Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кийимли яланғочлар

4274 марта кўрилган

الشيخ محمد حسان الكاسيات العاريات
Бисмиллахир Рохманир Рохим

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, халқлари ичидан танлаб олган элчиси ва дўстидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин. Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин. Аммо баъд... Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг муборак уйида Ўз тоати устида жамлагани каби Ўзининг жаннати ва каромат ҳовлисида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин.

Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир. Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сўнгги суҳбатларимизда Аллоҳнинг фазли ва мадади ила охират ва қиёмат куни келишидан олдин юз берадиган кичик аломатлар ҳақида сўз юритаётган эдик. Бугун мазкур аломатлардан яна бири ҳақида, қиёмат юз беришидан олдин кўпаядиган, эгнида кийими бор яланғоч аёллар – кийимли яланғочлар фитнаси ҳақида сўзлашамиз. Ўз хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган Ростгўй ва Омонатли зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда хабар берганлар ва у зот айтган бу ҳолатга бугун ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ушбу маънодаги ҳадис шарифни ўқиб беришдан олдин барчангиздан диққат билан қулоқ тутишингизни сўрайман. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолатни ғоят дақиқлик билан сифатлаб берганлар, ҳадисни эшитаркансиз, гўё у зот бизнинг орамизда яшаб тургандек, атрофимиздаги хотин-қизларнинг аҳволини кўриб туриб гапиргандек таассурот ҳосил бўлади.

Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган, аллома Аҳмад Шокир санадини саҳиҳ санаган, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимнинг охирида кажавага (туяга ўрнатиладиган ўриндиққа) ўхшаш эгарларга миниб, масжидлар эшигида тушадиган кишилар бўлади. Уларнинг аёллари кийинган яланғочлар бўлиб, бошларида(ги сочлари) туяларнинг ўркачига ўхшаган бўлади. У (аёл)ларга лаънат айтинглар. Чунки, улар малъуналардир. Агар сизларнинг ортингизда бирон уммат бўлса эди, аёлларингиз уларнинг аёлларига хизмат қилган бўларди, худди аввалги умматларнинг аёллари сизларга хизмат қилганидек» (Аҳмад: 2/23).

Ушбу пайғамбарона сўзларга қаранг! Ҳадисдаги (кажава деб таржима қилинган) «раҳл» сўзининг бошқа маънолари ҳам бор бўлиб, кишининг уй-жойига ҳам «раҳл» дейилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги вақтда одамлар миниб юрадиган ва устига ўтирадиган кажавасимон ўриндиқларни, яъни замонавий нақлиёт воситаларининг юмшоқ ва чиройли ўриндиқларини таърифламоқдалар гўё.

«Раҳл»нинг уй-жой ва хона маъноси ҳам борлигини инобатга олсак, бу ҳозирги пайтдаги автоуловларга тўғри келади. Чунки, автоуловнинг ичида худди алоҳида бир хона ичига кириб олгандек, оила аъзоларингиз билан бемалол сафар қиласиз. Узоқ сафарларга мўлжалланган айрим машиналар ичи худди алоҳида уйдек, барча қулайликларга эга, ҳаво совутгичи, музлатгичи ва ҳатто хожатхонасигача бўлади. Еб-ичиб, дам олиб, роҳатланиб кетаверасиз. Айрим автоуловларга ҳатто айланма ўриндиқлар ўрнатиб чиқарилмоқда, уларда худди айланма креслода ўтиргандек, истаган томонингизга бурилиб, ҳузурланиб ўтирасиз. Хуллас, ҳадисда айтилган ўриндиқ васфида ортиқча баёнга ҳожат йўқ. Ҳадисга яна бир бор диққат қаратинг: «Умматимнинг охирида кажавага (туяга ўрнатиладиган ўриндиққа) ўхшаш эгарларга миниб, масжидлар эшиги олдида тушадиган кишилар бўлади. Уларнинг аёллари кийинган кийимсизлар (ярим-яланғоч) бўлиб, бошларида(ги сочлари) туяларнинг ўркачига ўхшаган бўлади..».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлар эшиги олдида эгардан тушадиган ўша кишилар орасида баъзи кишилар ҳам бўлишини айтмоқдаларки, уларнинг ўзлари намозхон бўлгани ва масжидларга келгани ҳолда, аёллари кийимли яланғоч бўлган ҳолда кўчага чиқишади! Хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган ул зотга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!

Аллоҳ таоло Ўз фазлу карами билан бизларни ўшандай кимсалардан қилиб қўймасин! Эй Аллоҳ! Хотин-қизларимизни Ўзинг асрагин, уларга шаръий ҳижобни суюкли қилгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи! «Уларнинг аёллари кийинган яланғочлар бўлиб, бошларида(ги сочлари) туяларнинг ўркачига ўхшаган бўлади..» Бошқа бир лафзда: «бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллар» деб келган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур яланғоч аёлларни сочларини туянинг ўркачига ўхшатиб баланд турмаклаб олишларини хабар бердилар. Субҳаналлоҳ! Ҳозирда аёллар буни «шернусха турмак» деб аташади. Ҳозир ҳар куни бундан бошқа ҳам янгидан-янги, ҳар хил соч турмаклари урфга кириб бормоқда, аёлларга хос сартарошхоналар очиб қўйилган, муслима аёллар ҳам ҳеч қандай мажбурликсиз, ўзлари истаб, ўша салонларга бориб, кўпинча эркак сартарошларга сочларини кестиришади, турмаклатишади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асримиз аёллари кўринишини худди бизнинг орамизда яшаб тургандек, жуда ҳаққоний тасвирлаб берганлар. «У (аёл)ларга лаънат айтинглар. Чунки, улар малъуналардир...» Шу ўринда фиқҳ усулидаги бир муҳим қоидани эслатиб ўтишни истардим. Яъни, бу умумий ва мутлақ ҳукм бўлиб, айни шу кўринишда, ярим-яланғоч ва очиқ-сочиқ юрган муайян бир аёлга қарата «сенга лаънат бўлсин» деб айтилмайди. Бундай қилиш жоиз эмас. Балки, аввал сиз унга тушунтиришингиз, ҳақни ҳикмат ва одоб билан, ширинсуханлик ва тавозеъ билан баён қилишингиз лозим бўлади. Ҳа, «ярим-яланғоч хотинларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деб, мутлақ ҳукмни айтиш билан шундай кўринишдаги муайян бир кимсага қарата «сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деб айтиш ўртасида жуда катта фарқ бор.

