Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исро ва Меърож

5443 марта кўрилган

الشيخ صالح المغامسي
الإسراء والمعراج

Шайх Солиҳ ал-Мағомисий
Ислом Нури таржимаси


بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Махлуқотларини босқичма-босқич яратган ва уларга Ўзи истаганича иззат ва иқтидор берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мен бир ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, Унинг шериги ва тенги йўқ, деб гувоҳлик бераман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёматгача уларнинг йўлларига эргашган ва суннатларини тутган зотларга саловоту саломлар йўлласин.

Аммо баъд...

Бугунги суҳбатимиз Исро ва Меърож мавзусида бўлади. Маълумки, ушбу ҳодиса пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсларига бевосита алоқадор ҳодиса ва у зотнинг покиза сийратларидан гўзал бир парчадир, у зотга Аллоҳ таолонинг саловот ва саломлари бўлсин.

Уламолар иттифоқига кўра, Исро ва Меърож ҳижратдан уч йил илгари содир бўлган, бироқ, ушбу ҳодиса юз берган кеча йилнинг қайси ой-кунига тўғри келиши ҳақида уламолар ўртасида ҳар хил қарашлар мавжуд. Айримлар кучлироқ санаган қавл Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлиб, мусулмон оммаси зеҳниятига шу сана чуқур ўрнашиб қолган, айрим мамлакатларда шу кунни дам олиш куни деб эълон қилинган, Исро ва Меърож кечаси сифатида нишонлаш расм бўлган.

Биз гарчи, бундай диний расм-русумларни шаръий деб кўрмасак-да, шуни аниқ айтишимиз мумкинки, Ражабнинг йигирма еттинчи кечаси одамлар зеҳнига ўрнашиб қолишига сабаб, шу кунда Масжидул Ақсога тааллуқли бир қанча тарихий ҳодисалар юз берган бўлиб, жумладан, улуғ саркарда Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ Ҳиттийн жангидан сўнг Қуддусни айни шу кунда, Ражаб ойининг йигирма еттисида, Исро ва Меърож кечасида фатҳ қилган. Бу воқеа ҳижрий 583 йили бўлганди. Шунгача Мақсидул Ақсо нақ 91 йил насроний салибчилар қўлида асир бўлиб турган ва шу куни яна қайта мусулмонлар қўлига ўтганди.

Исро ва Меърож Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг Улуғ Парвардигорларидан тасалли ва юпанчга, Аллоҳ ҳузурида улуғ мақом ва эътиборга сазовор бўлган ўтмиш пайғамбарлар жамоасининг қўллаб-қувватлашларига ўта муҳтож бўлиб турган босқичида содир бўлди. Чунки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша кунларда завжаи муҳтарамалари Хадижа бинт Хувайлид ва амакилари Абу Толибдан ажралиб қолган, кейин даъват мақсадида Тоифга чиққанларида Тоиф аҳлидан ўта ёмон муомала кўриб, қаттиқ сиқилган ва эзилган эдилар. Исро ва Меърож Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳиятларига анчагина таъсир кўрсатган мазкур учта қайғули воқеадан кейин содир бўлди ва Аллоҳ таоло у зотни бундай олий шарафга мушарраф этиш билан Ўз раҳмати, риояси ва ҳифзи ҳимояси остида эканларини билдирди, бу билан дилларига таскин-тасалли ҳосил бўлди.

Исро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тунда Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога олиб борилиш ҳодисаси бўлиб, бу Қуръон ояти билан собитдир: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У Эшитувчи, Кўрувчидир» (Исро: 1).

