Сешанба 21 Февраль 2017 | 24 Жумадул-аввал 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

БАХТЛИ ҲАЁТ САРИ...

5944 марта кўрилган

Муаллиф: Айман Асъад Абдуҳ
Ислом Нури веб саҳифаси таҳрири остида нашр қилинди

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Аллоҳга ҳамду санолар, анбиёлар хотамига салоту саломлар бўлсин!

Соддагина, исроф ва ғайридинларнинг мункар урф-одатларидан холилиги билан ажралиб турадиган исломий никоҳ маросими тугагач, келин-куёв ўзларига ажратилган хонага кириб кетади. Куёв ўнг қўлини келиннинг бошига қўйиб, қуйидаги маъсур дуони ўқийди:

اللًُُهُمَّ اِنِّي أَسْاَُْلكَ خَيْرَهَا وَ خَيْرَمَا جَبَلْتَهَا عَلَيْهِ وَ أعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهَا

وَ شَرِّمَا جَبَلْتَهَا عَلَيْهِ.

«Эй Аллоҳим, мен Сендан унинг ва унга (туғма) табиат қилиб берган нарсангнинг яхшилигини сўрайман. Унинг ва унга (туғма) табиат қилиб берган нарсангнинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман».[1]

Кейин таҳорат қилиб, келин билан бирга икки ракъат намоз ўқийди ва ҳаётлари давомида мана шу янги оилаларини ҳар-хил ёмонликлардан асрашини ҳамда бирга аҳил-иноқ умр кечиришни сўраб Аллоҳ таолога дуо қиладилар. Янги оилаларининг мусаффо ҳавоси кирланмаслиги ва ширин турмушларининг бардавом бўлиши учун улар қуйидаги асосларга амал қилишга келишиб оладилар:

1. Ниятни холис қилиш

Ният ҳар бир ишнинг асоси ҳисобланади. Амалларнинг бир-биридан афзал бўлишидаги асосий омил ҳам ниятдир. Агар ният холис бўлса, одатий амаллар ҳам ибодат даражасига кўтарилади. Аллоҳ таоло бандаларини – ниятлари холис бўлса - кундалик амалларини ҳам улкан ажрлар билан мукофотлайди. Шунинг учун келин-куёв турмуш қуришдан нима мақсад эканини англаб олишлари лозим. Мусулмон ва муслиманинг турмуш қуришдан мақсади жоҳил кимсаларнинг мақсадларидан фарқ қилиб, фақат жинсий ғаризани қондиришдан олийроқ туриши керак.

Исломий оилани вужудга келишига қуйидагилар сабаб бўлади:

а) Пайғамбар алайҳис-салом ёшларни уйланишга буюрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) авратни ҳаромдан (зинодан), кўзни номаҳрамга тикишдан сақлайди...».[2]

б) Авратни, кўзни ҳамда иффатни ҳаромдан сақлаш ниятида қурилган оила Аллоҳ ваъда қилган ёрдами ва тавфиқига нойил бўлур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Уч тоифа кишига ёрдам бериш Аллоҳ таоло зиммасидаги ҳақдир: (улар) Аллоҳ йўлидаги мужоҳид, ўзини озод қилиш учун ҳожаси билан келишган қул ва (зинодан) сақланиш мақсадида уйланган йигит».[3]

в) Аллоҳ таоло манҳажига мувофиқ оила қуриб Аллоҳ таолодан ажр умид қилиш.

г) Ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат куни бошқа пайғамбарлар олдида кўплиги билан фахрланадиган Ислом уммати сафини кенгайтирадиган солиҳ фарзандларни кўпайтириш.

д) Уларни исломий руҳда тарбиялаш.

Шояд, Аллоҳ таоло улар орасидан дин ғамини ейдиган, мусулмонларни нусрат ва ғалаба сари етаклайдиган йўлбошчиларни чиқарса! Эҳтимол улар етук олимлар, паҳлавон мужоҳидлар сафига қўшилар!

е) Аёли ва фарзандларига сарфлайдиган нафақалари эвазига Аллоҳдан ажр умид қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳдан ажр умидида аҳли оиласига нафақа қилса, бу нафақаси унинг учун садақа ўрнига ўтади».[4]

Агар эр-хотин мана шу мақсадларни астойдил кўнглига тугса, ҳаётлари ибодатга  айланиб, ҳар-бир олган нафаслари учун ажрга эга бўладилар.

