Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ошуро суннат аҳли ва рофизийлар наздида

2805 марта кўрилган

عاشوراء بين اتباع السنة وهوس الرافضة
عبد الله بن محمد البصري

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Басрий
Ислом Нури таржимаси

Бисмиллахир Рохманир Рохим

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳдан тақво қилинглар ва Унга итоат қилинглар, Унинг буйруқ ва қайтариқларига риоя қилинглар ва Унга осий бўлманглар: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119).

Эй мусулмонлар! Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратларини, шунингдек, исломий даъватнинг ошкор бўлиши ва Исломнинг ғолиб бўлиб, атрофга ёйилишини ёдга солувчи ушбу улуғ ойда – Муҳаррам ойида турарканмиз, беихтиёр узоқ тарихда, Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бири билан содир бўлган буюк ғалаба ёдга тушади. Бу Аллоҳ таолонинг ўз солиҳ бандаси ва пайғамбари Мусо алайҳиссаломга нусрат бериши ва ўзини худо деб эълон қилган энг катта душмани, мутакаббирлар пешвоси Фиръавнни ҳалок қилиши ҳодисасидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага (ҳижрат қилиб) келганларида кўрдиларки, яҳудлар Ошуро куни рўза тутишар экан. У зот улардан: «Нима учун бу кунда рўза тутасизлар?», деб сўрадилар. Улар: «Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо ва унинг қавмига нажот берган, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилган. Мусо бунинг шукронасига рўза тутган, шунинг учун биз ҳам рўза тутамиз», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз», дедилар. Сўнг шу кунда рўза тутдилар ва рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ушбу ҳодиса ва мазкур ҳадисда бир неча фойдалар ва аҳамиятга молик нуқталар мавжуд. Хоссатан, бугунгидек уммат яшаб турган заифлик, хорлик ва тарқоқлик ҳолатида, душманлар худди очофатлар мазали таомга ёпирилганидек уммат устига ташланган ва уларга ўлдириш ва қувғин қилиш каби оғир азобларни тоттираётган бир дамда бу нуқталар асло назардан четда қолмаслиги лозим.

 

Биринчи нуқта: Ботилнинг кўпиги ҳар қанча шишмасин, тутуни ҳар қанча баланд кўтарилмасин, куч-қудрат тарозисида ҳар қанча тош босмасин, ишлар – зоҳирда – ҳарчанд унинг фойдасига ҳал бўлмасин, ҳар қанча кўпириб-тошмасин, охир-оқибат барибир у мағлуб ва ночордир, ботил аҳли ҳарчанд гупирмасин, барибир заифдир. Ана, ўз даврининг энг зўравони бўлган, «Мен сизларнинг энг устун Парвардигорингиздирман» (Ван-назиъат: 24) деган, «Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман» (Қасас: 38) деган, «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг(мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!» (Зухруф: 51) деган, «Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимсадан(яъни Мусодан) яхшироқдирман?!» (Зухруф: 52) деган, Бани Исроилдан истаганича одамини ўлдирган Фиръавннинг ҳоли нима бўлди?! Унинг ҳалокати ўзи қириб-йўқотиб ташлашга уринган Бани Исроиллик бир киши қўлида бўлди, у унинг ўз уйида, унинг маблағи билан, унинг эътибори остида тарбияланганди, унинг кўз олдида униб-ўсган, қучоғида улғайган, энг яқин кишиси бўлганди, бироқ унинг қалбига ўз ҳукмронлигини ўрната олмади, чунки Аллоҳ таоло унга Ўз муҳаббатини солган эди, уни Ўз ҳифзи-ҳимоясида асраб улғайтирган эди, анави зўравон Фиръавннинг ҳалокати мана шу инсоннинг – Мусо алайҳиссаломнинг қўлида бўлди, аввал у зот Фиръавнни Аллоҳга даъват қилди, у эса уни ёлғончи санади, унга ишонмади. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг лашкари ҳақида деди: «У (Фиръавн) ҳам, унинг лашкарлари хам(иймон келтирмасликлари билан) ер юзида ноҳақ кибру-ҳаво қилдилар ва ўзларини Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар. Бас Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик. Энди сиз у золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг» (Қасас: 39, 40).

«Бас, Аллоҳ уни ҳам охират, ҳам дунё азоби билан ушлади (яъни дунёда у денгизга ғарқ қилиб юборилди, охиратда эса дўзах азобига дучор бўлур). Албатта бу(қисса)да (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун ибрат бордир» (Ван-назиъат: 25, 26).