Меърож эса Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни Масжидул Ақсодан самовот оламига, Ўз олий даргоҳи сари кўтариши воқеаси бўлиб, ушбу воқеа тафсилоти лафзи ҳам, маъноси ҳам мутавотир бўлган ҳадисларда келган. Ушбу ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўкраклари Замзам суви билан ювилгани, миниб келган Буроқ исмли уловларини масжид деворидаги ҳалқага боғлаганлари, пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқиганлари, сўнгра еттинчи осмонга олиб чиқилганлари, йўлда, ҳар бир осмонда пайғамбар биродарлари кутиб олиб, кузатиб қўйганлари, жумладан, биринчи осмонда оталари Одам билан, иккинчи осмонда Яҳё ибн Закарийё ва Ийсо ибн Марям билан, учинчи осмонда биродарлари Юсуф билан, тўртинчи осмонда Идрис билан, бешинчи осмонда Ҳорун билан, олтинчи осмонда Мусо билан, еттинчи осмонда оталари Иброҳим билан (ҳаммаларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин) кўришганлари зикр қилинган. Ушбу воқеа тафсилотлари маъруф ва машҳур бўлгани боис биз уларга киришмаймиз. Зеро, ушбу суҳбатимизни биз Исро ва Меърож ҳодисасининг тафсилоти ва воқеаларнинг тадрижий баёнига эмас, балки, ушбу ҳодисадан олинадиган айрим фойдаларга бағишламоқчимиз.

Исро ва Меърож ҳодисаси зимнида бир неча улкан фойдалар борки, биз улардан айримларини баён қилиб ўтамиз. Жумладан:

Байтул Мақдис (Қуддус) ва Масжидул Ақсонинг фазли. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Олий Даргоҳга кўтаришидан олдин ер юзидаги энг охирги бекат сифатида Масжидул Ақсони танлади: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1). Меърожнинг ушбу масжиддан бошлангани унинг фазлига далолат қилади.

Байтул Мақдиснинг фазли ва шарафига далолат қилувчи бошқа бир қанча асарлар ҳам бор.

Жумладан: Набийюллоҳ Мусо алайҳиссалом Бану Исроил қавми Муқаддас Ерга (Қуддусга) кириб келишидан анча олдин вафот этгандилар. У киши ўзларини бир тош (отиш) масофасига бўлса-да, Байтул Мақдисга яқинлаштиришини сўраб, Аллоҳга дуо қилганлар, ушбу муборак ўринга имкон қадар яқин бўлишни истаганлар.

Аллоҳ таоло Масжидул Ақсони зикр қиларкан, «Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога...» деб, Ўзининг баракоти ушбу масжид атрофидаги ерларга ҳам ом эканига ишора қилди. Зотан, ушбу муқаддас макон ўтмиш пайғамбарлар маъво-ю манзили, набийлар ватани бўлиб, аксар пайғамбарлар Фаластин еридан чиққанлар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум буни яхши билганлар. Улар Масжидул Ақсода ўқилган намознинг фазлини ўқиб-ўрганганлари зикри келган. Ҳоким ва бошқалар саҳиҳ санад билан Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар ҳузурига чиқиб келганларида улар у зотдан қайси масжидда ўқилган намоз афзалроқ, Масжидун Набийдами, Масжидул Ақсодами, деб сўрадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг бу масжидимдаги битта намоз ундаги тўртта намозга тенг», деб жавоб бердилар. Шу ҳадисдан маълум бўладики, кўпчилик одамлар тилида машҳур бўлган, Масжидул Ақсодаги бир ракъат намоз 500 ракъат намозга тенг, деган сўзга хилоф ўлароқ, ундаги битта намоз 250та намозга тенгдир. Тўғри, Масжидул Ақсодаги битта намоз бошқа жойдаги 500та намозга тенг деган мазмунда ҳадис бор, бироқ, у ҳадиснинг санади заифдир. Биз юқорида келтирган Абу Зар ҳадиси эса саҳиҳ ҳадисдир, уни Ҳоким «Мустадрак»да саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Масжидул Ақсонинг тарихий сурати

