Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Эътикоф аҳкомлари

4785 марта кўрилган

Абдуллоҳ Солиҳнинг «Рамазонни қандай ўтказишимиз керак» ва
Муҳаммад Иброҳим Наим: «Умрни узайтириш йўллари» китобларидан иқтибос

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Эътикофнинг шартлари

1. Одамнинг мусулмон, ақлли ва балоғатга етган бўлиши;

2. Ният;

3. Масжидда бўлиши;

4. Жанобат, ҳайз ва нифос қонларидан тоза бўлиш.

Эътикоф қилган одамга мустаҳаб бўлган нарсалар

1. Намоз ва Қуръон тиловати каби тоат-ибодатларни мўл қилиш.

2. Фойдасиз бўлган сўзлардан, жанжал, тортишув ва сўкинишдан сақланиш.

3. Масжид ичидаги бир ердан ажралмаслиги. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Нофеъ разияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзларни нақл қилди. Нофеъ деди: «Ибн Умар (яъни Абдуллоҳ) менга масжиддаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилган ерни кўрсатди».

Эътикофдаги одамга мубоҳ (рухсатли) бўлган нарсалар

1. Зарурий эҳтиёж учунгина ташқарига чиқиш.

Оиша разияллоҳу анҳо деди: «Касални зиёрат қилмаслик, жанозага иштирок этмаслик, хотинларга кўл теккизмаслик ва улар билан қовушмаслик, зарурий эҳтиёжи учунгина ташқарига чиқиш, эътикофдаги одам учун суннатдир» (Имом Абу Довуд ривояти. Ҳофиз ибн Ҳажар бу нақл ровийлари ишончли эканларини таъкидлаган).

2. Масжидда унинг тозалигига риоя қилиш билан бирга ейиш, ичиш ва ухлаш.

3. Эҳтиёжи қадар сўзлаш ва бошқалар билан гаплашиш.

4. Сочни тараш, тирноқларни олиш, баданини тозалаш, чиройли кийимларни кийиш ва хушбўйланиш.

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилган пайтларида, ҳужрага бошларини киритар ва мен бошларини ювар эдим (бошка бир ривоятда: бошларини тарар эдим)» (Муттафақун алайҳи).

5. Эътикоф қилган еридан оиласини кузатиш учун чиқиш.

Софийя разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини ривоят қилди.

Эътикофдаги одамга макруҳ бўлган нарсалар

1. Олди-сотти қилиш.

2. Ичида ва ташида гуноҳ бўлган сўзларни сўзлаш.

3. Ибодат деб эътиқод қилган ҳолда мутлақо сўзлашдан тийилиш.

Эътикофни бузадиган нарсалар

1. Масжиддан оз бўлса-да, ташқарига заруратсиз чиқиш.

2. Жинсий алоқа қилиш.

3. Телбалик ёки мастлик сабабли ақлсиз ҳолатга келиш.

4. Муртадлик (Аллоҳ бундан ўзи сақласин!).

5. Таҳоратни бузгани учун ҳайз ва нифос қонларининг келиши.

Эътикофга кириш ва эътикофдан чиқиш вақти

Эътикоф, масжидга кириш ва у ерда туриш билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни ният қилиш билан бошланади. Агар одам рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга киришга ният қилса, масжидга рамазоннинг йигирманчи куни Қуёш ботишидан аввал киради ҳамда рамазон ойининг охирги куни Қуёш ботганидан сўнг эътикофидан чиқади.

Эслатмалар:
  1. Эътикоф қилишни нафл ўлароқ бошлаган, кейин эса эътикофини тўхтатган одам, эътикофининг қазосини қилиши, мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаввол ойида эътикофининг қазосини қилган эдилар.
  2. Хотин киши фитнадан саломат бўлиш, эридан изн олиш шарти билангина масжидда эътикоф қилиши мумкин. Агар эридан рухсат олмай эътикофга кирса, эри уни масжиддан чиқариши мумкин. Эътикофнинг хотин-қизларга нисбатан ҳукми, эркакларнинг ҳукми кабидир. Бироқ, хотин-қизлар ҳайз қони кўрсалар, эътикофлари бузилади. Агар қонлари тўхтаб, (ғусл қилиб) тоза бўлсалар, эътикофини келган еридан охирига қадар давом эттирадилар. Эътикофдаги хотин-қизлар масжиднинг эркаклар намоз ўқимайдиган тарафида парда тўсиб олишлари суннатдир.
  3. Масжидул-Ҳаромда эътикоф қилишни назр қилган одамнинг бошқа масжидда шу назр учун эътикоф қилиши мумкин эмас. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида эътикоф қилишни назр қилган бўлса, эътикофини Масжидул-Ҳаром ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида қилиши вожиб. Агар Масжидул-Ақсода эътикоф қилишни назр қилган бўлса, мазкур уч масжиддан бирида эътикоф қилиши вожибдир.