Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Келинг, бироз иймонлашамиз

3498 марта кўрилган

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Келинг, бироз иймонлашамиз» деб номладик. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

Биринчи: Иймонингизни янгиланг.

Иккинчи: Дили қаттиқлик ва Аллоҳдан қўрқишнинг камлиги.

Учинчи: Оқибатимиз қай тарафга?!

Тўртинчи: Қачон тавба қиласиз?!

Диққат-эътибор билан, бутун вужудингиз қулоққа айланиб тинглашингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. Зеро, ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир ва ўшалар ақл эгаларидир.

 

Биринчи: Иймонингизни янгиланг

 

Севикли дўстим! Иймон сўз ва амалдир, иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир. Иймон зиёда бўлади ва камаяди, у тоатлар билан зиёдалашиб, маъсиятлар билан камаяди. Аллоҳ таоло айтади: «У (Аллоҳ) ўз иймонларига яна иймон қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган зотдир» (Фатҳ: 4).

Абу Нуъайм «Ҳиля»да Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалб борки, унинг ой юзини тўсувчи булутга ўхшаш бир булути бўлади. Ой нур сочиб турганда тўсатдан уни булут ўраб, қоронғилатиб қўяди. Булут очилгач, яна ёрита бошлайди» (Абу Нуъайм, Дийламий ривоят қилганлар, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (2268) саҳиҳ санаган).

Гуноҳу маъсият булутлари қалбни ўраб олса, худди зич булутлар ер юзидан ой нурини тўсиб қўйгани каби қалбдаги иймон нурини тўсиб қўяди. Булут очилгач, ер аҳлига ой нури кўрингани каби гуноҳу маъсиятлар булути тарқалса, қалбдаги иймон нури кўринади. Шунинг учун қалбдан доим хабардор бўлиб туриш, вақти-вақти билан иймонни янгилаб ва зиёдалаб туриш зарур бўлади. Бу эса қалбга иймонни қувватлайдиган моддалар бериш билан ҳосил бўлади. Ушбу моддалар қаторига Қуръон ўқиш, Аллоҳни зикр қилиш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш, истиғфор айтиш, қабрларни зиёрат қилиш, беморларни бориб кўриш, намозларни масжидда жамоат билан ўқиш, камбағал ва мискинларга инфоқ-эҳсон қилиш каби ишларни киритиш мумкин.

Булар қалбдаги иймонни қувватлантирадиган ва янгилайдиган ишлардан айримларидир. Зотан, қалб подшоҳ, аъзолар эса унинг раияти ва қўшинларидир. Агар подшоҳ яхши бўлса, қўшинлари ҳам яхши бўлади, агар подшоҳ нопок бўлса, қўшинлари ҳам нопок бўлади.

«Саҳиҳайн»да Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «... Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир».(Бухорий (№52), Муслим (1599) ва бошқалар ривояти).

Қалбдаги иймоннинг ҳолидан хабардор бўлиб туриш зарур. Қалбдаги иймонни янгилаб туриш зарур. Аллоҳга қасамки, ҳозирги даврдагидан кўра қалблар қорайган ва гуноҳлар уюми остида қолиб кетган, Аллоҳ таолодан қўрқиш камайган давр бўлмаган бўлса керак.

Суҳбатимиз давоми ана шу ҳақда бўлади.

 

Иккинчи: Дили қаттиқлик ва Аллоҳдан қўрқишнинг камлиги

 

Аллоҳ таоло айтади: «Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зик­рига ва нозил бўлган Ҳақ — Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими?(Шунингдек улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар!» (Ҳадид: 16).

Аллоҳни ягона деб билган, Унинг пайғамбарига иймон келтирган зотларнинг диллари Аллоҳнинг улуғворлигига эгилиш, Унинг амрига бўйсуниш, қайтариқларидан тийилиш, Унинг ҳад-ҳудудларида туриш пайти келмадими?!