Кўп жойларда Масжидул Ақсонинг сурати сифатида тақдим этилаётган олтинранг гумбазли масжид аслида, бутунлай бошқа, Масжидул Ақсо яқинида жойлашган Масжидус Сохра номли масжиддир. Ушбу гумбазли масжид машҳур умавий халифа Абдулмалик ибн Марвон томонидан қурилган. Тўғрироғи, у бу масжидни ўша пайтдаги ўзининг мухолифи ва рақиби бўлган Абдуллоҳ ибн Зубайрга (розияллоҳу анҳу) қарши уруш олиб бораётган даврида қурдирган бўлиб, бу билан одамларни Ибн Зубайр ҳукми остидаги Маккага ҳаж ва умра сафаридан Байтул Мақдис сари буриб юборишни кўзлаганди. Бу, юқорида таъкидлаганимиздек, ўзининг сиёсий рақиби бўлмиш Ибн Зубайрни кучсизлантириш учун қўллаган стратегияси эди. Демак, суратлари ҳар ерларда кўзга ташланиб турган ушбу олтинранг гумбазли масжид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом бўлиб намоз ўқиган муборак Масжидул Ақсо эмас, балки, Масжидус Сохра аталмиш масжиддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқишлари остида нима ҳикмат бор эди?

Уламолар айтишларича, ҳар бир мўмин-мусулмонга маълум бўлганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам давр ва замон жиҳатидан энг сўнгги пайғамбар бўлдилар. Ўтмиш пайғамбарларни у зотнинг ортларида саф тортиб, намоз ўқишга амр этиш билан Аллоҳ таоло уларга ҳам, бошқа халқларга ҳам, ушбу пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гарчи, вақт ва замонда охирги пайғамбар бўлсалар-да, фазл ва қадрда энг юксак ва зикрлари энг олий пайғамбар эканини билдириб қўйишни истади. У зотга ва барча пайғамбар биродарларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини самолар ичра кездириши ва еттинчи осмонга юксалтиришида у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатаётган ва у зотга тазйиқ ўтказаётган кимсаларга ўзига хос бир раддия бор эди. Барча пайғамбарларнинг ҳоли ҳам ана шундай, Аллоҳ таоло уларни душманлари қўлига ташлаб қўймайди, балки уларни Ўз ҳифзи-ҳимоясида асрайди, кўрган машаққатлари эвазига кўп яхшиликлар ато этади. Албатта, Аллоҳнинг валояти (Ўзига дўст ва яқин олиши) ва берадиган эвази ҳар кимга нисбатан ҳар хил бўлади, бир солиҳ бандасига бир хил, бошқа бир солиҳ бандасига бошқа хил нарса ато этади. Бу халқлар ичидаги Аллоҳнинг қонуниятидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг солиҳ бандалари ичида энг олий мақом соҳибидирлар. У зот азон ҳақида сўзлаб, ортидан айтганларки: «Сўнгра Аллоҳдан менга васила (воситачилик ато этишини) сўранглар. Зеро, у жаннатдаги бир мартабаки, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандага насиб бўлади. Мен ўша банда бўлишни умид қиламан. Ким менга васила сўраса, унга шафоат ҳалол бўлади» (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Хулоса шуки, само аҳлининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни олқиш билан кутиб олишлари у зотнинг Парвардигор ҳузурида мақомлари олий ва мартабалари юксак эканлигига далил бўлади.

Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам самовот оламида сайр қилиб, Сидратул Мунтаҳага етиб бордилар. Аҳли илмлар сўзларига кўра, Сидратул Мунтаҳа (энг охирги етиб бориладиган ўриндаги Сидра дарахти) деб аталишига сабаб, ердан кўтарилган ҳар қандай нарса шу ерга етиб, тўхтайди ва ҳеч ким ундан уёғига ўта олмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сидратул Мунтаҳадан бир оз ўтдилар ва қаламлар қитирлаши эшитилиб турган ўрингача етдилар. Шу ўринда Парвардигорлари у зот билан сўзлашди, Ўзига яқин қилди, мўл-кўл неъматлар ато этди, шу ерда у зотга беш вақт намозни фарз қилди. У зотга шу ерда намозлар фарз қилинди, бироқ, намозларнинг вақтлари аниқ баён қилинмади. Ерга қайтганларидан сўнг Жибрийл алайҳиссалом келиб, намоз вақтларини ўргатдилар. Кун тиккадан бир оз оғиши билан пешин намозини ўқиб бердилар, шундан кейин икки кун мобайнида намозларнинг аввалги ва охирги вақтларини кўрсатиб, намоз ўқиб бердилар ва: «Намоз мана шу икки вақтнинг орасида», дедилар. Бинобарин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳаётларида фарз намоз сифатида ўқиган биринчи намозлари ва таъбир жоиз бўлса, умматга биринчи фарз бўлган намоз пешин намози бўлди, деб айта оламиз.

Исро ва Меърож ҳақидаги ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари Замзам суви билан ювилгани зикр қилинган. Дарҳақиқат, уламолар ҳасан санаган ҳадисда айтилганидек: «Албатта, Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир». Шунинг учун салаф олимлари, буюк зотлар, фозилу фузалолар Замзам сувини алоҳида ният билан ичишга қаттиқ эътибор берганлар.

Ҳадис илмида мўминлар амири деб танилган, машҳур фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ Маккага келсалар, Замзамни қўлларига олиб, санадлари билан ривоят қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта, Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир» деган ҳадисларини айтар, сўнгра: «Эй Аллоҳ, мен уни қиёмат кунининг ташналиги ёки машаққати учун ичаман», дер эдилар.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ ёшлик даврларида, ҳали илм таҳсилига шўнғимаган пайтларида камон отишга қизиқардилар. Замзам ичганларида ўша табиатлари ғолиб келиб, мерганликни ният қилиб ичган эканлар. Кейинчалик у киши айтардилар: «Ўнта нишондан тўққизтасини бехато урардим, кўпинча ўнтасини ҳам урардим».

Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳаж қилиш учун Маккага келганларида Замзам сувини учта ният билан ичган эканлар. Биринчиси, «Бағдод тарихи»ни Бағдодда ривоят қилиб сўзлаб беришни, иккинчиси, Мансур жомеъсида ҳадис айтишни, учинчиси, Бишр ал-Ҳофий ёнларига дафн қилинишни ният қилган эканлар. Аллоҳ таоло учала ниятларига ҳам етказган экан.

Бу гапларни айтишимиздан мурод, Замзам ана шундай муборак ва нима ният билан ичилса, ўшанга бўладиган сувдир, Аллоҳ таоло уни шундай фазилатли қилди, у Жибрийл алайҳиссалом қадамжоларидан отилиб чиққан, Исмоил алайҳиссалом ташналикларини қондирган, Баладул Ҳаромга ва бутун дунёдан келувчи ҳожиларга сероб қилиб қўйилган сувдир. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг фазли ва раҳматидир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларини ҳам бошқа бирон нарса билан эмас, айни шу сув билан ювилишини ихтиёр қилди.

Энди мўжазгина бир фиқҳий масала ҳақида бир-икки оғиз сўзлаб ўтамиз. Уламолар ўртасида «Иккисидан қай бири афзал, Исро ва Меърож кечасими, Қадр кечасими?», деган савол устида баҳс кетган.

