Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сурияда кўрганларим

3534 марта кўрилган

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал Арийфий
Ислом Нури таржимаси

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Унинг ўхшаши, тенги ва мисли йўқдир деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, элчиси, халили, халқлари ичидан танлаб олган ва Ўз ваҳийсига ишонган аминидир деб гувоҳлик бераман. Парвардигори у зотни бутун оламга раҳмат ва жамики бандалари устидан ҳужжат қилди, у зот сабабли бандаларини залолатдан ҳидоятга чиқарди, жаҳолатдан қутқарди, тарқоқликларини бирлаштирди, қўрқувларига омонлик берди. У зотга, покиза аҳли оилаларига ва саҳобаларига то қиёмат Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

Аммо баъд...

Муҳтарам биродарлар, Аллоҳ таоло Улуғ Китобида муъминларни ҳамкорликка, ҳамжиҳатликка буюриб деди: «Муъминлар ва муъминалар бир-бирларининг дўстларидирлар» (Тавба: 71). Аллоҳ таоло муъминларни мазлумларга ёрдам беришга буюрди. Хусусан улар обрўларини, молларию жонларини ҳимоя қиладиган қурол-аслаҳалари йўқ, ҳафсалалари пир бўлган ҳолда бўлсалар.   Аллоҳ таоло деди:  «Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир.» (Анфол: 72).  Уларга қўлларингиздан келганича ёрдам беришингиз фарздир. Оқил кишига — у мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, тақволи бўлсин, фожир бўлсин — узоқ йиллардан бери суриянинг мустабид режими томонидан Суриядаги биродарларимизга етаётган зулмлар очиқ кўриниб турибди. Режимнинг Исломга қарши курашиши, мусулмонларни ўлдириши, хусусан аҳлуссунна вал жамони қасд қилиши, масжидларни вайрон қилиши, номусларга тажовуз қилиши ва ноҳақ қонлар тўкиши ҳаммага ойдек равшан.

Башшор Асад ва отасининг Исломга қарши кураши, исломий китобларни таъқиқлаши, Исломни таълим беришни ва имомларни суқувга олиши ҳам далилга муҳтож эмас. Ҳолат шу даражага етдики, гўёки Сурияда Мусо алаҳйссалом давридаги Фиръавн каби бошқа бир Фиръавн ҳукм сураётгандек эди.

Муҳтарам биродарлар, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Шомни мукаррам ва қадрини улуғ қилди.  Аллоҳ таоло деди: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир.» (Исро: 1).

Мусо — алайҳис-салом — қавмига шундай деган эди: «Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу муқаддас ерга (шаҳарга) дохил бўлингиз!» (Моида: 21).

Ҳатто Сулаймон — алайҳис-салом — даврида ҳам Шомнинг муборак экани айтилган:  Аллоҳ таоло деди:  «Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган қилиб қўйдик.» (Анбиё: 81). Аллоҳ таоло Шомни муборак ер қилди, кўп сонли пайғамбарларини у ерга юборди. Аллоҳ  субҳанаҳу Қуръонда анжир ва зайтунга қасам ичди, ҳолбуки бу иккиси мана шу юртда топилади. «Анжирга қасам, зайтунга қасам. (Аллоҳ таоло Мусо пайғамбар билан бевосита сўзлашган) Сино тоғига қасам. Мана шу тинч-осойишта шаҳар (Маккаи мукаррама)га қасамки.» (Тийн: 1-3).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шомни тилга олганларида уни жуда улуғлаганлар: «Шомга фароғат бўлсин!  Шомга фароғат бўлсин! Шомга фароғат бўлсин!». «Нега ё Расулуллоҳ?», деб сўралганида: «Чунки, Раҳмоннинг малоикалари Шом узра қанотларини ёйиб турибдилар», деганлар (Термизий ривояти).

«Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматимнинг бир тоифаси ҳақ узра зоҳир бўлиб қолаверади, то қиёмат уларга қарши чиққанлар ҳам, ёрдамсиз қўйганлар ҳам, уларга ёрдам беришда ёки улар билан бирга туришда қосирлик қилганлар ҳам зарар етказолмайди». «Улар қаердалар, ё Расулуллоҳ?», деб сўралганда: «Улар Шомда», деб жавоб берганлар. Яна бир ривоятда: «Улар Байтул-Мақдисда ва Байтул-Мақдиснинг ичида» деганлар.

Бизнинг Шом ҳақидаги сўзимиз Ливия, Миср, Тунис, Яман, Ироқ ва Фаластиндан ўзгача бўлади. Биз Аллоҳ таоло шарафли қилган ва олий мартабали қилган юрт ҳақида гапирмоқдамиз. Бу юртда охир замонда мусулмонлар ва насоролар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлади. Имом Муслимнинг ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, мазкур жангга насронийлар 80 та байроқ осида келишади, ҳар бир байроқ остида 12 минг аскар бўлади. Мусулмонлар уларни қириб ташлайдилар ва катта ғалабага эришадилар. Исломни шавкати кучаяди, Ла илаҳа иллаллоҳ олий бўлади.

Ийсо — алайҳис-салом — Димашқнинг шарқидаги оқ минора олдига икки қўлларини икки фариштанинг қанотларига қўйган ҳолди тушадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, одамларни адаштирган, ўзининг фириблари билан уларнинг дини билан ўйнашган, уларни куфр чоҳларига отган Дажжол ҳам Шом диёрида қатл қилинади. Шомга фароғат бўлсин!

Шом қадимдан етук уламоларни етиштириши билан машҳур. Имом Ибн Таймийя, имом Ибнул Қаййим, имом Ибн Касир, имом Нававийлар тилга олинсалар албатта Шом улар билан бирга тилга олинади. Шомга фароғат бўлсин! Бугунгача зарбул масал бўлиб келаётган қанча олимларни чиқарган! Унда қанча мужоҳидлар бор! Унда қанча илмий асарлар бор, ва қанча илм талаб қилинган! Бироқ, Шом ўтган бир неча ўн йиллардан бери золим ҳокимларга мубтало бўлди. Улар одамларга анвои зулмларни қилишди; уларга динларида зулм қилдилар, улар билан илм олиш ўртасини тўсдилар. Ким хорижга илм олиш учун чиқса сўнгра юртига қайтса, унинг оқибати ё қамоқ, ё ўлим, ёки унга динида, ақидасида, китобларида ва аҳли оиласида сиқув ўтказиш бўларди.

Мен яқинда Сурия атрофидаги бир нечта шаҳарларни зиёрат қилиб қайтдим. Зиёратим асносида дунёда дин билан курашаётган энг қаттиқ бузғунчи режимнинг зулмидан қочиб чиққан кишилар билан кўришдим. Бу режим дин билан курашишнинг қандай услубини топган бўлса, уни бўш қўймаган.

Режимнинг ақидаси Исломга бегона нусайрия алавия ақидасидир. Унга кўра олиҳалар учтадир; Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Алийда мужассам бўлган. Улар Алийни насронийлар каби Муқаддас Руҳ деб эътибор қиладилар. Алий Салмонда мужассам бўлган. Улар  Аллоҳдан бошқага сиғинадилар, Қуръонни улуғламайдилар, жанобатдан ғусл қилмайдилар, таҳорат нима эканини билмайдилар. Ўз одамларига ҳам шундай тарбия берадилар. Сурия аскарлари учун намоз ўқиш ва соқол қўйиш таъқиқланган. Бундан ташқари уларда анвои куфр турларини топишингиз мумкин.

Қочоқлар лагерларида бир қанча мўйсафидлар, тул хотинлар, етим болалар билан учрашдим. Уларнинг масканларига кирдим, улар бирга ўтирдим. Етимларнинг кўзларида ёшни, қизлари зўрланган онахонларни кўрдим, улар қўрққанларидан биров унинг олдига камера билан киришини рад қилмоқда. Шундай кишиларни кўрдимки, улардан бири гапириб бермоқчи бўлса, ўтирганларнинг ҳаммаси чиқиб туришини талаб қилади сўнгра оҳиста дейди: "Эй шайх, хотиним ва қизларимнинг кўз олдида зўрландим!".

