Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ менга шундай ўргатди (4) (Давоми)

5370 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Бузиш осон, қуриш қийин

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, бузиш жудаям осон, қуриш эса жуда қийиндир. Юз йиллар давомида қурилган шаҳар, қишлоқ, қаср ва ҳовлиларни бир лаҳзада бузиш мумкиндир.

Асрлар оша барпо қилинган одоб-ахлоқ, қадрият ва маънавий намуналарни саноқли кун ва кечаларда яксон қилиш мумкиндир.

Нима дейсизлар , азизлар, агар мингта қурувчининг ортида битта бузувчи бўлса бино қад кўтарадими? Йўқ, асло! Бино қад кўтармайди. Энди айтингларчи, агар қурувчи битта, бузувчи мингта бўлса нима бўлади?!

Мен ўйлайман: минг қурувчи бас келолмас бир бузувчига

Нима дейсиз, бир қурувчи ортидаги минг бузувчига?

Воситаларнинг аксари бузувчи, (ойнайижаҳон, радио, интернет, қўлтелефон ва ундаги дарстурлар назарда тутилмоқда. Тарж.) жамиятнинг айрим аъзолари бузувчи, кўчалар бузувчи ва клублар бузувчидир. Бу бузувчи омилларга таққосланганда қурувчилар жуда оз. Лекин шунга қарамай, ҳақ юксалади, ботил эса пасайиб боради. Ахир, эгри таёқнинг сояси тўғри бўлармиди?!

Бу кунингдан ўлганинг яхши, гар кўзи очиқни етакласа кўр

Адашиб қоқилиб кетмоғинг аниқ, гар сенга йўл кўрсатса сўқир

Ноумид бўлмаслик

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, киши ноумид бўлмаслиги, тушкунликка тушмаслиги, аксинча, амал қилмоғи, Оллоҳнинг динига даъват қилмоғи, натижага шошилмаслиги, самарасини кўрадими ёки йўқми уруғ сочмоқлиги керак экан. Демак, инсон умидсизланмаслиги керак:  “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур” [Юсуф: 87], “Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар” [Ҳижр: 56].

Азиз биродар, Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссасини бир мушоҳада қилиб кўринг. У зот қавмини узоқ муддат даъват қилди: уларни кеча-ю кундуз, махфий ва ошкора даъват қилди. Бироқ, унинг даъвати уларнинг қочишини зиёда қилди, холос:  “Улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар” [Нуҳ: 7]. Даъват тўққиз юз эллик йил давом этди. Шунга қарамай унга жуда озчилик иймон келтирди. Айтишларича, камида ўн икки, кўпи билан саксон киши иймон келтирди. Бу дегани ўртача ҳар саксон беш йилда, ёхуд ҳар ўн икки йилда бир киши иймон келтирди деганидир. Бироқ, Нуҳ алайҳиссалом ноумид бўлмади, ноумид бўлиши мумкин ҳам эмас эди.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисда шундай дейдилар: “(Қиёмат кунида)  баъзи пайғамбарлар (ўзига иймон келтирган) биргина киши билан келади, айримлари икки киши, яна бошқалари бир жамоат билан ва бошқа бир пайғамбар (унга кимса иймон келтирмагани боис) якка ўзи келади”.  Пайғамбарлар ноумид бўлмаганлар. Уларнинг барчаларига Оллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин!

Ўтмишда яшаб ўтган қишлоқ аҳли, (Антокия қишлоғининг аҳолиси)га бир назар солинг: Оллоҳ таоло уларга иккита пайғамбар юборади. Улар бу икки пайғамбарни ёлғончига чиқарадилар. Оллоҳ таоло бу икки пайғамбарни қўллаб-қувватлаб учинчи пайғамбарни юборса, қишлоқ аҳли уни ҳам ёлғончига чиқарадилар. Биргина қишлоққа учта пайғамбар юборилса-я! Сўнгра улар ичидан ёлғиз ҳақ илоҳ Оллоҳга иймон келтирган бир даъватчи чиқади. Қишлоқ аҳли уни ҳам дарҳол ўлдирадилар. Хўш натижа нима бўлди? “(Лекин жохил қавм Ҳабиб ан-Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан уни қатл қилишгач, унга) «Жаннатга кир», дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаннатга киритилиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: «Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени иззат-икромли кишилардан қилганини билсалар эди” [Ёсин: 26-27].

