Душанба 24 Июль 2017 | 29 Шаввол 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёллар учун табиий қонлар ҳақида рисола

5411 марта кўрилган

Муаллиф Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Арабчадан Солиҳа Толиб ўгирган

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, Ундан мадад сўраймиз, У зотга мақтовлар ва истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи йўқ, У адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Сўнг...

Аёлларга хос бўлган – ҳайз, истиҳоза, нифос қонлари масаласи изоҳталаб бўлган ҳамда ҳукмларини ўрганишга ва бу хусусдаги уламолар сўзларининг тўғрисини хатосидан ажратиб олишга муҳтож бўлган муҳим масалалардан ҳисобланади. Улар ўртасини таққослаш, саҳиҳ ва заифини ажратиб олиш учун эса албатта Китобу Суннатда келган нарсаларга эътимод қилиш лозим бўлади.

1)    Чунки Китоб ва Суннат Аллоҳ таоло бандаларига юклаган ва уларни қилиш билан бандалик вазифасини ўтайдиган ҳукмлари улар устига барпо бўладиган энг асосий икки манбаъдир.

2)    Китобу Суннатга суянишликда қалб хотиржамлиги, дил шодлиги, кўнгил хушлиги ва масъулиятдан холи бўлиш бор.

3)    Китобу Суннатдан бошқасидан ҳужжат талаб қилинади лекин уни ҳужжат қилинмайди. Чунки фақат Аллоҳ таолонинг каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ҳужжат бўлади. Шунингдек, аҳли илмлардан бўлган саҳобанинг сўзи ҳам Китобу Суннатга зид келмаслиги ва бошқа саҳобанинг сўзи унга зид келмаслиги шарти билан ҳужжат бўла олади. Агар Китобу Суннатда саҳобийнинг сўзига зид келадиган нарса бўлса, албатта Китобу Суннат сўзини олиш вожиб бўлади. Агар бир саҳобийнинг сўзи бошқасининг сўзига зид келаётган бўлса, икки сўз ўртасини солиштириш ва улардан афзалроқ бўлганини олиш вожиб. Аллоҳ таоло айтади:«Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).

Ушбу мўжаз рисола мазкур қонларнинг изоҳ ва ҳукмларига бағишланади ва у қуйидаги бўлимлардан иборат:

Биринчи бўлим:

Ҳайз ва унинг ҳикмати;

Иккинчи бўлим:

Ҳайз кўриш даври ва унинг муддати;

Учинчи   бўлим:

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари;

Тўртинчи бўлим:

Ҳайзнинг ҳукмлари;

Бешинчи бўлим:

Истиҳоза ва унинг ҳукмлари;

Олтинчи бўлим:

Нифос ва унинг ҳукмлари;

Еттинчи бўлим:      Ҳайзни тўхтатадиган ёки келтирадиган, ҳомиладорликнинг олдини оладиган ёки ҳомилани туширадиган дориларни ишлатиш ҳақида.

 

Биринчи бўлим

Ҳайз ва унинг ҳикмати

 

Ҳайз луғатда «оқиш» ва «қуйилиш» маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда маълум вақтларда, бирон сабабсиз, аёл кишидан табиати тақозосига кўра келадиган қонга айтилади.

У табиий қон бўлиб, унинг касаллик, жароҳат, бола туғиш ё ташлаш каби сабаблари бўлмайди. Табиий қон бўлгани учун ҳам у ҳар бир аёлнинг ҳолати, шароити ва муҳитига қараб турлича бўлади ҳамда аёллар бу борада ўзаро аниқ тафовут билан фарқланадилар.

Ҳайздаги ҳикмат шуки, она қорнида вужудга келувчи ҳомила ташқи оламдагилар озиқланадиган йўл билан озиқлана олмайди, энг меҳрибон кишиси ҳам унга бирон озуқа етказиб бера олмайди. Шу боис Аллоҳ таоло аёл кишида қон ажралмаларини қилдики, у билан ҳомила онанинг қорнида ейиш-ичиш ва ҳазм қилишга эҳтиёж сезмаган ҳолда озиқланади, киндик йўли орқали қон ҳомиланинг томирларига сизиб киради ва у шу билан озиқланади. Энг гўзал яратувчи (яъни йўқдан бор қилувчи бўлмиш) Аллоҳ нақадар буюкдир!

Ҳайзнинг ҳикмати шу бўлиб, шунинг учун аёл киши ҳомиладор бўлганида ҳайз келиши тўхтайди, фақат нодир ҳолатларгина бундан мустасно. Шунингдек, эмизикли аёлларнинг ҳайз кўрадигани кам бўлади. Хусусан эмизиш даврининг бошларида ҳайз кўрмайди.

Иккинчи бўлим

Ҳайз кўриш даври ва унинг муддати

 

Бу бўлимда икки нарса ҳақида сўз боради.

Биринчи: Ҳайз кўриш бошланадиган ёш. У кўпроқ 12-15 ёш орасида бўлади. Амммо аёл ўзининг ҳолати, шароити, муҳитига қараб бу ёшдан аввал ҳам ёки кейин ҳам ҳайз кўриши мумкин.

Уламолар раҳимаҳумуллоҳ аёлнинг ҳайзи келадиган муайян ёш борми ва ундан олдин ва кейин келадиган қонни ҳайз эмас, фосид қон деб белгилайдиган ҳад борми? деган масалада ихтилоф қилганлар.

Доримий бу ихтилофларни санаб ўтгандан сўнг шундай дейди: «Менимча, буларнинг ҳаммаси хато. Чунки буларнинг ҳаммаси қоннинг келишига боғлиқ. У қайси ҳолат ва қайси ёшда келишидан қатъий назар уни ҳайз дейиш лозим. Валлоҳу аълам».

Доримий айтган мана шу гап тўғри. Шайхулислом Ибн Таймия ҳам шу фикрни танлаган. Аёл қачон ҳайз кўрса - гарчи 9 ёшга етмаган ёки 50 ёшдан ўтган бўлса ҳам - у ҳайз кўрган ҳисоб қилинаверади. Бунинг сабаби шуки, ҳайз ҳукмларини Аллоҳ ва Расули вужудга келишга боғлиқ қилдилар ва бунинг учун муайян ёшни белгилаб бермадилар. Демак, бу масалада ҳукмлар унга боғлиқ бўлган мавжудликка қайтиш вожиб. Муайян ёшга чеклаш Китоб ёки Суннатдан далил келтиришга эҳтиёж сезади, ҳолбуки улардан далил йўқ.

Иккинчи: Ҳайзнинг муддати, яъни неча кунлиги ҳақида.

Бу масалада ҳам олимлар 6 ёки 7 та ихтилофи сўз айтганлар.

Ибнул Мунзир айтади: «Ҳайзнинг энг ками ёки энг кўпи учун кунлар белгиланмайди».

Бу сўз ҳам Доримийнинг юқоридаги сўзига ўхшайди ва шайхулислом Ибн Таймиянинг ихтиёри ҳам шудир.

Бу тўғри, чунки бунга Қуръон, Суннат ва қиёс ҳужжат бўлади.

Биринчи ҳужжат: Аллоҳ таолонинг сўзи: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 222).

Аллоҳ таоло таъқиқнинг ниҳоясини покликка боғлади, уни бир кеча-кундуз, 3 кун ёки 15 кун қилмади. Ҳукмни ҳайзнинг бор ёки йўқлигига боғлаб қўйди. Демак, қачон ҳайз мавжуд бўлса ҳукм собит ва қачон ундан пок бўлса унинг ҳукмлари зойилдир.

Иккинчи ҳужжат: Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида собит бўлган ҳадис: Оиша розияллоҳу анҳо умрада эканида ҳайз кўриб қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳожилар қилаётган амалларни сиз ҳам қилаверинг, фақат то пок бўлгунингизга қадар Байтуллоҳни тавоф қилмай туринг» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Қурбонлик куни бўлганда пок бўлдим».

«Саҳиҳ Бухорий»да келтирилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Кутиб туринг, агар пок бўлсангиз Танъимга (яъни эҳромга кириладиган ўрин, Макка ҳарамининг ташқарисига) чиқинг» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам монеълик ниҳоясини покликка боғладилар ва ниҳояни муайян вақтга белгиламадилар. Бу эса ҳукмнинг ҳайзни бор-йўқлигига тааллуқли бўлаётганига ҳужжат бўлади.

Учинчи ҳужжат: Бу масала хусусида сўз юритган фақиҳлар айтган тафсилот ва ўлчовлар на Аллоҳ таолонинг китоби ва на  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида уни баён қилишга қаттиқ эҳтиёж бўлишига қарамасдан мавжуд эмас. Агарда уларни тушуниш ва уларга амал қилиш бандаларга вожиб бўлганда эди, ҳайзга тааллуқи бор бўлган намоз, рўза, никоҳ, талоқ, мерос каби ҳукмлар ғоят муҳим бўлгани учун Аллоҳ ва Расули ушбуларнинг тафсилотларини икир-чикиригача ҳар бир кишига тушунарли ва аниқ-равшан қилиб берган бўлар эди. Худди Аллоҳ ва расули намозларнинг сони, вақтлари, рукуъ ва сужудларини баён қилгандек, закотни; моллари, нисоблари миқдори, кимларга берилишини, рўзани: унинг муддати ва вақтини баён қилганидек, ҳаж ва ундан бошқа амалларни, ҳатто ейиш-ичиш, ухлаш, жимоъ, мажлис, уйга кириш-чиқиш, қазои ҳожат одоблари ва ҳаттоки ҳожатда нечта кесак билан покланишгача, хуллас у билан бандалари учун неъматини тўла ва динини комил қилиб берган нарсалари жумласидан бўлган ишларнинг каттаю кичигини баён қилиб берганидек баён қилиб берган бўлар эди. Аллоҳ таоло айтганидек:«Сизга  ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни  Қуръонни нозил қилдик» (Нахл: 89).

