Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жажжи даъватчи

4198 марта кўрилган

Ушбу воқеани менга шайх, Жалил Содиқ айтиб берган эдилар.

Шайх бир куни мендан сўраб қолдилар: “Дунёдаги энг жажжи даъватчи кимлигини биласанми?”.

- Мен: “Ҳа, у Исо ибни Марямдирлар, алайҳиссалом”.

- Шайх: “Йўқ, мен замонамиздагини сўраяпман?”

- Мен қизиқсиндим: “Хўш, ким экан у?”

- Шайх: “Ундоқ бўлса, қулоқ сол”, дедилар-да, ҳикояларини бошладилар.

“Менинг бир қариндошим бор. Аллоҳ дунё эшикларини унга кенг очиб қўйган. Молу-давлат деганлари оқиб келган. Одамлар орасида бойлиги туфайли, жуда обрў-эътибор топган. Ҳамма нарсада омади чопган, магар Аллоҳ билан алоқасидагина омадсиз... У Зотдан умуман узилган. Намоз нималигини билмайди. Гарчи, соғ-саломат жисм ва мўл ризқ эгаси бўлишига қарамасдан (!), масжид эшигини қоқишни хаёлига ҳам келтирмайди...

Бунинг устига, Аллоҳ унга ёқимтойгина ўғил фарзанд ҳам ато этган. Болакай эндигина олти ёшга тўлиб-тўлмаган, ҳали мактабга ҳам бормаган. Лекин, шу ёшидаёқ, Аллоҳ таоло унда кўпгина бошқа болалардан фарқли равишда, кўркамлик, ақлу-заковат, фасоҳат ва ҳаё-одобни жамлаб қўйган.

Бир куни у дадасининг олдига кириб келди. Дада, қўлида телевизорнинг пулти, у каналдан бу каналга айлантириб ўтирарди. Телевизор олдида кўп ўтирганидан, кўзлари толиққан, чарчаган, хаёллари ҳам тўзғиган, паришонхотир... Кириб келганда, боланинг юзлари ҳўл, сочларидан сув томчилаб турарди, жажжи қўлчалари тирсагигача шимарилган, улардан ҳам сув томиб турибди... У келди-да, дадасининг олдида тўхтади. Унга болаларча тикилди. Боқишида, дадасига нисбатан норозилик аломатлари юзидан билиниб турарди!

Дадаси унга қараб: “Э-э-э, саломат бўсинлар! Шу кетишларида, Худо хоҳласа, қаерга йўл олдилар энди?!” деди, ҳазилнамо оҳангда.

Шунда болакай ўзининг чучук тилида гапира кетди: “Машчитка кетямман, одамлай бийан, йомоз ўкигайи......йамозхой-йай бийан.. Мен, шизза ўхшайан йахудий маш-ман... Шизш-чи-и, дадажон, йахудийшиз... Йамоззи йахши кўмейшиш...” (яъни, “Мен масжидга кетаяпман намоз ўқигани, намозхонлар билан. Мен сизга ўхшаган яҳудий эмасман, сиз-чи, дадажон, яҳудийсиз, намозни яхши кўрмайсиз”).

Дададан совуқ тер чиқиб кетди...

-Б-б-болам, бу нима деганинг?!- деди, ўзини йўқотаёзган алфозда.

-Ҳа тўғйида, йима! (яъни, ҳа, тўғрида, нима)- деди-да, ўгирилиб, чиқиб кетди...

Дада анграйганча, шу ҳолида, кичкинагина гўдак ўғли юзига тушириб кетган иймоний тарсакиларнинг таъсиридан ўзига келолмай анчагина ўтирди. Гарангсиган кўйи, уй ичида тентираб юрди. Кейин эса, сабрсизлик билан унинг келишини кута бошлади...

Бирдан эшик секин очилди-да, болакай кириб келди.

-Нимага кеч қолиб юрибсан..?!

-Айттиму, дада, одамйай бийан йомоз ўқигани бойаман деб. (яъни, айтдим-ку, дада, одамлар билан намоз ўқигани бораман деб).

Дадаси қасам ичиб айтадики, Аллоҳ шу болани қандайдир, ҳимоя қилиб тўсиб турарди. Жуда қаттиққўл ва жаҳлдор бўлишига қарамасдан, унга қаттиқ, ёмон муомала қилишга ёки қўл кўтаришга, жилла қурса, уришиб-сўкишга ҳам журъат қилолмасди...

* * *

Шу алфозда орадан роппа-роса икки йил ўтди...

Шайх ҳикояни давом эттирадилар: “Бир куни кўчага ўйнагани чиқиб кетган бола кеч қолди… Хавотирга туша бошлаган даданинг жазаваси қўзий бошлади. Энди кўчага қидиргани чиқмоқчи ҳам эдики, эшик ғийқиллаб очилди…Ва...

-Қаерларда юрибсан? Сени излаб ҳаммаёқни қараб чиқдик….Қидирмаган хонамиз қолмади...Сиз жаноби олийларини топиш учун, энди мелисаларга хабар беришимиз қолувди!!!

