Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Урва ибн Зубайр

4381 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурраҳмон Раъфат Бошо
Таржимон: Камолиддин Иноятуллоҳ ўғли

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Урва ибн Зубайр

Жаннат аҳлидан бўлган кишига қараш кимни қувонтирса, Урва ибн Зубайрга қарасин”. (Абдулмалик ибн Марвон)

Ботаётган қуёш ўзининг заррин нурларини Байтуллоҳдан териб-териб олиб, майин шабадаларга унинг пок саҳнида эсишга изн берган дамда, улуғ саҳобаи киромлар ва тобеинларнинг катталари, ҳавони такбир-у таҳлил билан хушбўйлаб, атрофни эса солиҳ дуоларга тўлдириб тавоф қилмоқдалар... Масжидул-Ҳаромнинг ўртасида маҳобат ва улуғворлик билан турган Каъбаи Муаззаманинг атрофида, одамлар унинг улуғворлигидан кўзлари қувониб, лағв ва гуноҳ бўлмаган сўзларни сўзлашиб, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирардилар...  Рукни Ямонийга яқин ерда эса, юзлари нурли, улуғ насабли, масжиддаги қушлар каби пок ва якдил, ҳушбўй ва ҳушрўй тўрт йигит давра қуриб ўтиришар эди. Улар Абдуллоҳ ибн Зубайр, унинг икки укаси: Мусъаб ибн Зубайр ва Урва ибн Зубайр ҳамда Абдулмалик ибн Марвон эдилар. Даврада ширин суҳбат айланаётган эди, ичларидан бирлари: “Келинглар ҳар биримиз ўзи яхши кўрган орзусини Аллоҳдан сўраймиз” деди. Орага бу таклиф ташлангач, хаёллар кенг олам узра кеза бошлади, ширин хаёллар оғушида Абдуллоҳ ибн Зубайр гап бошлаб, орзусини баён қилди: “Менинг орзуим, Ҳижозга эга бўлиб, халифаликка эришишдир”. Мусъаб ибн Зубайр ҳам акасининг орзусига яқин: “Менинг орзуим, Кўфа ва Басрага эга бўлсам ва бунда ҳеч ким мен билан тортишмаса” деди. Абдулмалик ибн Марвон: “Сизларни шу қониқтирса, мени қониқтирмайди. Менинг орзуим, ер юзига эгалик қилиб, Муовия ибн Аби Суфёндан кейин халифаликни қўлга киритсам” деди. Урва ибн Зубайр эса ҳеч нима демай жим ўтирар эди. Унга қараб: “Зубайр, сен нимани орзу қиласан?” дедилар. Урва ибн Зубайр: “Орзу қилган дунё ишларингизга Аллоҳ барака берсин. Аммо менинг орзуимга келсак, мен амал қилувчи олим бўлишни орзу қиламан. Мендан одамлар Аллоҳнинг Китобини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ва Ислом дини аҳкомларини ўргансалар... Охиратда мен Аллоҳнинг розилигига эришиб нажот топсам ва жаннатдан насибадор бўлсам... Мана шу менинг орзуимдир”, деди.

Қарангки, кунлар ўтиши билан Язид ибн Муовиянинг вафотидан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр халифаликка байъат қилиниб, Ҳижоз, Миср, Яман, Хуросон ва Ироққа эгалик қилди... Аммо кўп вақт ўтмай, ёшлик чоғида орзусини қилган жой яқинида... Каъбанинг олдида қатл қилинди. Мусъаб ибн Зубайрни ҳам орзуси рўёбга чиқиб, акаси Абдуллоҳ тарафидан Ироққа ҳоким этиб тайинланди, лекин қисқа муддат ичида ҳокимликдан четлатилиб қатл қилинди. Абдулмалик ибн Марвонга келсак, отаси вафот этгач халифалик унга ўтди, (бирга ўтириб орзулашган икки дўсти) Абдуллоҳ ибн Зубайр ва укаси Мусъабни қатл қилганидан сўнг эса барча мусулмонлар унинг қўл остига жамланиб, замонасининг энг буюк подшоҳларидан бирига айланди.

Урва ибн Зубайрнинг ҳаёти қандай кечган экан? Келинглар, унинг қиссасини бошидан бошлаймиз.