«(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф: 111).

Демак, Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларида фуқаҳолар келтирган тафсилот ва ўлчовлар йўқ экан, ҳайз масаласида уларга суянилмайди, балки шаръий ҳукмлар унинг бор-йўқлигига боғлиқ қилиб қўйилган «ҳайз» атамасиниг ўзига суянилади.

Бу далил, яъни Китобу Суннатда ҳукмнинг айтилмаганлиги унинг эътибори йўқ  эканига далилдир. Ушбу далилни билиш сизга бу ва бундан бошқа масалаларда фойда беради. Чунки шаръий ҳукмлар фақат Аллоҳнинг Китоби ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ёки маълум ижмоъ ёки саҳиҳ қиёсдан келтирилган далил билангина собит бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг бир қоидасида айтган: «Шунингдек, "ҳайз" атамасига Аллоҳ таоло Китобу Суннатда бир қанча ҳукмларни боғлади ва унинг ози ёки кўпи ва икки ҳайз орасидаги покликни муайян муддатга чекламади. Ҳолбуки умматнинг бунга қаттиқ эҳтиёжи бор эди. Луғат оз ёки кўп миқдор ўртасини (унисини у ҳил бунисини бу ҳил ном ила номлаш билан) фарқламайди, бас, кимки уни маълум миқдорга чекласа, Китоб ва Суннатга зид иш тутибди»[1].

Тўртинчи ҳужжат: Саҳиҳ қиёс. Яъни, Аллоҳ таоло ҳайзнинг кўнгилсиз-нопок эканини иллат-сабаб қилиб кўрсатди. Демак, қачон ҳайз мавжуд бўлса, нопоклик ҳам мавжуд ва унинг биринчи куни билан ўнинчи куни орасида ёки бешинчи куни билан ўн еттинчи куни орасида фарқ йўқ. Ҳайзми ҳайз, нопокликми нопоклик.

Иллат ҳар иккала кунда ҳам баб-баробар мавжуд. Шундай экан, иллатда баробар бўлган икки кун ўртасини ҳукмда ажратиш қандай тўғри бўлсин?! Бу саҳиҳ қиёсга хилоф эмасми?! Бу икки кунни иллатда баробар бўлгани учун ҳукмда ҳам баробар қилиш саҳиҳ қиёс бўлмайдими?!

Бешинчи ҳужжат: Муддатни чекловчиларнинг сўзлари турлича ва беқарор экани. Бу эса ушбу масалада унга суяниладиган ҳужжатнинг йўқлигига далолат қилади. Булар тўғри ҳам, хато ҳам бўлиши мумкин бўлган ижтиҳодий ҳукмлар бўлиб, улардан бири бошқасидан кўра эргашишга лойиқроқ эмас. Ихтилоф пайтида фақат Қуръон ва Суннатга қайтиш лозим бўлади.

Ҳайзнинг кўп ё озига чеклов йўқ деган сўзнинг кучли ва рожиҳ сўз экани маълум бўлди. Шундай экан, аёл жароҳат ёки бошқа бирон сабабсиз табиий қон кўрса, бу унинг ёшидан ва қон кўрган кунлари сонидан қатъий назар ҳайз қонидир. Агар қон аёлда тўхтовсиз ва давомий бўлса ёки тўхтаганда ҳам бир ой давомида бир-икки кунгина тўхтайдиган бўлса, у истиҳоза бўлади. Иншоаллоҳ, истиҳозанинг баёни ва ҳукмлари ҳақида ҳам маълумот берилади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Асл-асос шуки, бачадондан келадиган қон то унинг истиҳоза эканига аниқлик кирмагунича ҳайз деб ҳисоб қилинади».

Яна айтади: «Қон келар экан, агар унинг томир ёки жароҳат қони экани билинмаса, у ҳайздир».

Бу сўз ҳужжат томонидан олиб қараганда кучли сўздир. Шунингдек у чекловчилар айтган сўзга нисбатан фаҳм-идрокка яқинроқ, амал ва татбиққа ҳам қулайроқ. Шундай бўлгач, бу Ислом дини руҳига ва унинг енгиллик ва қулайликка қурилган қоидасига мувофиқ бўлгани учун ҳам қабул қилишга лойиқроқ. Аллоҳ таоло айтади:«Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай. Шундай экан, (амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар» (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари шундай эдики; у кишига икки ишдан бирини танлаш керак бўлса, модомики унда гуноҳ бўлмаса енгилроғини танлардилар.

Ҳомиладорнинг ҳайзи

Аёл киши ҳомиладор бўлгач, аксарият ҳолларда ҳайзи тўхтайди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёллар ҳомиладорликни ҳайз тўхтаганидан биладилар».

Агар аёл кўз ёришидан бир оз, яъни 2 ё 3 кун илгари қон кўрса ва оғриқ ҳам бўлса, у нифосдир. Агар кўз ёришидан анча илгари бўлса ёки кўз ёришига яқин бўлса-ю, оғриқ бўлмаса, у нифос эмас. Энди бу ҳолат ҳайз ҳукмлари татбиқ қилинадиган ҳайзми ёки ҳайз ҳукмлари татбиқ қилинмайдиган бошқа қонми? Бунда ҳам аҳли илм орасида ихтилоф бор. Тўғриси шуки, агар қон аёлнинг одатий ҳайзида бўладиган сифатда бўлса, у ҳайздир. Бунга асос - унинг ҳайз бўлишига монеъ бўладиган сабабнинг йўқлигидир. Китоб ва Суннатда ҳомиладорнинг ҳайз кўриши мумкин эмаслиги айтилмаган.

Имом Молик ва Шофеъийнинг мазҳабида ҳам шундай. Шайхулислом Ибн Таймияниг ихтиёри ҳам шу (Ихтиёрот китоби: 30-саҳифа).

Байҳақий Аҳмаддан ривоят қилиб, унинг шу фикрга қайтганини айтган.

Шунга биноан ҳомиладорнинг ҳайзи ҳомиладор эмаснинг ҳайзидек кўрилади, фақат иккита масалада фарқли бўлади:

Биринчиси: Талоқ масаласида.

Ҳомиласиз аёлни ҳайз ҳолатида талоқ қилиш ҳаром, ҳомиладорни ҳайз ҳолатида талоқ қилиш ҳаром эмас. Чунки ҳомиласи йўқ аёлни ҳайзлигида талоқ қилиш Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлига зид: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар» (Талоқ: 1).

Аммо ҳомиладорни ҳайз ҳолида талоқ қилиш бу оятга зид эмас. Чунки ким ҳомиладорни талоқ қилса иддаси билан талоқ қилган бўлади. Ҳайзми, покми, фарқсиз, иддаси унинг ҳомиласига боғлиқ. Шунинг учун ҳомиладорни жимоъдан кейин талоқ қилиш ҳам ҳаром бўлмайди.

Иккинчиси: Ҳомиладор ҳайз кўрадими, йўқми, унинг иддаси кўз ёриши билангина ниҳоясига етади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда)муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)»  (Талоқ: 4).

 

Учинчи бўлим

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари хусусида

 

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари турлича:

1)             Кўплик ё камлик. Яъни, масалан, аёлнинг одати олти кун бўлади ва қон еттинчи кун ҳам давом этади. Ёки одати етти кун бўлса, олтинчи кунда пок бўлиб қолади.

2)             Олдин ё кейинлик. Масалан, одати ойнинг охирида бўлгани ҳолда ҳайзни ойнинг аввалида кўради. Ёки одати ойнинг аввалида бўлса, охирида кўриб қолади. Аҳли илмлар бу икки тур ҳукмида ҳар хил фикрлар билдиришган. Тўғрироғи: Аёл қачон қон кўрса у ҳайздир, қачон ундан пок бўлса, одатидан ошиб кетган ёки кам бўлган бўлса ҳам, олдин келган ёки кейин келган бўлса ҳам, барибир ҳайздир. Бунга илгариги бўлимларда далиллар келтирилди. Шариат ҳайзнинг ҳукмларини унинг мавжудлигига боғлаб қўйди. Бу Шофеъийнинг мазҳаби ҳамда шайхулислом Ибн Таймиянинг ихтиёридир. «Муғний» муаллифи буни қувватлаган ва қўшимча қилиб шундай деган: «Агарда одат мазкур усулга кўра эътиборли бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига буни баён қилиб берган бўлардилар ва унинг баёнини кечиктиришлари асло жоиз бўлмасди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ёки бошқа аёлларнинг бунинг баёнига давомий эҳтиёжлари тушгани боис уни баён қилишдан ғафлатда қолишлари мумкин эмас эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзни мужмал,  истиҳозани эса тафсилоти билан баён қилганлар.»