-Дада...дада...Сиз тушунмейшиз... Дада, сиз йаҳудийшиз...Шиз йамоззи яхши кўймейшиз! Мен кеч қоганим йўқ...Ўйнадим, кейин шом йаможини ўқидик...Кейин, кейин кўшшимиз Абдийазиз ака бийан гапйашиб туйдик азгийа...Ундан кейин, уйга тўғйи кейамман...Кеч коганим йй-ў-ўқ, дада... (яъни, дада, сиз тушунмайсиз. Сиз яҳудийсиз. Сиз намозни яхши кўрмайсиз. Мен кеч колганим йўқ. Ўйнадим. Кейин шом намозини ўқидик. Сўнгра, қўшнимиз Абдулазиз ака билан бироз гаплашиб қолдик. Ундан сўнгра тўғри уйга келаяпман. Кеч қолганим йўқ, дада)

Дада шундай дейди: “Шу топда ўзимни ушлолмай қолдим, кўз ёшларим ёноқларимга оқиб туша бошлади... Қачонгача бу ғафлат??! Қачонгача бу каби беғубор, соф мавъизаларни қабул қилсамда, гуноҳлар зулмати ичра юришимда давом этаман??! Аллоҳ таоло гўдак тили билан гапиртириб турибди-я Ҳақни??!...

Шайх сўзида давом этади....

Валлоҳи (Аллоҳга қасам), уни шу вақтгача ҳеч ким бунчалик таъсирлантира олмаганди. Гарчи, болакайнинг онаси солиҳа аёл бўлиб, кўп марталаб эрининг ҳидоятга келишига ҳаракат килган бўлсада, бу уринишлар самарасиз кетганди. Лекин, Аллоҳ бирон ишни ирода қилса, албатта, у иш амалга ошгувчидир!...

Дада сўзида давом этади: “Узоқ хаёлларга чўмиб, ўйланиб қолдим.. Аллоҳнинг ҳайбати тушган эди менга… Аллоҳ қалбимга Ўзидан бўлган қўрқув билан бирга муҳаббат ташлаганди... Менда авваллари, бунақа ҳолат ҳечам бўлмаганди!....Узоқ вақт сукутга кетиб, ўйланиб қолдим... Ҳаммаёқ сукунатга чўмгандек эди гўё... Бу сукунатни хуфтон намозига чақирган Ҳақнинг товуши бўлиб юборди...Бу товуш, ёнимиздаги, охирги марта қачон борганимни эслолмайдиганим, масжиддан таралаётган азон товуши эди!

Менга тикилиб турган ўғлимнинг нигоҳи, гўёки: “Дадажон, қўлимдан тутинг, кетдик, Аллоҳ сари бирга йўл оламиз!” деяётгандек эди. Сакраб турдим…Тезда таҳорат олдим ва қалбимнинг ич-ичидан келаётган кўз ёшларим ёноқларимдан қуйилганича, ўғлимни қўлимга кўтариб олиб, масжидга йўл олдим.

Масжидга қадам қўйишим биланоқ, ўғлим шодлигидан, қўлимдан ерга тушиб, худди, учиб кетгудек бўлиб югуриб кетди. Йўлида учраган намозхонга қараб:

“-Бу менинг дадам! Аҳмад амаки, қаранг бу дадам бўладилар!...Фаҳд амаки, мана мени дадам... Дадам...Дадам...Дадажоним..” дер эди шошилиб.

Жажжи даъватчининг намозхон дўстлари келишиб, унинг дадасини намоз неъматига мушарраф бўлгани ва кўп йиллардан сўнг, ниҳоят, масжидга қайтгани билан табриклашар, муборакбод этишарди.

* * *

Шайх айтадилар: “Валлоҳи, бир вақтлар, кибр ва бахиллик зоҳир бўлиб турган, юзини ғубор қоплаган кишидан, нур ёғилиб турган, очиқ юзли инсонга айланган ўша кишини кўрдим… Юзини чиройли қилиб қўйилган соқол безаб турарди... У билан суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, у, ҳар жума эрталабдан туриб олиб, типирчилаб, онасидан жума намозига чиқиш учун, ғусл қилдириб, хушбўйликларни суриб қўйишини талаб қилиб турадиган ўғли ҳақида сўзлар эди...

Сўзларини давом эттириб, шайх яна шундай дейдилар: “Болакайни ҳам кўрдим. Кўчада, болалар билан югуриб, терлаб-пишиб, ўйнаб юрибди. Ўзимча фикр қилдим: “Биз катталар, ёши улуғлар, даъват майдонида сусткашлигимиз сабабли, омадсизликка учраб турганимизда, шу ўйноқлаб юрган жажжи даъватчи биздан кўра илғорроқ ва омадлироқ эмасми?!...”

* * *

Сўнг.. Аллоҳ азза ва жалла бирон ишни ирода этса, уни амалга ошиш сабабларини албатта, пайдо қилади. Аллоҳ Ўзининг ибодатида улғайтирган ва Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақлаган болакай қандай ҳам ажойиб, шундай эмасми?

Ўйлаб қолади, киши. Ичимиздаги айрим оталар, кун келиб, фарзандлари уларни масжидлар сари етаклашларини кутиб ўтирибдиларми?... Қайтанга, хайрли ишларда улар фарзандларига етакчи ва кўмакчи бўлишни ўрнига-я?.. Ёки бу кетишда, таълим-тарбия тушунчалари ўзгариб, фарзандлар оталарни тарбиялашга ўтиб қолинадими?...

Афсусуки, орамизда қанчалар ибратлар бору, лекин, жуда кам ибрат оламиз!..

Манба: Интернетдаги “Сойдул фавоид” сайти. www.saaid.net
Муаллиф: Мусо Муҳаммад Ҳажжод Аз-Заҳроний
Мутаржим: Вадуд Аҳмад
1423 йил, сафар ойининг 20-си, 2003 йил, 22-апрел