Зўрланишдан, ёқиб юборишдан ва очиқ зулмдан қочиб, тоғлар ошган, водийлар ва экинзорлар оралаб қочган кишиларни кўрдим. Улардан баъзилари сиртлонлар ва бўриларга ем бўлган.

Анави фожир ва унинг шотирлари одамлар водийлар ва экинзорлар орқали қочишаётганини билиб қолишгач, ана шу минтақаларга миналар экиб ташлашибди. Қочоқларнинг бири дейди: юриб бораётган эдик, тўсатдан бир боланинг оёғи остида мина портлади ва у осмонга учиб кетди сўнгра мурда бўлиб ерга тушди.

Булар қочишга имкон топганлар, қўлида пули бўлиб, қочишга ёрдам берувчиларга берганлар. Аммо пули йўқ ё уйида ярадори бор одамлар ёки эри ўлган, катта фарзандлари асир тушган ва ёш гўдаклари билан қолиб ўрнидан қимирлашга имкон топа олмаган аёлларнинг қиссалари бундан ўзгача.

Менга масжидларнинг ҳолидан сўзлаб бердилар. Кўзларига ёш ва етимлик аломати қалқиб турган бир болакай менга мана бундай қисса қилди: эй шайх, биз Ҳимсда масжидда жума хутбасида ҳозир эдик. Тўсатдан золимнинг лашкарлари қўлларида қурол, тўк урадиган таёқлар билан бостириб кириб келдилар ва одамларни ура кетдилар. Имом уларни тинчлантирмоқчи бўлганди улардан бири имомга ўқ узди. Имом ўрнига йиқилди. Одамлар даҳшатдан тирқираб кетишди. Ёши саксондан ўтган, олтмиш йилдан бери масжидда хизмат қилиб юрадиган бир мўйсафид туриб, уларни койий бошлади: "Аллоҳнинг уйида ҳам шу ишларни қилишдан уялмасизларми!" у шундай дейиши билан  аблаҳлардан биттаси уни туртиб юборди ва мўйсафид ерга йиқилди. Сўнгра улар мўйсафиднинг икки оёғидан тутиб судраб кетдилар. Унинг соқоллари масжидни супуриб борар, одамлар ожизликдан лом-мим дея олмасдан, даҳшатли манзарани томоша қилишарди. Уни шу кўйи зинадан судраб тушдилар кейин йўлакдан судраб бориб машинага отдилар. Билмайман, у мўйсафид тирикми ёки ўлик?!

Менга Даръодаги масжидлар ҳақида сўзлаб беришди. Масжидларда намоз ўқиш ман қилиниб, беркитилди, уйидан бир қарич ташқарига чиққан одам қатл қилинадиган бўлди. Шундан кейин масжидлар фоҳишахонага ва бузуқликлар маконига айланди. Аллоҳга қасамки эй шайх! Масжиднинг ички деворларида форс тилида саҳобаларни сўкиб битилган ёзувларни кўрдик. Жумладан ушбулар битилган эди: «Эй Абу Бакрнинг неваралари сизларга лаънат бўлсин! Эй Оишанинг болалари сизларга лаънат бўлсин!»

Улар масжидлар ичида ароқ ичишарди. Бу билан улар қандай қилиб Исломни даъво қиладилар! Улар қандай қилиб исломга нисбатланадилар! Шунча ишлардан кейин бу режим «биз Аллоҳни улуғлаймиз» деб айтаётган даъвони қандай тасдиқлаш мумкин!

Золим Даръо аҳлини улардан сув ва каҳрабони узиш билан қамал қилди. Одамлар оч, чанқоқ  ва каҳрабосиз ҳаёт кечиришарди. Золимнинг шотирлари уйларга бостириб кириб озиқ-овқатларни тортиб олишарди. Ўзлари билан кўтара олмаган таомларни бир-бирига аралаштириб фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келтиришарди. Гуручни ёғга, пишлоққа ва ҳоказо нарсаларга аралаштириб юборишарди.

