ йилдирки шайхни фақат уйлари ҳамда масжид орасидагина кўриш мумкин эди. Эшикни очсам қаршимда Саид ибн Мусаййаб турибдилар. Ҳаёлимга, қизларини менга никоҳлаб берганлари хусусида келдилармикин, фикрлари ўзгариб қолдимикин?" деган ўй келди.

“Эй Абу Муҳаммад, чақиртирсангиз ўзим ҳузурингизга борар эдим”, дедим. Саид ибн Мусаййаб: “Бугун мен сенинг ҳузурингга келишимга ҳақлироқсан”, дедилар. Мен: “Қани уйимизга марҳамат қилинг”, дедим. Саид ибн Мусаййаб: “Йўқ, раҳмат, мен бир иш билан келган эдим”, дедилар. Мен: “Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга, нима иш экан?” дедим. Саид ибн Мусаййаб: “Менинг қизим бугундан бошлаб Аллоҳнинг шариатига мувофиқ сенинг хотинингга айланган эди. Биламанки, сенинг ёлғизлигингни кетгазадиган ҳеч киминг йўқ. Сен бир жойда, хотининг эса бошқа жойда тунни ўтказишингларни яхши кўрмадим, шунинг учун уни ҳузурингга олиб келдим”, дедилар. Мен: “Ҳолимга вой! Қизингизни олиб келдингизми?!” дедим. Саид ибн Мусаййаб: “Ҳа” дедилар. Қарасам, дарҳақиқат қизлари ёнларида турган экан. Шайх қизларига қараб: “Қизим, Аллоҳнинг номи ва баракоти билан жуфти ҳалолинг уйига киравер”, дедилар. Қиз бечора энди қадам ташламоқчи бўлганди, уялганидан кийимига ўралашиб йиқилиб тушаёзди. Мен эса қизнинг олдида карахт ҳолда, донг қотиб нима дейишимни ва нима қилишимни ҳам билмай туриб қолдим. Ўзимга келгач, кўриб қолмаслиги учун ундан тезроқ юриб, нон ва зайтундан иборат ифторлигимни чироқ нуридан нарироққа олиб қўйдим. Сўнг томга чиқиб қўшниларимни чақирдим. Қўшнилар чиқиб: “Ҳа, тинчликми, нима гап?”, дейишган эди. Мен: “Бугун масжидда Саид ибн Мусаййаб ўз қизларини менга никоҳлаб берган эдилар. Ҳозиргина, мен бехабар, тўсатдан қизларини олиб келиб ташлаб кетдилар. Биласизлар, онамнинг уйлари узоқ, мен онамни чақиртиргунимча, келинни зериктирмай туринглар”. Қўшни кампир: “Ҳой, шўринг қургур, нима деяётганингни биласанми, ўзи? Саид ибн Мусаййаб қизини сенга хотин қилиб бериб, яна ўзлари уни сенинг уйингга олиб келиб ташлаб кетдиларми? Ахир, у қизини Валид ибн Абдулмаликка бермаган-ку”.

Мен: “ Ҳа, шундай. Мана қиз менинг уйимда ўтирибди, ўзингиз кириб кўринг” дедим. Қўшни аёллар уйга киришиб кўзларига ишонмасдилар. Қизни кўргач у билан саломлашиб, сўрашиб, уни ёлғизлигини билдирмай турдилар. Бироздан сўнг онам келдилар, келинни кўргач менга қараб: "Қизни тайёрлаб, ҳурматли аёллар каби келинчак қилиб бергунимча бизни холи қўясан”, деб шарт қўйдилар. Мен: “Ихтиёр сизда, онажон” деб, қайнона келинни холи қўйдим. Уч кундан сўнг онам келинни менга топширдилар. Қарасам, у Мадина қизларининг энг гўзалларидан бири экан. Аллоҳнинг китобини мукаммал ёд олган қория, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини кўп биладиган ровия ҳамда эрнинг ҳақ-ҳуқуқларини жуда яхши биладиган аёл экан. Бир қанча кун бирга яшадик, шу кунлар ичида қизнинг отаси ҳам, оиласидагиларидан биронталари ҳам зиёратга келишмади. Сўнгра мен масжидга, шайхнинг илм ҳалқаларига бордим. Шайхга салом бериб ўтирдим. Саломимга жавоб қайтаришдан нарига ўтмадилар. Дарс тугагандан сўнг, мажлисдагилар тарқалишиб, мендан бошқа ҳеч ким қолмагач, шайх: “Эй Абу Вадоа, жуфти ҳалолингнинг аҳволи қандай?” деб сўрадилар. Мен: “У, дўстнинг ҳаваси, душманнинг ҳасади келадиган ҳолатда” деб, жавоб бердим. Шайх: “Аллоҳга ҳамдлар бўлсин,” деб қўйдилар. Уйга қайтганимда, шайх рўзғоримизни бутлаб олишимиз учун бизга анчагина маблағ юборган эканликларини билдим”.