Севикли дўстларим! Аллоҳ азза ва жалладан қўрқувнинг камлиги қалбнинг қотиши ва қорайиб кетишининг аччиқ самарасидир. Кўпчилигимиз Аллоҳнинг Каломи тиловат қилинганда кўзимиз ёшланмайди, дилимиз тўлқинланмайди, кўнглимиз юмшамайди, вужудимизга титроқ кирмайди!! Сабаби, дилларимиз тош қотган, қалбларимиз зулматда, кўнгилларимиз ваҳшатда. Шунинг учун ҳам Аллоҳдан қўрқув камайган.

Аллоҳдан қўрқув иймоннинг ширин мевасидир. Аллоҳдан қўрқишингиз ва Аллоҳдан ҳаё қилишингиз Аллоҳга бўлган иймонингиз, Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз, Аллоҳни қанчалик танишингиз миқдорига қараб бўлади. Мана шу қоидани ҳар биримиз ўзимизда татбиқ қилиб кўрсак, кўксимизда кўтариб юрган дилимиз юмшоқми ёки қаттиқ экани маълум бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир» (Фотир: 28).

Аллоҳдан қўрқувингиз Аллоҳни қанчалик танишингиз ва билишингиз миқдорига қараб бўлади. Эй гуноҳу исёнга журъат қилаётган кимса! Эй пардаларни тушириб, эшикларни қулфлаб олиб, Аллоҳнинг маъсиятига қўл ураётган ва сени ҳеч ким кўрмаяпти ва эшитмаяпти деб гумон қилаётган бечора! Билгин ва ишончинг комил бўлсинки, сен Аллоҳ жалла ва алони танимайсан. Аллоҳни таниганингда Ундан ҳаё қилган бўлардинг! Кишининг ҳаёси унинг Аллоҳни танишига қараб бўлади. Аллоҳни энг яхши танувчи бўлган зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, албатта мен сизларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғингиз ва тақволироғингизман!» (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳни яхши таниган инсон агар қадами гуноҳ билан тойилса ва инсоний заифлик ҳолатида бирон гуноҳи кабирага қўл уриб қўйса, тезда пушаймон бўлиб, тавбасини янгилашга ошиқишини кўрасиз. Дилида синиқлик, афсус-надомат пайдо бўлиб, ўзининг ожизлиги ва заифлигини эътироф этади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқирканлар, йиғи таъсирида кўксиларидан худди қозон қайнашига ўхшаган овоз чиқиб турарди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло у зотнинг қилган ва қилмаган гуноҳларини кечириб қўйган эди.

«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз!» (Муттафақун алайҳ, Бухорий (№5063), Муслим (№1401) ривоятлари). Шунда саҳобалар ҳиқиллаб йиғлаган кўйи юзларини ўраб олдилар, дейди ровий.

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ва имом Термизийнинг «Сунан»ида саҳиҳ санад билан Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қандай роҳатланай, сур эгаси сурни оғзига олиб борган, бўйнини эгиб, қулоғини тутиб турган, буйруқни кутиб, пуфлашга шай бўлиб турган бўлса?!», дедилар. Бу нарса саҳобаларни анча қийин аҳволга солиб қўйди. Улар: «Унда қандай қиламиз – ёки нима деймиз – ё Расулуллоҳ?», деб сўрадилар.«Ҳасбуналлоҳу ва неъмал-вакийл, алаллоҳи таваккална» ёки «таваккална алаллоҳи» (Аллоҳ бизга кифоя қилади, У нақадар яхши вакилдир, Аллоҳга таваккул қилдик), деб айтинглар» — дедилар.

Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорларини энг яхши билувчи, Ундан энг тақво қилувчи бўлганлари ҳолда Ундан қанчалик қўрқишлари даражасини кўрсангиз эди, қаттиқ ажабланган бўлардингиз!!