  Катта дўконларнинг омборларига келиб, бор нарсани ўғирлаб сўнгра омборга ўт қўйишарди. Дорихоналарга ҳам айни муомала қилинарди. Агар бирон табиб ярадорларни даволаётганини билиб қолсалар уни ё қатл қилишарди ёки асирга олишарди шундан кейин унинг хабари узиларди.

Жароҳатланганларни касалхоналарга келтирилса, шотирлар келиб мажруҳни ушлаб ўликлар сақланадиган совуқхонага олиб бориб ташлашар, у у ерда жароҳатининг аламидан эмас совуқдан жон таслим қиларди. Агар у таниқли кишилардан бўлса, уни олиб кетишарди сўнгра унга нима бўлганини биров билмас эди.

Менга айтиб беришларича, золимлар келиб катта сув идишларнинг остига ўқ узиб унда бор сувни оқизиб юборишар, чанқоқнинг қаттиқлигидан гоҳи болакайлар кўчада оқиб ётган сувдан ичиш учун уйидан бошини чиқаришар экан.

Қамоқхоналар ҳақида айтилган қиссалар жуда узун бўлиб, сиз унда маҳзунликни кўрасиз, анавиларнинг фожирлигига, диндан узоқ ва залолатда эканларига иқрор бўласиз. Улар нафақат ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эмас балки бир лаҳза бўлсада мусулмонлар устидан ҳукм юритишга ҳақли эмасликларига гувоҳ бўласиз.

Менга узоқ кунлар давомида қўлларидан осиб қўйилиб анвои азобларга гирифтор қилинганлар ҳақида, бир метрга бир метрли хонага ўн, ўн бешталаб одамларни қамаганлари, улардан бири ўтириш у ёқда турсин фақат тиззасини букай деса бука олмаганлар ҳақида сўзлаб беришди.

Улар одамларга тавҳид илмини таълим берадиган бир йигитни ушлаб, оёқ-қўлларига кишан солиб, кўзларини боғлаб камерага ташлабдилар. У шу аҳволда емак, ичмак ва қазои ҳожатсиз биринчи кунни ўтказибди. Иккинчи кунни ҳам, учинчи кунни ҳам емак, ичмак ва қазоиҳожатсиз ўтказибди. Ҳолдан тойиб, ерга йиқилиб қолбди ва "сув!" "сув!" — деб бор овози билан қичқирибди. Шунда шотирлардан бири унинг олдига келиб, — сув истайсанми? — дебди. У: ҳа — дебди. У: оғзингни оч — дебди. Оғзини очган экан, анави бадбахт олатини чиқариб унинг оғзига пешобини тўкибди!!

Мен бу воқеаларни хабарларда эшитганим йўқ, ахборот каналларида ҳам кўрмадим, интернетда ҳам ўқимадим. Балки буларни менга шу ишларни бошидан кечирган ва ё кўрганлардан эшитдим. Эҳтимол, менга айтиб берганлар ўшаларнинг ўғлидир, синглисидир, хотинидир. Йиғи уларнинг сўзларини бўлиб юборади ҳатто улардан бирига: "Қиссангизни охиригача айтиб беринг" дегани ҳам тортинасан, одам.

Менга жинсий зўрлашлар, анвои бузуқликлар ҳақида сўзлаб бердилар. Қанча ёшланган кўзларни, эзилган қалбларни ва гапираётиб тутилиб қолган тилларни кўрдимки, у сўзлари билан ўзини ёки қизини назарда тутаётганини ичингизда билиб турасиз. Унинг кўнгли тўлиб, сўзларини тугата олмай тўхтаб қолади.

Улар кеч кириши билан фожирнинг шотирлари келиб зўрлаб қўйишларидан қўрқиб, қизларини хожатхоналарга киритиб қўйишар, туни билан ҳожатхонада яшириниб ётишар ёки каравотлар остида ухлашар экан. Фожир (Башшор) уларга  бутун салоҳиятни бериб деган: "Хоҳлаганингизни қилинг" ўғирликми, зўрлашми, қатл қилишми, нима қилсангиз қилинг, энг муҳими мен курсимдан ажралмай!