Бир умумий ҳукмни эркак бўлсин, аёл бўлсин, муайян бир шахсга татбиқ қилиш учун ўзига хос шартлари топилиши ва монеълардан холи бўлиши зарур бўлади. Бу жуда муҳим дарс бўлиб, уни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак бўлади.

Баъзи кишилардан эшитиб қоламизки, фалончи шаҳид, дейишади. Йўқ, ҳеч кимга шаҳидлик билан ҳукм қила олмаймиз, балки, шаҳидлардан бўлишини умид қиламан, ёки Аллоҳ Ўз ҳузурида уни шаҳидлар қаторида ёзишини умид қиламан, деб айтиш керак бўлади. Ёки бўлмаса, фалончи дўзахий, деб айтишади. Йўқ, бу ҳам нотўғри гап. Сиз қаердан биласиз унинг жаҳаннам аҳлидан эканини?! Зеро, Аллоҳ билан бандаси ўртасида Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган сирлар ва ҳолатлар бўлиши мумкин, айрим мусибатлар бериб Парвардигор буни ўша бандасининг гуноҳларига каффорат қилиб юборган бўлиши мумкин, ёки уни Ўзининг раҳмати остига олган бўлиши мумкин ва ҳоказо.

Шунинг учун маълум шартлар билан ҳужжатни барпо қилмай туриб, муайян бир шахсни на жаннатга ва на дўзахга ҳукм қила оламиз, на лаънатлай оламиз, балки, мана бундай сифатдаги одамлар жаннати бўлади, мана бундай сифатдаги одамлар эса дўзахи бўлади, мана бундай кишилар малъун бўлади, дебгина айта оламиз. «Агар сизларнинг ортингизда бирон уммат бўлса эди, аёлларингиз уларнинг аёлларига хизмат қилган бўларди, худди аввалги умматларнинг аёллари сизларга хизмат қилганидек».

Бу эса Аллоҳдан ва Аллоҳнинг йўлидан узоқлашиш сабаблидир. Аллоҳнинг йўлидан узоқлашишнинг аччиқ самараси хорлик ва хўрлик бўлади. Мен аниқ айта оламанки, уммат бугун Аллоҳ таолодан узоқлашишнинг аччиқ меваларини териб емоқда. Аллоҳ бугун бу умматни хорлик ва хўрлик уммати бўлмиш, тўнғиз ва маймунларнинг оға-инилари бўлмиш яҳудлар оёғи остида хорликка гирифтор этди. «Аёлларингиз уларнинг аёлларига хизмат қилган бўларди, худди аввалги умматларнинг аёллари сизларга хизмат қилганидек».

Бу ҳам ҳозирда зоҳир бўлган аломатлардан биридир. Имом Ҳоким ривоятида: «Бу умматнинг охирида кимхоб ўриндиқларга миниб оладиган кишилар бўлади». (Ҳоким: 4/436). Бу ҳам боя айтганимдек, чиройли ва юмшоқ автоуловларга мос келади. Аллоҳга аҳд берганимиз илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, Ҳоким ривоятидаги ушбу ҳадис санадида Абдуллоҳ ал Қатбоний исмли ровий бор, уни Абу Довуд ва Насоий раҳимаҳумаллоҳ заиф санаганлар.

Абу Ҳотим у ҳақда: «У Ибн Лаҳийъага яқин, маълумки, Ибн Лаҳийъа заифдир» деганлар. Бироқ, заиф бўлса-да, бу ҳадис Имом Аҳмад ривоят қилган юқоридаги саҳиҳ ҳадис билан қувватланади. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган машҳур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси, қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси, кийиниб олган, лекин яланғоч, ўзлари (ҳақдан) оғган (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ҳамда бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди фалон масофадан келиб туради» (Имом Муслим ривояти).

Бу ўз хоҳишларидан сўзламайдиган ростгўй зотнинг гувоҳлигидир, кийиниб юрувчи яланғоч аёлларнинг дўзахга киришлари ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари ана шундай гувоҳлик берганлар.

Аввалги суҳбатларимиздан бирида ҳадисда хабар берилган дўзах аҳлининг биринчи қисми, яъни, сигир думига ўхшаш қамчилар кўтариб юрадиган кишилар ҳақида батафсил гапириб ўтган эдим. Шу боис ҳозир тўғридан-тўғри иккинчи қисми, яъни эгнида кийими бўлса ҳам, кийимсиз ҳукмида бўлган аёллар ҳақида сўз юритишга ўтмоқчиман.

Аввало, «кийинган яланғочлар» иборасини уламолар қандай шарҳлаганлари билан танишиб ўтсак. Бу тўғрида бир қанча сўзлар айтилган. Биринчи сўзга кўра, кийимли яланғоч аёллардан мурод – ички кийими ёки баданининг баъзи аъзолари кўриниб турадиган даражада юпқа ва шаффоф либос кийган аёллардир.