Умматнинг Форуқи бўлмиш, Аллоҳ таоло ҳақни унинг тилида жорий қилган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида бир ёш йигит ҳузурларига кириб:  «Хурсанд бўлинг эй амирал-муъминийн, Аллоҳ сизга хушхабар берди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлдингиз, Исломга муқаддам кирганлар сафида бўлдингиз, кейин волий бўлиб, адолатли бўлдингиз, мана энди шаҳидлик насиб бўлиб турибди» — деганида Умар: «Қанийди мана шунинг ўзи (Аллоҳнинг азобидан қутулишимга) кифоя қилса, на фойдамга ва на зараримга бўлмаса» — деганлар.

Бир ривоятда: У кишининг ҳузурига Ибн Аббос кириб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар Маккада хавф-хатар ичида эканларида Аллоҳ бу динни ва мусулмонларни сиз билан азиз қилишини сўраб дуо қилмадиларми?! Сиз исломни қабул қилгач, исломингиз азизлик бўлди, сиз билан ислом зоҳир бўлди. Ҳижрат қилганингизда ҳижратингиз фатҳ бўлди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга қарши олиб борган биронта ҳам жангдан қолмадингиз. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиздан рози бўлган ҳолда вафот этдилар. У зотдан кейин халифаларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўллари устида ёрдам бердингиз. Сўнгра халифа ҳам сиздан рози бўлган ҳолда вафот этдилар. Сўнгра сиз одамлар волий қилинадиган энг яхши ишга волий (амир) қилиндингиз, Аллоҳ сиз сабабли мамлакатларни фатҳ қилди, мол-дунёлар ато этди, душманларни қайғуга солди, сиз сабабли аҳли байтга уларнинг динларини ва ризқларини кенгайтириб берувчи кишиларни киритди. Мана энди охирида шаҳидлик насиб бўлиб турибди, муборак бўлсин!» — деганларида Умар розияллоҳу анҳу: «Мағрур – сизлар ғурурлантирадиган кишидир» — дедилар. (Заҳабий «Сиярул-хулафо»да (83-б), Ибнул-Жавзий «Ал-мунтазам» (4/141)да келтирганлар).

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Рабиъадан ривоят қилинади: «Мен Умарнинг ердан бир дона сомонни (чўпни) олиб: «Кошки мана шу сомонга айланиб қолсам, кошки ҳеч нарса бўлмасам, кошки онам мени туғмаган бўлса!!» — деганларини кўрдим.

Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли кишилари бўлган, у зот қасам билан таъкидлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деган, ёшлари ҳали ўттиз учга ҳам етмаган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шомда тоун (ўлат)га чалиниб, ўлим тўшагида ётганларида асҳобларидан: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Бироздан кейин яна: «Тонг отдими?», деб сўрадилар. Улар: «Йўқ ҳали», дейишди. Шунда у киши: «Тонги дўзах сари юзланиш бўладиган тундан Аллоҳ паноҳ берсин» — дедилар!!!.

Зуҳд, тақво ва ҳадис бобида дунёнинг имомига айланган Суфён Саврий ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз орзу қилган нарсага юзланмоқдасиз, Аллоҳ раҳмлиларнинг раҳмлироғидир», — деганида Суфён раҳимаҳуллоҳ йиғлаб: «Аллоҳ номини ўртага қўйиб сўрайман эй Ҳаммод, сиз менга ўхшаган одамни дўзахдан нажот топади, деб ўйлайсизми?!» — дедилар!!!.

Дунёнинг энг буюк имомларидан бири Имом Шофиий ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Имом Музаний кириб: «Қандай тонг оттирдингиз эй имом?» деб сўраганида «Дунёдан кетувчи, дўсту-ёрлардан айрилувчи, амалларимга рўбарў бўлувчи, ўлим шарбатини симирувчи ва Парвардигоримга йўлиқувчи бўлган ҳолда тонг оттирдим» — дедилар. Сўнг йиғлаб: «Эй Музаний, Аллоҳга қасамки, руҳим жаннатга боришини билмайманки, уни муборакбод этсам, ё дўзахга боришини билмайманки, унга таъзия билдирсам» — дедилар!!!.

