Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рабиъ ибн Хусайм

4046 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Абу Туроб

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Рабиъ ибн Хусайм

“Эй, Абу Язид Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни кўрганларида, албатта яхши кўрган бўлар эдилар”. (Абдуллоҳ ибн Масъуд)

Ҳилол Ашжаий меҳмони Мунзир Саврийга: “Эй Мунзир, шайхнинг олдиларига бориб, бир иймонлашиб келмаймизми?” деди.

—                        Мунзир: “Ҳа албатта, аслида шайхингиз Рабиъ ибн Хусайм билан кўришиб, у кишининг иймон саҳнларида бир соат бўлсада яшашга бўлган завқ-шавқ мени Кўфага етаклаб келган. Ҳузурларига киришимизга изн олдингизми? Шайх фалаж бўлиб қолганларидан бери, уйларини лозим тутиб, Роббига юзланиб, одамлардан четланибдилар, деб эшитган эдим”.

—                        Ҳилол: “Кўфа аҳли у кишини билибдики Рабиъ ибн Хусайм шундайлар. Касаллик шайхни ўзгартиргани йўқ”.

—                        Мунзир: “Ундай бўлса яхши, лекин сиз биласизки, шайхларнинг табиатлари нозик бўлади, шунинг учун у кишининг ҳузурларига борганимизда ўзимиз хоҳлаган нарса ҳақида сўраймизми, ёки шайхга қулоқ солиб ул зот хоҳлаган нарсани эшитганимиз маъқулми?

—                        Ҳилол: “Агар Рабиъ ибн Хусайм билан тўла бир йил ўтирсангиз ҳам, сиз унга гапирмасангиз ва бирон нарса ҳақида сўрамасангиз у киши гапирмайдилар. Ул зот сўзларини зикр, сукутларини фикр қилиб олганлар”.

—                        Мунзир: “Ундай бўлса Аллоҳдан барака сўраган ҳолда қани кетдик”.

Сўнг Рабиъ ибн Хусаймнинг ҳузурига қараб йўл олдилар. Шайхнинг ҳузурига кириб саломлашгач, ҳол-аҳвол сўрадилар:

—                        “Шайх қандайсиз?”.

—                        Рабиъ ибн Хусайм: “Заиф ва гуноҳкорман, ризқимни еб, ажалимни кутиб ётибман”.

—                        Ҳилол: “Кўфага кучли бир табиб келибди, ижозатингиз билан уни олиб келайми?.

—                        Рабиъ ибн Хусайм: “Эй Ҳилол, мен шифо ҳақлигини биламан. Лекин мен Од, Самуд (қабилаларини) ва қудуқ эгаларини ҳамда шу орадаги кўпдан-кўп қавмлар ҳақида фикр юритдим. Уларнинг дунё ва унинг матоларига ҳарисликларини кўрдим. Улар биздан кўра кўпроқ куч-қудратга эга эдилар, ораларида табиблар ва касаллар бор эди. На даволовчи ва даволанувчи қолди... Сўнг чуқур хўрсиниб: “Агар ҳақиқий дард шу бўлганида, ундан албатта даволанган бўлар эдик”, деди. Шунда Мунзир гапиришга изн сўраб:

—                        “Ҳақиқий дард нима?”, - деди.

—                        Рабиъ ибн Хусайм: “Гуноҳлар...”.

—                        Мунзир: “Уларнинг давоси нима?”.

—                        Рабиъ ибн Хусайм: “Даво истиғфордир”.

—                        Мунзир: “Тузалиш қандай бўлади?”.

—                        Рабиъ ибн Хусайм: “Гуноҳдан тавба қилиб, сўнг унга қайтмаслик билан”. Сўнг бизларга тикилиб: “Махфий ишлар... махфий ишлар...- дедилар. Одамларга махфий, лекин Аллоҳга ошкор бўлган махфий ишларга хушёр бўлинг! Унинг давосини изланг!”.

—                        Мунзир: “Унинг давоси нима?”.

—                        Рабиъ ибн Хусайм: “Давоси насух (холис) тавба қилиш”, - деди. Сўнг йиғлаб юборди, ҳатто кўз ёшлари соқолини ҳўл қилиб юборди.

