Сешанба 21 Февраль 2017 | 24 Жумадул-аввал 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Биз Ийсога улардан кўра яқинроқмиз

1579 марта кўрилган

نحن أولى بعيسى منهم

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Фозил дўстлар, азиз биродарлар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, қадамларингизга ҳасанот, даврамизга хуш келибсиз, бизларни Ўзининг тоати устида жамлаган Аллоҳ таборака ва таоло барчамизни Ўзининг улуғлик ҳовлиси бўлмиш жаннатида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилсин. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Биз Ийсога улардан кўра яқинроқмиз». Бугунги суҳбатимиз ана шундай номланган. Одатимизга кўра, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Пайғамбарлар оға-инилардир.

Иккинчи: Аллоҳ наздида мақбул дин фақат Исломдир.

Учинчи: Ийсо алайҳис-салом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.

Тўртинчи: Аллоҳнинг жаннатига олиб борувчи ягона йўл. 

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Зеро, суҳбат мавзуси анча муҳим мавзулардан саналади.

 

Биринчи: Пайғамбарлар оға-инилардир

Мусулмон биродарлар! Насроний олами ва уларга эргашиб мағлуб ва заиф мусулмон олами ҳам шу кунларда Ийсо Масиҳ алайҳис-салом мелодлари (рождество) муносабати билан катта-катта йиғинлар ва маросимларга ҳозир бўлмоқда. Шу билан бир пайтда насронийлар улуғ Парвардигоримиз Аллоҳ азза ва жалла шаънига жуда катта ҳақорат сўзни айтишади.

«Улар: «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки, унинг (оғирлигидан) — Раҳмоннинг боласи бор, деган(гапнинг оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни У зот болага муҳтож эмас). Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйсунган ҳолда келур. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келувчидир» (Марям: 90-95).

Ийсо Аллоҳнинг ўғлидир дейдиганлар, Аллоҳ – Масиҳ ибн Марямнинг ўзидир дейдиганлар, Аллоҳ илоҳий учликнинг биридир дейдиганлар аслида одамлар ичида Ийсога энг узоқ бўлган ва Ийсога энг қаттиқ кофир бўлувчи кимсалардир. Одамларнинг Ийсога энг яқин бўлганлари Ислом ва тавҳид аҳли ва биринчи навбатда уларнинг йўлбошчилари ва раҳбарлари бўлмиш пайғамбарлар саййиди Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. У зот Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дедилар: «Мен дунёда ҳам, охиратда ҳам одамлар ичида Ийсо ибн Марямга энг яқин кишиман». «Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар. У зот: «Пайғамбарлар ота бир оға-инилардир, оналари бошқа, динлари бирдир», дедилар. (Бухорий: 6/353, 354, Муслим: №2365, Абу Довуд: №4675).

Пайғамбарлар оға-инилардир, уларнинг динлари ягонадир. Шу боис кимда-ким улардан битталарига кофир бўлса, барча пайғамбарларга кофир бўлган бўлади.

Инсофни қаранг.. Динимиз устуни бўлган адолатни қаранг..

Кимда-ким Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳис-саломга кофир бўлса, унинг биродари пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам кофир бўлган бўлар экан. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлиб, Ийсо алайҳис-саломга иймон келтирса, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлишдан ҳам аввал Ийсо алайҳис-саломга кофир бўлган бўларкан.

Ушбу сўзимга Қуръондан далиллар олиб келаман.

Аллоҳ таоло: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 105). 

Ваҳоланки, Нуҳ қавми фақат Нуҳ алайҳис-саломнинг пайғамбарлигини инкор қилган эди, Аллоҳ таоло Нуҳ қавмига Нуҳ алайҳис-саломдан бошқа пайғамбар юбормаган эди.

Шундай бўлгани ҳолда Аллоҳ таоло: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди. Чунки, биргина Нуҳни ёлғончи қилиш барча пайғамбарларни ёлғончи қилиш дегани эди.

Лут қавми ҳам фақат Лут алайҳис-саломни ёлғончи қилган эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло: «Лут қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 160).