Менга ўғирланган қизлар ҳақида сўзлаб бердилар. Бадбахтлар қасддан ҳижобли қизларни нишонга олишарди. Бечора қиз ўғирланди, ҳолбуки у афифа, муъмина, бузуқликни билмайдиган содда қиз эди. Кўз очиб юмгунча у оч бўриларга ем бўлди. Қиз ўғирланди, ҳолбуки у Қуръон ва тавҳид билан тарбияланганди. Биров унинг бармоқ учига қарашига рози бўлмасди, агар қараса ғазабланарди, буни қарангки, у ўғирланди!

Айтишларича: қизнинг ота-онаси мажнун бўлиб қолади. Кошкийди, у қатл қилинганда! Унинг қаердалигини ҳам билмайдилар. Эй шайх, — Аллоҳга қасам — бир ёки икки кун ўтмайди ҳамки, қизни ахлат идишда яланғоч, нимталанган ҳолда топилади. Менга қасам ичиб ўз кўзлари билан кўрганларини айтиб бердилар. Анави фожирлар қизни узоқроқда ўлдириб, ташлаб юбормайдилар. Балки маънавий эзиш учун уни аҳли оиласи кўрсин, деб уйларига яқин жойга ташлаб кетишади.

Золимлар бир қишлоққа кирибдилар — мен бу қишлоқлар номини яхши биламан, бироқ уларнинг тинчлигини ўйлаб қишлоқлар номини тилга олмайман. Мен сўзлаб берган кишиларнинг тўғрисўзликларига ишонаман. Менга қишлоқлар, уйлар ва кишиларнинг номларини айтиб беришган лекин мен уларни зинҳор тилга олмайман. — қишлоқ аҳлига ўзларидан олдин қўрқув ва даҳшатни киргизибдилар. Йигитлар ор-номусларини ҳимоя қилиш учун чиқибдилар. Фожирлардан бири хоҳлаган уйга тап тортмай бостириб кирмоқчи бўлса, "Ҳой! Уйда аёллар бор" дейишса, йўлига тўғаноқ бўлганни қўлга оларкан.

Бир соат ичида қишлоқ аҳлидан 70 йигитни қўлга олиб машиналарга миндирибдилар. Баъзи йигитлар уйларидан чиқиб яширинишга мажбур бўлибдилар. Ифлослар, уйларга кириб қизларнинг номусларига тегибдилар. Ҳомиладор бир аёл қизини ҳимоя қилмоқчи бўлиб уларга қарши чиққан экан, унинг қорнига ўқ узибдилар. Ерга қулаб тушгач уни ўзлари билан олиб кетибдилар. Бу қиссани сўзлаб берувчи айтади: мен ўша аёлни икки кундан кейин уйининг олдида селлофан халтага сўйиб, бўлакларга бўлиб солинган ҳолда топдим.

Улардан бири менга шундай қисса қилди: Эй шайх, мени азоблашаётганди, аламдан «Ё Аллоҳ!» — дегандим. Улардан бири менга қараб: «Аллоҳ» деганинг нимаси? Биз уни ўлдириб, ташлаб юбордик, деди. Аллоҳ  кофирлар айтаётган сўзларидан беҳад олийдир!

Қасам Аллоҳгаки, улардан фақат Аллоҳга иймон келтирганлари учунгина ўч олмоқдалар. «Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудратли ва мақтовли Аллоҳга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар!» (Буруж: 8)

Уларнинг сўзларини тинглаб туриб, золимни баддуо қилиш ва Аллоҳ улар ўртаси жиҳод байроғини қоим қилишини сўраб, дуо қилишдан боша чора топа олмай қоласан, киши.