3)             Сариқлик ё хиралик. Яъни қон худди жароҳат сувига ўхшаган сарғиш бўлади ёки қора ва сариқлик билан аралашган хира рангли бўлади. Агар бу ҳолат ҳайз асносида бўлса ёки ҳайздан пок бўлишига боғлиқ бўлса, у ҳайздир ва унга ҳайзнинг ҳукмлари татбиқ бўлади. Агар пок бўлганидан кейин бўлса у ҳайз эмас. Умму Атийя розияллоҳу анҳонинг сўзига мувофиқ: «Пок бўлганимиздан кейинги сариқлик ва хираликни эътиборга олмас эдик». Бу ҳадисни Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Бухорий ҳам «пок бўлгандан кейин» деган сўзларсиз ривоят қилган, лекин шу ҳадисни «Ҳайздан бошқа кундаги сариқлик ва хиралик» деган бобда келтирган. «Фатҳул Борий»да ушбу ҳадис шарҳида айтилган: «Бу билан Имом Бухорий илгари айтиб ўтилган Оиша розияллоҳу анҳонинг: «оқ суюқликни кўрмагунингизча» ҳадиси билан шу бобда зикр қилинган Умму Атийянинг ҳадиси ўртасини жамланишига ишора қилмоқда. Сабаби, Оишанинг ҳадиси ҳайз кунларидаги сариқлик ва хираликни кўрганликка, Умму Атийянинг айтганлари эса ундан бошқасига маҳмул». Бухорий бу бобдан илгари келтирган Оишанинг ҳадисида ишора қилинган нарса шу эдики, аёллар ҳайзнинг асари қолдими, қолмадими, билиш учун Оиша розияллоҳу анҳо олдига келишар, аёлнинг пахтаси (латтаси)да сариқлик бўлса, Оиша розияллоҳу анҳо: «То оқ суюқликни кўрмагунингларча шошилманглар» дердилар. Оқ суюқлик – ҳайз тўхтаган пайтда бачадондан келадиган оқ сувдир.

4)             Ҳайздаги узилиш. Унда бир кун қон кўради, бир кун тоза ва шунга ўхшаш. Бу ҳам икки ҳолатдан иборат:

Биринчи ҳолат: Аёлда ҳар доим шу ҳолат давомий бўлса, у истиҳоза қони бўлиб, истиҳозанинг ҳукми татбиқ бўлади.

Иккинчи ҳолат: Бу ҳолат аёлда давомий бўлмайди, баъзи вақт қон келиб қолади ва тўла поклик вақти ҳам бўлади. Уламолар — раҳимаҳумуллоҳ — бу поклик хусусида, яъни у поклик бўладими ёки унга ҳайз ҳукмлари жорий қилинадими, деган масалада турли фикрлар билдиришган.

Шофеъий ундан ривоят қилинган икки қавлнинг тўғрироғида: «Ҳайз ҳукмлари жорий қилинади ва ҳайз бўлади» деган. Шайхулислом Ибн Таймийя, «Фоиқ» соҳиби ҳамда Абу Ҳанифанинг мазҳабидаги ихтиёр ҳам шу. Сабаби, бу ерда оқ суюқлик кўринмаяпти. Агар уни поклик дейилса, ундан илгаригиси бир ҳайз, кейингиси алоҳида бир ҳайз бўлиб қоляпти. Бу қавлни ҳеч ким айтмаган, агар айтадиган бўлса, талоқ тушган бўлса, идда ҳайздан покланишга боғлиқ бўлгани учун 5 кунда идда тугаб қолган бўлар эди. Шунингдек, агар уни поклик деб қаралса, ҳар 2 кунда ғусл қилиш машаққати ва бошқа малоллик ҳосил бўлган бўларди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу шариатда ҳараж ва машаққат йўқ.

Ҳанбалия мазҳабидаги машҳур қавл шуки: Қон ҳайз, қоннинг узилиши покликдир, магар поклик билан ҳайзнинг мажмуъи ҳайзнинг энг кўп муддатидан ўтиб кетса, истиҳоза бўлади.

«Муғний» соҳиби айтади: «Нифос ҳақидаги гапда айтиб ўтган ривоятимизга биноан ҳайз орасидаги поклик бир кундан кам бўлса поклик эмас, унинг бир кундан кам бўлишига аҳамият берилмайди. Бу тўғри фикр, иншоaллоҳ. Чунки, қон бир келиб, бир тўхтайди. Ҳар пок бўлганда ғусл қилиш вожиб дейиладиган бўлса, ҳар соатда ғусл қилиш малолдир ва Аллоҳ таолонинг ушбу қавлига зиддир: «Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78). Шунга биноан, қоннинг тўхташи бир кундан кам бўлса ва у одатининг охирига тўғри келиб қолиши ёки оқ суюқликни кўриши каби покликка далолат қиладиган нарса кўрилмаса, у поклик бўлмайди».

«Муғний» соҳибининг бу сўзи икки қавл ўртасидаги мўътадил сўздир. Аллоҳ тўғрисини билувчироқ.

5)             Қондаги қуруқлик. Бунда аёлнинг қони қуриб, қон эмас фақат намликни кўради. Бу агар ҳайз асносида бўлса ёки тоза бўлишига яқин ҳолатда бўлса, ҳайз ҳисобланади. Агар тоза бўлганидан сўнг кўрса, у ҳайз эмас. Чунки у ҳайздан пок бўлгандан кейинги сариқлик ва хиралик бўлгани учун унинг ҳукми шу.

 

Тўртинчи бўлим

Ҳайзнинг ҳукмлари ҳақида

 

Ҳайзнинг йигирмадан зиёд ҳукмлари бўлиб, улардан кўпроқ эҳтиёж тушадиганларини айтиб ўтамиз.

Биринчи: намоз

Ҳайзли аёл фарз бўлсин, нафл бўлсин намоз ўқиши мумкин эмас. Ўқиса ҳам намози намоз бўлмайди. Фақат ҳайзининг аввали ёки охирида тўла бир ракъат намоз ўқий оладиган вақтни топган бўлиши унга ўша намозни вожиб қилади. Яъни, масалан, аёл қуёш ботганидан сўнг бир ракъат намоз ўқиш мумкин бўлган вақт ўтгач ҳайз кўриб қолди. Энди у пок бўлганидан кейин ўша куннинг шом намози қазосини ўқиши вожиб, чунки у ҳайз кўришидан илгари бир ракъат миқдорича вақт бор эди. Ёки бўлмасам, кун чиқишидан бир ракъат миқдоридаги вақт аввал ҳайзидан тоза бўлди. Энди у пок бўлгандан кейин бомдод намозининг қазосини ўқиши вожиб бўлади, чунки у бир ракъатга улгурадиган вақтга етган эди. Агар ҳоиз комил бир ракъатга улгурадиган вақтда тоза бўлмаса, унга у намоз вожиб эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким намознинг бир ракъатига етган бўлса, ўша намозга етибди» (Муттафақун алайҳ).

Бунинг маъноси шуки, ким бир ракъатдан камига етса, у ўша намозга етмаган бўлади.

Бу ерда бир масала туғилади: агар аср намози вақтидан бир ракъатга етса, унга аср намози билан бирга пешин намози ҳам вожиб бўладими? Ёки хуфтон намозининг бир ракъат вақтига етишса, унга шом намози ҳам вожиб бўладими?

Бу масалада уламолар орасида турли фикр бор. Тўғриси шуки, у аёлга фақат етиб келган намози вожиб бўлади. Юқоридаги саволга биноан фақат аср ва хуфтон холос. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига мувофиқки: «Ким қуёш ботишидан илгари асрнинг бир ракъатига етса, дархақиқат асрга етибди» (Муттафақун алайҳ).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «пешинга ва асрга етибди» демадилар ва пешиннинг вожиблигини айтмадилар. Асл мақсад - зимманинг фориғ бўлишидир. Бу  Абу Ҳанифа ва Моликнинг мазҳаби бўлиб, «Шарҳул-муҳаззаб»да буни улардан ривоят қилинган.

Аммо ҳайз кўрувчи аёл зикр, тасбеҳ, такбир, таҳмид, еб-ичиш ва бошқаларга бисмиллаҳ айтиш, ҳадис ва фиқҳни ўқиш, дуо қилиш, омин дейиш, Қуръон тинглаш каби ишларнинг биронтасидан ман қилинмайди. «Саҳиҳайн» ва бошқаларда собит бўлган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳонинг қучоқларига ҳайзлик ҳолида бош қўйиб Қуръон ўқиганлари айтилган. Яна «Саҳиҳайн»да Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Ёш қизлар, келинчаклар ва ҳайзли аёллар икки ҳайит намозига чиқсинлар ва яхшиликка, мўъминларнинг дуоларига ҳозир бўлсинлар. Ҳайзлилар намозгоҳдан четда турсинлар».

Аммо, ҳайзли аёл Қуръони каримни ўқиши масаласига келсак, агар кўз югуртириб ёки дилидан ўтказиб, яъни тил билан айтмасдан ўқиса, зарари йўқ. Масалан: мусҳаф ёки оят ёзилган лавҳни қўйиб, оятларга қараб, дилида ўқийди. Нававий «Муҳаззаб»нинг шарҳида айтади: «Ҳеч бир хилофсиз жоиз». Аммо тил билан ўқишлиги жумҳур уламо фикрига кўра ман қилинган ва жоиз эмас. Бухорий, Ибн Жарир ат-Табарий ва Ибнул Мунзир уни жоиз дедилар. Моликдан, Шофеъийдан ҳам шу ривоят қилингани «Фатҳул Борий»да айтилган, Бухорий Иброҳим ан-Нахаъийни сўзини таълиқ қилиб: «Оятни ўқишлигида ҳеч бир зарар йўқ» деб келтирган.