Од қавми эса фақат Ҳуд алайҳис-саломни ёлғончи қилган эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло: «Од пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 122).

Самуд қавми эса фақат Солиҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилган эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло: «Самуд пайғамбарларни ёлғончи қилди», деди (Шуъаро: 141).

Бундан маълум бўладики, ким бир пайғамбарни ёлғончи қилса, унинг барча пайғамбар биродарларини ёлғончи қилган бўлади.

Аллоҳ таоло тавҳид аҳлига ушбу ҳақиқатни таълим берди ва улар унга иқрор бўлдилар, бўйсундилар ва иймон келтирдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръонида мўминларнинг бу иқрорини шундай баён қилди: «Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз», дедилар» (Бақара: 285).

Пайғамбарлар башариятнинг узоқ тарихи йўлидаги бир ягона карвондир, рисолат юкини, ягона дин ва ягона манҳажни олиб келувчи муҳтарам ва мўътабар, улуғ ва маҳобатли карвондир.. Аллоҳ жалла ва ало наздида яҳудийлик, насронийлик, масиҳийлик, мусавийлик, иброҳимийлик деган номлар билан номланувчи дин йўқ, Аллоҳ наздида Одам алайҳис-саломдан тортиб то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача ягона мақбул дин Ислом динидир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19). 

Суҳбатимиз давоми ана шу ҳақда давом этади.

 

Иккинчи: Аллоҳ наздида мақбул дин фақат Исломдир

Ислом Одам алайҳис-саломнинг динидир.. У Нуҳ алайҳис-саломнинг, Иброҳим алайҳис-саломнинг, Ийсо алайҳис-саломнинг динидир..

Севикли биродарим! Аллоҳ сиз билан бизни нақадар улуғ фазлу марҳаматга лойиқ кўрганини тафаккур қилиб кўрсангиз, сизни муваҳҳид қилгани ва севикли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилгани шукронасига сажда қилиб пешонангизни ерга қўйишдан ўзингизни тўхтатолмай қоласиз.

Нуҳ алайҳис-салом мана шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Юнус» сурасида Нуҳ алайҳис-салом тилидан ҳикоя қилиб айтади: «Ва мен Унга бўйсунувчи-мусулмонлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)» (Юнус: 72).

Иброҳим алайҳис-салом ҳам мана шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида Иброҳим алайҳис-салом ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Эсланг: Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, сен эшитувчи, билувчисан! Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйсунувчи-мусулмонлардан қилгин ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишилар чиқаргин. Ва бизга (қиладиган) ибодатларимизни ўргатгин ва тавба-тазарруларимизни қабул эт! Шубҳасиз, сен тавбаларни қабул қилувчи, раҳмлисан» (Бақара: 127, 128).

Сўнгра Аллоҳ таоло шундай дейди: «Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар. Ҳақиқатан дунёда уни танлаб олдик ва у Охиратда шубҳасиз солиҳ (яқинларимиздан)дир. Эсланг: Парвардигори унга: «Бўйсун!» — деганида: «Бутун оламлар эгасига бўйсундим», деди. Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг!» (Бақара: 130-132).

Яъқуб алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида Яъқуб алайҳис-салом ҳақида шундай ҳикоя қилади: «(Эй яҳудийлар)ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» — де­ганида: «Сенинг илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳи бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?» (Бақара: 133).

Лут алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Ваз-зарият» сурасида Лут алайҳис-салом ҳақида шундай ҳикоя қилади: «(Иброҳим) деди: «Эй элчилар, не юмуш билан келдингиз?» Улар айтдилар: «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига) уларнинг устидан, Парвардигорнинг ҳузурида ҳаддан ошувчи кимсалар учун белгилаб қўйилган лой-сополдан бўлган (яъни, ҳар бир ҳалок қилинувчи кофирнинг номи ёзилган) тошни ёғдириш учун юборилгандирмиз. Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик. (Лекин) у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик» (Ваз-зарият: 31-36).

Юсуф алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: «Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна барча тушларнинг таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва Ерни яратган зот, дунёю охиратда Ўзинг ҳожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин» (Юсуф: 101).

