Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Омир ибн Шароҳил Шаъбий

4958 марта кўрилган

"Шаъбий жуда чуқур илмли, ўта ҳалим инсон эди, Исломда унинг алоҳида ўрни бор."
(Ҳасан Басрий)

Хазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврининг олти йили қолганида мусулмонлар сафида одатдагидан кичкина, озғингина бир чақалоқ дунёга келди... Чақалоқ жисмининг кичик бўлиб қолишига сабаб, онасининг қорнидаги эгизаги унинг тўлиқ ўсишига халақит бергани бўлди... Бироқ, шундан кейин илм, ҳилм, ҳифз ва фаҳму-фаросат майдонларида, на акаси ва на бошқа бирон кимса уни сиқиб қўя олмади. У Шаъбий номи билан танилган, ўз замонида мусулмонлар ичида бетакрор бўлган олийжаноб инсон Омир ибн Шароҳил Ҳимярийдир.

Имом Шаъбий Кўфа шаҳрида дунёга келдилар ва шу ерда улғайиб вояга етдилар. Бироқ орзу қилган, қалблари ошиқ бўлган шаҳар Мадинаи мунаввара эди. Саҳобалар Кўфадан Аллоҳ азза ва жалла йўлида жиҳодга чиқиш ёки яшаш учун маскан қилиб олиш мақсадида Кўфага келганлари каби, Шаъбий ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан кўришиб, улардан сабоқ олиш мақсадида, дамба-дам Мадинага бориб турар эдилар. Беш юзга яқин саҳобалар билан ҳамсуҳбат бўлиш ва улуғ саҳобалардан ривоят қилиш шарафига муяссар бўлдилар, жумладан: Алий ибн Аби Толиб, Саъд ибн Аби Ваққос, Зайд ибн Собит, Убода ибн Сомит, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саид Худрий, Нўъмон ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Адий ибн Ҳотим, Абу Ҳурайра, уммул мўъминин Оиша Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

Шаъбий ўта заковатли, қалби уйғоқ, зеҳн ва фаҳм-фаросати ўткир, мўжизавий ёдлаш ва эслаб қолиш қобилияти бор йигит эдилар. Ўзлари ҳақида шундай деган эканлар: “Ҳаётимда асло оқни қора қилмаганман яъни бирон сўзни қоғозга ёзмаганман, ким бир ҳадисни айтиб берса уни ёдлаб олардим, менга бир сўз айтган кишининг яна шу сўзни такрорлашини истамаганман”.

Шаъбий илм ва маърифатга муҳаббатли йигит бўлиб, бу йўлда энг қимматбаҳо нарсаларни ҳатто жонини ҳам сарфлар, унинг йўлида ҳар қандай қийинчиликларни енгил санарди. У шундай дер эди: “Агар бир киши Шомнинг у чеккасидан, Яманнинг бу чеккасига сафар қилиб, умрининг қолган қисмида унга фойда бўладиган бир калима ўрганган бўлса, демак унинг сафари зое бўлмабди”. Шаъбий билимда шундай даражага етган эдики: “Мен энг оз ўрганган илм бу шеъриятдир. Шунга қарамай, агар истасам бирон шеърни қайта айтмасдан, сизларга бир ой шеър айтиб бера оламан”, дер эди.

Саҳобалар барҳаёт, одамлар орасида юрган чоғларида, Кўфанинг жомеъ масжидида Шаъбийнинг ўз ҳалқаси (дарс мажлиси) бор эди. Одамлар унинг атрофида тўп-тўп бўлиб ўтирардилар. Ҳатто бир кун улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Шаъбийнинг одамларга ғазотлар ҳақида тўлиқ, мукаммал қилиб, унинг нозик нуқталаригача айтиб бераётганини диққат билан эшитиб: “Дарҳақиқат мен бу йигит айтиб бераётган ғазотларнинг айримларига гувоҳ бўлиб ўз кўзим билан кўрганман ва қулоғим билан эшитганман, лекин шунга қарамай бу йигит мендан кўра уларни гўзалроқ баён қилмоқда”, деган эдилар.