Азизлар! Жажжи бир ҳашарот ҳисобланмиш чумоли қишга озуқа бўлиши учун ёз бўйи меҳнат қилиб дон-дун йиғади. Ёмғир ёғиб инига сув кирганида, бу дон-дунларни моғорламаслиги учун инидан чиқариб офтобга ёяди. Сўнгра қайтадан уни инига ташийди. Чумоли деворга чиқиш учун ҳаракат қилади, бироқ пастга йиқилади. Сўнгра яна ҳаракат қилади ва яна йиқилади. У то деворга ўрмалаб чиқмагунча икки, уч ва тўрт бор ҳаракат қилаверади. Наҳотки, биз мана шу жажжи бир ҳашарот сингари бўла олмасак, азизлар?!

Сабр-матонат ва ишонч билан динда имом ва пешволикка эришилади.

Оллоҳ таоло шундай дейди: “Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига; тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!” [Ғошия: 18-20]. Сўнгра Оллоҳ таоло бу оятлардан кейин нима демоқда, эътибор беряпсизми?: “Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилувчидирсиз, холос” [Ғошия: 21]. Гўёки, Оллоҳ таоло Унинг динига даъват қилган кишилардан мўъминлар учун туянинг сабри, осмоннинг юксаклиги, тоғларнинг собитқадамлиги ва ернинг хокисорлигини олишлигини хоҳлаётгандек. Мўъмин киши умидсизлик нима, тушкунлик нима билмаслиги керак.

Дунё ишларида ўзидан пастроқ кишиларга, дин ишларида эса ўзидан юқорироқ кишиларга қараш

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики,  инсон дунё ишларида ўзидан пастроқ кишиларга назар солиши лозим ва бу нарса унга Оллоҳнинг берган неъматларига беписанд бўлмасликни ўргатар экан. Охират ишларида  эса инсон ўзидан кўра юқорироқ инсонларга назар солиши, уларнинг саъй-ҳаракатидек ҳаракат қилмоғи, шояд шу орқали солиҳ кишилар сафига қўшилмоғги ва имкон қадар ҳеч кимсага нисбатан ичида гина-кудурат сақламаслиги, ҳасад қилмаслиги лозим экан. Бир киши Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ тўғрисида шундай дейди: “Оллоҳга қасамки, мен ўз ўртоқларимга унинг душманлари ва рақибларига қилган муомаласини қилишни орзу қиламан. Оллоҳга қасамки, мен унинг биронта рақиби ҳаққига баддуо қилганини кўрмадим. Аксинча, уларнинг ҳаққига дуои хайр қилар эди. Кунлардан бирида энг катта рақибларидан бирининг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни етказиб, суюнчи сўраб келдим. Шунда у мени жеркиб берди ва мусибат чоғида айтиладиган “Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожи-у-ун”, “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” зикрларини ёд қилиб маййитнинг уйига йўл олди. Унинг фарзандларига таъзия изҳор қилиб шундай деди: “Мен сизларга отангиз ўрнидаман, истаган нарсангизни сўрайверинглар”. Хонадон аҳли бу сўздан бағоят хушнуд бўлдилар, Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ҳаққига дуо қилишиб, унга ўз миннатдорликларини билдирдилар. Гўёки уларнинг ҳолатидан: “Сизга ўхшаганини ҳали кўрмадик”-деган сўзни илғаш қийин эмас эди:

Одамларга яхшилик қил, қалби сенга бўлур қул

Инсон борки яхшиликла қўлга кирур, яхши бил

Мартабаси олий киши ўзгага кек сақламас

Етишолмас юксакликка ғазаби тез, ярамас

Хўш, қалбида гина-кудурат, кек сақлаган кишилар нима фойда кўрдилар? Ёхуд ҳасадгўй инсонлар нима кўрдилар? Улар қийинчилик ва машаққатдан бошқа нарса кўрмадилар. Ўзларининг зиёнларига қуруқ гуноҳ орттиришдан бошқа нарса кўрмадилар. Оллоҳга қасамки, улар Оллоҳ таоло бирон бандага инъом этган бирон неъматни қайтара олмайдилар. Воажаб, ҳасад деганлари бунчалар адолатли бўлмаса?! Ҳасад аввало ҳасадгўйнинг ўзидан бошлаб уни ўлдиради:

Сабр қил ҳасадгўй озорига

Унга қотил - сен кўрсатган сабр

Олов каби ўзин ўзи ер

Топилмаса егани ўтин

 Ҳақни таниган кишига фидойилик енгиллашади

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, кимки ҳақни таниса, унга фидойилик енгиллашади. Оқибат, бундай киши ҳаётнинг ўткинчи матолари ва зеб-зийнатларидан ўзини устун тутади. Чунки у Қудратли Подшоҳ ҳузуридаги барча қулайликлари муҳайё қилинган жаннатлар ва анҳорлардаги мангу ва абадий роҳат-фароғатни кутиб яшайди. Оллоҳ таоло ундан ирода қилган нарсани ўз шаҳвати ва лаззатларидан устун қўяди. Оллоҳ таоло ундан талаб қилган нарсани кўзи ва қалбига лаззат бахш этадиган барча нарсалардан устун қўяди. Шундай қилиб, дунё ва охиратда саодатли бўлади. Айрим хабарларда келишича, Оллоҳ таоло шундай дейди: “Иззатим ва Улуғворлигимга қасамки, Менинг хоҳишимни ўзининг хоҳишидан устун қўйган бирон банда йўқки, албатта Мен унинг ғам-ташвишини озайтираман, унга пароканда бўлган нарсаларини жамлаб бераман, қалбидан фақирликни суғуриб олиб, бойликни унинг кўз олдига қўяман ва барча тижоратчилар ортидан унга атаб тижорат қиламан”.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларидан бири ташқи қиёфаси хунук бир инсон эди. Бироқ, Оллоҳ таоло унга кучли иймон берган, ташқи қиёфасининг хунуклиги унга зарар бермас эди. Бу киши уйланишни хоҳлаб бир қанча тагли-тугли хонадонларга қизларини сўраб борди. Бироқ, қайси қизнинг қўлини сўрамасин ташқи қиёфаси хунуклиги ва бўйи пастлиги сабаб қизлар унга турмушга чиқишни исташмас ва хонадон соҳиблари унга рад жавобини беришар эди. Шу боис бу саҳобий одамлардан шикоят қилиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди:

- Эй Расулуллоҳ! Оллоҳга иймон килтирган ва сизни тасдиқлаган киши жаннатга кириб ҳури ийнларга уйланиши ростми?

- Ҳа.

- Унда нега асҳобларингиз менга қизларини бермайдилар?

-  Фалончининг уйига бориб Расулуллоҳ қизларингизни сўраяптилар дегин.

У ансорлардан бўлган бир кишининг уйига бориб эшикни тақиллатди. Уй эгаси чиққач унга салом бериб: “Расулуллоҳ қизларингизни сўраяптилар”-деди. Уй эгаси: “Қандай яхши, бу қандай хурсандчилик! Қизимизни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга бермасак бошқа кимга берамиз! Бундан бошқа шарафли насабни қаердан ҳам топар эдик”- деди. Шунда ҳалиги саҳобий: “Бироқ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизларингизни менга сўрадилар”- деди.