Кийимининг юпқалигидан ичидаги ҳамма нарсаси кўриниб-билиниб туради, яланғочдан фарқи қолмайди. Ҳатто, айта оламанки, бундай фасондаги либослар аёл кишини қип-яланғоч ҳолдагидан кўра ҳам фитналироқ қилиб қўяди. Чунки, нафс ман қилинган нарсага ўч бўлади, инсон табиати девор ва пардалар ортида нима борлигини билишга қизиқувчан қилиб яратилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ушбу кўриниш ҳозирда кўплаб хотин-қизларда кенг тарқалганини кўриш мумкин, Аллоҳ паноҳ берсин. Ушбу иборанинг бошқа тафсири – улар ўта тор кийим кийган аёллардир. Кийими баданига чиппа ёпишиб турганидан аёл кишининг олди-ю орқасидан барча мафтункор аъзолари аниқ-тиниқ билиниб, яланғочдан умуман фарқи қолмайди. Аллоҳ таолодан хотин-қизларимизни сатрли қилишини сўрайман, У барча нарсага қодир Зотдир.

Хуллас, ҳар икки тафсирга кўра ҳам, аёл киши бундай кийимлар кийиш билан умуман кийим киймагандек бўлиб қолаверади. Чунки, шаффоф ва тор либос, юқорида айтиб ўтганимдек, аёл кишининг барча мафтункор ва гўзал аъзоларини бўрттириб кўрсатиб, уни қип-яланғочдан кўра ҳам фитналироқ қилиб қўяди.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай аёлларни дўзахиликка ҳукм қилганлар. Бундай кийимли яланғоч ҳолда кўзга кўринадиган муслима аёл дўзах азобига қандай чидаркин?!!

Жон синглим, муслима қизим, бир ўйлаб кўр, дўзах оловига бардошинг етадими, ўтда ёниш азобига сабр қила оласанми?!!

Ҳой шаффоф кийим билан кўчага чиқиб кетаётган муслима сингил, ҳой баданига чиппа ёпишиб турган либос билан кўчага отланаётган муслима қиз, сен дўзах азоби нималигини тасаввур қиласанми ўзи?!!

Дўзахнинг таоми ҳам олов бўлишини биласанми?! Ичимлиги ҳам ичингни куйдириб юборадиган заҳар-заққум бўлишини биласанми?! Дўзахиларнинг кийимлари ҳам ўтдан бўлишини эшитганмисан?!

Ҳа, дўзахнинг овқати ҳам ўт, суви ҳам ўт, кийими ҳам ўт бўлади! Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларини диққат билан ўқиб кўргин: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга (сизга ўз даҳшатлари билан одамларни ) ўраб олувчи (Қиёмат Куни) ҳақидаги хабар келдими? У Кунда (кофирларнинг) юзлари (азоб билан) ҳорланувчидир. (Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судраш билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир. (Улар) қизиган дўзахга кирур! Қайнаб турган булоқдан суғорилур! Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган зарийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!» (Ғошия: 1-7).

«(Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра дўзахга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат ғислийн (йиринг)дан бўлган (бир «таом» бор)» (Ал-ҳааққо: 30-36).

Зарийъ нималигини биласанми, сингилжон? Ғислийн нималигини биласанми, қизгинам? Зарийъ Арабистон ярим оролида ўсадиган бир турли тиканак, ғислийн эса дўзах аҳлининг қусуқ ва йиринглари демакдир. Дўзахиларнинг таоми шудир.

Аллоҳ таоло айтади: «Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими? Ҳақиқатан Биз уни (яъни Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-имтиҳонга (сабаб) қилиб қўйдик (улар қандай қилиб дўзахнинг ичида дарахт ўсади?, ўт уни куйдириб юборадику, дедилар. Шу эътиқодда улар гуноҳ-маъсиятларида давом этавердилар). Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. Бас улар (яъни дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдирувчидирлар. Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур)» (Вас-соффаат: 62-67).

Заққум, ғислийн ва зарийъларни ютишга кучинг етадими?! Дўзахилар ушбу егуликларни мажбуран ейишганидан сўнг ичлари ёниб, ичларидаги алангани сўндириш учун сув сўраб, ялиниб-ёлворишади. Шунда уларга биқирлаб қайнаб турган қайноқ сув ичирилади: «(Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад: 15).

«Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (унинг тафти доғланган) ёғ каби юзларни куйдирадиган сув берилур (тафти шунчалик бўлса, унинг ўзи қандай бўларкин!). Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф: 29).

«Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир» (Иброҳим: 16, 17).

Кийимларчи, кийимлар?! Ярим-яланғоч кийиниб, ҳамма ёққа фитна тарқатиб, йигитларни ўзига жалб қилиб юрган хотин-қизларга, агар вақт борида тавба қилиб қолмасалар, мана шу мафтункор кийимлари ўрнига жаҳаннамда ўтдан бўлган кийимлар кийдириб қўйилади.

Роббимиз азза ва жалла айтади: «Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб, у (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур. Улар учун темир гурзилар бордир. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилур)» (Ҳаж: 19-22).

Дўзахнинг овқати ҳам ўт, ичимлиги ҳам ўт, ундаги кийимлар ҳам ўтдан. Хўш, танангга бир ўйлаб кўргин, сен бу азобларга бардош бера оласанми, сингилжон?! Шундай экан, сатр ва иффатни маҳкам тутгин, жон синглим!