Шайхулислом Ибн Таймия «Фатово»да айтади: «Ҳоизни Қуръондан ман қилиш асли суннат эмас. Чунки «Ҳоиз ва жунуб Қуръонни ўқимайди» деган ҳадис ҳадисшунос олимлар иттифоқи билан заиф ҳадисдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам аёллар ҳайз кўрардилар, агар уларга намозга ўхшаб Қуръон ўқиш ҳам мумкин бўлмаганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига баён қилиб берган бўлардилар, уммаҳотул мўъмининлар ўрганиб, таълим берган бўлардилар ва бу одамлар орасида тарқалган бўларди. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундан қайтарганликлари етиб келмаган экан, уни ҳаром қилиб қўйишимиз жоиз эмас. Ўша даврда ҳам ҳайзнинг кўп бўлиши билан бирга ундан қайтармаган эканлар, демак ҳоизнинг Қуръон ўқиши ҳаром бўлмайди».

Аҳли илмнинг бу масаладаги мунозарасини билганимиздан сўнг айтиш мумкинки: Ҳоизга Қуръони Каримни тил билан нутқ қилиб ўқимаслик афзалроқ, магар шунга эҳтиёж бўлган пайтдагина мумкин. Масалан, муаллима бўлса таълим олувчиларга талқин қилиб беришга эҳтиёж бўлади. Ёки таълим олувчи аёл ўқиганини текширтириб олиш учун ўқиб эшиттиришга муҳтож бўлади ва шу каби ҳолатлар.

Иккинчиси: рўза

Ҳоизга фарз бўлсин, нафл бўлсин рўза тутиш ҳаром, тутган тақдирда ҳам рўзаси яроқли бўлмайди, лекин фарзнинг қазосини албатта тутиб беради. Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисига мувофиқ: «Биз ҳайз кўрардик, шунда рўзанинг қазосини тутишга буюрилардик, намознинг қазосини ўқишга буюрилмас эдик» (Муттафақун алайҳ). Агар аёл рўзадор ҳолида қуёш ботишига бир лаҳза қолган бўлсада ҳайз кўриб қолса, рўзаси бузилади ва фарз рўза бўлса, кейин  қазосини тутиб беради.

Агар ҳайз қонининг ҳаракатини қуёш ботишидан илгари сезса, лекин қуёш ботганидан кейин ташқарига чиқса, унинг рўзаси комил бўлади ва саҳиҳ қавлга кўра бузилмайди. Чунки қон ичкаридалигида унинг муайян ҳукми йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл киши эркак киши тушида кўрадиган нарсани кўрса, унга ҳам ғусл вожибми?» деб сўралганларида: «Ҳа, агар сувни кўрса» деб жавоб бердилар. Демак, ҳукмни манийни ташқарида кўришга боғлиқ қилдилар, ичида ҳаракатланганини сезишга эмас. Шунга ўхшаш, ҳайзнинг ҳукми ҳам уни ташқарида кўриш билан татбиқ бўлади, олдиндан сезиш билан эмас.

Масалан, агар аёл бомдоддан бир лаҳза кейин пок бўлса ҳам ундан ўша куннинг рўзаси дуруст бўлмайди. Агар бомдоддан бироз илгари тоза бўлса ва рўзага ният қилса, бомдод вақти киргандан кейин ғусл қилса ҳам рўзаси дуруст бўлаверади. Бу худди жунуб киши ғусл қилмаган ҳолида рўзани ният қилса, рўзаси дуруст бўлганига ўхшаш ҳолатдир. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда эҳтилом сабабли эмас, жимоъ сабабли жунуб бўлган ҳолда тонг оттирар, сўнг рўза тутар эдилар».

Учинчи: Байтуллоҳни тавоф қилиш

Ҳоиз Байтуллоҳни фарз бўлсин, нафл бўлсин тавоф қилиши мумкин эмас, агар қилса яроқли бўлмайди. Оиша розияллоҳу анҳо ҳайз кўриб қолганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳожилар қилаётган барча амалларни қилаверинг, лекин то тоза бўлгунингизгача Байтни тавоф қилманг».

Аммо қолган амаллар, яъни Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арафотда туриш, Муздалифа ва Минода тунаш, тош отиш каби ҳаж ва умра амалларини бажариш ҳаром эмас. Бинобарин, аёл киши пок ҳолида тавоф қилган бўлса, тавофни қилиб бўлишига ёки саъй асносида ҳайзи келса, бунинг амалларга ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки у тавофни пок ҳолатида қилди, саъйни эса ҳозиргина зикр қилганимиздек ҳайз ҳолатда ҳам қилса бўлаверади. Чунки Сафо ва Марва Масжидул Ҳаромдан ташқарида ҳисобланади.

Тўртинчи: Ҳоиздан видолашув тавофининг соқитлиги

Агар аёл ҳаж ва умра амалларини тўла бажарса, сўнг юртига қайтишидан илгари ҳайз кўриб қолса ва жўнаб кетгунича ҳайздан покланмаса, у видолашув тавофисиз жўнаб кетаверади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Одамлар охирги ишлари Байтуллоҳ билан видолашув бўлишига буюрилдилар, фақат ҳоиздан бу нарса енгиллатилди» (Муттафақун алайҳ).

Ҳоиз видолашув учун Масжидул ҳаром эшиги олдига келиши ва дуо қилиши яхши мустаҳаб эмас. Чунки бу амалга Суннатдан далил келмаган. Ибодатлар далилга таянади. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилишича, София розияллоҳу анҳо тавофи ифозадан кейин ҳайз кўриб қолганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса йўлга чиқаверсин», дедилар (Муттафақун алайҳ), масжид эшиги ёнига келишга буюрмадилар. Агар шундай қилиш диндан бўлганда, албатта айтган бўлардилар.

Аммо ҳаж ва умранинг тавофи аёлдан соқит бўлмайди, балки покланганидан сўнг тавоф қилади.

Бешинчи: Масжидда туриш

Ҳайздаги аёл масжидда туриши ҳаромдир, ҳатто ҳайит намозгоҳида туриши ҳам мумкин эмас. Умму Атийя розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисга мувофиқ: «Ҳайит намозгоҳига ўсмир қизлар, келинлар, ҳоизлар чиқади... Ҳоизлар намозгоҳдан четланади» (Муттафақун алайҳ).

Олтинчи: Жимо

Эри унга яқинлик қилиши ҳаром, аёл ҳам унга имкон бериши ҳаром. Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 222).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверинглар» (Муслим ривояти).

Мусулмонлар ҳайзли аёлни жимо қилиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунинг ман қилинганига Аллоҳ таолонинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳамда мусулмонларнинг ижмоълари далолат қилиб тургани ҳолда, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишининг бу мункар ишга қўл уриши ҳалол эмас. Ким шундай қилса, Аллоҳ ва Расулига қарши чиққан ва мўъминлардан бошқаларнинг йўлларига эргашиб кетганлардан бўлади.

Имом Нававий «ал-Мажмуъ шарҳул-муҳаззаб»да айтади: «Имом Шофеъий: «Ким бу ишни қилса гуноҳи кабирага қўл урибди», бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар: «Ким ҳоизни жимо қилишни ҳалол санаса, уни кофир деб ҳукм қилинади», деганлар».

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, жимосиз ҳам шаҳватни синдирадиган нарсаларга рухсат берилган. Масалан, ўпиш, қучоқлаш, мубошара (жинсий аъзодан бошқа ўринлардан лаззат олиш) – бироқ киндик ва тизза орасидан бирон тўсиқ ортидан фойдаланиш афзал чунки – Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзлик пайтимда мени изор кийишга буюрар, мен изор кийиб олардим ва мени мубошара қилар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Еттинчи: Талоқ

Эрга хотинини ҳайзли ҳолида талоқ қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1).

Яъни, талоқ қилингандан кейин маълум бир иддани бошлай оладиган ҳолда бўлсинлар. Зеро, бу ҳомиладорни талоқ қилиш ёки ҳайздан покланганни жимо қилмасдан туриб талоқ қилиш билан бўлади. Ҳайзли аёлни талоқ қилганда эса бу ҳолат вужудга келмайди, чунки ҳайз кунлари иддадан ҳисоб қилинмайди.

Агар ҳайздан покланган аёлни жимоъдан сўнг талоқ қилса, унинг ҳам бошлайдиган иддаси маълум бўлмай қолади. Зеро, бу жимоъдан ҳомиладор бўлган бўлса, ҳомиладорнинг иддасини ўташи ёки ҳомиладор бўлмаган бўлса, ҳайзнинг иддасини ўташи аниқ бўлмайди. Демак, идданинг турига ишонч ҳосил бўлмайдиган ҳолатда талоқ қилиш ҳаром. Ўтган оятда айтилганидек, аёлни ҳайзли ҳолатида талоқ қилиш ҳаромдир. «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида Ибн Умарнинг ҳадиси собит бўлган: Ибн Умар аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилганида Умар розияллоҳу анҳу буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан ғазабландилар ва: «Унга айтинг, аёлини қайтариб олсин, сўнг ҳайздан тоза бўлгунича кутсин, сўнг кейинги ҳайзни кўради, сўнг тоза бўлади. Шундан кейин агар хоҳласа турмуш қилсин, хоҳламаса жимо қилмай туриб талоқ қилсин. Аллоҳ таоло, аёлларни талоқ қилишга буюрган идда мана шу» дедилар.

