Душанба 25 Сентябрь 2017 | 4 Муҳаррам 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Қурбонлик нима?

6320 марта кўрилган

1. Қурбонликнинг таърифи: Қурбонлик Аллоҳ Таолога яқинлик ҳосил қилиш учун Қурбон ҳайити кунларида сўйиладиган жонлиқдир.

2. Унинг ҳукми: Қурбонлик қилиш ҳанафий уламолар наздида закот нисобидаги молга эга бўлган ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги вожиб амалдир. (Закотда молнинг нисобга етишидан ташқари, унинг тижорат моли бўлиши ва бир йил давомида камаймасдан туриши шарт қилинади, қурбонликда эса бу шартлар йўқ). Баъзи олимлар инсоннинг моли нисобга етиш-етмаслигидан катъий назар, агар у қурбонлик қилишга қодир бўлса ва шу иш сабабли қийналиб қолмаса, унга бу амал таъкидланган суннатдир, дейдилар. Айримлар қурбонлик қилишни хатто фарз ҳам деганлар. Бу ҳукмлар Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзига асосланади: "Раббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг". ("Ал-Кавсар" сураси, 2-оят)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Ким намоздан илгари жонлиқ сўйган бўлса, яна қайта сўйсин". (Муттафақун алайҳи). Абу Айюб ал-Ансорий ривоят қиладилар: "Киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ўзи ва оила аъзолари номидан бир қўй қурбонлик қилар эди". (Термизий ривоятлари)

3. Фазилати: Қурбонлик қилишнинг улуғ амал эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари гувоҳлик беради: "Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир...". (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари, ҳасан ҳадис). Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Қурбонлик ўзи нима?", - деб сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир", - деб жавоб бердилар. "Ундан бизга қандай ажр бор?", - дейишганида эса, у зот: "Ҳар бир туки учун биттадан яхшилик берилур", - дедилар... (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари). Ҳадисларда бу дунёда қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда хозир бўлиб, эгасини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши айтилган.

4. Ҳикмати: Қурбонлик қилишдаги ҳикматлар ҳақида гапирганимизда, улардан қуйидагиларни эслашимиз лозим:

а) Ислом шиорларини улуғлаш; Дин шиорларини ҳурмат қилиш ва улуғлаш иймон аломати бўлиб, бу иш туфайли Ислом мустаҳкамланади, мусулмонларнинг иймонлари зиёдалашади.

б) Бу амал орқали Аллоҳга якинлик ҳосил қилиш; Зеро, Аллоҳ Таоло: "Раббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг", - деб буюрган.

в) Тавҳид аҳлининг имоми Иброҳим алайҳиссалом суннатларини тирилтириш; Аллоҳ Таоло у зотга ўз ўғиллари Исмоилни қурбонлик қилишни ваҳй қилди. Сўнг Исмоилнинг ўрниларига бир қўчқорни эваз қилиб берди. У зот ўгиллари ўрнига ўша қўчқорни қурбонлик қилдилар. Аллоҳ деди: "Уни биз улкан қурбонлик эвазига алмаштириб олдик". ("Ас-Саффот" сураси, 108-оят)

г) Ҳайит куни аҳлу оилага мўл-кўлчилик яратиб бериш ҳамда фақир ва мискинларга нисбатан меҳр-шафқат туйғуларини оммалаштириш;

д) Чорва ҳайвонларини бизга бўйсундириб қўйгани учун Аллоҳга шукрона бажо қилиш; Аллоҳ Таоло дейди: "...Бас ундан енглар ҳамда фақир ва хожатмандни ризқлантиринглар. Уни сизларга мана шундай бўйсундириб қўйдик, шоядки шукр қилсангизлар. Аллоҳга ҳаргиз унинг гўшти ҳам, қони ҳам етмас. Лекин Унга сизлар тарафингиздан бўлган тақво етур..." ("Ал-Хаж" сураси, 36-37-оятлар)

5. Аҳкомлари:

а) Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг ёши. Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш қўй, эчки, мол ва туя каби ҳайвонлардан биронтасини сўйиш орқали амалга оширилади. Қурбонлик қилиш учун танланган қўйнинг бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Буни араб тилида "жазаъ" дейдилар. Қўй совлиқ ёки қўчқор бўлиши мумкин. Қўчқор бўлиши афзал саналади. Маълумки, қўй 6 ойда бир ёшга тўлади. Шунинг учун уни олти ойда бир ёш деб эътибор қилинади. Қўйдан бошқа эчки, сигир ва туяларга келсак, уларнинг қурбонликка яроқли бўлиши учун "саний" бўлиши шарт қилинган. "Саний" мазкур ҳайвонларнинг ёшини белгилайдиган меъёр бўлиб, у эчкининг тўлик бир ёшга кириб, иккига қараб кетганидир. Сигирларда икки ёшга тулиб учга ўтгани, туяда тўлик тўрт ёшга кириб бешинчи йилга ўтгани "саний" бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Сўйсангиз фақат "мусинна" ни сўйинглар. Агар бу сизларга оғирлик қилса, унда қўйдан "жазаъ" сўйинглар". (Муслим ривоятлари). Ҳадисни шарх қилган олимлар "мусинна" деганда чорва ҳайвонларнинг "саний" си тушунилади, дейдилар. Санийнинг нима эканини ҳозир айтиб ўтдик. Қўй, эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва молни етти киши шерик бўлиб қурбонлик қилиши мумкин.