Менга ёши улуғ бир отахон ўз қиссасини шундай ҳикоя қилиб берди: — Унинг ой каби нурли, солиҳ ўғиллари бор экан. — "Кунларнинг бирида бир гуруҳ фожирлар биз билан жанг қилиш учун келиб қолдилар. Уларнинг олдига катта ўғлим чиқди. Улар уни қатл қилишди ва ўзлариб билан олиб кетишди. Ёши ўттизда эди, ортидан тўрт қиз ва икки ўғил қолди. Мен онасининг олдига кириб: "Эй онаси, Аллоҳ сизга чиройли сабр қилишни насиб қилсин!" — дедим. Шунда у: "Аллоҳу акбар! Ўғлимни шаҳидлик билан мукаррам қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!" — деди.

Бир неча кун ўтгандан кейин, 28 ёшли иккинчи ўғлим обрўларимизни ҳимоя қилиш учун чиққанди, уни ҳам қатл қилишди. Ортидан уч норасида етим қолди. Мен онасининг олдига кириб: "Эй онаси, Аллоҳ сизга чиройли сабр қилишни насиб қилсин!" — дедим. Шунда у: "Менга Ўз фазлу марҳаматини зиёда қилган, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!" — деди. 

Яна бир куни 26 ёшли учинчи ўғлим золимларга юзланди. Мана уч ой бўлибдики, унинг на тириклиги ва на ўлгани маълум. Шояд у ҳам акалари сингари шаҳид бўлиб кетган бўлса."

Мен у билан гаплашиб турганимда 2-3 ёшлардаги бир болакай келиб қолди. Мўйсафид: бу фалончи ўғлимнинг ўғли, деб уни менга таништирди. Болакайни қўлига олиб: ўғлим мана бу киши даданг ҳақида сўаряпти, деди. Бобо, дадам қаерда? — сўради, болакай. Бобо: мен сенга айтдим-ку, даданг жаннатга кетди, — деб. Бобо, нимага жаннатга бориб дадамни олиб келмайсиз? — деди, болакай. Болакайнинг беғубор талабидан бобонинг кўнгли беҳузур бўлиб, кўзларидан ёш оқа бошлади.

Улардан бири менга ўғли ҳақида қисса қилиб берди. Ўғли шаҳид бўлиб кетибди. "Кунларнинг бирида ўғлим душман билан юзлашиш учун чиқди, ярадор бўлиб қайтиб келди. Биз унинг жароҳатини даволамоқчи бўлиб турганимизда, золимлардан бир гуруҳи уйимизга бостириб кирди ва ўғлимни ура бошлашди. Улар тинмасдан, "Сизлар билан бирга бўлган оқ отлиқлар кимлар эди? Оқи от миниб олганлар кимлар эди? Тан ол, танийсанми уларни?" — деб такрорлашарди.  Эй шайх, Аллоҳга қасам, улар билан отлар ҳам оппоқ юзли кишилар ҳам бўлмаган. Бироқ, улар осмондан тушган фаришталар бўлиши мумкин." Ўғли шундан кейин шаҳид бўлиб кетибди.

Дорулфунунда таълим олувчи бир йигит солиҳ кишилардан бирини ҳимоя қилиб гапирган экан, алавий нусайрийларни ҳамкори бўлган бошқа бир студент у билан тортишиб, жанжаллашиб қолибди. Сўнгра у бориб биринчи студент ҳақида: у ваҳҳобий, намоз ўқийди, жомеъга боради, деб чақиб берибди... давлатга унинг мазкур "жиноятларини" етказиб берибди.

Ўша куниёқ бу йигитни ушлаб кетилиб қаттиқ азобга дучор қилинибди. Эртасига ўқиш бошланган пайтда уни дорулфунунга олиб келишиб, унинг дўстлари ва ҳамкурслари дарс олаётган катта бир залга олиб киришиб, кийимларидан мужаррад қилиниб, қип яланғоч ҳолда, ҳамманинг кўз ўнггида золимлардан биттаси уни зўрлабди, кейин уни қатл қилмай, тирик қолдириб чиқиб кетишибди. Энди, сиз унинг нафсий ҳолатини ва дўстлари олдида қандай бош кўратиб юришини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг.

