Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ менга шундай ўргатди (1)

9514 марта кўрилган

Алий ибн Абдулхолиқ ал-Қарний

Ислом Нури таржимаси

Исломий ақида сояси остидаги ҳаёт

Дарҳақиқат, барча ҳамду сано Аллоҳ таолога хосдир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам ва истиғфор сўраймиз, Унинг ўзига тавба қиламиз. Биз Аллоҳдан нафсимиз ёмонликлари ва ножўя амалларимиздан паноҳ беришини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштиргувчи, адаштирган кимсани эса ҳидоят қилгувчи йўқдир.

Ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ экани, мулку-салтанат ва ҳамду санонинг барчаси Унинг ўзига хос экани ва У барча нарсага қодир зот эканига гувоҳлик бераман. Бу гувоҳлик Унинг бандаси, бандасининг фарзанди, аёл бандаси фарзандининг ва Аллоҳнинг раҳматидан бир лаҳза ҳам эҳтиёжсиз бўла олмайдиган кишининг гувоҳлигидир.

Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ у зотни бутун оламларга раҳмат бўлиши учун пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳ таоло у зот сабаб (ҳақни қабул қилиши учун) қалбларни очди, ақлларни нурафшон қилди, сўқир кўзлар, кар қулоқлар ва ёпиқ қалбларни очди. У зотга, оилалари, асҳоблари ва эзгуликла уларга эргашган кишиларга Аллоҳнинг кўпдан-кўп салавот ва саломлари бўлсин.

“Эй иймон келтирган бандалар, Аллоҳдан ҳақиқий тақво қилингиз ва фақат мусулмон бўлган ҳолингиздагина жон таслим қилингиз (яъни, мусулмон бўлган ҳолда жон таслим қилишга элтувчи амалларни мудом қилиб борингиз)” [Оли Имрон: 102].

“Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган, бу бир жондан унинг жуфтини яратган ва улар иккисидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз. (Унинг номини ўртага қўйиб) ўзаро бир-бирингиздан (эҳтиёжингизни) сўрагувчи Аллоҳдан ва қариндошчилик (ришталарини ўзиб қўйиш)дан қўрқингиз. Албатта, Аллоҳ сизларни устингиздан кузатиб тургувчи зотдир”. [Нисо: 1].

“Эй иймон келтирган бандалар, Аллоҳдан тақво қилингиз ва тўғри сўз сўзлангиз. (Ана ўшанда Аллоҳ) сизларнинг амалларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилажак. Кимики Аллоҳ ва Расулига итоат қилса, шубҳасиз, у катта ютуқ ва муваффақиятга эришгай” [Аҳзоб: 70-71].

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ:

Аллоҳ таолодан барчамизни шу дунёда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси ҳукмрони остида жамламоғи, дунёдаги сўнг сўзимизни ҳам “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси қилмоғи, сўнгра яна бир бор чексиз қудрат ва мулку-салтанат соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг ҳузуридаги барча қулайликлари муҳайё қилинган ўриндиқда – жаннатлар ва анҳорлар роҳат-фароғатидаги абадий ҳаётда жамламоғини сўрайман.

Мен сизларни Аллоҳ йўлида яхши кўришимга Унинг ўзини гувоҳ қиламан. Эҳтимол буни ўзингиз ҳам пайқаб тургандирсиз. Зеро, баъзан юзу-кўз дилдаги нарсани ифода этади.

Суҳбатдоши дўстми ёки бир душман,
Суҳбатдош кўзидан кўнгил илғайди.
Нималар “сотмади” менга кўзларинг,
Кўзларингсиз буни билиб бўлмайди.

Эй Аллоҳ, Сен учун ва Сенинг йўлингда жамланган жамоатни азобламагин.

Эй Аллоҳ, Сен ҳақингда хабар берадиган тилларни азобламагин.

Эй Аллоҳ, Сен билан учрашишга муштоқ қалбларни азобламагин.

Эй Аллоҳ, Сенинг юзингга боқиш лаззатини умид қилган кўзларни азобламагин. Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси, Раҳматинг бирлан сўрайман.

Биродарларим бу кечада мени таклиф қилар эканлар, мен тўғримда яхши гумон қилибдилар. Мен ҳам бу таклифга рози бўлиб келдим. Ҳолбуки, бу кеча мен бирла уларнинг ҳолати, гуёки Макка аҳлига замзам сувини сотган, ёки Мадина аҳлига хурмо сотган, ёхуд Жидда аҳлига балиқ сотган кишининг ҳолатига ўхшайди. Бироқ, Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳдан мени сизлар ўйлагандан ҳам яхшироқ қилишини, менинг сизлар билмаган ишларимни мағфират қилишини ва сизлар мен тўғримда айтаётган мақтовлар боис мени гуноҳкор қилмасини сўраб қоламан.