Шаръий ҳижобни лозим тутгин, муслима қизим! Аллоҳга қасамки, жаҳаннам азобига ҳаргиз бардошинг етмайди. Уйингда ёниб турган газ оловига қўлингни тутиб кўргин, куйдиришига чидай олармикинсан! Билиб қўй, муҳтарама сингил, муслима қизгина, куйдиришига ҳеч ким чидай олмайдиган мана шу дунё олови жаҳаннам оловининг бор-йўғи етмишдан бирига тенг келади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ёқаётган бу ўтларингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир». «Аллоҳга қасамки, бир бўлаги ҳам етарди, Ё Расулуллоҳ», дейилди. «Дўзах ўти ўша ҳолатига олтмиш тўққиз баробар кучайтирилгандир ва ҳар бири ўшанча ҳароратдадир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Эй синглим, мен сенга нидо қилиб айтаман, Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, мен сенга ўз қизимга илинганим яхшиликни илинмоқдаман, ўз аёлимга истаганим покликни истаяпман! Мен сенда ўз онам ва амма-ю холамда бўлишини яхши кўрганим беғуборликни кўришни яхши кўраман! Сен покиза дурсан, қимматбаҳо гавҳарсан, бебаҳо инжусан, ҳеч бир оқил ўзининг дуру-гавҳарини балчиққа отмайди, дуч келган хоин кўзлар ва жиноятчи қўллар ихтиёрига ташлаб қўймайди.

Сен менга: «Мени ҳижоб билан қаноатлантиринг» деб айта кўрмагин. Агар шундай демоқчи бўлсанг, мен саволни тўғрироқ шаклга ўзгартиришингни сўрардим, яъни сен: «Мени Ислом билан қаноатлантиринг» десанг тўғрироқ бўлади. Чунки, агар сен муслима бўлсанг, ёдингда тутки, сени ҳижобга буюрган зот Аллоҳнинг Ўзидир!

Шундай экан, сенга: «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз» (Бақара: 285) дейишдан бошқа гапга ўрин қолмайди.

Эй Аллоҳ, хотин-қизларимизни Ўзинг сатр қилгайсан, дилларини Исломга очгайсан, Сен ҳар ишга қодир Зотсан!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим: Биринчиси, қўлларида сигир думига ўхшаш қамчилари билан одамларни уриб юрадиган кимсалар. Иккинчиси, кийиниб олган, лекин яланғоч, (бошқаларни ҳам) йўлдан оздирувчи, ўзлари ҳам (ҳақдан) оғган ҳамда бошлари(даги сочлари)ни туянинг (бир тарафга) мойил бўлган ўркачлари сингари дўппайтириб олган аёллардир. Улар жаннатга кира олмайдилар, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди фалон масофадан келиб туради» (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан сўнг бу умматга қолдирган фитналарнинг энг каттаси ярим-яланғоч аёллар фитнаси бўлишини хабар берганлар. «Саҳиҳайн»да Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани ортимда қолдирмадим», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, ярим-яланғоч хотинлар киядиган либослар пайдо бўлиши қиёматнинг аломатларидан бири экан. Ҳозирда чор-атрофда кўриниб турган ҳар хил бичим ва фасондаги очиқ-сочиқ аёллар либослари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлмаган эканини ҳеч ким инкор қилмаса керак, албатта. Мазкур ҳадислар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бўлиб, бизнинг асримизга келиб, айни у зот таърифлагандек кўринишда содир бўлиб турибди.

Энди, муҳтарама синглимизнинг ниқоб ҳақидаги саволларига келсак, ниқоб ҳам ҳижобнинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар, парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир» (Аҳзоб: 53).

Ниқоб ҳижобнинг бир сурати бўлиб, юзни тўла ёпиб турувчи, фақат кўзнинг ўрни очиқ бўлган ёпинчиқдир. Ниқобни мазах қилиш ва ҳар хил камситувчи номлар билан аташ асло жоиз эмас.

Шуни яхши билиш керакки, кўплаб уламолар ниқоб тутиш ва юзни ёпиш фарзлигини айтадилар. Юзни ёпиш вожиблилига жуда кўп далиллар келган.

Имом Шавконий фосиқлар кўпайган даврда муслима аёл юзини ёпиши фарзлигига мусулмонлар иттифоқини нақл қилганлар.

Шундай экан, бугунги даврга нима дейсиз, авлиёлар кўпайган давр эканми ҳозир?! Аниқ ишонч билан айтаманки, биз ҳозирда эркакларга ҳам, хотин-қизларга ҳам фитна етишидан қаттиқ қўрқиладиган даврда яшаб турибмиз.

Энди юзни ёпиш вожиблигини ифода этувчи далилларни келтириб ўтаман. Биринчи далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир» (Аҳзоб: 59).

Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мўминларнинг аёлларини устларига ёпинчиқларини ташлаб олишга, сочлари, юзлари ва бошқа мафтункор аъзоларини ёпишга ва шу билан иффатли бўлиб кўринишга амр этди.

Шайх Абул Аъло ал-Мавдудий раҳимаҳуллоҳ «Ҳижоб» китобида ушбу оят юзни ёпишга хос нозил бўлганини айтади, сўнг шундай ёзади: Оятнинг маъноси рўмоллари ёки кийимларининг бир четини устларига ташлаб олсинлар, демакдир. Рўмолни юзга ёпишнинг маъноси ҳам шу. Бундан кўзда тутилган нарса эса хоҳ рўмол билан, хоҳ ниқоб билан, хоҳ бошқа нарса билан бўлсин, юзни ёпиш ва ўрашдир.