б) Қурбонлик ҳайвонининг соғлом бўлиши. Қурбонликка аталган жонлиқ жисмонан ҳар қандай нуқсондан холи, ўзи соғ бўлиши керак. Ҳайвоннинг кўзи ғилай ёки оёғи чўлоқ ё эса шохи тагидан синган, қулоғи тагидан бутунлай кесилган бўлса, у қурбонликка яроқли ҳисобланмайди. Шунингдек, бирор касаллик билан касалланган, жуда ҳам озиб кетган жониворларни қурбонлик қилиш ҳам ножоиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Жонлиқнинг тўрт тури қурбонликка яроқли эмас: ғилайи, касали маълуми, чўлоғи, ориғи". (Термизий ривоятлари).

в) Қурбонлик қилишда энг афзал саналадиган ҳайвон. Қурбонлик қилинаётган чорва ҳайвонларининг ичида энг афзали - икки кўзи атрофига ва оёқларига қора ранг аралашган шохли, семиз, оқ қўчқордир. Чунки мана шундай сифатли қўйни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрганлар ва қурбонлик қилганлар. Оиша онамиз айтадилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шохли, семиз қўчқорни қурбонлик қилдилар". (Термизий ривоятлари).

6. Қурбонлик вақти: Қурбонлик вақти ҳайит куни эрталаб ийд намозидан сўнг бошланади. Намоздан олдин қурбонлик қилиш ҳисобга ўтмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким намоздан илгари жонлиқ сўйса, фақат ўзи учун сўйган бўлади. Ким намоздан кейин сўйса, қурбонликни тўлиқ қилиб, мусулмонлар суннатига мувофиқ иш қилган бўлади", - деганлар. (Бухорий ривоятлари). Ҳайитдан кейинги иккинчи, учинчи кунларга келсак, уларда ҳам қурбонлик қилиш мумкин. Лекин афзали ҳайит намози ўқилган биринчи кундир. Имом Абу Ҳанифа наздларида биринчи, иккинчи ва учинчи кунларда қурбонлик қилиниши жоиз. Ҳайитнинг тўртинчи куни сўйилган ҳайвон қурбонлик ҳисобига кирмайди. Имом Шофеъий тўртинчи кунни ҳам қурбонлик кунидан деб ҳисоблайдилар.

7. Жонлиқ сўйишда мустаҳаб бўлган ишлар: Ҳайвонни сўяётганда уни қиблага қаратиб ётқизиш мустаҳабдир. Жонлиқка пичоқ тортаётган маҳал: "Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар", - дейилади ёки: "Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар, аллоҳумма ҳаза минка ва лака", - деб айтилади. Бунинг маъноси: "Аллоҳнинг номи билан сўяман. Аллоҳ буюкдир. Эй Аллоҳим, бу қурбонлик Сен тарафингдан ва Сенга аталгандир". Ҳайвон сўйишдаги зикрлар Куръоннинг ушбу ояти билан собит бўлган: "Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсадан еманглар". ("Ал-Анъом" сураси, 121-оят).

8. Жонлиқ сўйишни бошқага топширишнинг жоизлиги: Мусулмон қурбонлигини бевосита ўзи бўғизламоғи мустаҳабдир. Уни ўз номидан бошқага сўйдирса ҳам жоиз бўлади. Бу борада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ.

9. Қурбонлик гўштининг тақсимоти: Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиш мустаҳаб саналади. Бир қисмини ўзи аҳлу оиласи билан истеъмол қилади. Яна бир қисмини фақир, бева-бечораларга садақа қилади. Учинчи қисмини ёру биродарлари, қўни-қўшниларига ҳадя қилади. Бунга далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: "Ундан енглар, сақлаб қўйинглар ва садақа қилинглар". (Муттафақун алайҳи). Яна қурбонлик гўштини бутунлай садақа қилиб юбориш ҳам, ундан бирон бўлакни ҳадя қилмай, фақат ўзи ишлатиши ҳам жоиздир.

10. Қурбонликни сўйган қассобнинг хаққи бошқа нарсадан берилиши керак: Қассобга хизмат ҳаққи сифатида қурбонлик гўштидан берилмайди. Бунга далил шуки, Али разияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллаху алайҳи ва саллам мени қурбонлик устида туриб, гўшти, териси ва жунларини садақа қилиб юборишимни ва қассобга қурбонликдан бирон нарса бермаслигимни буюрдилар". Сўнг дедилар: "Биз қассобга ўзимиздан бирон нарса берар эдик". (Муттафақун алайҳи).

11. Бутун бир оиладан биргина қўй кифоя қиладими? Оила бошлиғи ўзи ва оиласининг номидан битта қўй сўйса кифоя қилади. Абу Айюб разияллоҳу анҳу айтадилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида киши ўзи ва оила аъзолари номидан битта қўй қурбонлик қиларди". (Термизий ривоятлари, сахих)

12. Қурбонлик қилишни ният қилган одам нимадан четлашади? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар: "Агар сизлардан ким Зулҳижжа ҳилолини кўрса ва қурбонлик қилмоқчи бўлса, то қурбонлик қилмагунича сочини ва тирноғини олишдан тийилсин". (Муслим). Уламолар мазкур ишларни қурбонлик қилувчи одам учун кучли макруҳ санайдилар.

13. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутун уммат номидан қурбонлик қилганлари: Мусулмонлардан ким қурбонлик қилишдан ожиз бўлса, унга ҳам албатта қурбонлик қилувчилар савобидан тегади, иншоаллоҳ. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўчқорни қурбонлик қилган пайтларида унинг бирини: "Эй Аллоҳим, бу мендан ва умматим ичида қурбонлик қилолмаганлардан", - деб сўйганлар. (Ахмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Аллоҳ Таолодан барчамизнинг дунё ва охиратимизни обод қилишини, молу дунёимизга барака ато этиб, ҳар йили ушбу хайрли амалда иштирок этишга муваффақ қилишини сўраймиз.

(Мусулмон Ўзбекистон веб сахифасидан олинди)