Фикримизча, бу икки кечани муқояса қилиш унча тўғри эмас. Чунки, Исро ва Меърож кечасининг мусулмон умматига алоқаси фақат унинг ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло ана шундай олий шарафга ноил этганига хурсанд бўлиши жиҳатидан бўлиб, у бирон ибодат билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиниш белгилаб қўйилган кеча эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бизга унинг аниқ вақтини хабар бермади, ушбу ҳодиса содир бўлган ой-кунни баён қилмади, у кунда қилинадиган ибодатлар ажри ҳақида гапирмади. Аммо, Қадр кечаси бизга нафсларимизни тузатиш, Аллоҳга тавба қилиб олиш ва солиҳ амаллар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун махсус берилган кечадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу кечани РАҲМАТ мезони қилди, муслиҳлар унда кимўзарга беллашадилар, обидлар унда ибодат қилиб олишни ғанимат биладилар, соимлар унда тунги намозда бедор бўладилар, мўминлар бу кечада Аллоҳнинг розилигига етказадиган барча яхши амалларни қилишга интиладилар. Буларнинг ҳаммаси ушбу кечада бедор бўлиш асосига қурилган: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида (намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади». Бинобарин, айтамизки, Исро ва Меърож кечаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсларига нисбатан шубҳасиз, Қадр кечасидан яхшироқ. Чунки, бу кечада у зот Парвардигор субҳанаҳу ва таоло билан сўзлашдилар. Аммо, бизга нисбатан, ушбу улуғ Пайғамбарнинг тобеълари сифатида, Қадр кечаси Исро ва Меърож кечасидан афзалроқдир. Чунки, Исро ва Меърож кечасида биз учун Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини улуғлагани ва у зотга иззат-икром кўрсатгани муносабати билан хурсандчилик изҳор қилишдан ортиқ бирон нарсага эришиш ҳосил бўлмайди. Аммо, Қадр кечасини Аллоҳ таоло бизлар учун гуноҳларимиз кечирилишига сабаб ва Ўз раҳматига эришиш йўли қилиб қўйди. Бу кечани интиқлик билан кутиш, уни топиб қолишга интилиш ва унда ибодатга белни маҳкам боғлаш улкан ажру савобларга эриштирувчи тоат эканига далолат қилувчи кўплаб саҳиҳ ҳадислар келган.

Суҳбатимиз сўнгида баъзи уламолар ўртасида баҳсга сабаб бўлган яна бир масала хусусида икки оғиз гапириб ўтаман. Баҳс мавзуси – Исро ва Меърож Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жисм ва руҳлари иштирокида содир бўлганми ёки фақат руҳлари билан бўлганми?

Фикримча, бу масала аниқ-равшан, мен бу ҳақда гапиришни истамасдим, бироқ, фақат воситаларни тўсиш ва йўлни беркитиш жиҳатидан сўзлайман. Яъни, Исро ва Меърож ҳодисаси у зотнинг фақат руҳлари билан содир бўлган, деган гап маъқул гап эмас. Агар шундай бўлганида, Қурайш мушриклари орасида бу нарса у қадар шов-шувга ва кучли инкорга сабаб бўлмас эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақда айтган сўзларини қаттиқ рад қилишмаган ва у зотни масхара қилишмаган бўларди. Чунки, ҳар қандай одам туш кўриши ва тушида исталган жойда бўлиб қолиши, фалаклар ва самовот оламида сайр қилиши мумкин. Лекин, Исро ва Меърож Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасад ва руҳлари иштирокида содир бўлган. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1), деди. «Банда» деганда руҳ ва жасад бирга бўлган ҳолат тушунилади. Бу ерда зикр этилган бандадан мурод Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Исро ва Меърож кечаси ҳақида ҳозирлаган ва сизларга етказишни истаган сўзларимиз шулардан иборат эди. Ўзимиз аниқ билган нарсалар ҳақида сўзладик, гумонимизга ноаниқлиги ғолиб бўлган нарсалар ҳақида сўзлашдан тийилдик, Исро ва Меърож ҳодисасидан олинадиган баъзи фойдаларни зикр қилишга ҳаракат қилдик. Турли ўринларда, бошқа бир қанча дарсларимизда ҳам бу тўғрида сўзлаб ўтганмиз.

Аллоҳнинг Ўзидан ёрдам сўраймиз.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

Алҳамду лиллаҳи роббил ааламийн.

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

26.05.13