Сулаймон алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Намл» сурасида Сабаъ маликаси тилидан шундай ҳикоя қилади: «(Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб, малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: «Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган-мусулмон бўлган ҳолингизда келингиз!» (Намл: 29-31).

Малика Билқийснинг ўзи ҳам Аллоҳ қалбини очган кунида айни шу Исломга кирган эди: «(Шунда малика) айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар ҳожаси — Аллоҳга бўйсундим» (Намл: 44).

Мусо алайҳис-салом ҳам шу Исломни олиб келган эди. Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида бу ҳақда шундай дейди: «Мусо у (иймон келтирган кишиларга) деди: Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!» (Юнус: 84).

Мусо алайҳис-саломга қарши майдонга тушган сеҳргарлар ҳам Аллоҳ уларнинг дилларини очганида айни шу Исломни қабул қилган ва ўша соатдаёқ Фиръавннинг таҳдидига жавобан: «Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни ёғдиргайсан ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргайсан!», деб дуо қилгандилар (Аъроф: 126).

И з о ҳ. Ислом таълимотига кўра, Одам Атодан тортиб то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача барча пайғамбарлар мусулмонликка, яъни ягона Аллоҳнинг Ўзига бандалик қилиб бўйсунишга даъват қилганлар. Улар гўё бир занжир бўлиб, у занжирнинг биринчи ҳалқаси Одам алайҳис-салом бўлсалар, охирги ҳалқаси Муҳаммад алайҳис-саломдир. Шунинг учун Мусо пайғамбарга иймон келтирган кишилар ҳам Аллоҳ таолодан фақат Унинг Ўзига бўйсунувчи, яъни мусулмон бўлган ҳолларида жонларини олишни илтижо қилдилар.

Балки, Ийсо алайҳис-салом ҳам айни шу Исломни келтирган эди.

«Қачонки Ийсо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчи-мусулмонлармиз» (Оли Имрон: 52-53).

Аллоҳу акбар! Ҳатто, Ийсо алайҳис-саломнинг дини ҳам Исломми? Ҳа, шундай!.

Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳар бир пайғамбарнинг ҳаворийлари – ёрдамчилари бўлган. «Ийсо: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчи-мусулмонларлармиз» (Оли Имрон: 52-53).

Пайғамбарларнинг энг сўнггиси, уларнинг саййиди ва имоми бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни шу Исломни энг мукаммал суратда олиб келдилар. Парвардигорлари у кишига шундай хитоб қилди: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун(фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Балки, Ислом мўмин жинларнинг ҳам динидир, жинлардан ким иймон келтирса, шу Исломга киради: «Албатта бизларнинг орамизда мусулмонлар ҳам бордир ва(шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Кимки мусулмон бўлса, демак ана ўшалар тўғри йўлни мақсад қилиб олибдилар. Энди (йўлдан)озганларга келсак, улар жаҳаннам учун ўтин бўлган кимсалардир» (Жин: 14-15).

Аллоҳ наздида мақбул дин фақат Исломдир!!

Шундай экан, бошингизни баланд кўтаринг эй мусулмон, эй Аллоҳ Ислом неъматига мушарраф айлаган биродар!

Мусулмон биродарлар! Ислом неъматининг фазлини куфр диёрларига бориб кўрган ва у ерда инсон кўнгли тилаган ҳар қандай ҳаёт неъмати билан тўла-тўкис таъминланган кишиларни кўрган киши яхши билади. Улар борлиқ илмини пухта эгаллаганлар.. Атомни майдалаб, ядро қуроли ишлаб чиққанлар.. Самолёт ва фазо кемаларини яратишган.. Алоқа ва коммуникация соҳасида эришган ҳайратомуз ютуқлари орқали улкан оламни гўё кичик бир қишлоққа айлантириб қўйганлар.. Оламдаги ҳамма нарсани биладилар.. Бироқ, ўз яратувчиларини билмайдилар..

Ҳамма нарсани билади, бироқ яратувчини танимайди!..