Номусларга тегиш, эрларининг олдида аёлларга тегажоғлик қилиш, одамларни яланғоч қилиб қўйиб сўроқ-савол қилиш ҳақидаги ривоятлар сон-саноқсиз бўлиб кетди.  Аллоҳ таоло деди:  «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик» (Исро: 70). «Дарҳақиқат Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик.» (Тийн: 4) Лекин мана бу ифлос, чўчқа ва унинг ҳамтовоқлари мукаррамликни фақат ўзлари учун биладилар. Азизликни фақат ўзлари учун биладилар. Улар фақат ўзлари учун азизлик, шараф ва мартабани излайдилар.

Аллоҳни сўкиш ва Унинг тавҳидини камситишдан кўра каттароқ куфр борми? «Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудрат ва мақтов эгаси бўлган Аллоҳга осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган зотга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар!» (Ал-Буруж: 8)

Улар кўчада юрган болалардан: Фалончи шайхни танийсанми — деб, Суриядаги жиҳодга ёрдам бераётган, у ердаги биродарларимизни ҳимоя қилаётган шайхлардан баъзиларининг исмларини айтиб, сўрашар экан. Агар бола "Ҳа, танийман" деса, ўрнида уни ушлаб ўзини ҳам аҳли-оиласини ҳам "Сенлар нима учун фалончига эргашасанлар", — деб қатл қилишар экан. «Дарҳақиқат Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани(яъни Бани Исроил қавмини) хорлаб ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб,) барчага пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз.  Яна уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (Бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни мулку-давлатлари қўлларидан кетиб, ҳукму-салтанат Бани Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз) (Қасас: 4-6)

Аллоҳга қасамки, биз Аллоҳ таоло Исломга Сурияда бўлсин, бошқасида бўлсин, нусрат беришига аниқ ишонамиз. Қудратли зот ёрдам берганлар албатта ғолиб бўладилар. «Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир.» (Ҳаж: 40) «У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хоҳламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир.» (Тавба: 33, Фатҳ: 28, Саф: 9) «Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хоҳламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди.» (Тавба: 33, Саф: 8)

Албатта Аллоҳ динига нусрат беради. Китобига нусрат беради. Шунга қарамай биз ҳам уларга ёрдам бермоғимиз керак. Ўша ўлдирилган болани ўғлингиз билинг, ўша қизларни синглингиз, ўша онани ўз онангиз, мўйсафидни отангиз билинг!

Уларнинг хафаликларига хафа бўлиб, оғриқларини хис қилиб, бошларига тушган мусибат, балоларини ўз бошимизга тушган каби кўришимиз лозим! Аллоҳ таоло деди:«Муъминлар биродардирлар» (Ҳужурот: 10) Бу оятларни шунчаки ўқиб қўяверамизми? Бу оятларни воқелигимизга, бойликларимизга, жонимизга, жиҳодимизга тасири қани? Исломий биродарлик қани? Динни олий қилиш қани? Мусулмонларга ёрдам беришга шошилиш қани? Мусулмонни мусулмон устидаги ҳаққи қани?

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат кунида бандага: "Эй бандам, касал бўлдим, кўргани келмадинг!?" – дейди. Шунда банда: "Қандай сени кўргани келаман сен Раббил оламийн бўлсанг?!" –деб жавоб беради. Аллоҳ таоло: "Фалон бандам касал бўлганида бориб кўрмадинг! Агар бориб кўрганингда ўша ишингни менинг ҳузуримда топган бўлардинг!" – дейди.

Аллоҳ таоло бир бандани фалончи касал бўлганда бориб кўрмадинг, ёнида турмадинг деб итоб қилиб турса, ўша фалончи ўлдирилса, териси шилинса, номуси топталса, қизлари зўрланса, мол дунёси талон-тарож қилинса, динидан узоқлаштирилса бунга қараб турган бандаларнинг аҳволи қандай бўларкин?!

Мусулмонларнинг ҳокимлари қани? Уларнинг қуроллари қани? Учоқлари қани? Бирдамликлари қани? Уларнинг ғайратлари қани? Биродарлари ёнларида туриб беришлари қани? Насоролардан уларга ёрдам беришларини кутайликми? Ҳар куни Хавфсизлик Кенгаши ёки бошқалардан бирор қарор чиқармикин деб кутиб ўтирайликми? Исломга ёрдам бериш қани?