Абдулмалик ибн Марвоннинг ўғли: “Бу шайхнинг иши қизиқ экан-а?! Деди. Мадиналик киши: “Эй амир, нимаси қизиқ, зеро, ул зот дунёсини охиратига васила қилган, ўзлари ва аҳли оилалари учун фоний дунё эвазига боқий охиратни сотиб олгандирлар. Аллоҳга қасамки, шайх қизларини мўминлар амирининг ўғлига беришга бахиллик қилмаганлар, “қизимни тенги эмас,” деб ҳам ўйламаганлар, балки қизларини дунёга мафтун бўлиб қолишидан қўрққанлар. Бу ҳақда дўстларидан бири: “Мўминлар амирининг совчилигини қайтариб, қизингизни оддий мусулмонлардан бирига берасизми?” деб сўраганида. Шайх: “Қизим менинг бўйнимдаги омонат, мен қилган ишимда фақат унинг фойдасини кўзладим”, деганлар. Шунда: “Қандай қилиб?” деб сўрашди. Шайх: “Қани, айтинглар-чи: агар қизим “Умавийлар” қасрларига кўчиб ўтса, қимматбаҳо кийим-кечак ва зеб-зийнатлар ичига тушиб қолса, атрофида хизматкорлар, жориялар гирди капалак бўлиб хизмат қилишса, бир муддатдан кейин эри халифа бўлса, қизимнинг дини нима бўлади?” деб жавоб берганлар.

Мажлисда ўтирган Шом аҳлидан бўлган бир киши: “Шайхингиз ноёб кишилар сирасидан кўринадилар,”деди. Мадиналик киши: “Ҳақ гапни айтдингиз. Шайх кундузи соим, кечаси қоимдирлар. Қирқ марта ҳаж қилганлар. Мана қирқ йилдирки Масжидун Набийда такбири таҳримани ўтказиб юбормаганлар. Шунча муддатдан бери доим биринчи сафда турганларидан, намозда бировнинг елкасига кўзлари тушмаган. Қурайш аёлларидан истаганларига уйланиш имконлари бўла туриб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қизларини бошқа аёллардан афзал кўриб, унга уйланганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинликлари, ҳадисларини энг кўп ривоят қилганлари ва у зотдан илм олишга рағбатларининг ўта кучли бўлгани бунга сабаб бўлгандир.

Саид ибн Мусаййаб ёшлик чоғлариданоқ ўзларини илмга бағишладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг азвожи мутаҳҳараларидан илм ва одоб-ахлоқ ўргандилар. Улардан кўп фойда олиб, йўлларини тутдилар. Бундан ташқари Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умарга шогирд бўлиб дарс олдилар. Усмон ибн Аффон, Алий ибн Аби Толиб, Суҳайб Румий ва бошқа саҳобаи киромлардан — Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин — дарс тинглаб, панду-насиҳатлар олдилар. Уларнинг хулқлари билан хулқландилар, сийрату шамоиллари билан безандилар.

Ҳаётлари давомида бир сўзни доим такрорлаб юрардилар, ҳатто бу сўз шайхнинг шиорларидек бўлиб қолган эди: “Бандалар Аллоҳга тоат қилиш каби бирон нарса билан ўзларини азиз қилмадилар. Аллоҳга маъсият қилиш каби бирон нарса билан ўзларини ҳор қилмадилар”.

/p