Агар сиз кекса ёшли энг содда отахонларимиздан ҳам «Парвардигорингиз ким?» деб сўрасангиз «Аллоҳ», деб жавоб беришади. «Динингиз нима?», деб сўрасангиз «Ислом», деб жавоб берадилар. «Пайғамбарингиз ким?» деб сўрасангиз, «Пайғамбарим Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломдирлар, мен у зотга ва у зотнинг барча пайғамбар биродарларига иймон келтираман», дейди. «Ийсога ҳам иймон келтирасизми?», деб сўрасангиз, «Ҳа», деб жавоб беради. «Марямни бузуқликда айблайсизми?», деб сўрасангиз, «Йўқ, Аллоҳ сақласин», деб жавоб беради.

Ер юзига юборилган ҳар бир пайғамбар мана шу Ислом билан, яъни Аллоҳ азза ва жаллага бўйсуниш ва таслим бўлиш дини билан юборилган.

Аллоҳ таолонинг Ўз улуғ пайғамбарига қилган мана бу хитобига қулоқ тутинг: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Менгина (барҳақдирман), бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

Севикли дўстларим! Аллоҳ таолонинг сизга берган фазлу марҳаматини билингиз ва қадрлангиз. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир чақалоқ фитрат (ислом дини)да туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди» (Бухорий: 3/176, Муслим: №2658).

Бирови яҳудийнинг хонадонида тарбиланиб, яҳудий динида улғаяди, яна бировчи насронийнинг уйида насронийлик тарбиясини олиб, ўсади, бошқа бирови мажусийнинг уйида табияланиб, ўтга сиғинадиган бўлиб улғаяди!!..

Аммо, мен ва сиз беихтиёр тавҳид хонадонида ўсиб-улғайдик ва Аллоҳ азза ва жаллани ягона деб билдик. Бунинг фазли аввалу охирда ким учун?!

«Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар(иймонингларда) содиқ бўлсангизлар Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот: 17).

Эй Аллоҳ, Ўзинг бизни мўмин ва муваҳҳид қилиб танладинг, энди бизни Ўзинг тавҳид устида собитқадам қилгин ва тавҳид устида вафот эттиргин, қиёмат куни муваҳҳидлар имоми ва пайғамбарлар саййиди байроғи остида тургизгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

 

Иккинчи хутба

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, деб гувоҳлик бераман.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

 

Учинчи: Ийсо алайҳис-салом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир

Аллоҳ таоло айтади: «Масиҳ ибн Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа  Аллоҳга ҳаққирост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг!» (Моида: 75).

Ийсо алайҳис-салом Аллоҳнинг бандаси, пайғамбари, Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ соҳибидир, холос. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг талайгина сураларида бу ҳақда хабар берган. Жумладан: «Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ ҳузурида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди» (Оли Имрон: 59).

Аллоҳ ҳаққи сизлардан сўрайман, қани айтингларчи, қай бири каттароқ мўъжиза, отасиз ва онасиз яратишми ёки отасиз онадан яратишми?

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ушбу Китобда (яъни Қуръонда) Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз - (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин),» деди.(Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос». (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!» (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш)Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат қилурмиз. Бу битган ишдир. Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди» (Марям: 16-22).

Марям алайҳас-салом Аллоҳнинг қудрати билан ҳомиладор бўлди, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг чексиз қудратини халқларга кўрсатиб қўйишни, еру осмонлардаги ҳеч бир кимса Уни ожиз қилолмаслигини билдириб қўйишни истади.

Аллоҳ таоло халқларни тўрт хил яратган:

Одам атони отасиз ва онасиз яратди.

Ҳаввони Одам атодан, онасиз яратди.

Ийсони онадан, отасиз яратди.

Бошқа махлуқотларни отадан ва онадан яратди.

Бу билан Аллоҳ таоло Ўзининг ҳар нарсага қодир эканини халқлар билишини истади.

Марям алайҳас-салом Аллоҳнинг қудрати билан ҳомиладор бўлди.. Ваҳоланки, у эркак қўли етмаган бокира ва покиза қиз эди.. Онаси уни Аллоҳнинг Уйига хизматкор бўлишини назр этганди..

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитувчи, билувчисан», деганини эсланг!» (Оли Имрон: 35).