Раббимиз қиёмат кунида мусулмонларнинг ҳокимларидан тул қолган аёллар, етим қолган болалар, зўрланган бегуноҳ қизлар ҳақида сўраганида нима деб, жавоб бераркинлар?

Қуролларинг қаерда эди? Учоқларинг қаерда эди? Алоқаларинг қаерда эди? Қарорларинг қаерда эди? Нима учун ҳеч нарса қилмадинглар, — деб сўраганида Раббиларига қандай жавоб бераркинлар? Қиёматда Аллоҳ таоло ҳузурида нима дея оларкинлар?

Аллоҳ таоло сармоядорлардан: нима учун биродарларингизни қўлламадинглар? Шарафсиз душманларига қарши молинглар билан кучинглар билан биродарларингизни қўлламадингиз? – деб сўрайди.

Интилганга толе ёр, дейдилар. Аллоҳ ўзига нусрат берганларга нусрат беради.

Аллоҳга қасамки, биз Аллоҳ таолонинг нусратига аминмиз. Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳ уларга нусрат беришига аминман. 

Ҳозир, мана шу лаҳзаларда кўз олдимда Башшор ва унинг тўдаси ё ўлган, ё қочқин ё тутқин ҳолда намоён бўлмоқдалар. Аллоҳга қасамки шу онда кўз ўнгимга шулар намоён бўлаяпти. Аллоҳга қасам ичаманки – ин ша Аллоҳ – бу нарса рўёбга чиқади. Ибн Таймийя айтадиларки: Агар Аллоҳ таоло бир подшоҳни йиқитмоқчи бўлса аввал одамларнинг қалбидан унинг ҳайбатини кеткизади. Мана унинг (Башшорнинг) ҳайбати қолмади, уни "тўнғиз", "ифлос", "бузғунчи" каби лақаблар билан хатто Суриянинг ичида ҳам тилга олишмоқдалар.

Мен унинг қуролли кучлари сафидаги хар бир кишига хитоб қиламан: Унинг зулмига шерик бўлманг! Муқаддас қонни оқизманг! Осмонлару Ернинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳнинг ҳузурида бир мусулмон кишиниг қони ноҳақ тўкилишидан енгилроқдир.

Ўша ердаги барча кишиларни Озод Сурия Армияси сафига қўшилишга чақираман. Мана — Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки — генераллар, полковниклар ва бошқа юқори даражали зобитлар ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳодга қўшилмоқдалар.

Мен Суриядаги хар бир эркин кишини бу бузғунчи низомга қарши чиқишга, унга ёрдам бермасликка, ўша ердаги биродарларга ёрдам йўлида қўлидан келган нарсани қилишларига чақираман.

Номусларингизни ҳимоя қилинглар! Жонларингизни ҳимоя қилинглар! Молу дунёларингизни ҳимоя қилинглар! У бузғунчиларга тайёр ўлжа бўлиб қолманглар!

Агар у (Башшор) хиёнаткор форслардан, фожир шиалардан ёрдам сўраётган бўлса... Ҳизбул Лотдан ёрдам сўраётган бўлса, биз ўлмайдиган Барҳаёт, мулк ҳам ҳамд ҳам унинг бўлган Роббимиз азза ва жалладан ёрдам сўраймиз, У ҳар нарсага қодир.

Ушбу сўзларимни айтар эканман, Буюк Аллоҳга ўзим учун ва сизлар учун барча гуноҳларимизга истиғфорлар айтаман. Унга истиғфор айтингиз ва тавба қилингиз. Зотан, У гуноҳларни кечирувчи, раҳмли Зотдир.

 

Иккинчи хутба

Аллоҳга эҳсонлари учун ҳамду санолар, тавфиқу марҳаматлари учун шукроналар бўлсин. Мен бир ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигига, Унинг шериги ва тенги йўқ эканига гувоҳлик бераман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёматгача уларнинг йўлларига эргашган ва суннатларини тутган зотларга саловоту саломлар йўлласин.