—                        Мунзир: “Сиздек одам йиғлайдими?

—                        Рабиъ ибн Хусайм: “Ҳайҳот... Нега йиғламайин?! Мен шундай одамларни кўрдимки (саҳобаларни назарда тутиб) биз уларнинг олдида ўғрига ўхшаймиз”.

Ҳилол: “Биз шундай суҳбатлашиб ўтирганимизда, шайхнинг ўғли кириб салом берди ва: “Отажон, онам сизга яхши ҳолва тайёрладилар, шундан есангиз хурсанд бўлардилар, олиб келайми? - деди. Рабиъ ибн Хусайм: “Майли, олиб келақол”, - деди. Шайхнинг ўғли ҳолвани олиб келгани чиқиб кетганида, тиланчи эшикни тақиллатиб қолди. Рабиъ ибн Хусайм: “Уни ичкарига олиб киринглар” деди. Мен ҳовлига кирган тиланчига назар солдим; у ўрта ёшли киши экан.  Кийимлари йиртиқ, сўлаги оқиб турар, ақли паст экани яққол кўриниб турарди. Кўзимни ундан узмасимдан шайхнинг ўғли ҳолвани кўтариб чиқиб келди. Отаси уни тиланчининг олдига қўй, деб ишора қилди. Ҳолвани тиланчининг олдига қўйди. У шиддат билан ҳолвани ейишга киришди, сўлаклари ҳолванинг устига оқиб тушарди. У шу алфозда ҳолвани еб битирди. Рабиъ ибн Хусаймнинг ўғли: “Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сизга отажон, онам шуни учун қийналиб тайёрлаган эдилар. Шундан тамадди қилишингизни биз ҳам хоҳлагандик. Сиз бўлсангиз, нима еганини ҳам билмайдиган мана бу кишига ҳаммасини едириб юбордингиз” деди. Рабиъ ибн Хусайм: “Эй ўғлим, у билмаса Аллоҳ таоло билади” деб, ушбу оятни ўқидилар: “Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур”. Оли Имрон: 92