“Оллоҳнинг ўзи бир ёққа бошлар!”- деди уй эгаси ва хотини билан маслаҳат қилиш учун ичкари кирди. Хотинига хабар берган эди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизимизни сўрабдиларми? Қандай яхши, бу қандай хурсандчилик!”- деди хотини. “Бироқ, фалончига сўрабдилар”- деди эр ва унинг номини тилга олди. Буни эшитган хотин иккиланиб шундай деди: “Абу Бакр, Умар ёки Усмонга сўрасалар бўлмасмиди? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундан бошқасини топмабдиларми?”.  Хонадоннинг Оллоҳ хоҳишини ўз нафсининг лаззат ва шаҳватларидан устун қўювчи тақводор, ибодатли ва зоҳида қизи бу гапларни эшитиб турган эди. Қиз ота-онасининг олдиларига чиқди.

—   “Нима гап?”- деб сўради улардан.

—   “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сени фалончига сўрабдилар”.

—   “Сизлар нима дейсизлар?”

—   “Ўйлаб, маслаҳатлашиб кўрамиз” - дедилар ота-онаси.

—   “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг амрини қайтарасизларми?! Оллоҳ таолонинг мана бу сўзига нима дейсизлар, ахир:  “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди” [Аҳзоб: 36]. Мени унга топшираверингиз. Зеро, Оллоҳ таоло мен хор қилмайди”-деди қиз.  Бу гапларни эшитиб турган саҳобий, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузуларига бориб, бўлган гапни  у зотга айтиб берди. Бундан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб, шодланиб қизнинг ҳаққига дуо қилдилар. Шундай қилиб, бу қиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига мушарраф бўлди. Айтишларича, бу аёлга шунчалар мол-дунё келар эдики, у бу мол-дунёнинг қаердан келганини билмас эди.  

Бу икки ёш бир ёстиққа бош қўйган биринчи кечада жарчи жар солиб: “Эй Оллоҳнинг чавандозлари, жиҳодга отланинглар!”- дея одамларни жиҳодга чорлай бошлади.

Шу жойда бу саҳобий ўйланиб қолди: нима қилсин? Никоҳнинг биринчи кечасида зеб-зийнатга бурканган хотини ёнида бўлсинми, йўқса Оллоҳнинг жарчисига жавоб берсинми? Ва ниҳоят, хотинини ташлаб, ҳури ийнларни ихтиёр қилиб жиҳодга отланди. Жанг тугагач Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини бирма-бир суриштирдилар. “Кимлар сафимизда йўқ?”- дедилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам. Саҳобалар: “Фалончи, фалончи ва фалончилар орамизда йўқлар”- деб бир қанчаларни санадилар. Саҳобалар янги уйланган мазкур саҳобийни тилга олмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бироқ, мен биродарим Жулайбибни кўрмаяпман, қани, мен билан юринглар, уни шаҳидлар орасидан излаб кўрамиз”- дедилар. Улар бу саҳобийни излаш учун бордилар ва уни етти мушрикни ўлдириб кейин ўзи шаҳид бўлган ҳолатда топдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни билакларига ётқизиб, юзларидаги тупроқни артдилар. “Еттита мушрикни ўлдириб, сўнгра ўзи шаҳид бўлибди. У мендан ва мен унданман. У мендан ва мен унданман.  У мендан ва мен унданман”-дедилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам.

Бу киши охират учун нима тақдим қилди? Оз нарса тақдим қилди, бироқ жуда кўп нарсаларни қўлга киритди.

Мана сизга яна бир мисол: Шайх Ҳомид роҳимаҳуллоҳ Шом диёри машойихларидан бири, тақводор ва диёнатли киши эди. У кишининг акаси вафот қилгач, кунлардан бирида акасининг илми ва диёнатини мақтаб тилга олди. Одамлар ундан акасининг фарзандлари ва унинг хотини ҳақида сўрадилар. “Дарҳақиқат, акамнинг хотини ва фарзандлари бошқа уйга кўчиб ўтдилар. Оллоҳга қасамки, биз билан бир манзилда яшасаларда, ўн икки йилдан бери уни кўрганим йўқ. Фақат уйдан кўчиб кетаётганида кўрдим. Ўшандаям орқасини ўгириб туриб бизга салом берган эди”- деди шайх Ҳомид. Буни қарангки, янгаси у билан бир ҳовлида яшаган. Шунга қарамасдан унга бурилиб қарамаган, у билан бирга ўтирмаган. Чунки у Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эрнинг қариндошлари ўлимдир, (яъни эрнинг ака-укаси, амаки-тоғалари сингари эрнинг қариндошлари билан хотин кишининг аралашиб юриши натижасида улар ўрталарида одатда  нохўш ва ножўя ишлар содир бўлиши билан инсонни ҳалокатга элтиши мумкин)”-деганларини билар эди. Бу киши ўз замонасида қозилар раиси бўлиш ўрнига масжид хатиби бўлишни афзал билган эди.