Салафнинг энг улуғ имомларидан Молик ибн Динор намоз ўқиб, соқолларини чангаллаб, йиғлаб туриб: «Кимдир жаннатга, кимдир дўзахга бориши маълум, Молик ибн Динорнинг манзили бу икки ҳовлидан қай бири бўларкин?!!» — дердилар.

Эй Аллоҳнинг бандаси, сиз ҳам мана шундай оқибатингиз ҳақида ҳеч фикр қилиб кўрдингизми, борар жойингиз жаннатмикин ё дўзах?!!

Суҳбатимизнинг навбатдаги қисми ана шу ҳақда боради.

Учинчи: Оқибатимиз қай тарафга?!

 

Бу ҳар бир киши кеча-ю кундуз тинмай ўзига бериши зарур бўлган саволдир.

Эй зинокорлик билан Аллоҳга қарши журъат қилувчи кимса, ўзингга ўзинг: «Оқибатим қай тарафга?!» деб савол бер!

Эй турмуш ўртоғи бола-чақа боқаман деб, ғурбат диёрларига кетганидан сўнг эрининг молини ва обрў-номусини поймол қилган аёл, ўзингга ўзинг: «Оқибатим қай тарафга?!» деб савол бер!

Эй мусулмонларнинг қизларини ўйинчоқ қилиб ўйнаган ва маъсиятлар билан Аллоҳга очиқ-ошкор қарши чиққан кимса, ўзингга ўзинг: «Оқибатим қай тарафга?!» деб савол бер!

Эй судхўрлик билан шуғулланувчи кимса, ўзингга ўзинг: «Оқибатим қай тарафга?!» деб савол бер!

Эй ҳаром ейувчи кимса, ўзингга ўзинг: «Оқибатим қай тарафга?!» деб савол бер!

Эй одамларга зулм ўтказаётган кимса, ўзингга ўзинг: «Оқибатим қай тарафга?!» деб савол бер!

Шеър (мазмуни):

«Қиёмат куни ҳайрону-лол бўлиб, қўрқувдан қалтираб, яланғоч ҳолда туришингни тасаввур қил,

Дўзах алангаси осийларга ғазаб билан ловуллаб юқорига ўрлаган, аршнинг Робби ғазабнок ҳолда дейди:

Ўқи китобингни эй банда! Унда лоақал биргина ҳарфнинг нотўғри ёзилганини кўрдингми?!

Номангни ўқигач ва ҳамма нарсага иқрор бўлиб, бирон нарсани инкор этолмаганингдан сўнг, Буюк Подшоҳ нидо қилади: «Эй малоикаларим! Ушланглар бу осий бандани ва ташна дўзахга олиб боринглар!».

Эртага мушриклар дўзахда ёнарлар, мўминлар эса абадийлик ҳовлисида шод-хуррам турарлар».

Эртага Парвардигоринг ҳузурида яланғоч ва ҳайрону-лол бўлиб турганингда Унга нима деб жавоб берасан?!!