Аллоҳ таоло Фиръавн ва лашкарини қандай ҳалок қилган бўлса, бир кун келиб, Унга осий бўлган, туғёнкорликка берилиб, ер юзида фасод тарқатаётган, Исломга қарши курашиб, мусулмонларни қирғин ва қувғин қилаётган ушбу аср фиръавнларини – энг катта куфр ва туғён давлатини атрофидаги малайлари ва ёрдамчилари билан биргаликда албатта ҳалокатга йўлиқтиргай! «Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 40). Бу ерда фақат вақт масаласи турибди, бошқа нарса эмас. «Ҳар қачон ўша пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик  пайғамбар эканлигимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз  ғалабамиз келиб, Биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноятчи бўлган қавмдан бизнинг азобимиз қайтарилмас!» (Юсуф: 110).

 

Иккинчи нуқта: Кунларнинг энг улуғи ва йиғилиб, нишонлашга энг лойиқроғи Ислом байроғи ҳилпираган ва ақийда туғи баланд кўтарилган кундир. Ҳақ ғолиб, ботил мағлуб бўлган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати билан масрур бўладилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу-охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишини ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» (Рум: 2-5).

 

Учинчи нуқта: Аллоҳ таолонинг банда устидаги ҳақларидан бири – бандага ҳар сафар янги неъмат келар экан, уни инъом қилган Зотга шукрона бажо келтириш билан кутиб олиши даркор. Шукрнинг энг афзали – дил билан эътироф этиб, тил билан сўзлаб, аъзолар билан амал қилиб адо этилган шукрдир. Мусо алайҳиссалом худди шундай шукр қилганди, Аллоҳ таоло унга нажот бериб, душманини ҳалок қилганига шукронани Ошуро куни рўза тутиш билан бажо келтирган эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу шукронани давом эттирдилар. Мўминлар ҳам ҳамма замон ва маконларда ўз пайғамбарларига эргашиб ва Парвардигорларидан ажр истаб, шундай қиладилар.

Савол пайдо бўлиши мумкинки, Исломда Аллоҳ унга иззат ва нусрат берган бошқа кунлар ҳам кўп. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғалабага эришган машҳур ғазотлар, ёки у зотнинг таваллуд кунлари, ҳижрат қилган кунлари, ёки Исро ва Меърож кечаси ва шунга ўхшаган кунлар кўп, нега ўша кунларда ҳам шукрона билдириб, рўза тутмаймиз ё бошқа ибодатларни адо этмаймиз?

Жавоб шуки, динимиз ўрнак олиш, бўйсуниш ва эргашиш асосига қурилган, яхши деб кўриш, кўнгилга ёққан ишни қилиб кетиш ва янгиликлар пайдо қилиш асосига эмас.«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21). Биз Ошуро куни рўза тутарканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашганимиздан тутамиз, кўнглимизга ёққан иш бўлгани учунгина эмас. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад қилинади»  (Имом Муслим ривояти).

 

Тўртинчи нуқта: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз» деган сўзлари Аллоҳга иймон келтириш алоқаси энг кучли алоқа эканига, Ислом биродарлиги энг буюк биродарлик эканига, диндошлик насабдошликдан яқинроқ эканига энг катта далилдир. Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг уматлари динларини маҳкам тутишлари ва иймонда саботли бўлишлари билан Мусо алайҳиссаломга у кишининг шариатларини ўзгартириб юборган ва йўлларидан оғиб кетган яҳудлардан кўра яқинроқ ва ҳақлироқдирлар. Зотан, Ислом уммати ўтган барча пайғамбарларга уларни ёлғончи қилган ва осийлик қилган умматларидан кўра яқинроқдир. Аллоҳнинг барча пайғамбарларининг дини ягона, улар тавҳид ва ягона Аллоҳга ибодатни олиб келишган.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!» (Анбиё: 92).

«Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 285).

«Одамларнинг Иброҳимга яқинроғи унинг йўлига эргашган зотлар, мана бу пайғамбар (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва иймон келтирган кишилардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир» (Оли Имрон: 68).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Пайғамбарлар ота бир оға-инилардир, оналари бошқа, динлари бирдир. Мен одамлар ичида Ийсо ибн Марямга энг яқин кишиман, иккаламизнинг ўртамизда пайғамбар йўқ...». (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 218).

Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини, шу жумладан унинг кофир ўғлини тўфонда ҳалок қилганида Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилди: «Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб, деди: «Парвардигорим, албатта, ўғлим менинг аҳли оиламдандир ва шубҳасиз, Сенинг (аҳли оиламга нажот бериш хусусидаги) ваъданг ҳақ ваъдадир. Сен энг адолатли ҳукм қилувчисан». (Аллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали — куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло Мендан сўрамагин! Албатта, Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман» (Ҳуд: 45, 46).

 

Эй мусулмонлар! Ошуро куни улуғ кун, унинг рўзаси солиҳ амал ва Пайғамбар суннатидир.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи Муҳаррамдаги рўзадир», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кун рўзаси тўла бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини айтганлар.

Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ошуро куни тутиладиган рўзанинг савоби ҳақида сўрашди. У зот: «Ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорот бўлади», дедилар.