Шу вақт шайхнинг қариндашларидан бир киши келиб: “Эй Абу Язид, Фотиманинг ўғиллари Ҳусайн – розяллоҳу анҳумо- қатл қилинди” - деди. Рабиъ ибн Хусайм: “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиу-у-н” - деб, Зумар сурасининг 46 - оятини ўқидилар: “Айтинг: “Аллоҳим,—(эй) осмонлар ва ерни илк яратувчи зот (эй) ғайбу шаҳодатни (яъни яширин ва ошкор нарсаларни) билувчи зот, ёлғиз Ўзинггина бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилиб ўтган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан”.  Лекин шайхнинг бу дегани хабар келтирган кишига камлик қилидими: “Унинг ўлими ҳақида нима дейсиз?” - деб сўради. Рабиъ ибн Хусайм: “Нима ҳам дердим, Аллоҳга қайтишади ва ҳисоб китобларини ҳам Аллоҳ қилади, - дейман”. Ҳилол: “Қарасам пешин вақти яқинлашиб қолибди: “Менга насиҳат қилинг”, - дедим шайхга”. Рабиъ ибн Хусайм: “Эй Ҳилол, одамларнинг мақташлари сени мағрурлантириб қўймасин, зеро улар сенинг ташингни биладилар. Сен амалингга қайтувчисан, Аллоҳнинг розилиги мақсад қилинмаган ҳар қандай амал эса саробдир”. Мунзир: “Менга ҳам насиҳат қилинг, Аллоҳ ажрингизни берсин”. Рабиъ ибн Хусайм: “Эй Мунзир, билган нарсаларингда Аллоҳдан қўрқ, билмаганингни эса билувчисига топшир. Эй Мунзир, бирортангиз: “Парвардигоро мен Сенга тавба қиламан” – деб, кейин тавба қилмаса битта ёлғон бўлади. Лекин: “Парвардигоро мени тавба қилишга муваффақ қил” десин, шунда дуо бўлади. Эй Мунзир, таҳлил, (Ла илаҳа иллаллоҳ) ҳамд, (Алҳамду лиллаҳ) такбир, (Аллоҳу акбар) тасбиҳ (Субҳаналлоҳ) айтиш, яхшиликни сўраб, ёмонликдан паноҳ исташ, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш ҳамда Қуръон ўқишдан бошқа сўзларда яхшилик йўқ”. Мунзир: “Сиз билан мана шунчадан бери ўтирибмиз, лекин шеър айтганингизни эшитмадик, аммо бошқа шайхлар шеър ўқийдилар”. Рабиъ ибн Хусайм: “Бу дунёда айтган ҳар бир сўзинг ёзилиб, у дунёда ўқиб эшиттирилади. Мен ҳисоб кунида номаи аъмолим ўқиб эшиттирилганда, унда бир байт шеър топилишини хоҳламайман” дедилар ва бизга юзланиб: “Ўлимни кўп эсланглар, зеро у сиз кутаётган меҳмонингиздир. Меҳмоннинг ғоиблиги узайиб кетган бўлса, ташриф қилиши яқинлашади”. Сўнг йиғлаб: “Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда.(Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда”, мана шу Кунда биз нима қиламиз? - дедилар. Ҳилол Ашжаъий: “Рабиъ ибн Хусайм сўзларини тугатмадилар ҳам, пешин намозига азон айтилиб қолди. Ўғилларига қараб: “Қани кел, муаззиннинг чақириғига ижобат қилайлик” дедилар. Шайхнинг ўғли бизларга: “Масжидга олиб чиқишга ёрдамлашиб юборинг! Аллоҳ ажрини берсин” - деди. Шайхни кўтардик, ўнг қўлларини ўғилларининг елкасига чап қўлларини менинг елкамга қўйиб масжидга йўналдик, унинг оёқлари ерни чизиб борарди. Шунда Мунзир: “Эй Абу Язид, сизнинг бу ҳолингизда, намозни уйингизда барпо қилишга рухсат берилганку”.  Рабиъ ибн Хусайм: “Ҳа, сенинг айтганинг тўғри, лекин мен муаззиннинг: “Ҳаййа алал фалаҳ” “Нажотга келинглар” деган чақириғини эшитдим. Сизлардан бирортангиз нажотга чақириқни эшитса, эмаклаб бўлса ҳам борсин!”.

Рабиъ ибн Хусайм ким ўзи?! Келинг, Рабиъ ибн Хусайм билан танишиб чиқамиз.

Рабиъ ибн Хусайм тобеинларнинг улуғларидан ва зуҳд ўз асрида саккиз кишида камолига етган бўлиб, ана шу зоҳид кишиларнинг биридир. Асли араб, Музарий. Насл-насаби боболари Илёс ва Музарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан туташади. Рабиъ ёшлигидан Аллоҳнинг тоатида улғайди. Онаси ярим кечада уйқудан уйғониб қараса, ёш ўғли ҳали ҳам жойнамоз устида тик туриб Аллоҳга муножот қилаётган, намозга ғарқ бўлган ҳолда бўларди. Ўғлига: “Эй болам, Рабиъ, ухламайсанми?” - деса. Рабиъ: “Тун зулмати ўраб олган ва душманнинг ҳужумидан қўрққан одам ухлай оладими?” - дер эди. Бу сўзларни эшитган муштипар онанинг кўзларидан ёш қуюлиб, ўғлиниг ҳаққига дуои хайр қиларди. Рабиъ улғайган сари унинг тақвоси ҳам, Аллоҳдан қўрқиши ҳам бирга улғайиб борди. Унинг кўп тазарру билан ёлворишлари, кечалари одамлар ухлаб ётганда хўнграб йиғлашлари онаизорнинг раҳмини келтирар ва ҳатто ҳар-хил гумонларга ҳам олиб борарди.

—                        Шунда ўғлига: “Эй ўғлим, нима бўлди сенга, балки каттароқ бир жиноят қилиб қўйдингми? Одам ўлдириб қўйдингми?

—                        Рабиъ: “Ҳа она, мен одам ўлдирдим”.

—                        Она: “Кимни ўлдирдинг болам, ўртага одам қўйиб уни оиласидан илтимос қилсак, балки кечиришар. Сенинг бу йиғлашларингни, кечаларидаги нолаларингни билишса, албатта раҳм қилишади болам”.