Агар киши аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилса, у гуноҳкор бўлади, у Аллоҳга тавба қилиши ва аёлини қайтариб олиши кейин Аллоҳ ва Расулининг буйруқларига мувофиқ шаръий талоқ қилиши керак. Қайтариб олганидан кейин уни талоқ қилган ҳайзидан пок бўлгунича кутади. Кейин иккинчи марта ҳайзли бўлади. Сўнг пок бўлгач, истаса турмуш қилади, истаса жимо қилмасдан туриб талоқ қилади.

Ҳоизни талоқ қилиш ҳаромлигидан учта ҳолат истисно этилади:

1)              Талоқ аёл билан (биринчи бор) холи қолишдан ёки уни жимо қилмасдан олдин бўлса, уни ҳайзли ҳолида талоқ қилишнинг зарари йўқ. Чунки бу идда ўталмайдиган ҳолдир ва бу Аллоҳ таолонинг «уларни иддаларида талоқ қилинглар» (Талоқ: 1) деган буйруғига зид келмайди.

2)              Агар ҳайз ҳомиладорлик пайтида бўлса ҳам талоқнинг зарари йўқ. Бунинг сабаби айтиб ўтилди.

3)              Агар талоқ бир эвазга кўра (яъни, хулъ) бўлса ҳайзли ҳолда талоқ қилишнинг зарари йўқ. Масалан: эр-хотин орасида уруш-жанжал ва иттифоқсизлик бўлса, эр уни талоқ қилиш учун эваз олса, бунда аёл ҳайзли бўлса ҳам жоиз бўлаверади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда айтилади: Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг аёли Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, мен уни хулқи ва динида айбламайман. Лекин, исломда яшаб туриб куфрга тушиб қолишдан қўрқаман» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Унга (маҳр қилиб берган) боғини қайтариб берасанми?» «Ҳа» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг эрига: «Боғни қабул қилиб ол ва уни бир талоқ қил» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлдан ҳайздами ёки покми сўрамадилар. Чунки бу талоқ аёл киши томонидан ўзини халос қилиш учун сўралган эди. Шунинг учун у қандай ҳолатдалигидан қатъий назар ҳожат учун жоиз бўлди.

«Муғний»да шу ҳадисни ҳайз ҳолида хулънинг (яъни бирон эваз муқобилига талоқ қилишнинг) жоиз эканига далил қилиб келтирилган. Зеро, ҳоизни талоқ қилиш мумкин эмаслиги аёлга идданинг чўзилиб кетишидан келадиган зарар туфайли эди. Хулъда эса аёл ўзи ёқтирмаган  киши билан ёстиқдош бўлиш ва ёмон турмушдан етадиган зарар идданинг чўзилиб кетишидаги зарардан каттароқ бўлгани боис икки зарарнинг каттароғини даф қилиш жоиз бўлди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ сўраган аёлдан унинг ҳолати ҳақида сўрамадилар.

Аёлнинг ҳайзли ҳолида никоҳлаб олинишида зарар йўқ, чунки асл – ҳалолликдир ва бу ҳолда никоҳ қилишнинг ман этилганига далил йўқ. Лекин эрни ҳайзли келинчак ҳузурига киритишда ҳолатга қаралади, агар жимо қилиб қўйиш хавфи бўлмаса, зарари йўқ. Акс ҳолда ҳаром ишга тушиб қолмаслиги учун то пок бўлгунича кирмаслиги лозим.

Саккизинчи: Талоқ иддасининг ҳайз билан ҳисоб қилиниши

Агар киши аёли билан қўшилганидан ёки у билан ҳолий қолганидан сўнг талоқ қилса, аёл ҳайз кўрувчи бўлса ва ҳомиладор бўлмаса, тўла уч ҳайз муддатда идда сақлаши вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар» (Бақара: 228).

Агар ҳомиладор бўлса, иддаси то кўз ёригунча бўлади, муддат хоҳ узоқ бўлсин, хоҳ қисқа бўлсин, фарқи йўқ.  Аллоҳ таоло айтади: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг(идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).

Агар ҳайз кўрмайдиган бўлса, яъни ҳали ёш, ҳайз кўриши бошланмаган бўлса ёки ҳайздан қолган катта ёшли бўлса ёки бачадон олиб ташлангани ё бошқа сабаблар туфайли ҳайз кўрмайдиган бўлса, унинг иддаси 3 ойдир: «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар(уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган(қизлар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)». (Талоқ: 4).

Агарда ҳайз кўрадиган аёл бўлса-ю, маълум сабаблар туфайли, масалан, касаллик ёки эмизиш сабабли ҳайзи келмай турган бўлса, то ҳайз келгунча муддат чўзилиб кетса ҳам идда ҳисобида қолаверади. Қачонки сабаби кетса, яъни касалдан тузалгач ёки эмизиш тугагач ҳам ҳайз келмаса, бунда сабаб кетганидан бошлаб тўла бир йил идда сақлайди. Мана шу саҳиҳ қавл бўлиб шаръий қоидаларга тўғри келади. Чунки сабаб кўтарилгач ҳам ҳайз келмаса, у маълум сабабсиз ҳайздан қолган ҳисобланади. Шунинг учун тўла бир йил идда сақлайди. Яъни, ҳомиладорликнинг энг кўп муддатини олиниб, эҳтиёт бобидан 9 ой ва идда учун 3 ой иддада бўлади.

Агар талоқ никоҳдан кейин, тегиниш ва холи қолишдан олдин бўлса, бу ҳолда мутлақо идда йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас» (Аҳзоб: 49).

Тўққизинчи: Бачадоннинг ҳомиладан холилигига ҳукм қилиш

Бунинг бир неча ҳолатлари бор, жумладан: Ҳомиласи меросхўр бўлиши мумкин бўлган аёлнинг бирон кишиси ўлди, у аёлнинг эри бор. Эри бу аёлни то ҳайз кўргунича ёки ҳомиласи бор-йўқлиги аниқ бўлгунича жимо қилмайди. Агар ҳомиладорлиги аниқланса, ҳомиланинг мерос қолдирувчининг ўлими пайтида борлиги ва мерос олишига ҳукм қиламиз. Агар ҳайз кўрса, ҳайз сабаб бачадон холи эканига ҳукм қилганимиз учун меросхўр эмаслигига ҳукм қиламиз.

Ўнинчи: Ғуслнинг вожиблиги

Ҳоиз тоза бўлганда бутун баданини ювиб ғусл қилиши фарз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Аби Ҳубайшга айтганлар: «Агар ҳайз келса намозни ўқимай тур, агар кетса ғусл қилиб намозни ўқи» (Бухорий ривояти).

Ғуслдаги фарз энг камида бир бор бутун баданини то сочлари остигача ювишдир. Афзали Асмо бинт Шакал Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайздан тоза бўлган аёлнинг ғусли ҳақида сўраганида у зотнинг айтган жавобларидир: «Бирингиз сувини ва сидрини олади ва яхшилаб таҳорат олади кейин бошига сув қуяди ва яхшилаб ишқалайди, токи сочлари остигача етсин, сўнг бутун баданига сув қуяди, сўнг мушк билан хушбўй қилинган бир бўлак матони олиб, шу билан тозаланади» дедилар. Асмо деди: «У билан қандай тозаланади?». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: таажжубдан «Субҳаналлоҳ» дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо унга: «Уни қон теккан жойларга суртасан», дедилар (Муслим ривояти).

Ўрилган сочни ёзиш шарт эмас, фақат остига сув етмай қолишидан қўрқиладиган даражада қаттиқ ўрилган бўлсагина ёзилади. «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилишича, Умму Салама розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Менинг сочимни ўриб юраман, жанобатдан ғусл қилганда уни ёзаманми?» яна бир ривоятда: «Жанобат ва ҳайз ғуслида» дейилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, балки бошингдан уч ҳовуч сув қуйишинг кифоя, сўнг устингдан сув қуйиб ювинасан».

Агар ҳайзли аёл намоз вақти асносида тоза бўлса, намозни ўз вақтида адо қилишга улгуриш учун ювинишга шошилиши лозим. Сафарда бўлса ва олдида сув бўлмаса ёки сув бору ишлатса зарар етишидан қўрқса ёки сув зарар қиладиган касаллиги бўлса, ғусл қилиш ўрнига таяммум қилади, ювинишдан тўсиб турган сабаб кетиши билан ювиниб олади.

Баъзи аёллар намоз вақти асносида тоза бўлган бўлади, лекин ювинишни бошқа вақтга кечиктиради ва ҳозир тўла поклана олмайман, дейди. Бу ҳужжат ҳам, узр ҳам эмас. Чунки у ғуслдаги фарзнинг энг камига чекланиб, намозни ўз вақтида адо қилиши керак. Кейин вақт бемалол бўлганда яхшилаб ювиниб олаверади.

Бешинчи бўлим

Истиҳоза ва унинг ҳукмлари ҳақида

Истиҳоза – аёл кишида ҳеч тўхтамайдиган ёки оз муддат, бир-икки кун тўхтаб, яна давом этадиган қондир.