Аллоҳ азза ва жалла унинг тилагини ижобат қилиб, Марямни дунёга келтирди.

«Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби(бу қизнинг ўрнини босувчи) эмасдир. – «Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».  Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур».(Оли Имрон: 36).

И з о ҳ. Марямнинг онаси ибодатхонага олиб бориб бергач, уни тарбиялаш Закариё пайғамбарнинг чекига тушади. У қачон Марямнинг хонасига кирса, у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўради. Шунда уларнинг ўртасида юқоридаги оятда зикр қилинган савол-жавоблар бўлиб ўтади.

Аллоҳ мукаррам этган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шарафлаган тоза ва покиза чечак – Марям ана шундай муҳитда ўсиб-улғайди.

Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, ер юзидаги бирон бир манҳаж Марямни ва Ийсони бизнинг динимиз мукаррам этганича мукаррам этган эмас.

«Саҳиҳайн»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эркаклардан жуда кўпчилик камолот ҳосил қилган. Аёллардан эса фақат Марям бинт Имрон, Фиръавннинг аёли Осия, Хадича бинт Хувайлид ва Фотима бинт Муҳаммад камолотга эришдилар. Оишанинг бошқа аёллардан фазли худди сариднинг бошқа таомлардан афзаллигига ўхшайди» (Бухорий: 6/350, Муслим: №2431).

(Сарид – нон аралаштириб қилинадиган гўштли таом туридир. Тарж).

Марям истаган нарсасини «Бўл!» деган амри билан бўлдирадиган Зотнинг қудрати билан Ийсога ҳомиладор бўлди ва жумҳур муфассирлар фикрича, у тўла тўққиз ой ҳомиласини кўтариб юрди. Аслида, Аллоҳ таоло Ийсони Марямнинг қорнида бир лаҳзада яратишга ва ўша лаҳзанинг ўзида дунёга келтиришга, балки бундан-да озроқ фурсат ичида ҳам яратишга қодир эди. Осмонлару ердаги бирон кимса Уни ожиз қилолмайди. Бироқ, Аллоҳ таборака ва таоло Марямни Ийсога одатий ҳомиладор бўлшини истади.

Юсуф ан-Нажжор Марямнинг қорнида ҳомиладорлик белгилари бўртиб турганини кўргач, унга мурожаат қилиб, деди:

–              Эй Марям, уруғсиз ҳам экин бўлиши мумкинми?!

Ёмғирсиз ўсимлик униб чиқадими?!

Отасиз фарзанд вужудга келадими?!

Юсуф закий ва фаросатли инсон эди. У Марямнинг покиза ва обида зот эканини биларди.

Марям жавоб берди:

–               Ҳа, эй Юсуф.

–              Қандай қилиб, эй Марям?

–              Эй Юсуф, Одамни яратганида уни отасиз ва онасиз вужудга келтирганини, биринчи бор ўсимликни яратганида уни уруғсиз вужудга келтирганини, набототни илк яратганида сувсиз ва ёмғирсиз яратганини унутдингми?!

–              Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан.

Аллоҳ таоло айтади: «Ёки бир зот (Узайр) ҳақидаги масални (билмадингизмики), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат(ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагингни(чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди. Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Иброҳим: «Парвардигор, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмайсанми?» — деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаманку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўзингга бургин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб, узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз қудратли ва ҳикматлидир» (Бақара: 259-260).

(Шеър мазмуни)

Ўлим чангалига тушган табибдан сўранг:

Эй дардларни даволовчи, сени ким ўлдирди?

Тиббиёт фани даволашдан ожиз қолганидан сўнг

Буткул тузалиб кетган бемордан сўранг, сени ким тузатди?

Соппа-соғ туриб ўлиб қолган кишидан сўранг:

Эй соғлом инсон, сени ўлимга ким маҳкум этди?

Тиқилинчда туртинмай бораётган кўрдан сўранг:

Эй кўзи ожиз, сени ким йўлга солмоқда?

Кўзи очиқ бўла туриб чуқурга йиқилган

Кишидан сўранг: Сени ким қулатди?