Урва ибн Зубайр хазрат Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликларидан бир йил қолганида, мусулмон оилалар орасида энг ҳурматли ва олий мақом хонадонда таваллуд топди. Оталари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу... Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фидоий саҳобаларидан... Исломда биринчи бўлиб қиличини яланғочлаган, жаннат билан башорат берилган ўнта саҳобанинг бирлари... Оналари эса Асмо бинти Абу Бакр “икки белбоғ соҳибаси”... (Ҳижрат куни белбоғини иккига бўлиб, бири билан Росулуллоҳнинг озуқа идишларини, бошқаси билан сув идишларини боғлагани учун шундай шарафга эришган). Оналари тарафдан боболари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу... Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари ва ғордаги ҳамроҳлари... Ота тарафдан момолари София бинти Абдулмутталиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари... Холалари мўъминларнинг оналари Оиша розияллоҳу анҳодир.Оиша розияллоҳу анҳо вафот этганларида Урва ибн Зубайр ўзлари қабрга тушиб, лаҳадга қўйганлар. Иймон шарафи ва Ислом иззатидан бошқа, мана шундай насабдан кўра олий насаб ва шундай шарафдан кўра буюк шараф бормикин?

Каъбаи Муаззама олдида қилган орзусини рўёбга чиқариш учун Урва ибн Зубайр илм таҳсилига бел боғлаб, қаттиқ киришди. Ҳаёт бўлган саҳобаларни ғанимат билиб, уларнинг уйларига қатнаб, орқаларида намоз ўқиб, илм мажлисларини қолдирмай иштирок этди. У Али ибн Аби Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Зайд ибн Собит, Абу Айюб Ансорий, Усома ибн Зайд, Саъид ибн Зайд, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумдан ривоят қилди. Аксар илмини холаси Оиша розияллоҳу анҳодан олди ва одамлар уларга дин ишларида суянадиган, солиҳ ҳокимлар эса ўзлари масъул бўлган халқлар ва шаҳарлар масъаласида улардан ёрдам истайдиган, Мадинанинг етти эътимодли фуқаҳоларидан бири бўлиб етишди. Бунинг далили ўлароқ, Умар ибн Абдулазиз Валид ибн Абдулмалик тарафидан Мадинага волий этиб тайинланганида, одамлар қутлаш учун унинг ҳузурига келдилар. Пешин намозини ўқиб бўлгач, Мадина уламоларидан ўн кишини таклиф қилди. Таклиф қилинган олимларнинг пешқадами эса Урва ибн Зубайр эди. Умар ибн Абдулазиз уламоларни яхши кутиб олиб, уларга иззат-икром кўрсатгач, Аллоҳга ҳамду сано айтиб шундай деди: “Менга ҳақ устида ёрдамчи бўладиган ва ҳамда ажр-савобга ҳам эга бўлиб қоладиган бир иш учун мен сизларни чорладим. Мен ҳар бир ишни сизларнинг фикрингиз ва маслаҳатингиз билангина қилмоқчиман. Сизлардан илтимосим шуки, агар бирон кимсани бошқа бировга зулм қилаётганини кўрсангиз ёки менинг ходимларим ҳаддан ошиб, зулмга қўл ургани сизларга етса, шуни менга хабар берсангиз!”. Бу гапларни эшитгач Урва ибн Зубайр унинг ҳаққига дуои хайрлар қилиб, Аллоҳдан унга ҳақда собитлик ва рушди ҳидоят тилаб қолди.

Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эди. У иссиқ кунларда рўзадор, узун тунларда бедор, тили эса доим Аллоҳнинг зикри билан машғул эди. Бунга қўшимча у Аллоҳнинг Китобига ҳамроҳ бўлиб олган, Қуръон ўқишга шундай берилган эдики, кунлари Қуръоннинг тўртдан бирини мусҳафга қараб, тунлари шунча қисмини ёддан тиловат қилар, эътиборли жиҳати шуки, мана шу одатини Урва ибн Зубайр ёшлигидан бошлаб то вафот топгунга қадар тарк қилмаган, фақат бир марта бошига тушган мусибат сабаб қолдирган эди. Бу ҳодиса тафсилотини кейинроқ баён қиламиз.