2. Аллоҳ таоло тоат-ибодатида ҳамкорлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Кечаси туриб, намоз ўқиган, аёлини ҳам намоз ўқишга уйғотган, туравермаса, юзига сув сепган кишини Аллоҳ раҳм қилсин. Кечаси туриб, намоз ўқиган, эрини ҳам намоз ўқиш учун уйғотган, агар турмаса, юзига сув сепган аёлни (ҳам) Аллоҳ раҳм этсин!».[5]

Агар эр-хотин ўртасида бир-бирини ибодатга ундаш сифати бўлмаса, лоақал бу йўлдан бир-бирларини тўсмасинлар. Қанча аёллар эрларининг ибодат, илм олиш, жиҳод ёки даъват ишларига тўғаноқ бўлиб, эри зиммасидаги ўзининг айрим ҳақ-ҳуқуқларини унинг ибодати, жиҳод қилиши йўлида қурбон қила олмайдилар.

«Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан)юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир».[6]

Аёлларимизга ҳар соҳада Пайғамбаримиз жуфти ҳалоллари-Оналаримиз ва саҳобий аёллар муносиб намуна бўла оладилар. Улар эрларини кўчага кузата туриб бундай дер эдилар:

«Эй фалончи, биз ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқинг! Биз очликка чидашимиз мумкин, лекин ҳаромни кўтара олмаймиз».

3. Аллоҳ шариатига мувофиқ исломий оила қуриш

Улар барча амалларини Аллоҳ Китобига қараб бажарадилар. Бирор масала хусусида Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини билсалар, ҳавои нафслари ва урф-одатлари билан унга қарши чиқмайдилар. Ўзларининг соф ақидалари билан олий бўлиб тураверадилар. Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига зид бўлган ҳар қандай аҳли ботил қаршисида виқор ва салобат билан тура оладилар. Улар бошқа мусулмонларга ҳам исломий оила масаласида намуна бўлишга интиладилар. Бундай оиладан Қуръони Карим ва Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларининг нафаси уфуриб туради. Бу оила нақадар баракотли!

4. Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларига бўйсуниб, оилаларини меҳр-муҳаббат, вафо ва садоқат асосига қурадилар

Оила аҳд-паймони жуда нозик бўлиб, Аллоҳ таоло аҳдга вафо қилганларга чиройли оқибат, аҳдни бузганларга эса жазо тайёрлаб қўйгандир. Эр-хотин ўртасида нафрат, адоват, ҳасад каби қабиҳ иллатларнинг бўлиши исломий тасаввурга мутлақо ётдир.

«Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни, хотинларингиз)сизлардан (яхшилик билан ҳаёт кечириш ёки чиройли суратда ажрашиб кетиш ҳақида)қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб уни (яъни, маҳрни)қайтариб оласиз?!».(Нисо: 21)

Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ мазкур оят хусусида айтади: «Ояти-каримадаги ифзо-қўшилиш калимаси эр-хотиннинг бир-бирига жинсий жиҳатдан қўшилишинигина англатмайди, балки ҳис-туйғу, муҳаббат, ҳамдардлик, тасаввурларнинг бир-бири билан уйғунлашиб кетиши ҳамда эркак ва аёл ҳаётининг ажралмас қисмларидан бўлган бундан бошқа ўнлаб кўринишларини ўзида мужассам этади. Муҳаббат изҳор этиш, бир-бирининг оғирини енгил қилиш, хушмуомалалик, оғир-енгил кунларда бир-бирига далда бўлиш ва ҳатто аёлига тегиниши ҳам оятда зикр қилинган қўшилиш сўзига киради...».[7]

Шунингдек, Қуръони Карим ва саҳиҳ суннат эрларни – ҳатто аёлларини яхши кўрмасалар ҳам - улар билан хушмуомалада бўлишга буюради ва бу Ислом динининг аёлларга нисбатан улкан ҳурмат-эҳтиромидир. Ҳамиша биз учун пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал намунадирлар. У зот шундай марҳамат қиладилар:

«Сизларнинг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала қиладиганларингиздир. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилувчи кишиман».