Ташқи оламдан узилган, озуқасиз яшаётган

Ҳомиладан сўранг: Сенга ким ризқ берди?

Туғилиш пайти чинқириб йиғлаган

Гўдакдан сўранг: Ким сени йиғлатди?

Заҳар сочаётган илонни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сени заҳарга бой қилди?

Сўранг: Оғзинг тўла заҳар бўла туриб,

Ўзинг қандай ўлмай, омон юрибсан?

Асаларидан сўранг: Қандай бол ясайсан?

Асалдан сўранг: Сени ким тотли қилиб қўйди?

Тезак ва қон орасидан отилиб чиқувчи

Тоза сутдан сўранг: Ким сени мусаффо қилди?

Ўликдан чиқиб келаётган тирикни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга жон бахш этди?

Саҳрода ўсиб турган ёлғиз бутадан

Сўранг: Ким сенга озуқа берди?

Уруғни ёриб чиққан ниҳолни кўрсангиз

Сўранг: Данагингни ким ёрди?

Атрофга нур сочаётган ойни кўрсангиз

Сўранг ундан: Ким сенга нур берди?

Булутларга юзлашган тоғни кўрсангиз

Сўранг: Сени ким бунчалар пурвиқор этди?

Алангаси кўкка ўрлаган ўтни кўрсангиз

Сўранг: Сенга ким бунчалар ҳарорат берди?».

 

Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Марямнинг эрсиз ҳомиладор бўлишини ва Ийсо алайҳис-саломнинг отасиз ҳаётга келишини истади.

Аллоҳ таоло золим кимсалар айтаётган сўзлардан покдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ  Масиҳ ибн Марямдир, деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар» (Моида: 72).

«Аллоҳ  Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўлдилар» (Моида: 73).

 

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Биз аниқ ишонамизки, Ийсо осиб ўлдирилмаган, балки Аллоҳ уни Ўзи ҳузурига кўтарган. Охир замонда у Дамашқнинг шарқ томонидаги Оқ Минора олдида осмондан тушиб келади. Бу ҳақда содиқ ва масдуқ зот бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар. Бу ҳодиса қиёмат қойим бўлишидан илгарироқ юз беради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Мен одамлар ичида Ийсо ибн Марямга энг яқин кишиман, иккаламизнинг ўртамизда пайғамбар йўқ. У осмондан тушиб келади. Уни кўрганда таниб олинглар, у ўрта бўйли, оқ-қизилдан келган, эгнида сарғиш кийим бўлади. Бошига сув тегмаса ҳам, ундан сув томчилаётгандек кўринади. У Ислом устида одамлар билан жанг қилади, салибни(яъни, хочни) парчалайди, хинзирни (чўчқани) ўлдиради, (кофирлардан) жизяни (яъни, ўлпонни, солиқни) бекор қилади, унинг даврида Аллоҳ таоло Исломдан бошқа барча миллатларни ҳалок қилади... У (яъни, Ийсо) ерда қирқ йил туриб, сўнг вафот этади, жанозасини мусулмонлар ўқийдилар» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 218).

 

Ва ниҳоят, азиз дўстларим..

Аллоҳ таборака ва таоло билан Ийсо алайҳис-салом ўртасида бўлиб ўтган мана бу қуръоний сўзлашув ҳақида тадаббур қилиб кўринг. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида айтади: «Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибни Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?»  деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 116-118).

 

Тўртинчи: Аллоҳнинг жаннатига олиб борувчи ягона йўл

Севикли дўстларим!

Аллоҳ азза ва жалланинг жаннатига олиб борувчи ягона йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда белгилаб берган йўлдир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ким: «Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир, Ийсо ҳам Унинг бандаси, расули, Марямга туширган калимаси ва Унинг тарафидан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир» деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима ишлар қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади» (Бухорий: №3435).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу уммат ичидан бирон шахс – яҳудий бўлсин, насроний бўлсин – мени эшитса, сўнг мен олиб келган динга иймон келтирмай ўлса, албатта дўзах аҳлидан бўлади» (Муслим: №153).

Ушбу сўзларни айтарканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳдан мағфират сўрайман.