Урва ибн Зубайр илм билан амални жамлаган эканига далиллардан яна бири, намоз унинг қалб роҳати, қўз қувончи, ва ердаги жаннати эди. Намоз ўқиганида ниҳоятда гўзал, мукаммал ва узун ўқир эди. Урва ибн Зубайр ҳақида келган ривоятларда айтилишича: “У бир кишининг енгил намоз ўқиётганини кўриб, намоздан фориғ бўлгач ҳузурига чақирди ва: “Эй биродар, Аллоҳ таолодан сўрайдиган биронта ҳам эҳтиёжинг йўқми? Аллоҳга қасамки, мен намозда Аллоҳ таолодан ҳамма нарсани, ҳатто тузни ҳам сўрайман” деб насиҳат қилди.

Урва ибн Зубайр саҳоватда ҳам пешқадам бўлиб, бағри кенг ва ниҳоятда қўли очиқ инсон эди. Сахийлиги ҳақидаги ривоятлардан бири шуки: “Унинг Мадинадаги энг катта боғлардан ҳисобланган боғи бор эди. Боғнинг ичи салқин, суви ширин, хурмо дарахтлари баланд ва сердарахт эди. Ёш болалар ва ҳайвонлар кириб дарахтларга шикаст етказмаслиги учун, йил давомида боғнинг атрофини девор билан ўраб ҳимоя қилар, қачонки хурмолар ғарқ пишганда эса, одамлар бемалол кириб тўйгунларича еб ва хоҳлаганларича олиб кетишлари учун, боғнинг бир неча тарафидан дарча очиб қўярди. Қачон боғига кирса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини қайта-қайта ўқир эди: “Сен боғингга кирган пайтингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди!...”. Каҳф: 39.

Валид ибн Абдулмаликнинг халифалик даврида Аллоҳ таоло Урва ибн Зубайрни, фақат иймон ва ишонч билан суғорилган қалб эгаларигина чидай оладиган имтиҳон билан синашни ирода қилди. Мусулмонлар халифаси Урва ибн Зубайрни Дамашққа келиб меҳмон бўлиб кетишга таклиф қилди. Таклифни қабул қилган Урва ибн Зубайрга катта ўғли ҳамроҳ бўлди. Дамашққа етиб келишганда халифа уларни чиройли кутиб олди, уларга иззат-икром кўрсатиб, хурматларини жойига қўйди. Сўнг кўнгиллар истамайдиган бир иш бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилди. Аввал Урва ибн Зубайрнинг ўғли халифанинг зотли отларини кўриш учун отхонага кирганида, отлардан бирининг тўсатдан тепиб юбориши натижасида, ўша ерда вафот этди. Кейин мусибатзада ота ўғлини тупроққа қўйиши кетидан қорасон касали билан оғриб қолди. Болдири шишиб, оғриқ ҳам кундан кун кучая борди. Халифа ҳар тарафлардан табиблар чақириб, азиз меҳмонини даволашлари учун, турли воситалар билан уларни рағбатлантирди. Лекин барча табиблар: “Касал, жасаднинг ҳаммасига тарқаб ҳалокатга олиб бормасдан аввал, оёқни кесиш керак” деган якдил хулоса билдирдилар. Бунга кўнишдан бошқа чора йўқ эди. Жарроҳ келиб, оёқни кесиш учун асбобларни ҳозирлагач, Урва ибн Зубайрга деди: “Оёқни кесишдаги қаттиқ оғриқни сезмаслигингиз учун, маст қилувчи ичимликдан ичишни маслаҳат қиламан”. Урва ибн Зубайр: “Ҳайҳот! Йўқ-йўқ, даволаниш умидида ҳаромдан асло истеъмол қилмайман” деди. Жарроҳ: “Унда наркоз берайлик” деган эди. Урва ибн Зубайр: “Аъзоларимнинг биридан айрилишдаги оғриқни сезмай туриб, Аллоҳдан бунга ажр умид қилишни хоҳламайман” деб жавоб берди. Жарроҳ оёқни кесишни бошлаётганида, бир қанча кишилар Урва ибн Зубайрни олдига келишди. Урва: “Булар кимлар?” деган эди. “Оғриқдан оёғингизни қимирлатиб юборсангиз, сизга бирон зарар бўлиб қолмаслиги учун, сизни ушлаб туришга келишди” дейилди. Урва ибн Зубайр: “Мени буларга ҳожатим йўқ, уларга жавоб бериб юбораверинг. Зикр ва тасбеҳ билан буларнинг ўрнини босишни умид қиламан” деди. Жарроҳ пичоғини (скальпельни) олиб тери ва гўштни кесди. Пичоқ суякка тақалганда, аррани олиб аралай бошлади, Урва эса: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар” деб ётарди. Жарроҳ аралашда давом этди, Урва ҳам такбир ва таҳлил айтаверди ва ниҳоят оёқ жасаддан ажралди. Қонни тўхтатиш ва газак олмай яра тез битиши учун, қиздириб турилган ёғга ботирилганда Урва ҳушидан кетиб, узоқ вақт беҳуш бўлиб ётди. Ана шундагина юқорида айтганимиз, Қуръондан ўқийдиган кундалик одатини ўқий олмади. Ёшлигидан бошлаган бу хайрли одатини, мана шунда бир мартагина тарк қилди.