Биринчи ҳолат – яъни ҳеч тўхтамайдиган, ойлаб, ҳатто йиллаб давом этадиган истиҳозага далил «Саҳиҳ Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисдир: «Фотима бинт Аби Ҳубайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳеч пок бўлмайман» деди. Бир ривоятда: «Истиҳоза бўлиб, пок бўлмайман» деди.

Иккинчи, яъни қон кам тўхтайдиган ҳолатга далил: Ҳамна бинт Жаҳш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен қаттиқ истиҳоза бўламан» деди (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

 

Мустаҳозанинг ҳолатлари:

Мустаҳоза – яъни узлуксиз қон кўрадиган аёлнинг учта ҳолати бор:

1)                 Истиҳозалигидан илгариги маълум ҳайз кунларининг бўлиши. Ўша кунлари келганда унга ҳайзнинг ҳукмлари татбиқ бўлади, бошқа кунларда эса истиҳоза ҳисобланиб, унга мустаҳозанинг ҳукмлари татбиқ этилади. Бунга мисол: Бир аёл ҳар ойнинг бошида 6 кун ҳайз кўрарди, сўнг давомий қон кўрадиган мустаҳоза бўлиб қолди. Ҳар ойнинг бошидан 6 кунни унинг ҳайзи деб белгиланади, қолган кунлар истиҳозага ҳисоб қилинади. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилади: Фотима бинт Ҳубайш: «Ё Расулуллоҳ, мен мустаҳозаман, тоза бўлмайман, намоз ўқимайманми?» деб сўради. «Йўқ, бу томирдан (келувчи қондир), илгари ҳайз кўрадиган кунларинг миқдорида намоз ўқима, сўнг ювиниб намоз ўқийвер» дедилар (Бухорий ривояти). «Саҳиҳ Муслим»да Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳабиба бинти Жаҳшга: «Истиҳозадан аввал ҳайзинг сени неча кун намоздан тўсган бўлса, шунча кун кутиб тур, сўнг ювиниб ўқийвер» дедилар. Шунга кўра, ҳайз кунлари маълум бўлган мустаҳоза ўша кунлари миқдорида ўтиради, сўнг ювиниб намозини ўқийверади, кейинги қонга парво қилмайди.

2)                 Истиҳоза бўлишидан илгари маълум ҳайз кунларининг бўлмаслиги, яъни аввал бошидаёқ биринчи кўрган қони истиҳоза бўлиб давом этиши. Бу аёл келаётган қоннинг ўзгаришига қараб амал қилади. Қоннинг қоралиги ё ғализлиги ё ҳидига қараб, уни ҳайз қони деб эътибор қилинади ва унга ҳайзнинг ҳукмлари татбиқ этилади ва бундан бошқа ҳолатда истиҳозага ҳисоб қилиниб, истиҳозанинг ҳукмлари татбиқ бўлади. Бунга мисол: Бир аёл биринчи бор қон кўргандаёқ давомий қон кўрди, лекин ойнинг 10 кунида қорароқ, қолган кунларда эса қизилроқ ёки 10 кун қўйиқроқ, қолганида оддий ёки 10 кун ҳидли, қолганида ҳидсиз қон кўрди. Ўша ғализроқ ё қорароқ ё ҳидлироқ кунларни ҳайз деб олади, қолган кунларни истиҳоза ҳисоблайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинти Аби Ҳубайшга айтган сўзларига мувофиқ: «Агар ҳайз қони бўлса, у қорароқлигидан билинади. Агар шундай бўлса намоздан тийилиб тур, бошқача бўлса таҳорат олиб намоз ўқи. Чунки у томир(дан келган қондир)» (Абу Довуд, Насоий ривоятлари). Ушбу ҳадиснинг санади ва матни баҳсталаб бўлса-да, аҳли илмлар шунга амал қилганлар. Мустаҳозанинг ҳайз кунларини белгилашда аксар аёлларнинг одатини эътиборга олишдан кўра мазкур ҳадисга чеклаш яхшироқдир.

3)                 Маълум бир ҳайз кунларининг бўлмаслиги ва қонда аниқ фарқ ҳам билинмаслиги. Яъни қон кўришни бошлаганидан қони бир хил кўринишда ёки турли сифатларда-ю, лекин у сифатлар билан қонни ҳайз деб белгилаб бўлмайди. Бундай ҳолатда аксар аёлларнинг одатига амал қилади. Яъни, қон кўрган муддатининг биринчи кунидан бошлаб 6 ёки 7 кунни ҳайз деб, қолган кунлар истиҳоза деб ҳисоб қилинади. Бунга мисол: Қон кўришни ойнинг бешинчи кунида бошланди ва давомий бўлди, уни ҳайз эканини ажратадиган ранги ё бошқа сифати йўқ. Бу аёл ҳар ойнинг бешинчи кунидан бошлаб 6 ёки 7 кунни ҳайз деб белгилайди. Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо деди: «Ё Расулуллоҳ, мен жуда қаттиқ ва кўп истиҳоза бўламан. Бу мени намоз ва рўзадан тўсади. Шу ҳақда нима дейсиз?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сенга матони (яъни пахтани) қандай ишлатишни айтиб бераман. Уни фаржга қўясан, шу қонни тўхтатади». У: «Бу ундан кўра кўпроқ» деди. «Бу шайтоннинг зарбасидир. Аллоҳ таоло (унинг қайси бири тўғри эканини) билган 6 ёки 7 кунни ҳайз деб олгин, сўнг ювингин. Тоза бўлганингга ва покланганингга аниқ ишонч ҳосил қилсанг, (6 кун бўлса) 24 ё ( 7 кун бўлса) 23 кун намоз ўқи ва рўза тут» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 6 ё 7 кун деган сўзлари ихтиёр бериш учун эмас, балки ижтиҳод учун эди. Яъни, аёл хилқатда ўзига ўхшаш ёки ёш жиҳатидан ўзига яқин, ўзининг ҳолатига ўхшашроқ бўлган аёлларга, шунингдек қонининг ҳайзга ўхшайдиган ҳолатига ва шу кабиларга қарайди, 6 кун бўлишига яқинроқ деб билса 6 кунни, 7 кун бўлишига яқинроқ билса 7 кунни ҳайз деб олади.

4)                 Мустаҳозага ўхшаб кетадиган аёлнинг ҳоли

Гоҳо аёлнинг фаржидан қон келиб туришига олиб келадиган сабаблар вужудга келиб қолади. Масалан, бачадонида ёки ундан қуйироқ қисмларда жарроҳлик амалиёти қилиш каби ҳолат. Бу икки турли:

Биринчи тур: Бачадонни бутунлай олиб ташлаш ёки қон келмайдиган қилиб тўсиб юбориш амалиёти қилингач, ҳайз кўрмаслиги аниқ бўлган аёлга истиҳоза ҳукмлари татбиқ бўлмайди. Ундай аёлнинг ҳукми ҳайздан поклангандан кейин сариқ ёки хира ранглик суюқлик ё рутубат кўрган аёл ҳукмида бўлади. Бу ҳолда намоз, рўзани тарк қилмайди, жимоъдан қайтарилмайди ва бу қон учун ғусл вожиб бўлмайди. Лекин намоз пайтида қонни ювиш ва қонни тўсиш учун фаржга бирон матони тутиб олиш лозим бўлади. Сўнг намозга таҳорат қилади, таҳоратни намоз вақти кирганидан сўнггина олади. Агар нафл намозлар ўқимоқчи бўлса ўқиш олдидан таҳорат қилади.

Иккинчи тур: Жарроҳлик амалиётидан кейин ҳайз кўрмай қолиши маълум бўлмаса, балки ҳайз кўриши мумкин бўлса, унинг ҳукми мустаҳозанинг ҳукмидек бўлади. Бунга айтиб ўтганимиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинти Аби Ҳубайшга айтган сўзлари далил бўлади: «Балки бу томир (қони), ҳайз эмас. Агар ҳайз муддати келса намоз ўқимай тур». «Агар ҳайз муддати келса» деган сўзларидан маълум бўладики, ҳайзи келиб кетиб туриши мумкин бўлган аёлга мустаҳоза деб ҳукм қилинади. Аммо кимнинг ҳайзи келиши мумкин бўлмаса, унинг қони ҳар қандай ҳолатда томир қонидир.

 

Истиҳозанинг ҳукмлари

Қон қачон ҳайз, қачон истиҳоза бўлади, қачон унга ҳайз ҳукмлари татбиқ этилади-ю, қачон истиҳоза ҳукмлари татбиқ этилади, буларнинг барчасини юқорида билиб ўтдик.

Ҳайзнинг муҳим ҳукмлари ҳам айтиб ўтилди.

Истиҳозанинг ҳукмлари ҳудди покликнинг ҳукмлари кабидир. Ҳайздан пок аёллар билан мустаҳоза орасида фақат қуйидаги фарқлар мавжуд:

1)              Ҳар намозда таҳорат қилиш вожиблиги. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинти Аби Ҳубайшга: «Сўнг ҳар намозга таҳорат қил» деган сўзлари далил бўлади (Бухорий ривояти). Бунинг маъноси ҳар бир намозга унинг вақти киргандан сўнг таҳорат қилади. Нафл намозларга эса ўқишни ирода қилган пайтда таҳорат қилади.