Муфассирлар шайхи Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ «Аҳзоб» сурасидаги мазкур оят ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб айтади: Аллоҳ таоло мўминларнинг аёлларини бирон ҳожат билан уйларидан чиққанларида бошларига ёпинчиқ ташлаб, юзларини ўрашга ва битта кўзни очиқ қолдиришга буюрди. Бу Ибн Сийриндан саҳиҳ бўлган иснод (ривоят силсиласи)дир: «Убайда ас-Салмонийдан: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» ояти ҳақида сўрадим. Шунда у чопони билан боши ва юзини ўради ва битта кўзини очиқ қолдирди».

Шу билан у оят маъносини саҳобаларнинг аёллари қилганидек амалий суратда кўрсатиб берди. Убайда ас-Салмоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали ҳаёт пайтларида иймонга келган ва Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Мадинага келиб ўрнашиб, ҳаётининг охиригача шу ерда яшаб қолган катта олим, фақиҳ тобеъий зот эди.

Имом Розий айтади: «Бу оятда ёш хотин-қизлар юзларини бегоналардан яширишга буюрилган эканига далил бордир». Бу ҳақда гапирган имомларнинг сўзларини бирма-бир келтирсам, жуда чўзилиб кетади.

Шу боис фақакт манбаларга ишора қилиб ўтаман, истаган киши мурожаат қилиб олиши мумкин. Қуйидаги олимлар муслима аёл юзини ёпиши фарз деганлар: Имом Қуртубий «Ал-жомиъ ли аҳкамил-қуръан» китобида; Имом Бағавий «Маъалимут-танзийл» китобида «Аҳзоб» сураси тафсирида; Имом Замахшарий «Ал-Кашшоф» китобида; Имом Ибн ал-Арабий ал-Моликий «Тафсир аҳкамил-қуръан»да «Аҳзоб» сураси тафсирида; Имом Ибн ал-Жавзий «Заадул-масийр фий илмит-тафсийр» китобида; Имом Байзовий «Анваарут-танзийл ва асрорут-таъвийл»да; Имом Насафий «Мадаарикут-танзийл ва ҳақоиқут-таъвийл»да; Имом Ибн Алий ибн Ҳайён ал-Андалусий «Баҳрул-муҳийт»да «Аҳзоб» сураси тафсирида; Имом Ал-Хатиб аш-Ширбийний «Ас-сирож ул-мунийр»да «Аҳзоб» сураси тафсирида; Шайхулислом Ибн Таймия «Нур» сураси тафсирида; Имом Ибнул Қаййим «Иъламул-муваққиъийн» китобида; Имом Ибн Ҳазм «Ал-муҳалла»нинг 3-бўлимида, шайх Аҳмад Шокир таҳқиқи; Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймийн юзни ёпиш фарзлигини айтиб, шундай дейди: «Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарининг суннати, саҳиҳ назар, эътибор ва мезон далолатига кўра, аёл киши ўзига маҳрам бўлмаган бегона эркаклардан юзини тўсиши фарздир. Оқил инсон шубҳа қилмайдики, модомики, аёл кишига бошини ёпиши, оёқларини ёпиши, болдирига тақиб олган тақинчоқлари овози эшитилмаслиги учун оёқларини ерга урмаслиги лозим ва фарз бўларкан, бундан келиб чиқадики, юзини ёпиши фарзроқ ва зарурроқдир. Сабаби, юзни очишдан ҳосил бўлувчи фитна бошдаги сочларини ёки оёқларидаги тирноқларни очишдан ҳосил бўладиган фитнадан анча каттадир. Оқил мўмин инсон ушбу шариат, унинг ҳикмат ва сир-асрорлари ҳақида фикр юритса, шариат аёл кишига боши, бўйни, билак ва оёқларини ўрашга буюриб туриб, кейин жамол ва гўзаллик билан тўла юзини очишига рухсат бериши мумкин эмаслиги очиқланади».

Юзни ёпиш фарзлигини айтган уламолардан яна бири Имом Шавконий «Фатҳул-қодийр»да; Аллома Алусий «Тафсирул-қуръанил-азийм»да «Аҳзоб» сураси тафсирида; Шом алломаси Муҳаммад Жамолуддин ал-Қосимий «Маҳаасинут-таъвийл»да; Аллома Абдурраҳмон ибн Носир ас-Саъдий «Тайсийрул-кариймир-роҳман фий тафсийрил-калаамил-маннаан»да; Доктор Муҳаммад Маҳмуд Ҳижозий «Ат-тафсийрул-возиҳ»да «Аҳзоб» сураси тафсирида; Шайх Абу Бакр ал-Жазоирий «Айсарут-тафаасийр ли каламил-алиййил-кабийр»да; Шайх Солиҳ Абдулваҳҳоб ал Булайҳий «Йа фатаат ал-ислам иқроий ҳатта ла тухдаъий» китобида; Шайх Абдулазиз ибн Халаф юзни ёпиш фарзлигини айтган.

Миср собиқ муфтийси шайх Ҳасанайн Махлуф юзни ёпиш фарзлигини айтган. Юзни ёпиш фарзлигини жуда кўп илм ва фазл эгалари бўлган зотлар айтишган, мен номларини санаганим ва манбаларини айтиб ўтганим уламолар шулар жумласидандир.

Энди иккинчи далил: Бу ҳақда қисқача гапириб ўтаман.

Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар, парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир» (Аҳзоб: 53).