Урва соғайгач кесилган оёғини олиб келишларини сўради. Олиб келишгач, кесилган аъзосини қўлига олиб, у ёқ бу ёққа айлантириб туриб: “Тун кечалари сени устингда мени масжидларга юргизган Аллоҳ биладики, мен сен билан асло ҳаромга бормадим” деди ва Маън ибн Авснинг ушбу байтини ёд олди, маъноси: “Қасамки, қўлимни асло шубҳага чўзмадим. Юргазмади мени фаҳш тараф оёқларим. Фаҳшга бошламади қулоғим ҳам кўзим. Ўйлатмади уни фикрим ва ақлим. Менга етган мусибат, аввалгиларга ҳам етганин билдим”.

Азиз меҳмоннинг бошига тушган мусибатлар: ўғлидан, сўнг оёғидан ажралиши, Халифа Валид ибн Абдулмаликка ҳам оғир ботди. Шунинг учун меҳмонга таъзия билдириш, уни сабрга ундаш ва оз бўлсада мусибатни енгиллатиш чораларини излади. Шу вақт Дамашққа “Бану Абс”дан бир жамоа келган эди. Уларнинг ораларида кўзи кўр киши ҳам бор эди. Халифа ундан кўзининг кўрмай қолишига нима сабаб бўлганини сўраганида, у қиссасини айтиб шундай деди: “Эй мўъминларнинг амири, “Бану Абс”да мендан бой ва мендан кўра хотин ва бола-чақаси кўп киши йўқ эди. Бир кун бутун мол-дунёйим, хотин ва болаларим билан қавмимга қарашли бир водийга келиб тушдим. Тўсатдан  катта бир сел келдики, бунақасини ҳаётимда кўрмаган эдим. Бу сел молу-дунёйимни ҳам, аҳли-аёл, бола-чақамни ҳам ҳаммасини оқизиб кетди. Қарасам битта туя ва янги туғилган чақалоғимиз қолибди. Туя асов туя эди бир силтаниб қўлимдан чиқиб кетди. Болани ерга қўйиб туяни кетидан югирдим. Туяга етган эдим ҳам, у ёқда бола чинқириб қолди. Қарасам бўри боламни тишлаб турган экан. Болага югирдим, лекин қутқаришга улгурмадим. Яна туянинг кетидан югуриб уни ушлашга ҳаракат қилдим. Туяга яқинлашганимда оёғи билан тепиб юборди, пешанам ёрилиб, ана шунда кўзим ҳам кўрмай қолди... Шундай қилиб бир кечада аҳли-аёлим, бола-чақам, мол-дунёйим ва кўз нуримдан айрилиб қолдим...”. Унинг бу гапларини эшитган халифа, ёрдамчисига: “Бу кишини меҳмонимиз Урва ибн Зубайрнинг олдиларига олиб бор. Бошига тушган бу мусибатни уларга ҳам айтиб берсин. Ҳаётда ўзларидан кўра кўпроқ мусибатланганлар ҳам борлигини эшитсалар, шояд мусибатлари енгиллашар” деди.

Урва ибн Зубайр Мадинага қайтиб, оиласи ҳузурига кирганида уларга: “Эй аҳлим қайғурманглар, Аллоҳ таоло бизга тўрт фарзанд берган эди, биттасини олиб, учтасини ўзимизда қолдирди... Аллоҳга ҳамд бўлсин. Менга икки қўл ва икки оёқ берган эди, биттасини олиб учтасини ўзимда қолдирди... Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳ мендан озини олиб, кўпини ўзимда қолдирди. Бир марта балолаган бўлса, кўп марта офият берди” деб, уларга тасалли берди.