Ислом дини аҳли китобларга мухолиф бўлиб келганидан Ошуро кунига ундан олдинги ёки ундан кейинги бир кунни қўшиб рўза тутиш суннатдан бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро кунида рўза тутиб ва бунга буюрганларида саҳобалар: «Бу яҳуд ва насоролар улуғлайдиган кун», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иншааллоҳ, келаси йил бўлса, тўққизинчи кунни хам тутамиз» дедилар. Келаси йил келмасдан туриб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар» (Имом Муслим ривояти).

У кишидан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ошуро куни рўза тутинглар ва бунда яҳудларга хилоф қилинглар, ундан бир кун аввал ёки бир кун кейин ҳам рўза тутинглар», дедилар. (Заиф ҳадис, ИНТ)

Шундай экан, Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашингиз ва Ошуро куни рўза тутингиз. Муҳаррамнинг тўққизинчи кунини ёки ўн биринчи кунини қўшиб, ёки ҳар иккаласини қўшиб рўза тутсангиз, суннатга мувофиқ бўлади. «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз - Биз (улар каби)чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз» (Каҳф: 30).

 

«52. Биз Мусога: «Бандаларим (яъни Бани Исроил қавми) билан тунда йўлга чиққин! Албатта сизларнинг изингизга тушилур (яъни Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур)» деб ваҳий юбордик.

53. Бас (Мусо ва унинг қавми йўлга тушганларидан хабар топгач), Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди):

54. «Аниқки улар бир ҳовуч ялангоёқлардир.

55. Дарҳақиқат улар (қўл остимиздан чиқиб кетишлари билан) бизларни ғазаблантирдилар.

56. Шубҳасиз бизлар эҳтиёт чораларини кўриб турувчи қавмдирмиз».

57-58-59. Бас мана шундай қилиб Биз уларни (яъни Фиръавн ва унга эргашганларни) боғлар ва булоқлардан, хазиналар ва улуғ-гўзал маскандан айирдик ва уларни(нг барчасига) Бани Исроилни ворис қилдик.

60. Бас (Фиръавн) тонг пайтида уларни қувиб етди.

61. Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: «Бизлар аниқ тутилдик, (чунки олдимизда ҳеч қандай йўл йўқ, фақат денгиз бор) дедилар.

62. (Мусо) айтди: «Йўқ, аниқки мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта у мени (нажот) йўлига бошлар».

63. Бас, Биз Мусога: (Асоинг билан) денгизни ургин», деб ваҳий юбордик. Бас (денгиз) бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди. (Сўнг Мусо ва унинг қавми денгиз ўртасидан очилган йўлга тушдилар.)

64. Ва кейингиларни (яъни Фиръавн ва унинг қўшинини ҳам) ўша (йўлга) яқин қилдик.

65. Ва Мусо ҳамда у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларига нажот бердик.

66. Сўнгра кейингиларни (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.

67. Албатта бунда (Фиръавн ва унинг қавми ҳалокатида) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтирувчи бўлмадилар.

68. Шак-шубҳасиз Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир» (Шуъаро: 52-68).

 

Иккинчи хутба

 

Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбарига дуруду саловотлар бўлсин.

Аммо баъд...

Аллоҳдан ҳақиқий тақво қилингиз ва Исломни маҳкам тутингиз! Ким Аллоҳдан тақво қилса, У зот унинг учун барча ғам-кулфатлардан чиқар йўлни пайдо қилгай.

Эй мусулмонлар! Зикр, шукр ва ибодат фурсати бўлган Ошуро куни бу умматнинг мажуслари бўлмиш рофизий (шийъа)ларда ҳар хил залолат, хурофот ва телбанамо ҳаракатлар йиғиндисига айланиб кетган, улар бу кунга хос бидъат ва мункар ишларни ўйлаб топишган ва Аллоҳнинг динига ёт бўлган ишларни қилишга одат қилишган.