Эй Қуръон, оятлар нозил қилган Зот,
Фурқон ҳурматийла сўрайман Сендан,
Дилимни оч, зора билгум ҳидоят,
У бирла сақлагин қалбим шайтондан.
Ишларим қил осон, ўта ҳожатим
Жаҳаннам ўтидан сақла жасадим
Ниятим қил холис, гуноҳларим тўк
Белимга бергин куч, ўнглагин ҳолим
Тамаю ҳирсни кес, юксалсин ҳиммат
Тақвомни кўпайтир, жонлансин юрак
Сен мени яратган, бахш этган сурат
Иймонга бошлаган, ҳам берган нусрат
Қўлим меҳнатисиз ва на дўконсиз
Едирган, ичирган Ўзингсан фақат
Сенсан инъом этган, берган панагоҳ
Ҳайрат гирдобидан қутқарган Сенсан
Мен учун қалбларни қилган хайрихоҳ
Меҳр –шафқат, раҳм кўрсатган Сенсан
Менга халқ ичида ёйдинг обрў, шаън
Нигоҳлардан тўсдинг мендаги исён
Қасамки,билсалар ички ҳолатим
Салом ҳам бермайди менга бир инсон
Юз ўгирар мендан, ҳамсуҳбат бўлмас
Юз тутгум хорликка, ҳурмат ҳам кетгай
Лек тўсдинг айбларим ва нуқсонларим
Яширдинг хатомни ва туғёнларим
Қалбим, аъзоларим ва тилим бирла
Сенга бахшида барча мақтовларим

Ҳаёт менга шундай ўргатди.

Эй азизлар, бу ўргатадиган ҳаёт қайси ҳаёт? Сабоқ берадиган, тарбиялайдиган ҳаёт қандай ҳаёт?

Бу ҳаёт ўйин-кулги ҳаётими? Бу ҳаёт беҳуда ва ўйинқароқ ҳаётми? Бу ҳаёт зое кетган дарбадар ҳаётми?

Осмонларни устунларсиз кўтарган Зотга қасамки бундай эмас!

Бу ҳаёт "ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" дир.

Бу ҳаёт сизни борлиқ билан мулоқотга киришадиган килиб қўйган ҳаётдир. Сизни борлиқ ҳақида мулоҳаза юритишга ва тафаккур қилишга ундайдиган ҳаётдир:

Нақадар яхшидир ҳақ йўлда ҳаёт Ноҳақсан саодат сенга эрур ёт

Бу ҳақиқий ҳаётдир. Ислом ҳукмрони остидаги ҳаёт. Ўргатадиган, тарбиялайдиган ва сабоқ берадиган ҳаёт.

Ҳидоят ва нур устига қурилган ҳаёт. Шод-хуррамлик, роҳат-фароғат ва сурурбахш ҳаёт. Бу ҳаёт оғушида яшаган киши нурга чўмган ва нур узра ҳаёт кечиради. Нур устида оламни тарк этиб, нур ила Аллоҳга йўлиқади. Сирот кўпригидан ўтар экан нур унга ҳамроҳлик қилади. “Нур устига нур. Аллоҳ хоҳлаган кимсани Ўзининг нурига ҳидоят қилади” [Нур: 35].

Қиёмат куни келиб, мўъминлар ва мунофиқлар ўртасида нурлар тақсимланиб, Сирот кўпригига қадам қўйилар экан, чин дилдан йиғлаган кишилар билан ўзини йиғлаганга солган кишилар ажралиб қоладилар. Ўшанда мунофиқларнинг нурлари сўниб, кўзлари кўрмай, қоронғуликларда қолиб кетадилар. Мунофиқлар мўъминларга қарата нидо қиладилар: “У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар, (уларга) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилур. Сўнг улар (билан мўминлар) нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳмат—жаннат, ташқарисида – олдида эса азоб — дўзах бўлур. Улар (мўминларга) «Биз (ҳаёти дунёда) сизлар билан бирга эмасмидик», деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: «Ҳа, (кўринишда биз билан бирга эдинглар) , лекин сизлар (мунофиқлик билан) ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва (бизларга бало-офатлар етишига) кўз тутдинглар ҳамда (Исломнинг ҳақ дин эканлиги тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри (яъни ўлим) келгунича сизларни (ҳали умр узоқ эканлиги, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечиб юборавериши каби) хомҳаёллар алдади. Сизларни Аллоҳ ҳақида (У зотнинг карами кенг, ҳеч қачон Ўзи яратган бандаларни азобга гирифтор қилмайди, деб) алдаувчи (шайтон) алдаб қўйди». Мана Бугун сизлардан ҳам, (эй мунофиқлар) , кофир бўлган кимсалардан ҳам (дўзах азобидан қутулишларингиз учун) бирон тўлов олинмас. Жойларингиз дўзахдир! У сизларга энг муносиб жойдир! Нақадар ёмон оқибат (бу)!” [Ҳадид: 13-15].

Бундай оғир лаҳзаларда мўъминлар нурлари сабаб Сирот кўпригидан ўтиб оладилар: “Мўмин ва мўминаларнинг (Сирот узра) олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амалларига қараб ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг) ! (Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар — остидан дарёлар оқиб турадиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу улуғ бахтнинг ўзидир!»” [Ҳадид: 12]. Мўъминлар Раҳмоннинг ҳузуридаги, тақводор бандалар учун ҳозирлаб қўйилган, эни осмонлар ва ерга тенг келадиган жаннатдан бошқасига рози бўлмайдилар: “Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз!” [Оли Имрон: 133]. Улар иккиси тенг бўладиларми? Йўқ, асло тенг бўлмас! “” [Фотир: 19-22].