Мадина аҳли ўз имомлари ва олимлари Урва ибн Зубайрнинг қайтганларини билгач, у зотга таъзия билдириш ва ҳол сўраш учун ҳар тарафдан кела бошладилар. Таъзия билдирганлар ичида энг чиройли ва таъсирли сўз Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳанинг сўзи бўлди: “Хурсанд бўлинг, эй, Абу Абдуллоҳ, аъзоларингиз ва фарзандларингиздан бири, сиздан аввал жаннатга кетибди. Ин ша Аллоҳ барчангиз бир-бирингизга эргашасиз. Аллоҳ таоло бизларга, биз муҳтож бўлган, сизнинг илмингиз ва фикрингизни қолдирди. Аллоҳ таоло илмингизни сизга ҳам бизга ҳам фойдали қилсин. Аллоҳ ажру-савоб бериш ва гўзал ҳисоб қилиш Эгасидир”.

Урва ибн Зубайр бутун ҳаёти мобайнида мусулмонлар учун, ҳидоят нури, нажотга йўлловчи ва яхшиликларга чорловчи бўлиб қолди. Энг катта аҳамиятни болаларга, хусусан ўзининг фарзандлари ва қолаверса бошқа мусулмонларнинг фарзандлари тарбиясига қаратиб, ҳеч бир фурсатни қўймай уларни тўғри йўлга йўллаб, насиҳат қилиб турарди. Фарзандларини илм талаб қилишга қизиқтириб айтган сўзларидан: “Болаларим, илм талаб қилинглар ва унинг ҳаққини тўла ўтанглар. Гарчи сиз қавмнинг кичиги бўлсангиз ҳам, илм билан Аллоҳ таоло сизни қавмнинг катталаридек қилиб қўяди”. Сўнг: “Бу дунёда илмсиз қариликдан ҳам қабиҳроқ нарса бормикин?!” дер эди. Яна фарзандларини Аллоҳ азза ва жалла йўлида берадиган садақаларни яхшиларини танлаб, чин кўнгилдан беришга даъват этарди: “Болаларим, қавмингизнинг ҳурматли кишисига беришга уяладиган нарсани, Аллоҳ йўлида садақа қилиб берманглар. Чунки Аллоҳ энг Азиз ва энг Ҳурматли ва ҳамда энг яхшисини танлаб беришга Ҳақли Зотдир”.

Уларга одамларни танитиб, уларнинг туб мақсадларини кўра билиш ва англашни ўргатиб шундай дер эди: “Болаларим, гарчи одамлар наздида ёмон киши деб билинган одамдан, бир яхши амал кўрсангиз, унда яхшиликни умид қилаверинг, зеро яхшиликнинг ака-укалари бўлади. Гарчи одамлар наздида яхши киши деб билинган одамдан, бир ёмон амал кўрсангиз, ундан эхтиёт бўлинглар, зеро ёмонликнинг ҳам ака-укалари бўлади. Яхшилик ака-укаларига етаклайди ва ёмонлик ҳам ака-укаларига етаклайди, шуни билиб олинглар!”. Фарзандларини, осон муомала қилинадиган, ширинсўз ва очиқ чеҳрали бўлишга васият қилар эди: “Болаларим, ҳикматли сўзларда келган: “Сўзинг ширин, чеҳранг очиқ бўлса, одамларга пул бериб турувчи кишидан ҳам суюкли бўласан”.

Урва ибн Зубайр одамлар дунёга боқиб, неъматлар билан ҳузурланиб қолганларини кўрса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғир ва машаққатли ҳаётларини эслатар эди. Мана шулардан бирини Муҳаммад ибн Мункадир ҳикоя қилиб берган: “Бир кун Урва ибн Зубайр қўлимдан ушлаб: “Эй Абу Абдуллоҳ, мен холам мўъминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирганимда, менга: “Эй ўғлим, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларида қирқ кунлаб ўт ёқилмас эди” , дедилар. Мен дедим: “Нима билан кун кечирар эдингиз?”. Оиша розияллоҳу анҳо: “ Хурмо ва сув билан” дедилар.

Урва ибн Зубайр етмиш бир йил яхшилик ва эзгуликларга тўла, тақво билан бурканган умр кечирди. Қочиб қутилиб бўлмайдиган ажал унга ҳам келганида, у рўзадор эди. Аҳллари ифторлик ҳозирлашганида, Кавсар сувлари билан ифтор қилишни умид қилган ҳолда, ифтор қилмади... ”.