—                        Рабиъ: “Онажон ҳеч кимга айтмай қўяверинг. Мен ўз нафсимни ўлдирдим... Гуноҳлар билан уни ўлдирдим...”.

Рабиъ ибн Хусайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда у Зотнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд тушиб, устозига фарзанднинг отасига боғланишидек боғланди. Ўз навбатида устоз ҳам шогирдини, ота ўзининг ёлғиз фарзандини қандай яхши кўрса шундай яхши кўриб қолди. Рабиъ Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурларига изн сўрамай кираверар, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурларига киришга эса, то Рабиъ чиқиб кетмагунича ҳеч кимга изн берилмас эди. Улуғ саҳоба Рабиъдаги соф қалб, ихлос ва ибодатдаги эҳсонни кўриб, шогирдининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларидан кечиккани ва У Зотнинг суҳбатларида бўлмаганидан, қалбида ўкинч пайдо бўларди. Шогирдига: “Эй Абу Язид, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни кўрганларида, албатта яхши кўрган бўлар эдилар”. Яна: “Сизни кўрсам Аллоҳдан қўрқувчиларни эслайман” дер эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд бу сўзларида муболаға қилмаган. Ҳақиқатда Рабиъ ибн Хусайм Аллоҳдан қўрқув, тақво ва парҳезкорликда, ўз давридаги оз кишиларгина етган юксакликка чиқа олган эдилар. Бу ҳақда ҳали-ҳануз тарих саҳифаларини порлатиб турган кўпдан-кўп хабарлар ривоят қилинган, биродарларидан бири шундай ҳикоя қилади: “Рабиъ ибн Хусайм билан йигирма йил ҳамроҳлик қилган бўлсам, фақат хуш сўзларнигина сўзлар эди, деб Аллоҳнинг ушбу сўзини тиловат қилди: “(Ҳар бир) хуш сўз Унга кўтарилур ва яхши амални ҳам(Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур”. Фотир: 10.

Абдурраҳмон ибн Ажлон ҳикоя қилади: “Рабиъ ибн Хусаймнинг уйида бир кеча тунаб қолдим. Мени ухлади деб билгач, туриб намоз ўқий бошлади. Намозда Аллоҳ таолонинг: “Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?! Жосия: 21 оятини ўқиди. Бутун тун бўйи намозда ушбу оятнигина ўқиди, бошидан бошлар, оят тугагач яна бошидан бошлар ва то субҳ бўлгунга қадар шу ҳолда давом этди, кўзларидан эса дув-дув ёш оқиб турарди”.

Рабиъ ибн Хусаймнинг Аллоҳдан хавфи ва қўрқиши ҳақидаги ривоятлар ниҳоятда кўпдир... Шулардан бир жамоа кишилар ҳикоя қилган ушбу воқеа диққатга сазовордир: “Кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан бирга сафарга чиқдик. Жамоамиз ичида Рабиъ ибн Хусайм ҳам бор эди. Фурот бўйлаб кетаётганимизда, тошларни ёқиб оҳакка айлантириш учун олов ёқилган катта қўрага рўпара келиб қолдик. Қўрадаги олов гуриллаб ёнар, учқунлари учиб, гувиллаган товуши эшитилиб турарди. Қўрага, ёниб кул бўлиб оҳакка айланиши учун тошлар ташланаётган эди. Рабиъ ибн Хусайм оловни кўргач бир сесканиб жойида туриб қолди ва Аллоҳ таолонинг: “(Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар. Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан)тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар” оятини ўқиб, хушидан кетиб йиқилди. Дарҳол хушига келтириш чораларини қилдик, хушига келгач эса, уйига олиб кетдик”.

Рабиъ ибн Хусайм умри бўйи ўлимни кутиб, унга ҳозирлигини кўриб ҳаёт кечирди. Ўлим соати келганида, меҳрибон отасидан ажралаётганига йиғлаб турган қизига қараб: “Нега йиғлайсиз қизим, ахир отангизга яхшилик келди” деб, руҳини Яратган Зотга топширди... Аллоҳ уни раҳматига буркасин.