Қани мансаблар?!! Қани обрўлар?!! Қани салтанат?!! Қани мол-мулклар?!! Қани куч-қудратлар?!! «Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7, 8). Оқибат қай тарафга?!! Бугун ўзингга ўзинг савол бер, сен тоат аҳлидан бўлиб, Аллоҳдан жаннат умид қилмоқдамисан ёки маъсиятлар билан ўз жонингга жабр қилиб, яна шу ҳолингда Аллоҳнинг жаннатидан умидвор бўлиб, хом хаёлларга берилиб юрибсанми?!! Аллоҳга тоат-ибодат қилмасдан, Унинг амрларига бўйсунмасдан, яна шу ҳолида Ундан жаннат умидида бўлган кимсадан ҳам ҳаёсизроқ одам бўладими?!! Билиб қўй, ҳеч биримиз дўзахга дош беролмаймиз!! Ахир ким ҳам унга дош бера олсин?!!. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ёқаётган бу ўтларингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир». «Аллоҳга қасамки, бир бўлаги ҳам етарди, Ё Расулуллоҳ», дейилди. «Дўзах ўти ўша ҳолатига олтмиш тўққиз баробар кучайтирилгандир ва ҳар бири ўшанча ҳароратдадир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Дўзахдан сақланингиз эй мусулмонлар! Зеро, унинг тафти ғоят баланд, қаъри жуда узоқ, гурзилари темирдан, дўзахнинг таоми олов, ичимлиги олов, кийими олов, дўзах аҳлининг емиши заққум, ғислийн ва зариъдир.

Заққум, ғислийн ва зарийъ нималигини биласизми?!

Заққум дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқларидаги мевалари хунукликда худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: Агар заққумдан бир томчиси ер юзига томиб кетса, бутун дунё аҳлининг ҳаётини бузиб юборган бўларди. Энди емиши заққум бўлган одамнинг ҳоли нима кечаркин?!

Аллоҳ таоло айтади: «Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими? Ҳақиқатан Биз уни (яъни Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик. Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. Бас улар (яъни дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдирувчидирлар» (Соффат: 62, 66).

Зарийъ тиканнинг бир туридир...

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга ўраб олувчи (Қиёмат Куни) ҳақидаги хабар келдими? У Кунда (кофирларнинг)юзлари эгилиб қолувчи. (Бўйин ва қўл-оёқлари кишан ва занжирларни судрап билан) меҳнат-машаққат чеккувчидир. (Улар) қизиган дўзахга кирур! Қайнаб турган булоқдан суғорилур! Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган зарийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!» (Ғошия: 1-7).

Ғислийн дўзах аҳлининг қон ва йирингларидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра дўзахга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!» Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки), Уни фақат (йўлдан)адашган (кофир)ларгина ерлар!» (Ал-ҳааққа: 25-37).

Дўзах аҳли сув сўрасалар, уларга сув берилади. Лекин, қандай сув?!!

Аллоҳ таоло айтади: «(Жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад: 15).

Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. Агар улар(ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдирувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф: 29).

У ерда дўзаҳ аҳли жаҳаннам посбонларидан ёрдам сўрашади...

Аллоҳ таоло айтади: «(Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар келтирмаганмидилар?!» «Ҳа, (келтирган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни бефойдадир)»» (Ғофир: 49, 50).

Дўзах аҳли жаҳаннам посбонларидан умидлари узилгач, уларнинг бошлиғига нидо қилишади..

Аллоҳ таоло айтади: «Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни тезроқ жонимизни олcин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) турувчидирсизлар», деди» (Зухруф: 77).

Шунда дўзах аҳли дунёдалик пайтларида ўзларига таниш бўлган тавҳид аҳлига нидо қилиб, Аллоҳ уларга ато этган сув ва бошқа ноз-неъматлардан буларга ҳам беришларини сўрашади: «Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Аллоҳ бу неъматларини динларини ҳазил-мазах қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар. Бас бу КУН улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари ва Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари каби Биз ҳам уларни «уну­тиб қўярмиз»» (Аъроф: 50, 51).

Дўзах аҳли халқлардан умуман умидлари узилгач, Улуғ Подшоҳнинг ўзидан мадад сўрайдилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Улар дедилар: «Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас агар яна (туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз (ўз жонимизга) жабр қилувчидирмиз». (Аллоҳ) айтди: «(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!» (Муъминун: 106-108).

Емаклари ўт, ичмаклари ўт, кийимлари ўтдандир.