Бу оят ҳижратнинг бешинчи йили Зул-қаъда ойида нозил бўлган. У эркакларнинг аёллардан пардаланишлари фарзлигига очиқ далил-ҳужжатдир. Аллома Шинқитий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Бу ояти карималарда гарчи сўзнинг асли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига хос бўлса-да, ҳижобнинг фарзлиги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига хос эмас, балки барча аёлларга умумий эканига очиқ далил бордир. Чунки, ҳукмнинг иллати (сабаби)нинг умумийлиги ҳукмнинг умумийлигига далилдир. «Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутувчироқдир» ояти далолат қилган иллат (сабаб) маслаки «парда ортида туриб сўранглар!» сўзларидаги иллатнинг ўзидир. Бу маслак усул илмида иймо (ишора) ва танбеҳ маслаки деб танилган».

Устоз Муҳаммад Адиб Калкал «Исломда қараш фиқҳи» китобида айтади: «Ушбу оят мўминларнинг оналарига (яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига) хос ва улар ҳақларида нозил бўлган, деб айтувчиларга мен айтаманки, оят гарчи сабаб жиҳатидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига хос бўлса-да, ҳукм жиҳатидан омдир. Чунки, эътибор лафзнинг умумигадир, сабабнинг хослигига эмас... Бу оят мўминларнинг оналарига хос ва улар ҳақларида тушган, деган даъво ҳужжат бўлолмайди. Чунки, «Уларга ўз оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўмина)аёлларга ва қўл остиларидаги чўриларга (очиқ ҳолда кўринишларида) бирон гуноҳ бўлмас» (Аҳзоб: 55) оятидаги истисно омдир ва аслдан бир фаръдир. Асл эса ҳижобга буюришдир. Аслни хослаш даъвоси фаръни ҳам хослашни лозим қилади, оят маъносига кўра бундай қилиш тўғри бўлмайди».

Шайх Саид ал-Жобий «Кашфун-ниқоб» китобида айтади: «Ҳар қандай бузуқликдан пок, бизлар учун никоҳи ҳаром бўлган, мўминларнинг оналари деган юксак ном эгаси бўлган Пайғамбар аёллари, модомики, ўзларининг қалблари ҳам, уларга никоҳланишлари ҳаром бўлган ўғилларининг диллари ҳам пок-тоза ҳолда қолиши учун ҳижоб тутишга буюрилган эканлар, энди бизлар учун никоҳи ҳалол бўлган, бузуқликка тушиш эҳтимолидан холи бўлмаган бошқа оддий аёллар ҳақида нима дейиш мумкин, улар юзлари очиқ, ниқобсиз ва ҳижобсиз ҳолда юришлари жоиз бўладими?!».

Устоз Муҳаммад Адиб Калкал Аллоҳ таолонинг: «Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар(яъни бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши - тўғри сўзни сўзланглар! Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар(яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! (Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос» (Аҳзоб: 32-34) оятлари ҳақида шундай дейди: «Булар раббоний насиҳатлар ва илоҳий оятлардир, улардан қайси бири муслима аёллар оммасига тегишли эмас экан?! Муслима аёллар оммасига Аллоҳдан тақво қилиш фарз эмасми?! Уларга динсизлик давридаги каби ясан-тусан қилиб, очиқ-сочиқ юриш мумкин эканми?! Уларга намозни тарк қилиш, закотни бермаслик, Аллоҳ ва Расулининг тоатидан чиқиш ҳалол бўларканми?! Аллоҳ улардан гуноҳни кетказишни ва уларни бутунлай поклашни истамайдими?! Модомики, ушбу буйруқ ва кўрсатмалар барча муслима аёлларга ом экан, уларни хослашга нима сабаб бор?! Ҳа, бу ишларни фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига хос, деб айтишга қандай йўлланмалар бор?! Шайх Абдулазиз ибн Халаф раҳимаҳуллоҳ айтади: «Нур» ва «Аҳзоб» сураларидаги ҳукмларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига ҳеч қандай хослашлик келмаган, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг барча аёлларига то қиёмат ом ҳукмлардир, ҳижоб ояти Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига хос деб айтиш ботил даъводир...» («Мусулмон аёл ҳижоби» китоби ҳақида қарашлар: 93-99 саҳифалар).

Ундан ташқари, «Нур» сурасида бир неча оятлар ҳам келган. Аллоҳ таоло айтади: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан)тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

Мен ушбу оятлар ичидан «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар» ояти ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келган бир асарга тўхталмоқчиман.

Ибн Аббос айтади: «(Кўриниб турган зийнат) сурма ва либослардир». Ибн Аббос айтади: «Зийнат икки хил: зоҳир зийнат ва зоҳир бўлмаган зийнат. Аёл киши зоҳир зийнатини эрига ҳам, номаҳрам эркакларга ҳам кўрсатиши жоиз, аммо ботиний зийнатини фақат эрига ва маҳрамларига кўрсатиши мумкин». Баъзилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг мана шу сўзлари, яъни, зоҳирий зийнат – сурма ва либосларини номаҳрамларга кўрсатишга монеълик йўқ, деган сўзларини далил қилишади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган деб айтиладиган бу сўз энг ботил сўзлардан биридир. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсирларида келтирганлар, Байҳақий «Ас-сунан ул-кубро»да ривоят қилган. Ҳар икки санад (ровийлар силсиласи) саҳиҳ эмасдир.

Биринчи санад: Ибн Жарир Табарий айтади: Бизга Абу Курайб сўзлади, у деди: Бизга Марвон сўзлади, у деди: Бизга Муслим ал-Малоий Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан ривоят қилиб сўзлади: «Зийнатларини кўрсатмасинлар» (оятидан мурод) юз ва икки кафтдир».