2)              Қондан тозаланиш. Таҳорат қилишдан аввал қон теккан ўринларни ювади ва қонни тутиб туриш учун фаржга пахта ёки бирон шунга мосланган боғлама қўйиб олади. Бунинг далили юқорида ўтган ҳадислар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога дедилар: «Сенга матони (яъни пахтани) қандай ишлатишни айтиб бераман. Уни фаржга қўясан, шу қонни тўхтатади». У: «Бу ундан кўра кўпроқ» деди. «Бирон хос кийим кийгин» дедилар. У: «Бу ундан кўра кўпроқ» деди. «Устидан бирон қалин нарсани маҳкамлаб ол» дедилар». Шундан кейин ҳам қон чиқадиган бўлса, зарари йўқ. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинти Аби Ҳубайшга шундай дедилар: «Ҳайз кунларинг миқдорида намоз ўқимай тур, сўнгра ғусл қилгин ва ҳар бир намозга таҳорат ол, кейин намоз ўқийвер гарчи қон бўйрага томса ҳам» (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

3)              Жимоъ. Уламолар унинг жоизли хусусида турли фикрлар билдиришган. Тўғрироғи унинг мутлақ жоизлигидир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кўплаб, яъни ўнлаб аёллар мустаҳоза бўлганлар. Аллоҳ ва Расули уларни жимоъдан қайтармаган. Балки Аллоҳнинг Каломида: «Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз» (Бақара: 222) дейилган. Бу оят бундан бошқаларда аёллардан четланмасликка далилдир. Чунки бу аёлларга намоз жоиз, жимоъ эса  намоздан анча енгил. Мустаҳозанинг жимосини ҳоизнинг жимосига қиёслаш тўғри эмас. Чунки жимоъни ҳаром дегувчилар ҳам ҳайз билан истиҳозани бир хил демайдилар. Шундай экан, фарқли нарсаларни бир-бирига қиёслаш нотўғри.

Олтинчи бўлим

Нифос ва унинг ҳукми ҳақида

Нифос – туғиш сабабли бачадондан келадиган қон бўлиб, у туғишдан 2-3 кун аввал тўлғоқ билан ё кўз ёриш пайти ёки ундан кейин келади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Тўлғоқ тутган пайтда келган қон нифосдир, у икки-уч кунга боғлиқ эмас, унинг белгиси тўлғоқ. Акс ҳолда у нифос бўлмайди».

Уламолар унинг муддати ҳақида турли фикрлар билдиришган. Шайхулислом Ибн Таймия «Шариат соҳиби ҳукмларни боғлиқ қилган исмлар» рисоласида айтади: «Нифос кунларининг оз-кўпига чегара йўқ. Мабодо аёл киши 40, 60 ёки 70 кундан кўпроқ қон кўриб, сўнг қони тўхтаса, у нифосдир. Лекин давом этаверса у фасод қондир. Шу пайтда ҳадисларда келган аксар муддат ҳисобланган 40 кунни чегара қилиб олинади».

Демак, шунга кўра агар қони 40 кундан ошиб кетса ва унинг шу муддатдан кейин тўхташ одати бўлса ёки тўхташга яқинлик аломатлари кўриниб қолса, тўхтагунича кутиб туради. Агар ундай бўлмаса 40 кун тўлгач ювинади. Чунки 40 кун нифоснинг аксар муддатидир. Мабодо шу кунда унинг ҳайз даври бошланиб қолса ҳайзи тугагунича кутади. Шундан сўнг тўхтаса, мана шу унинг одати деб эътибор қилинади ва кейинги сафарларда шунга мувофиқ иш тутади. Агар қон келиши давом этаверса, у мустаҳоза саналиб, мустаҳозанинг ҳукмларига амал қилади.

Агар қон 40 кундан олдин тўхтаса, у покланган ҳисобланади. Ғусл қилиб намоз ўқийди, рўза тутади, эри у билан жимоъ қилаверади. Бироқ  бир кундан озроқ муддатда қони тўхтаса унинг ҳукми йўқ. «Муғний»да шундай дейилган.

Аёл кишидан инсон шаклини олган ҳомила тушсагина нифос ҳукми татбиқ бўлади. Агар ҳомила илк ойларда тушган бўлса ва унда одам шакли аниқ билинмаган бўлса, у қон нифос қони эмас, балки томир қони бўлиб, ҳукми мустаҳозанинг ҳукми кабидир. Одам шакли аниқ билинадиган муддатнинг энг ками ҳомила бошлангандан 80 кун ва кўпроғи 90 кундан кейин бўлади.

Нифоснинг ҳукмлари

Нифоснинг ҳукмлари худди ҳайзнинг ҳукмлари билан бир хил бўлиб фақат қуйидагиларда фарқ қилади:

1)                 Иддада. Талоқ нифосга боғлиқ бўлмайди. Чунки туғишдан илгариги талоқнинг иддаси туғиш биланоқ тугайди, нифоснинг тугаши билан эмас. Туғишдан кейинги талоқда эса илгари айтиб ўтилганидек ҳайзнинг келиши кутилади.

2)                 Ийло муддатида. Бунда ҳайз кунлари ҳисобга олинади, нифос кунлари ҳисобга олинмайди. Ийло – киши аёлини ҳеч қачон жимоъ қилмасликка ёки тўрт ойдан зиёд жимоъ қилмасликка қасам ичишидир. Агар эр қасам ичса ва аёл жимоъни талаб қилса унга қасамидан бошлаб тўрт ой муддат берилади. Шу муддат тугаса жимоъга мажбур қилинади ёки аёлнинг талаби билан ажрашиб кетишга мажбур қилинади. Агар аёл шу муддат ичида нифос кўриб қолса, нифос кунлари эрнинг қасами муддатига ҳисоб қилинмайди. Ҳайзда эса аксинча, унинг кунлари эрга ҳисоб қилинади.

3)                 Балоғатга етишда. Бу ҳайз билан эътиборга олинади, нифос билан эмас. Чунки аёл ҳайз кўрмасдан илгари ҳомиладор бўлиши мумкин эмас. Демак, балоғатга етиш ҳомиладорликдан илгариги келган ҳайз қони билан эътиборга олинади.

4)                 Ҳайзда агар одатдан илгари пок бўлса, эрига жимоъси жоиз, макруҳ эмас. Аммо нифосда 40 кундан илгари пок бўлса эрига жимоъси макруҳлиги (Ҳанбалий) мазҳабда машҳур. Тўғрироғи, жимоъ қилиш макруҳ эмас. Уламолар жумҳури ҳам макруҳ эмас деганлар. Чунки “макруҳ” шаръий ҳукм бўлиб, шаръий далилга муҳтож бўлади. Бу масалада имом Аҳмад Усмон ибн Абул Осдан келтирган ривоятдан бошқа ҳеч нарса келмаган. Аёли унга 40 кундан илгари яқинлашганида: «Менга яқинлашма» деган эди. Бу макруҳликни тақозо қилмайди. Чунки Абул Ос унинг пок бўлганига ишонч ҳосил қилмаганидан эҳтиёт юзасидан хавф қилган бўлиши мумкин ёки жимоъ сабаб қон қўзғалиб кетишидан ташвиш қилган бўлиши мумкин. Ёки бошқа сабаблар бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ билувчироқ.

5)                 Нифос қонининг қирқ кундан аввал қайтиб келиши. Нифос бўлиши мумкин бўлган муддатда қайтадиган бўлса, нифос, акс ҳолда ҳайз, аммо давом этаверса истиҳоза ҳисобланади. Бу Муғнийда имом Моликдан нақл қилинган ривоятга яқиндир, у шундай дейди: “Нифос қони тўхтаганидан кейин 2-3 кундан кейин қайтадан қон кўрадиган бўлса нифос, муддат ундан кўпроқ бўлса ҳайздир.”

 

Еттинчи фасл

Ҳайзни келтирадиган ёки тўсадиган ва ҳомилани туширадиган ёки олдини оладиган нарсаларни ишлатиш ҳақида

Аёлнинг ҳайзни тўсадиган нарсани ишлатиши икки шарт билан жоиз:

1)               Ўзига зарар етиши хавфи бўлмаслиги керак. Агар зарар етишини билса ишлатиши жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг!» (Бақара: 195), «Ўзингизни ўлдирмангиз!» (Нисо: 29).

2)               Агар бу эрга тааллуқли бўлса, эрнинг рухсати билан бўлиши лозим. Яъни агар аёл нафақаси эр зиммасига вожиб бўладиган иддада ўтирган бўлса, муддатни чўзиш ва нафақасини ошириш учун ҳайзни тўсадиган нарсани ишлатиши эрнинг рухсатисиз мумкин эмас. Шунингдек, ҳайзни тўсадиган нарса ҳомилани ҳам тўсиши аниқ бўлса, бунда ҳам эрнинг рухсати зарур. Жоизлиги собит бўлган тақдирда ҳам бундай нарсаларни фақат зарурат бўлгандагина ишлатиш афзал. Чунки табиийликдан узоқлашиш саломатликнинг бузилишига олиб келиши мумкин.

Ҳайзни келтирадиган нарсаларни ишлатиш ҳам икки шарт билан жоиз:

1)              Фарзни адо қилмаслик учун қилинган ҳийла бўлмаслиги лозим. Масалан, Рамазонга яқин қолганда рўза тутмаслик ва намоз ўқимаслик учун ёки шунга ўхшаш сабаблар учун.