Шаъбийнинг кенг маърифатли ва ўткир зеҳнли эканига далолат қилувчи ҳодисалар жуда кўпдир. Шулардан бирини ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бир куни насл-насаби билан бир-бирига фахрланаётган икки киши хузуримга келишди. Бири “Омир” қабиласидан, иккинчиси “Асад” қабиласидан эди. Омирий биродарига ғолиб бўлиб уни кийимидан судраб келарди, Асадий эса мағлуб ҳолда: “Қўйиб юбор”, деб зорланар, Омирий: “Аллоҳга қасамки Шаъбий ўртамизда ҳукм чиқармагунча қўйиб юбормайман”, дер эди. Омирийга: “Ўртангизда ҳукм қиламан, уни қўйиб юбор”, дедим. Сўнг Асадийга қараб: “Нима учун унинг ёнида заиф ва синиқ ҳолда кўряпман сени? Ҳолбуки сенинг қабилангда бошқа арабларда бўлмаган олтита фахрланадиган нарса бор:

Биринчиси: Сизнинг қабилангиздан бўлган аёлга, башарият саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйганлар, Аллоҳ таоло етти осмон тепасидан Ул зотни унга уйлантирган. Уларнинг ўрталаридаги элчи Жаброил алайҳис салом бўлган. Бу аёл мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳшдир. Мана бу шараф сенинг қавмингга бўлган, бошқа араблардан биронтасига бўлмаган.

Иккинчиси: Сизнинг қавмингизда ер устида юрган жаннат аҳлидан бўлган киши бор эди. У Укоша ибн Миҳсандир. Бу ҳам фақат Бани Асаддагина бўлган фазилат.

Учинчиси: Исломда энг биринчи байроқ сизнинг қавмингиздан бўлган Абдуллоҳ ибн Жаҳш бошчилигидаги лашкар учун боғланган.

Тўртинчиси: Исломда тақсим қилинган биринчи ўлжа Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг қўлга киритган ўлжаси бўлган.

Бешинчиси: Байъати Ризвонда биринчи байъат қилган киши сизлардан бўлган. У қабиладошингиз Абу Синон ибн Ваҳб бўлиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Росулуллоҳ, қўлингизни ёзинг байъат қиламан” деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима нарсага”, дедилар. У: “Қалбингиздаги нарсага”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг қалбимдаги нарса нима?” дедилар. У: “Фатҳ ёки шаҳидлик”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, шундай”, дедилар ва у байъат қилди, шундан сўнг одамлар ҳам Абу Синоннинг байъатига кўра байъат қилдилар.

Олтинчиси: Сенинг қавминг Бану Асадликлар “Бадр” кунида муҳожирларнинг еттидан бирини ташкил қилганлар. Бу фазилатларни эшитган Омирий ҳайратланиб, жим бўлиб қолди. Имом Шаъбий заиф ва мағлуб кишига кучли ва ғолиб устидан ёрдам беришни ирода қилганига шубҳа йўқдир. Агар Омирий мағлуб ҳолда бўлганида, Бану Омирнинг фазилатларидан у хабардор бўлмаган фазилатларни санаб берган бўлар эди.

Абдулмалик ибн Марвон халифалик мансабига ўтирганида, Ироқдаги волийси Ҳажжожга мактуб юборади: “Дин ва дунё ишларига лаёқатли бир кишини хузуримга юборгинки, мен уни ўзимга маслаҳатчи ва суҳбатдош қилиб олай”. Ҳажжож халифанинг хузурига Шаъбийни юборади. Халифа Шаъбийни ўзига энг яқин кишилардан қилиб олди, мураккаб ишларда унинг кенг илмига таянадиган, ташвишли онларда унинг фикрига суянадиган ва ўзи билан подшоҳлар ўртасида элчи қилиб юборадиган бўлди.