Аллоҳ таоло айтади: «Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар (яъни мўминлар Аллоҳнинг ҳақ дини бўлмиш Исломнинг ғолиб бўлишини истадилар, кофирлар эса бу динни йўқ қилмоқчи бўлдилар). Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб, у (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур. Улар учун темир гурзилар бордир» (Ҳаж: 19-21).

Аммо, саодатга эришган зотлар жаннатда абадий қоладилар. Жаннатки, унда Ўзининг дўстлари учун ҳозирлаб қўйган неъматлари ёлғиз Азиз ва Ғаффорнинг Ўзигагина маълумдир. «Унда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзотнинг хаёлига ҳам келмаган нарсалар бордир» (Бухорий (№3327), Муслим (№2845) ривоятлари).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган жамоа ўн тўрт кунлик ой суратида, улардан кейин кирадиганлар эса кўкдаги энг ёрқин юлдуз суратида бўлурлар. Улар бавл қилмайдилар ва ҳожат чиқармайдилар, бурун қоқмайдилар ва тупурмайдилар. Тароқлари тиллодан, терлари мушкдан ва хушбўй тутатқи соладиган идишлари уд (дарахти)дан, жуфтлари оҳу кўз ҳурлардир. Кўринишлари бир кишининг хилқатида, оталари Одам алайҳиссаломнинг суратида бўйлари олтмиш зироъ бўлур» (Бухорий (№3245), Муслим (№2834) ривоятлари).

Севикли биродарим, жаннат аҳлининг энг қуйи даражасида бўлган кишининг ҳолидан воқиф бўлишингиз унинг энг олий даражаси аҳлининг ҳолатини билишингизга кифоя қилади.

«Саҳиҳ Муслим»да Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусо алайҳиссалом Роббиларидан: «Жаннатдаги энг қуйи ўрин кимга берилади?», деб сўрадилар. Аллоҳ хабар бериб деди: «Жаннат аҳли жаннатга киритилгач бир киши келади. Унга «Жаннатга кир!», дейилади. Шунда у: «Эй Роббим, қандай кираман? Ахир инсонлар ўз ўринларини эгаллаб Ҳожалари берган марҳаматларни олиб бўлдилар-ку?», дейди. Унга: «Дунё шоҳларининг мулкича мулк сеники бўлса, розимисан?», дейилади. У: «Парвардигоро, розиман», дейди. Аллоҳ унга: «Мана шу ва ўшанча, ўшанча, ўшанча ва ўшанчаси сеники», дейди. Беш баробар бўлганда: «Парвардигоро, розиман», дейди банда. Аллоҳ: «Сўраганинг ва унинг ўн баробари сеники ҳамда кўнглинг тусаган ва кўзингга ёққан нарса сеникидир», дейди. «Парвардигоро, розиман», дейди банда. Мусо алайҳиссалом: «Эй Роббим, энг баланд мартаба кимларга берилади?», дедилар. Аллоҳ: «Шундай зотларга бериладики, уларни Мен Ўзим танлаб олдим, уларнинг кароматларини Ўз Қўлим билан экдим ва унга Ўзим муҳр қўйдим. У неъматларни кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг кўнглига келмагандир», деди» (Муслим (№189) ривояти).

Мусулмон биродарлар! Жаннат аҳлига ато этиладиган энг олий неъмат Парвардигорларининг жамолига боқиш саодатидир.

Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннат аҳли жаннатга кирганидан кейин Аллоҳ уларга: «Эй аҳли жаннат!», деб нидо қилади. «Эй Роббимиз, биз Сенинг чақириғинга доим тайёрмиз ва Сенинг чақириғинг билан бахтиёрмиз!» деб жавоб берадилар улар. «(Мен берган неъматлардан) Розимисизлар?», дейди У. «Нима учун рози бўлмайлик? Ахир, Сен бандаларингдан ҳеч кимга бермаган неъматларингни бизга бердинг-ку?!», дейишади. «Мен сизларга бундан ҳам афзалроқ-улуғроқ неъматимни ато этмоқчиман!», дейди. «Эй Роббимиз, бундан-да улуғроқ қандай неъмат бор?», дейдилар. «Сизларга розилигимни тушираман ва ундан кейин сизларга асло ғазаб қилмайман», дейди». (Муттафақун алайҳ, Бухорий (№6549), Муслим (№2829) ривоятлари).