«Мўминларнинг комил иймонлилари уларнинг чиройли хулқлиларидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлларига чиройли хулқ билан муомала қиладиганингиз».[8]

5. Муҳаббат мункардан кўз юмишга олиб бормаслиги керак

Эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат уларни бир-бирларини мункар ишларни тўғирлашдан тўсмаслиги лозим. Ҳаром ишни қилаётган кишига — унинг ким бўлишидан қатъий назар — хушомад қилиш ва унинг шариатга беэътибор бўлишига жим қараб туриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига зиддир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга аёллари ичида энг суюклиси Оиша розияллоҳу анҳо эдилар. Оиша розияллоҳу анҳони «Эй Оиш», «Эй Ҳумайро»,[9]деб гоҳида исмларини қисқартириб, гоҳида эркалатиб чақирар эдилар. Оиша онамиз ҳайз кўрган ҳолатларида бир идишдан сув ичсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўша идишнинг айнан Оиша онамиз лабларини қўйган жойга лабларини қўйиб ичардилар. Рўзадор ҳолларида ҳам аёлларини ўпардилар. Бироқ, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилинмаган ерда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабларини ҳеч нарса тўсиб қололмасди.

Оиша розияллоҳу анҳудан: «Мен сурати бор матодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрпача тикдим. У киши уйга келгач, эшик олдида туриб қолдилар ва юзлари ўзгарди. Мен:

- Нима гап, Ё Расулаллоҳ!»- деб сўрадим.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Мана бу кўрпача қаердан келди?,- дедилар.

- Буни сиз ёнбошларсиз деб қилгандим»,- дедим мен.

- Ахир, сурат бор уйга фаришталар кирмаслигини билмайсизми?!- дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам».[10]

6. Бир-бирини риоя қилиш

Эр-хотин бир-бирига Абу Дардо ва Умму Дардо каби муносабатда бўлиши керак. Агар Абу Дардо ғазабланса, Умму Дардо сукут сақлаб, эрининг кўнглини олишга ҳаракат қиларди. Умму Дардо бирор нарсадан аччиқланса, Абу Дардо сукут сақлар ва аёлини тинчлантириб, уни рози қилиш йўлларини қидирарди. Улар турмуш қурган илк кунларидан бошлаб мана шу йўлни ўзларига дастурул-амал қилиб олишган эди. Ҳақиқатан ҳам бу оқилона йўл эди.

Оилада келишмовчилик чиққанида ғазаб отларини тизгинлай олмайдиган қанча кишиларнинг оиласи бузилиб кетди.

7. Инсон хатодан холи эмас

Инсон фаришта эмас. Ҳаёт хато-камчиликсиз бўлмайди. Оилада эр-хотин бир-бирини кечириб яшаши лозим. Йўл қўйилган арзимас камчилик сабабли бир-бирларининг улкан яхшиликларини унутмасинлар. Албатта бу ерда дунёвий масалалар кўзда тутиляпти. Ҳар иккала томон нафсониятга тегмайдиган юмшоқроқ йўлларни қидирсин. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркак кишини сафардан қайтганда уйига ярим тунда киришдан, аёлининг камчиликларини қидиришдан қайтардилар. Чунки, эр аёлининг хунук ҳолати устидан чиқиб қолиб, ундан кўнгли совиши мумкин. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзига хос услубларидан эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг уйида навбат билан тунар эдилар. Бир куни Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида асҳоблари билан ўтирардилар. Умму Салама онамиз бир сопол товоқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва уларнинг меҳмонларига овқат олиб келдилар. Оиша розияллоҳу анҳо бир матога ўраниб олган ҳолда ва қўлида тош билан келдилар ва Умму Салама келтирган товоқни қўлидаги тош билан уриб, иккига бўлиб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам товоқнинг синган бўлакларини жамларканлар, дедилар:

«Еяверинглар, еяверинглар, онангиз рашк қилди».[11]

Нақадар донишманд муаллим! Оиша онамизнинг шундай катта хатосига сабр қилдилар ва ноқулай ҳолатни  кечирим, ҳалимлик ва узр излаш билан муолажа қилдилар.

8. Оиладаги гапни кўчага чиқармаслик

Оилада бўладиган камчилик, келишмовчилик ва ҳар хил муаммолар эр-хотин ўртасида қолиши, ота-она, қариндош-уруғ ва қўни-қўшнилар қулоғига етиб бормаслиги лозим. Агар ўртадаги келишмовчилик кучайиб, низо бирга яшаб кетишларига кўзлари етмайдиган даражада кескин тус олса, ҳар бирлари ўз қариндошлари ичидан динда мустаҳкам ва фаҳм-фаросатли кишиларни муаммони хал қилишда ҳакам қилишлари мумкин.