Ақлли бир киши бирлан эси паст, Қасамки, иккиси сира тенг келмас.
Бириси ҳақ йўлда қилган ҳаракат, Бошқасин оғушига олган зулумат.

Улар ҳеч қачон тенг келмаслар.

Аллоҳ йўлидаги азиз биродарлар, "ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" ниҳоятда катта мактабдир. Бу ҳаётда қалби уйғоқ, ёхуд диққат билан қулоқ тутган кишилар учун ибрат ва панд насиҳатлар бор.

Бу кеча сизларга "ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" менга таълим берган баъзи сабоқларни сизларнинг эътиборингизга тақдим қилмоқчиман. Бу ҳаёт ислом умматидан бўлган қалби уйғоқ ҳар бир кишига таълим беражак, шубҳасиз.

Аллоҳ таолодан барчамизга манфаатли илм, солиҳ амал, ўткир тафаккур, зийрак онг ва ибрат насиб қилишини, Ўзининг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз сояси ила бизга соя қилишини сўрайман.

Эй Аллоҳ, Сен осон қилган нарсадан бошқа осон нарса йўқ ва Сен хоҳласанг қийинни енгил қилувчи Зотсан.

Аллоҳни яккалаш рисолатлар таянч нуқтасидир

"ИСЛОМИЙ АҚИДА СОЯСИ ОСТИДАГИ ҲАЁТ" шуни менга таълим бердики, Аллоҳни яккалаш – бу самовий рисолатлар ва инсон ҳаётининг чинакам таянч нуқтаси экан. Инсон қачон Парвардигорини ўз ҳаётининг таянч нуқтаси қилиб, жасадидаги ҳар бир зарра, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сукунат ва нафасини оламлар Парвардигори Аллоҳга сиғинтирар экан, ўшанда инсоннинг қиймати юзага чиқади.

Унинг ўқиган намози, сўйган қурбони, ҳаёти ва мамоти Аллоҳ учундир. Бу борада унинг шиори: “Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир.” [Анъом: 162-163].

Шу йўсинда инсон ва у яшаб турган борлиқнинг йўналиши бирлашади. Зеро, борлиқнинг барчаси Аллоҳга итоат этувчи, Унинг салтанатига бўйсунувчи ва Аллоҳга ҳамд бирла тасбеҳ айтувчидир.

Агар бу банда исёнкорлик қилса, итоат, бўйсуниш ва хокисорлик ила ёлғиз Аллоҳ сари йўналаётган бу бепоён коинотда ёлғизланиб қолади. Оқибатда, бутун коинот бир йўналишдаю, у бўлса қарама-қарши йўналишда бўлиб қолади. “Ким кофир бўлса, куфрининг зиёни ўзигадир” [Рум: 44].

Биздан ўзга Аллоҳнинг махлуқотлари сон-саноқсиздир. Уларни ёлғиз Яратган зот билур. Эй банда, Аллоҳга итоат қилмоғинг ўзингга фойда, Унга осий бўлмоғинг ўзингга зиён. Асло буни Аллоҳга зиёни йўқдир.

“Саҳиҳи Муслим” асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло дейди: “Эй бандаларим! Бордию сизларнинг аввалгиларингиз ва охиргиларингиз, инсону жинларнинг барчаси ўзларингиздан бўлган бир энг қалби тақводор кишидек бўлсалар, бу нарса Менинг мулку-салтанатимда ҳеч нарсани зиёда қилмайди.

Эй бандаларим! Бордию сизларнинг аввалгиларингиз ва охиргиларингиз, инсону жинларнинг барчаси ўзларингиздан бўлган энг қалби бузуқ кишидек бўлсалар, бу нарса Менинг мулку-салтанатимдан ҳеч нарсани камайтирмайди.

Эй бандаларим! Бордию сизларнинг аввалгиларингиз ва охиргиларингиз, инсону жинларнинг барчаси бир мадонда йиғилиб Мендан (ўз ҳожатларини) сўрасалар ва Мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берсам, бу нарса Менинг мулкимдан гуёки игна денгизга ботирилса унинг сувидан қанчалик камайтирса шунчалик камайтиради, холос (яъни, ҳеч нарса камайтирмайди).

Эй бандаларим! Бу сизларнинг амалларингиз, Мен уларни сизлар учун ҳисоб-китоб қилиб, сўнгра шунга кўра тўла-тўкис мукофот, ё жазосини берурман. Ўшанда кимики амалларининг яхшилигини кўрса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Кимики ундан бошқача эканини кўрса, у ҳолда фақат ўзини маломат қилсин”.

Агар қолсанг умрингда бир кун хилватда,
Демагин: “Холи қолдим”, Рақийб тепангда.
Зинҳор ўйлама: “ Шу он Раҳмон ғафлатда”,
Яширганинг Аллоҳга сирмас албатта.