2)              Бу эрнинг рухсати билан бўлиши керак. Чунки ҳайз кўриши эрининг ундан тўла фойдаланишига монеълик қилади. Эрнинг ҳаққига моне бўладиган нарсани фақат унинг розилиги билангина ишлатиш жоиз. Агар талоқ қилинган бўлса ва талоғи ражъий бўлган ҳолда бу иши билан эридан уни қайтариб олиш ҳаққи бекор бўлишини тезлатган бўлиб қолади.

Ҳомилани олдини оладиган нарсаларни ишлатиш ҳам икки турга бўлинади:

1)                  Давомий равишда тўсиш жоиз эмас. Чунки бу ҳомиладорликни тўсади натижада эса насл камаяди. Бу шариат соҳибининг Ислом Умматини кўпайтиришдаги мақсадига хилофдир. Шунингдек, аёлнинг болалари бирин-кетин ўлиб, фарзандсиз ўзи ёлғиз қолмаслигига кафолат йўқ.

2)                  Вақтинча тўсиб туриш. Масалан, аёл тез ҳомиладор бўлиб қоладиган бўлса ва бу унга оғирлик қилса, ҳомиладорликни ҳар икки йилда бир бўладиган қилиб тартиблаши мумкин. Фақат бунда эрнинг рухсати шарт ҳамда ўзига зарар етмаслиги керак. Далил шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида саҳобалар аёллари ҳомиладор бўлмаслиги учун улардан азл қилишар ва бундан қайтарилмаганлар. Азл – жимоъ пайтида манийни ташқарига тўкишдир.

Ҳомилани туширадиган нарсаларни ишлатиш ҳам икки турга бўлинади:

1)               Туширишдан мақсад – йўқ қилиш бўлса. Бу агар ҳомилага руҳ (жон) киритилгандан сўнг бўлса, шубҳасиз, ҳаром. Чунки бу бир жонни ноҳақ ўлдириш ва бир инсонни йўқ қилиш бўлиб, Китобу Суннат ва мусулмонлар ижмоси (иттифоқи) билан ҳаромдир. Агар руҳ киритилишидан илгари бўлса, унинг жоизлиги ҳақида олимлар турли фикрлар билдирганлар. Айримлари мумкин, айримлари мумкин эмас деганлар, баъзилари ҳали алақа бўлмаган бўлса яъни, 40 кунликдан ўтмаган бўлса жоиз деса, баъзилари инсон хилқати аниқ бўлмаган бўлса жоиз дейдилар. Яхшиси зарур ҳолатлардагина туширишдир. Масалан: она ҳомилани кўтара олмайдиган касал ёки шунга ўхшаш ҳолатда бўлса. Шунда ҳам инсон шакли аниқ бўлмаган бўлса жоиз бўлади. Аниқ бўлиб қолган бўлса жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

2)               Туширишдан мақсад – йўқ қилиш бўлмаслиги. Ҳомиладорлик муддати охирлаб қолганда кўз ёришига яқинлашиб қолганда тушириш жоиз. Бунда ҳам албатта она ва болага зарар етмаслиги шарт. Ҳамда жарроҳлик амалиётига эҳтиёж тушмаслиги керак. Агар амалиёт ўтказишга эҳтиёж тушса, унда 4 ҳолат бор:

1)              Она ҳам, бола ҳам тирик бўлган ҳолда амалиёт фақат зарурат пайтидагина жоиз бўлади. Чунки жисм бандага омонат, унга хавф соладиган ишни қилмаслик керак. Кўпинча жарроҳлик амалиётида зарар йўқ дейилади-да, бироқ кейин зарари кўринади.

2)              Она ҳам, бола ҳам ўлик бўлган ҳолда болани чиқариб олиш учун амалиёт қилиш бефойда бўлгани учун жоиз эмас.

3)              Она тирик, бола ўлик бўлган ҳолда уни чиқариб олиш учун жарроҳлик амалиёти ўтказиш жоиз. Агар онага зарар етиши хавфи бўлса, жоиз эмас. Аксарият ҳолларда агар ҳомила она қорнида ўлган бўлса, — Аллоҳ билади-ю — амалиётсиз чиқмайди. Ҳомиланинг она қорнида узоқ туриб қолиши кейинги ҳомиладорликдан тўсиб қўяди. Бу аёлнинг ўзига ҳам жабр бўлади. Агар собиқ эрдан иддада бўлса, ҳомила сабабли иддаси чўзилиб эрсиз қолади.

4)              Она ўлик, бола тирик бўлган ҳолда боланинг яшаб кетишига умид бўлмаса, жарроҳлик амалиёти қилинмагани маъқул. Агар яшаб кетишига умид бўлса ва бир қисми чиққан бўлса, ёки чиқмаган бўлса ҳам қолганини чиқариб олиш учун она қорнини ёриш мумкин. Баъзи олимлар ҳомилани чиқариб олиш учун она қорнини ёриш мумкин эмас, чунки бу мусла бўлади, дейишади. Аммо тўғрироқ фикр шуки, ҳомила она қорнини ёришсиз чиқмайдиган бўлса, уни албатта ёрилади. Бу Ибн Ҳубайранинг «Инсоф» номли китобида айтган фикридир. Мен айтаманки, хусусан бизнинг бу давримизда жарроҳлик амалиёти мусла эмас. Чунки қорин ёрилиб, сўнг қайта тикилади. Қолаверса, тирикнинг ҳурмати ўликнинг ҳурматидан каттароқдир. Бир бегуноҳ норасидани ҳалокатдан қутқариш вожиб, валлоҳу аълам.

 

Эслатма: Илгари айтилганидек, ҳомилани тушириш жоиз бўлган ҳолатларда ҳомила эгасидан, яъни эрдан рухсат бўлиши шарт.

Шу ўринда ёзишни мақсад қилганимиз бу муҳим мавзу ниҳоясига етди. Биз масалаларнинг аслларига ва ўзгармас томонларига чекландик. Лекин унинг тармоқларига, майда-чуйда бўлакларига ва аёлларда бўладиган ҳолатларга киришсак, у гўё соҳили кўринмас денгиздир. Аммо ақлли одам тармоқларни аслларга, жузъиётларни куллиётларга ва ўзгармас қонунларга қайтара олади, нарсаларни ўзига ўхшашларига қиёслай олади.

 

Насиҳат

Муфтий - фатво берувчи киши ёдда тутмоғи керак-ки, у Аллоҳ билан халқлар ўртасида пайғамбарлар олиб келган нарсаларни етказиш ва баён қилишда воситачи, у Қуръон ва Суннатдаги илмларни етказишдан масъул. Зеро, банда бу икки асосни тушуниб, уларга амал қилишга мукаллафдир. Қуръон ва Суннатга хилоф бўлган ҳар бир сўз хато бўлиб, гарчи унинг айтувчиси хатоси кечириладиган мужтаҳид бўлса ҳам унга амал қилиш асло жоиз эмас, зотан у ижтиҳодига яраша ажр олаверади, аммо унинг хатосини билган олим киши уни қабул қилиши жоиз эмас.

Муфтий ниятини Аллоҳ таолога холис қилиши, юз бераётган ҳар бир воқеа-ҳодисаларда Унга суяниши ва собитлик, тавфиқ ва тўғриликни сўраши лозим.

У асосий эътиборини Қуръон ва Суннатга қаратиши, уларни ўқиб-изланиши ва Қуръон ва Суннатни тушунишда аҳли илмларнинг сўзларидан фойдаланиши керак. Кўпинча қандайдир бир масала ўртага чиқса, инсон қодир бўлганича аҳли илмларнинг бу ҳақдаги сўзларини излайди, лекин кўнгил хотиржам бўладиган ҳукмни, гоҳида эса ўша масалани зикр қилган бирон ўринни топа олмайди. Шундай ҳолларда Қуръон ва Суннатга мурожаат қилса, унинг ҳукми аниқ бўлиб ойдинлашади. Бу унинг ихлоси, илми ва фаҳмига қараб бўлади, албатта.

Муфтий чигал масаланинг ҳукмини чиқаришга шошилмаслиги керак. Шошилишда қанча ҳукмларни чиқариб қўйиб, сўнг чуқурроқ текширгач, иш ойдинлашади ва у хато қилганини англаб етади ва бундан пушаймон бўлади. Кўпинча берган фатвоси одамлар ичида ёйилиб кетганидан уни тузатишга қодир бўлмай қолади.

Агар одамлар муфтийни шошилмаслигини, фикрида мустаҳкамлигини билишса, унинг сўзига ишонадилар ва уни эътиборли санайдилар. Агар шошқалоқлигини кўрсалар, шошқалоқ кўп хато қилувчи бўлганидан улар унинг фатволарига ишонмайдилар. Натижада у шошқалоқлиги билан, хатоси билан ўзини ҳам, бошқани ҳам ўзида бўлган илм ва тўғри масалалардан маҳрум қилади.

Аллоҳ таолодан бизни ва барча мусулмон биродарларимизни Ўзининг Тўғри йўлига ҳидоят қилишини сўраймиз ва Ўз инояти билан бизни бошқаришини, Ўз риояти билан бизни тойилишлардан сақлашини сўраймиз. У буюк саховат эгасидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг оила ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин. Унинг неъмати билан яхши амаллар тамомига етадиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Ушбу рисола Аллоҳга муҳтож банда Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин қалами билан 14 Шаъбон 1392- ҳижрий сана жума чошгоҳида ниҳоясига етди.


[1] "Шариат уларга ҳукмларни боғлаган исмлар"  рисоласидан, 35-бет.