Бир ривоятда: «Шунда У пардани туширади, уларга Парвардигорларига боқишдан кўра суюмлироқ бирон нарса берилмаган бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло айтади: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26). Зиёда неъматлар – Аллоҳ таолонинг Юзига боқиш неъматидир.

Шундай экан, қачон тавба қиласиз?!!

Суҳбатимизнинг давоми ана шу мавзуда бўлади.

 

Иккинчи хутба

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

 

Тўртинчи: Қачон тавба қиласиз?!

Севикли дўстларим! Фозил оталар, оға-инилар, фозила опа-сингиллар, азиз ёшлар! Қачон тавба қиласиз?!! Қачон Аллоҳ сари қайтасиз?!!

Дилларимиз учун Аллоҳдан қўрқиш, Аллоҳга қайтиш ва Аллоҳ Роббул оламийнга бўйсуниш пайти етмадими?!!  Ўлим тўсатдан келади ахир!! Биз кутадиган ғойиблар ичида энг яқини ўлимдир! Шундай экан, тавба қилишни асло пайсалга солманг! Ҳозироқ Аллоҳга У белгилаб берган ҳад-ҳудудларда туришга, махфию ошкор, хилвату очиқликда Унга бўйсунишга, илм мажлисларига қатнашишга, бунинг учун вақт, мол ва куч-ҳаракат сарфлашдан эринмасликка аҳд беринг!! Зеро, илм мажлислари қалбдаги иймонни янгилайди, сизни Аллоҳ жалла ва алонинг маъсиятидан тўсади. Илм мажлиси жаннатга олиб борадиган ва сизни дўзахдан узоқлаштирадиган йўлдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким илм талаб қилиб, бир йўлга кирса, Аллоҳ таоло унга жаннатга борадиган йўлни енгил қилиб қўяди» Абу Довуд (№3641) ва Термизий (№2682) Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Аллоҳ учун севган дўстларим!

Келинг, гуноҳимиз ҳар қанча кўп бўлмасин, ҳозироқ қайтайлик, Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилайлик, шу бугундан бошлаб гуноҳларга қайтмасликка Аллоҳга аҳд берайлик, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандасининг тавба қилишидан хурсанд бўлишига аниқ ишонч ҳосил қилган ҳолда тавбамизни янгилайлик! Аслида, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бизнинг тавбамизга эҳтиёжи йўқ, У Ғаний Зот, тоатимиз Унга ҳеч қандай манфаат етказмаганидек, маъсиятимиз ҳам Унга ҳеч қандай зарар етказолмайди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

Севикли дўстларим! Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчиманки, тавба Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул бўлиши учун бир неча шартлари топилган бўлиши керак. Улар ичида энг биринчи шарт – гуноҳдан батамом тийилишингиз, ўтган гуноҳларга қаттиқ пушаймон қилишингиз, фалон-фалон ишларни қилдим деб мақтанмаслигингиз ва албатта, солиҳ амаллар қилишингиздир.

Аллоҳ таоло айтади: «Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Фурқон: 70).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Эй одамзот! Модомики, Менга ибодат қилар, Мендан умидвор бўлар ва Менга ширк келтирмас экансан, Мен сендан содир бўлган гуноҳларни кечираман. Агар осмону ер тўла гуноҳлар билан Менга рўбарў келсанг, Мен сени ўшанча мағфират билан кутиб оламан ва сени кечираман, (гуноҳларингга) парво қилмайман» деди»(Табароний, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 4341).

2012 йил 22-март