Халифа бир марта Шаъбийни Рум шоҳи Жистинённинг олдига юборди. Шаъбий унинг ҳузурига етиб боргач, Рум шоҳи унинг сўзларини эшитди, унинг заковати, улуғворлиги, сўзамоллиги ва хозиржавоблигидан даҳшатга тушди. Одатига хилоф ўлароқ уни ўз хузурида бир қанча кун олиб қолди.

Шаъбий қайтиш учун қатъий изн сўраб туриб олгач шоҳ унга кетишга изн берар экан сўради: “Сиз халифанинг оиласиданмисиз?”. Шаъбий: “Йўқ, мен мусулмонлардан бириман, холос”. Рум шоҳи: “Халифанинг хузурига қайтгач, у билмоқчи бўлган барча нарсаларни айтиб берганингиздан сўнг, унга мана шу мактубни беринг”. Шаъбий Димашққа қайтгач халифанинг хузурига кирди ва кўрган, эшитган барча нарсаларни сўзлаб, халифа сўраган саволларга жавоб берди, сўнгра кетиш олдидан: Эй Амирул муъминин Рум шоҳи мана шу мактубни сизга етказишимни буюрганди, деб халифага мактубни топшириб чиқиб кетди.

Абдулмалик ибн Марвон мактубни ўқиши биланоқ соқчиларига Шаъбийни тезда қайтариб келишни буюрди, улар уни қайтардилар.

Абдулмалик Шаъбийга: “Мактубда нима битилганини биласанми?!”

— “Йўқ, эй мўминлар амири”.

  • “Рум шоҳи менга қуйидагиларни ёзиб юборибди: “Арабларга ҳайронман, қандай қилиб ўзларига бу йигитдан бошқани подшоҳ қилдилар экан?!”. Абдулмалик мактуб ўқиб улгурмасидан Шаъбий деди:
  •  “У сизни кўрмагани учун шундай деган, агар у сизни кўрган бўлганида бундай демаган бўлар эди, эй мўминлар амири!”.
  •  “Нима учун Рум шоҳи менга бундай мактуб йўллаганини биласизми?”.
  •  “Йўқ, билмайман”.
  •  “У Менда сиздек киши борлигидан менга хасад қилган ва у мактуби билан мени сизни қатл қилишга тезлаб, сиздан халос бўлишни ирода қилган”. Рум шоҳига бу гаплар етиб борганида: “Отасига балли, қасамки, мен бундан бошқа нарсани мақсад қилмаган эдим”, деди.

Имом Шаъбий илмда шундай юқори манзилатга эришдики, ҳатто у ўз асридаги тўртда забардаст олимларнинг бири бўла олди. Имом Зуҳрий шундай дер эканлар: “Уламолар тўрттадир: Мадинада Саид ибн Мусайяб, Кўфада Омир Шаъбий, Басрада Ҳасан Басрий ва Шомда Макҳул”.

Имом Шаъбий камтаринлигидан, бирон киши унга "Олим" деб мурожат қилса, уялиб кетар эди. Кунларнинг бирида бир киши унга: “Эй фақиҳ олим менга жавоб берсангиз”, деганида. “Ҳой барака топгур, бизда йўқ сифатлар билан бизни кўтар-кўтар қилмагин. “Фақиҳ”, деб Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тақво қилган, “Олим” деб Аллоҳдан ҳақиқий қўрққан кишига айтилади. Биз қаердаю булар қаерда!” деган эди. Яна бир киши бир масала ҳақида сўради: “Бу ҳақда Умар ибн Хаттоб бундай деганлар, Алий ибн Аби Толиб бундай деганлар, деб жавоб берди. Сўровчи: “Сиз нима дейсиз?” деди. Шунда Шаъбий уялган ҳолда табассум қилиб: “Умар ва Алий розияллоҳу анҳумонинг сўзларини эшитдинг, менинг сўзимни нима қиласан” деди.