Абу Лубоба исмли саҳобий бир етим бола билан бирга икковларининг боғлари ўртасидаги бир хурмо дарахтидан фойдаланиб турар эдилар. Етим бола бу хурмо дарахти унга тегишли эканини даъво қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жойни кўздан кечириш учун бордилар. Қарасалар, хурмо саҳобий Абу Лубобанинг боғида жойлашган экан. Шунинг учун хурмо дарахтини Абу Лубобаники деб ҳукм қилдилар. Бу ҳукмдан кейин етим боланинг кўзларидан ёш оқди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам чиқарган ҳукмларини ўзгартиришлари мумкин эмас эди. Чунки у зотнинг ҳукмлари ҳақ ва адолатдан иборат эди. Бироқ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мусобақа эълон қилиб, Абу Лубоба розиёллоҳу анҳуга қарата: “Хурмо дарахтини етимга берасанми? Сенга буни эвазига жаннатда мевали бир хурмо шодаси берилади”-дедилар. Абу Лубоба бунга рози бўлмади. Зеро, у бўлиб ўтган воқеадан дарғазаб эди. Ахир, ҳақ унинг тарафида бўлсаю, қандай қилиб бу етим бола ундан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилади?! Мажлисда ана шундай орзуни излаб юрган киши Абу Даҳдоҳ розиёллоҳу анҳу бор эди. Абу Даҳдоҳ деди: “Эй Расулуллоҳ! Агар мен унинг хурмо дарахтини боғим эвазига сотиб олсам ва уни етимга берсам, менга жаннатда мевали бир хурмо шодаси бўладими?”. “Ҳа, сенга мевали хурмо шодаси бўлади”- дедилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам. Абу Даҳдоҳ Абу Лубоба розиёллоҳу анҳунинг ортидан бориб: “Ўша хурмо дарахтингни бутун боғим эвазига менга сотасанми?”-деди. “Сотдим сенга ўша дарахтни. Уни деб мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилинган дарахтда менга яхшилик йўқ”-деди Абу Лубоба розиёллоҳу анҳу. Абу Даҳдоҳ боғига борди ва хотини Умму Даҳдоҳ ва болаларини чақирди: “Боғдан чиқинглар, жаннатдаги бир мевали хурмо шодаси эвазига бу боғни Оллоҳга сотдик”-деди Абу Даҳдоҳ розиёллоҳу анҳу. Айтишларича, боғдан чиқаётганларида айрим болаларининг қўлида баъзи ҳўл хурмолар бор бўлган. Шунда Абу Даҳдоҳ: “Биз буларни Оллоҳга сотдик”-дея уларни қўлидаги хурмоларни боқ ичига улоқтирган экан. 