Мен айтаманки, бу ривоятнинг исноди жуда заиф, балки мункардир. Имом Заҳабий Муслим ал-Малоий ал-Куфийнинг таржимаи ҳоли ҳақида сўзлаб, уни «матрукул-ҳадис» (ривоят қилган ҳадиси олинмайдиган шахс) дейди. Яҳё ибн Муъийн уни «ишончли эмас» дейди. Бухорий: «У ҳақда гап-сўз бор» деган. Яҳё яна айтади: «Уни аралаштириб юборган, деб айтишган». Насоий уни «матрукул-ҳадис» деган. Демак, ҳадис илми толибларига кўриниб турганидек, бу иснод (ривоят силсиласи) соқитдир, далил ва гувоҳликка ярамайди.

Иккинчи санад: Байҳақий «Ас-сунан ул-Кубро»да ривоят қилади: Бизга Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ва Абу Саид ибн Абу Умар хабар берди, у деди: Бизга Абул Аббос Муҳаммад ибн Яъқуб сўзлади, у деди: Бизга Аҳмад ибн Абдулжаббор сўзлади, у деди: Бизга Ҳафс ибн Ғиёс Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Ҳурмуздан, у Саид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббосдан ривоят қилиб сўзладики: «Зийнатларини кўрсатмасинлар» (оятидаги кўриниб турган зийнатдан мурод) кафт ва юздир». Бу иснод унда Аҳмад ибн Абдулжаббор ал-Аторудий борлиги учун жуда ҳам заиф ва қоронғидир. Заҳабий айтади: «Уни бир қанча киши заиф санаган». Абу Ҳотим айтади: «Кучли эмас». Ибн Абдурраҳмон айтади: «Мен ундан (ҳадис) ёзиб олдим ва (лекин) одамлар у ҳақда гапирганлари учун ундан ҳадис ривоят қилиб сўзлашдан тийилдим». Ҳофиз «Ат-тақриб»да «заиф» деган.

Бу санаддаги иккинчи ровий Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Ҳурмуз бўлиб, имом Заҳабий у ҳақда айтади: «Уни Ибн Муъийн заиф санаган». Абу Ҳотим «кучли эмас» деган, Насоий заиф санаган, Ҳофиз «Тақриб ат-таҳзиб»да «заиф» деган.

Демак, биродарлар, кўриб ўтганимиздек, ҳар икки иснод Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан собит эмасдир. Бу гапимиз тўғрилигини биз Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан зикр қилган, Алий ибн Талҳа у кишидан ривоят қилган: «Аллоҳ таоло мўминларнинг аёлларини бирон ҳожат билан уйларидан чиққанларида бошларига ёпинчиқ ташлаб, юзларини ўрашга ва битта кўзни очиқ қолдиришга буюрди» деб айтган сўзлари ҳам қўллаб-қувватлайди. Шу сўз Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзларидир.

Суннатда бундан бошқа ҳам далиллар кўп, мен биргина далил билан кифояланаман. «Саҳиҳ Бухорий»да, Имом Моликнинг «Муватто»сида ва бошқа ҳадис тўпламларида келтирилган, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Муҳрима (яъни, ҳаж ва умра учун эҳромга кирган) аёл ниқоб тутмайди ва қўлқоп киймайди» (Бухорий: 1838, Муватто Молик: 1/268, Аҳмад: 2/119, Абу Довуд: 1825, 1826).

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Бу муҳрим бўлмаган аёлларда ниқоб ва қўлқоплар маъруф бўлган эканига далил бўлади. Бу эса юз ва қўлларини ёпишни тақозо қилади».

Баъзан шайх Носируддин Албонийнинг юзни очиш жоизлиги ҳақидаги сўзлари билан маломат қилишади. Мен шайх Албонийнинг бу масаладаги сўзларини айтиб ўтмоқчиман. Шайх раҳимаҳуллоҳ, юз ва кафтларни ёпишнинг суннатда асли бор ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида маълум бўлган иш эди, деб таъкидлаган ва бунга далиллар олиб келган, сўнг айтган: «Бу ҳадисда юзни ёпиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида маълум бўлган ва у зотнинг аёллари шундай қилган эканларига далил бор. Асмоънинг ҳадисини далил қилиш тўғри эмас, биз юқорида Асмоънинг ҳадиси икки жиҳатдан, балки уч жиҳатдан заифлигини баён қилдик, валлоҳу аълам».

Мен айтаманки, ниқоб ҳақида бўлмағур сўзларни гапириш ва ниқобли аёлларни камситиш мутлақо жоиз эмас. Аксинча, мен ниқобли муслима синглимизга айтаманки, бошингни баланд кўтар ва билгинки, сен иншооллоҳ, ҳақ устидасан.

Бироқ, қизиғи шундаки, очиқ-сочиқ ва ярим яланғоч хотин-қизларга ҳамма жойда эшиклар катта очиқ, уларни ҳамма хуш қаршилайди, ҳурмат билан кузатиб қўяди. Аммо, ниқоб тутган, ҳижоб кийган тоза ва покиза муслима қиз-жувонлар қаршисида эшиклар ёпилади.

Мен шу ўринда илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, биз муслима аёл шаръий ҳижоб шартларига амал қилган ҳолда, кийимлари кенг ва узун бўлиши, хушбўй атрлар сепмаган бўлиши, шуҳрат либоси бўлмаслиги ва ҳоказо шартлар билан юзини очиб юриши жоиз деб айтадиган аҳли илмларни инкор қилмаймиз ва уларнинг сўзларини ҳам ҳурмат қиламиз.