9. Мақсадларни очиқ баён қилиш

Келин-куёв яқин кунларда ёки келажакда қилмоқчи бўлган мақсадлари ва бу мақсадларга қандай эришмоқчи эканликлари ҳақида бир-бирларига ошкор айтишлари керак. Шояд, уларнинг мақсадлари бир-бирига мувофиқ келиб, барча муаммоларини ҳамжиҳатлик ила ҳал қилсалар. Эҳтимол келиннинг ўзига хос (ҳеч кимга айта олмаётган) бирон режаси бордир. Аёлига кўмаклашиши ҳамда унинг мақсадларига тўсқинлик қилмаслиги учун эр ўз хотинининг сирларидан ҳам воқиф бўлишида ҳеч қандай ҳараж йўқ. Зеро, аёл эрининг рухсатисиз бирон иш қилиши мумкин эмас.

Эрга итоат ҳақида

Оилада эр киши бошлиқ бўлиши керак. Аёл Аллоҳга осий бўлмайдиган ўринларда эрига итоат қилиб яшаши вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эркаклар хотинлари устидан раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларни бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёлларидан)ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун)ўз мол-мулкларидан сарф-ҳаражат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари)йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулклари ва ўз иффатларини)сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир. Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, панд-насиҳатларингиз кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни, шунда ҳам бўйсунмасалар)(майиб қилмайдиган қилиб) уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта Аллоҳ энг Юксак ва Буюк бўлган Зотдир». (Нисо: 34)

Ушбу оятда оиладаги эр билан хотиннинг ўрни белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий эҳтиёжларига жавобгар бўлувчи ҳамда уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қилувчи шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат ҳисобланмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли ҳам у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, итоатли, эрининг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир. Агар хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига раҳна соладиган бирон феъл содир бўлса, эрнинг вазифаси аввало унга яхшилик билан тушунтириш, тушунмаса меҳру муҳаббатини дариғ тутиш билан ўз норозилигини билдиради. Бу ишлар фойда бермаган тақдирдагина хотинга (уни уриб роҳатланиш учун эмас, балки тўғри йўлга солиш мақсадида) қўл кўтаришга рухсат берилади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш лозимки, бу борада келган ҳадисларда юзидан бошқа жойига қон чиқмайдиган ва асари кўринмайдиган даражада уриш керак деб айтилган. Чунки юз инсон аъзолари ичидаги энг мукаррами саналади. Лекин табиийки, эрга итоат қилишни ўзига бурч деб биладиган итоатли аёл бу охирги чорагача етиб келмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бировни бировга сажда қилишга буюрадиган бўлсам, аёл кишини эрига сажда қилишга буюрган бўлардим".[12]

Эрига итоат қилмайдиган аёлда ҳеч қандай яхшилик йўқ!

Хотима

Ҳар-бир йигит-қиз бир кун келиб турмуш қуради. Ҳамма ҳам хотиржам ҳаёт кечиришни орзу қилади. Бахтли ҳаётдан баҳраманд бўлишни истаётган кишиларга маслаҳатим, юқорида санаб ўтилган кўрсатмаларни ўзлари учун дастурул-амал қилиб олсинлар. Вақти-вақти билан мурожаат қилиб, зиммаларидаги баъзи бурчларини унутиб қўйган пайтларида бир-бирларига эслатиб туришлари учун бу аҳд-паймонни оқ қоғозга тушириб, ҳар-бирлари ундан нусха кўчириб олсинлар. Келишув қоғозда қолиб кетмасин. Ҳали сиёҳлари қуримасдан туриб унга амал қилишга киришсинлар, бутун умр баҳоли-қудрат уни ҳаётга татбиқ қилишга интилсинлар. Аҳд-паймон жуда оғир бўлгани боис, уни амалга ошириш кишидан бироз сабр-матонат ва сабот талаб қилишини бир-бирларига эслатиб туришни ҳам унутмасинлар. Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин!

Пайғамбаримизга, аҳли оилаларига, асҳобларига ва Қиёматга қадар уларга чиройли суратда эргашганларга Аллоҳнинг салоту саломлари ёғилсин!

Сўзимиз охирида Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб қоламиз.


[1] Бухорий ривояти.

[2] Муслим ривояти.

[3] Аҳмад, Термизий, Ибн Можаҳ ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган.

[4] Муттафақун алайҳ.

[5] Абу Довуд ривояти.

[6] «Мунофиқун»-9.

[7] «Фи Зилалил Қуръан», 1- том.

[8] Термизий ривояти.

[9] Ҳумайро - аҳли Ҳижозларнинг тилида ялтироқ оқ баданлиларга айтилади, бу билан оппоғим деб эркаламоқдалар.

[10] Бухорий ривояти.

[11] Насоий ривояти.

[12] Термизий ва Насоий ривояти.