Боғини ташлаб чиққан Абу Даҳдоҳ бу билан кифояланмади. Жони ва қонини Оллоҳ йўлида қурбон бўлишидан бошқа нарсани жаннатга эваз бўлишига рози бўлмади. Уҳуд жангида қўшин ичида туриб жанг қилди. Маълумки, бу жанг ниҳоясида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари оғир бўлган: юзлари жароҳатланган, қозиқ тишлари синган эди. Ота-оналаримиз у зотга фидо бўлсин. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мана шундай оғир лаҳзаларда ҳам асҳобларини унутмадилар. Асҳобларини кўздан кечирар эканлар, Абу Даҳдоҳга дуч келдилар. Унинг юзларидаги тупроқни артар эканлар: “Оллоҳ сизни раҳмат қилсин! Ҳозир Абу Даҳдоҳ учун жаннатда қанчадан-қанча осилиб турган мевали хурмо шодалари бор”-дедилар. Хўш, Абу Даҳдоҳ нима зиён кўрди? У тупроқ, бир неча хурмо дарахтларидан ажралди, холос. Бироқ, бунинг эвазига эни ер ва осмонларга тенг келадиган жаннатни қўлга киритди. Бу шубҳасиз, буюк зафар, буюк ғалабадир. Кимики ҳақни билса, уни таниса фидойиликлар унга енгил бўлиб қолади.   

Ҳеч нарсага беписанд қарамаслик

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, қанчалик оз бўлмасин ҳеч нарсага беписанд бўлмаслик лозим экан. Аксинча, инсон таълим олмоқлиги, меҳнат қилмоқлиги, имкон қадар давомли ишламоқлиги керак экан. Амалларнинг энг суюклиси оз бўлсада давомлисидир. Озни озга қўшилса кўпаяди. Зеро, сел томчилар йиғиндисидан иборатдир:

Бугун озгина, эрта яна шунча

Бармоқ учи бирла йиғилар билим

Шу йўсинда ҳосил бўлади ҳикмат

Зеро, томчилардан пайдо бўлур сел

Мўъминлар хусусида яхши ўй-фикрда бўлиш

Ақида сояси остидаги ҳаёт мега шуни ўргатдики, киши мўъминлар тўғрисида яхши ўй-фикрда бўлиши, имкон қадар улардан содир бўлган сўз ёки ҳатти-ҳаракатларни яхшиликка йўймоғи лозим экан. Мана бу хулқ чинакамига фақат мўъмин кишилардагина учрайдиган хулқдир:  “Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур” [Фуссилат: 35].

Маълумки, “Бўҳтон воқеаси”да Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг номуслари: хотинлари Оиша розиёллоҳу анҳога зино билан тўҳмат қилинди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ва мўъминлар бир ой давомида оғир синов ва кулфатларни бошдан кечирдилар. Абу Айюб розиёллоҳу анҳу етти қават осмон устидан Оиша розиёллоҳу анҳонинг поклиги тўғрисидаги хабар келишидан олдин хотини Умму Айюбнинг олдига келиб:

-Эй Умму Айюб! Агар сен Оишанинг ўрнида бўлганингда Оиша розиёллоҳу анҳо айбланган ишни қилишинг мумкинмиди?

-Оллоҳга қасамки, йўқ!

-Оллоҳга қасамки, Оиша сендан ва бутун олам аёлларидан яхшироқдир.

-Эй Абу Айюб! Агар сиз  Софвоннинг ўрнида бўлганингизда Софвон  айбланган ишни қилишингиз мумкинмиди?

-Оллоҳга қасамки, йўқ!

-Оллоҳга қасамки, Софвон сиздан яхшироқдир.

Мўъминлар тўғрисида яхши ўй-фикрда бўлишлик - бу фақат мўъминларгина сифатланадиган хулқдир. Ҳаттоки “Бўҳтон воқеаси”нинг жабрланувчи қаҳрамони узоқ вақт йиғидан тўхтамаган, аламдан қалби эзилган Оиша розиёллоҳу анҳо Ҳассон розиёллоҳу анҳуни сўкаётган кишини эшитганида шундай деган эди: “Уни тинч қўйинглар, ахир у:

“Менинг отам, онам ва номусим

Муҳаммаднинг номуси олдида қалқондир”- демаганмиди?!”.Ҳолбуки, Ҳассон розиёллоҳу анҳу “Бўҳтон воқеаси”га аралашиб қолган ва Оиша розиёллоҳу анҳо ҳақида гап қилган кишилардан бири эди.

Ҳаёт менга шундай ўргатди.