 

Тавба фурсати етмадими, эй муслима сингил?! Кел, Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил, очиқ-сочиқ юриш гуноҳидан тийил, Аллоҳ таборака ва таолодан ўтган гуноҳларингни кечиришини сўраб, тазарруъ қил! Яхши билгинки, Аллоҳ таоло бутун оламлардан беҳожат зот бўлгани ҳолда, Ўзига тавба қилган кишининг тавбаси сабабли хурсанд бўлади. У бандалари учун тавба эшигини очиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг)барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мўмин бандаларини тавба қилишга ва тавбани янгилаб туришга чорлайди. Чунки, банда катта ва кичик гуноҳлардан холи эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонликларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

Аллоҳ таоло айтади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Роббимиз таборака ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бир қисмида энг пастки осмонга тушиб: «Ким Менга дуо қилади, унга ижобат қиламан, ким Мендан сўрайди, унга бераман, ким Менга истиғфор айтади, унинг гуноҳларини кечираман», дейди». (Имом Бухорий ривояти).

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундузнинг гуноҳкори тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади, кечанинг гуноҳкори тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш мағрибидан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», дедилар (Муслим: №2760).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоатда зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоатда зикр қиламан. Бандам менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир зироъ яқинлашаман (60-70 см бир билакка тенг). Агар менга бир зироъ яқинлашса, Мен унга бир баъ-қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман» (Бухорий: 7405, Муслим: 2675).

Суҳбатимизни мана бу улуғ ҳадис билан якунлайман. Имом Бухорий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирлар ичида боласини қидириб юрган бир аёлни кўрдилар. У боласини топгач, уни бағрига босиб, эмизди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Мана шу аёл боласини ўтга ташлайди, деб ўйлайсизларми?», дедилар. Улар: «Йўқ, ё Расулуллоҳ», деб жавоб бердилар. «Аллоҳ бандаларига бунинг ўз боласига меҳрибонлигидан ҳам меҳрибонроқдир», дедилар (Бухорий: №5999).

Шундоқ экан, эй сингилларим, эй қизларим, оламлар Парвардигорига тавба қилишга шошилинг! Бугун тавбага чорланган пайтда ижобат қилмаганлар ҳолига вой бўлади эртага! Ҳозир Аллоҳни эслатилганда гуноҳдан қайтмаганга ҳасрат бўлади унда! Эртага Аллоҳ ҳузурига борганда нима деб жавоб қиласан?! Кўзингизни очинг эй йигит-қизлар, эй мусулмонлар!

 

Ўйлагин, ҳисоб кун маҳшаргоҳ ичра,

Туришинг даҳшатдан вужудинг титраб..

 

Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,

Гуноҳкор бандани бағрига чорлар.

 

Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:

«Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!

 

Кўргинчи, бормикан унда лоақал,

Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»

 

Номанг ўқиб, бўлгач барига иқрор,

Дўзах посбонига амр этур Жаббор:

 

«Эй фаришталарим, ушлангиз уни,

Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».

 

Мушриклар эртага дўзахда ёнар,

Мўминлар абадий жаннатда қолар.

 

Аллоҳга қайт, ўлимни ёдга ол, ёшлигингга мағрур бўлиб қолма, соғлигинг ва куч-қувватингга алданма! Ўлим ёшу қарини, кексаю норасидани, эркагу аёлни аяб ўтирмайди, шоҳу гадога қарамайди. Эй сингил, ёшлигингга алданма, гўзаллигингга мағрурланма, насл-насабинг, оилангнинг нуфузи кўзингни кўр қилиб қўймасин. Эртага, Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида буларнинг ҳеч бири сенга наф бермайди!

 

Ғўрлик даврингда ўтган

Ишларингни қўй энди,

Гуноҳларингни эслаб,

Кўзингдан ёш қуй энди.

 

Гарчи сен эдинг ғофил,

Икки фаришта огоҳ,

Сен маъсиятга машғул,

Улар ёзишга, эвоҳ!

 

Бу жон сенга берилган

Омонатдир билсанг гар.

Эгасига у бир кун

Албатта қайтарилар.

 

Сен алданиб, ортидан

Елиб-югурган дунё

Ҳовлидир бир ўткинчи,

Алдамчи мисли рўё.

 

Билки, кечаю кундуз

Олганинг ҳар бир нафас

Ҳисоблидир барчаси,

Кетмагай беиз, абас.

 

Роббим нақадар рост сўзлайди! У айтади:

«Дарҳақиқат (жон) халқумга етган, (вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўйувчи бирон киши борми?», деб қолинган,(жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақтда — ана ўша Кунда ёлғиз Парвардигорингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир! На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди ва на намоз ўқиди! Балки у(Қуръонни) ёлғон деди ва (иймондан) юз ўгирди! Сўнгра (мана шу қилмишларидан уялиш ўрнига) гердайганича ўз аҳли томон кетди! (Эй кўрнамак инсон), ўлим бўлсин сенга, ўлим! Сўнгра яна ўлим бўлсин сенга, ўлим! Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир) (Қиёмат: 26-40).

 

Аллоҳ жалла ва алодан барчамизни ҳаққа чиройли суратда қайтаришини сўрайман.

Эй Аллоҳ, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!

Эй Аллоҳ, хотин-қизларимизни Ўзинг сатрли қилгин, ёшларимизни Ўз паноҳингда асрагин, бизларни Ўз раҳматинг ила ҳаққа гўзал суратда қайтаргин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бу айтилганлар сизларни Аллоҳ учун севган биродарингизнинг қалб нидоларидир. Аллоҳ жалла ва алодан ушбу амалимизни Ўзи учун холис амалга айлантиришини, уни муслим ва муслималарга фойдали қилишини сўрайман. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан, неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.

Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.

 

3.01.2013.