Уларни кўрасизки, юзларига уриб, дод-фарёд қилишади, юзларини тирнаб қонатишади, эркак-аёл аралаш, оҳ-воҳ билан овозларини баланд кўтаришади, баданларини тиғлаб, қонга ботиришади, кўпинча авратлар очилиб кетади, фаҳш ишларга қўл уришади. Бу ишларнинг ҳаммасини имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мотам тутиш ва пайғамбар хонадони аҳлига муҳаббат даъвоси билан қилишади. Ваҳоланки, улар бу қилаётган ишларида энг адашган ва қилаётган бу даъволарида энг ёлғончи кимсалар экани Аллоҳга аёндир.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уларнинг аҳмоқона ишларидан бири – узоқ йиллар олдин вафот этиб кетган кишиларга мотам тутиб, фарёд кўтаришларидир. Маълумки, ўлдирилган ёки вафот этган кишига ўлимидан кейинги дастлабки (яъни мусибат янги тушиб турган) кунларда ҳам шу каби ишларни қилишни Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган. «Саҳиҳ»да келганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Юзларига урган, ёқаларини йиртган ва жоҳилият даъволарини қилган кимсалар биздан эмас», деганлар. Ановилар айни шу ҳадисда айтилган ишларни қилишади, юзларига уриш, ёқаларини йиртиш, жоҳилият даъволарини қилиш (яъни, "суянган тоғим эдингиз", "сизнинг ўрнинигизга мен ўлсам бўлмасмиди", "энди нима қиламан вой дооод мени кимларга ташлаб кетдингиз", каби сўзларни айтиб йиғлаш) ва бошқа мункар ишларни қилишади, бу ишларни улар маййитнинг вафотидан кўп йиллар ўтганидан сўнг қилишмоқдаки, агар ўлимидан кейиноқ қилишганда эди, шунинг ўзи ҳам Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган энг катта мункар иш бўлар эди, энди шунча узоқ муддат ўтганидан кейин қилишса қандай мункар бўлмасин?!

Маълумки, пайғамбарлар ва пайғамбар бўлмаган зотлар ичида ҳам Ҳусайндан кўра афзалроқ не-не улуғ кишилар қатл қилинган. Мана, унинг отаси (ҳазрат Алий) мазлум бўлиб ўлдирилди, Усмон ибн Аффон ўлдирилди, унинг ўлдирилиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин содир бўлган улкан фитналарнинг дастлабкиси бўлди, унинг ортидан Ҳусайннинг қатл этилиши ортидан юз берганидан бир неча баробар катта ёмонлик ва фитналар келиб чиқди, улардан бошқа ҳам қанча буюк зотлар ўлдирилди ё вафот этди, анови аҳмоқлардан бошқа ҳеч бир мусулмон улар қилганидек узоқ муддатлардан кейин бу каби мотам ва жоҳилий қилиқларни қилмади» (иқтибос тугади).

Ҳусайнга ва аҳли байтга муҳаббат даъвосидаги бу рофизалар, Аллоҳга қасамки, саҳобаларни ёнг ёмон кўрувчи, уларнинг қадрларини энг камситувчи, уларнинг мавқеларини энг пастга урувчи, уларнинг фазилатларидан энг қаттиқ кўз юмувчи кимсалардир. Чунки, улар саҳобаларнинг мутлақ аксарини кофирга чиқаришади, уларнинг энг улуғлари бўлмиш Абу Бакр ва Умарга лаънат айтишади, саҳобалар ичида энг покдомон ва энг покиза зот бўлмиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳони бузуқликда айблашади...

Улар барча замон ва барча маконларда аҳли суннага энг ашаддий душман бўлиб келишган, уларнинг адоватлари халқлар ичида энг хабис бўлган яҳуд ва насоролар адоватидан кам эмас. Уларнинг аҳли суннага нисбатан қиладиган шармандали қилмишлари ва улар зиддига режалаган мудҳиш режалари инкор этиб бўлмас даражада машҳур. Қачон яҳуд ё насоролар давлати ташкил топса, улар аҳли суннага қарши ўшалар ёнида ҳозиру-нозир бўлиб келишган. Бугунги кунда Ироқда бўлиб турган ҳолат бунга яхши мисол бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин умматнинг энг яхши кишилари бўлган саҳобаларни кофирга чиқарган кимсалардан яна нимани кутиш мумкин?!

Абу Бакр ва Умарни лаънатлаб, сўкадиган кимсалардан нимани кутиш мумкин?!

Мўминлар онаси бўлмиш Сиддиқа бинт Сиддиқни зинокорликда айблайдиган кимсалардан нимани кутиш мумкин?! Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга у зотнинг энг севикли аёллари хусусида озор беришади-да, кейин яна пайғамбар хонадонига муҳаббат даъвосини қилишади! Улар Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларига нақадар мос тушишган: «Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб: 57).

Эй Аллоҳ! Биз Сендан шиалар бошига қора кунлар солишингни сўраймиз.

Эй Аллоҳ! Уларни ҳалок этгин, бирорта ҳам шиа-рофизани қолдирмагин.

Эй Аллоҳ! Уларнинг байроғини баланд қилмагин, уларни муроду мақсадларига етказмагин, уларни ўз ортидагиларга ибрат қилгин.

Эй Аллоҳ! Динингнинг барча душманлари – яҳуду насоролар ва уларни қўллаб-қувватлаб, уларга дўстлик изҳор қилувчиларни Ўзингга топширдик.

Эй Аллоҳ! Ислом умматини тўғриликдан чиқармагин, тоатинг аҳлини азиз қил, маъсиятинг аҳлини хор қил, эй дуоларни эшитувчи ва ижобат қилувчи Зот!

 

22.11.2012.