Имом Шаъбий гўзал ахлоқ ва улуғ хислатларга эга олим эди. Мана шу хислатлардан бири у талашиб-тортишишни ёмон кўрар, фойдасиз нарсаларга киришишдан ўзини сақлар эди. Бир куни суҳбатдошларидан бири: “Эй Абу Амр, одамлар гапираётган мана бу икки киши ҳақида сиз нима дейсиз?” деб сўраганида. Шаъбий: “Қайси икки киши ҳақида сўраяпсан?”. Суҳбатдош: “Усмон ва Алий”. Шаъбий: “Мен, Аллоҳга қасамки, Қиёмат куни Усмон ибн Аффонга ёки Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳумога хусуматчи бўлиб қолишдан покман” деб жавоб берди.

Шаъбий илм билан ҳалимликни жамлай олган эди. Ривоят қилинишича бир киши уни ёмон сўзлар билан хақорат қилганида: “Агар менга қилаётган тухматларингда ростгўй бўлсанг, Аллоҳ мени кечирсин. Агар ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сени кечирсин” дейишдан нарига ўтмаган экан.

Шаъбий нақадар қадри баланд ва улуғ фазилат соҳиби бўлишига қарамай, маърифат ва ҳикматни ўзидан шаъни паст одамлардан олишдан орланмасди. Бир Аъробий унинг илм мажлисига келишга одат қилди. Бироқ доим жим ўтирарди. Шаъбий унга: “Гапирмайсизми?” деганида. Аъробий: “Жим ўтирсам саломат бўламан, эшитаман ўрганаман. Кишининг қулоқларидан бўлган улуши ўзига қайтади, тилидан бўлган улуши эса бошқага қайтади” деб айтганида, Шаъбий то вафот этгунига қадар Аъробийнинг ушбу сўзларини такрорлаб юрган экан.

Балоғат ва фасоҳат билан гўзал гапириш ва уни ўз ўрнида ишлата билиш каби неъмат жуда нодир кишиларгагина берилган бўлиб, ана шулардан бири Шаъбий эди. Бунинг мисоли ўлароқ Шаъбийнинг икки Ироқ амири Умар ибн Ҳубайрага, у бир жамоъа мусулмонларни қамаб қўйгандаги айтган сўзидир: “Эй Амир, агар уларни ноҳақ қамаган бўлсангиз, ҳақ уларни чиқаради, агар уларни ҳақ билан қамаган бўлсангиз, афв уларга ҳам етади”. Шаъбийнинг сўзидан ҳайратда қолган амир, унинг ҳурматидан барчаларини озод қилиб юборган экан.

Имом  Шаъбий ўта шижоатли, дин ва илмда даражалари ниҳоятда юқори бўлиши билан бирга, очиқ қалб, бир нав ҳазилкаш ҳам эдиларки, бирон ҳазил ўрни келиб қолса уни ўтказиб юбормасдилар. Шулардан бири: Шаъбий аёли билан ўтирганларида, бир киши кириб: “Қайси бирингиз Шаъбий?” деб сўраганида, аёлини кўрсатиб: “Мана бу”, деганлар. Яна бир киши: “Шайтоннинг хотинининг исми нима эди?” деб сўраганида. “Биз у тўйда қатнашмаган эдик”, деб ҳазиллашиб қўйганлар.

Шаъбий ҳақидаги энг яхши тасаввурни, у кишининг ўзлари ҳақида айтган сўзлари берса ажабмас: “Одамлар кўз тикиб турган нарсага асло ўрнимдан турмаганман. Қулларимдан биронтасини урмаганман. Бирон қариндошим бўйнида қарзи бўлган ҳолда вафот этиб қолса, дарҳол унинг номидан қарзини тўлаб қўйганман”.

Имом Шаъбий узоқ умр кечирдилар, саксон ёшдан ортиқроқ яшадилар. Аллоҳ таоло чақириғига лаббай деб жавоб бердилар, Ҳасан Басрийга у кишининг вафотлари хабари етган пайтда шундай дедилар: “Аллоҳ раҳматига олсин, дарҳақиқат Шаъбий жуда кенг илмга эга, ўта ҳалим инсон эди, Исломда унинг алоҳида ўрни бор”.