Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Зулматларни ёритувчи чироқлар

5891 марта кўрилган

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад, аҳли байтлари, саҳобалари ва тобиинларга Аллоҳ субҳанаҳу томонидан беҳисоб дуруду салавотлар бўлсин!

Кейин...

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга учрашиб, у кишининг даъватларига ижобат этиб, иймон келтириб ва мана шу иймон билан дунёдан ўтган зотларни «саҳобалар» дейилади. Ўша саҳобалар пайғамбаримиздан нақл қилишган сўзларга "ҳадис" дейилади. Саҳобаларнинг ўзларидан нақл қилинган сўзларга эса "асар", деб, айтилади.

Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларига ижобат этган, биринчи бўлиб имон келтирган улуғ саҳоба, биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан нақл қилинган бир асарда, у зот айтадилар:

«Зулматлар бешта, уларни ёритгувчи чироқлар ҳам бештадир:

1 – Дунёга муҳаббат қўйиш зулмат, унинг чироғи эса, тақводир.

2 – Гуноҳ қилмоқ зулмат, унинг чироғи тавбадир.

3 – Қабр зулмат, Ла илаха иллаллоҳ Муҳаммадур-Расулуллоҳ унинг чироғидир.

4 – Охират зулмат, унинг чироғи эса, солиҳ амалдир.

5 – Сирот (жаҳаннам устига тортилган кўприк) зулматдир. Унинг чироғи, яқийн – шаксиз иймондир». (Мунаббиҳот: 55-саҳифа)

Биз қуйидаги саҳифаларда у зот розияллоҳу анҳунинг ушбу сермазмун сўзларини бақадриҳол шарҳлаб беришга ҳаракат қиламиз. Аллоҳнинг мадади ила мақсадга кўчиб айтамизки:

Аллоҳ таолонинг бу дунёдаги сир-асрорларидан бири; ҳаётда қарама-қаршиликни яратишидир. Бу эса, ҳаётнинг бардавом бўлиши учун муҳим сабаблардандир. Кеча билан бирга кундузни, қуруқлик билан денгизни, ҳаёт ва ўлимни, кучли ва кучсизни, ғазабнок ва ҳалимни, узун ва қисқани, ҳақ ва ботилни, кўр ва кўрувчини ва ҳоказоларни яратганлиги юқоридаги сўзимизнинг ёрқин намунасидир. Ҳаётда бирор нарса йўқки, унинг қарама-қаршиси – зидди бўлмаса. Демак, қарама-қаршилик ҳаёт қонунларидан бири экан.

Бинобарин, Аллоҳ таоло ҳаётда зулмат (қоронғилик)лар билан бирга нур (ёруғлик, зиё)ларни ҳам яратди. Зулматлар икки хил: ҳақиқий ва маънавий бўлади. Ушбу икки турдаги зулматларни ёритгувчи чироқлар ҳам мавжуддир. Яъни, зулматлар ҳақиқий ва маънавий бўлгани каби, нурлар ҳам ўз навбатида ҳақиқий ва маънавий бўлади.

Биз юқорида зикр қилганимиз – Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сўзларида иккита маънавий – дунёни яхши кўриш ва гуноҳкорлик зулматлари ва учта ҳақиқий – қабр, охират ва сирот(жаҳаннам устига ўрнатилган кўприк)даги зулматлар ва уларни ёритгувчи чироқлар ҳақида сўз юритилади.

1 – Дунёга муҳаббат қўйиш зулмат унинг чироғи эса, тақводир
Биринчи зулмат: Дунёга муҳаббат қўйиш

Аллоҳ таоло ҳаёти дунёни "Ҳадид" сурасининг йигирманчи оятида мана бундай васф этади: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурур, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада ҳаёти дунё нималардан иборат эканлиги ва банданинг ушбу ҳаёти дунёга машғул бўлиб қолиши уни охратдан ва ҳаёти дунёдалик чоғида бажариши лозим бўлган ибодатлардан тўсиб қўйишини баён қилиб бермоқда.

Имом Шавконий ушбу оятнинг тафсирида мана бу сўзларни айтганлар: «Аллоҳ таоло (аввалги оятда) иккинчи гуруҳ кишилар (яъни, кофирлар) томонидан содир бўлган куфр, оятларни тасдиқ этмай, уларни ёлғонга чиқариш каби ишларни зикр қилди. Кейин эса, уларнинг бу кирдикорларига асосий сабаб дунёга мойилликлари ва унинг салбий таъсири бўлгани учун ҳам, бу дунёни охиратга ва ундаги неъматларга асло алиштириб бўлмайдиган ҳақир бир нарса эканлигини баён қилиб берди.

У Буюк Зот аввало ҳаёти дунёни ўйин-кулги деб атади. Ўйин-кулги инсонни барча хайрли ишлардан ман қилиб, умрнинг бесамар кетишига бош сабабдир. Инсонни барча ҳуда-беҳуда ишлар билан банд қилиб, ухровий ишларни амалга оширмоғига тўсиқ бўлган омиллар барчаси ўйин-кулги қаторига кўшилади.

Охират учун амал қилишни қўйиб, дунёнинг зеб-зинатига берилиб кетмоғимиз инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шу боис Аллоҳ таоло иккинчи навбатда ҳаёти дунёни зеб-зийнат – дунё матоси билан безаниш – деб номлади.

Учинчи навбатда эса, уни (яъни, ҳаёти дунёни) ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш деб айтди. Ушбу мақтаниш турлича бўлади; баъзилар қадди қомати, куч-қуввати билан мақтанса, баъзилар мол-дунёси билан, яна бировлар насл-насаби билан мақтанади. Жоҳилийят даврида араблар мана шу насл-насаб билан мақтанишар – фахрланишарди.

Аллоҳ таоло ҳаёти дунёга тўртинчи бора таъриф берганда уни: "мол-дунё ва фарзандларни кўпайтиришдир",- деб, зикр қилди. Яъни, одамлар мол-дунё ва фарзандларни кўпайтириб, ўз гумонларича: бизлар бой, беҳожат кишилар бўлиб қолдик,- деб ўйлаб, уларнинг даражаларига етмаган фақир кишиларга таҳқир назари билан боқадилар.

Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ҳаёти дунёга бошқа бир ташбиҳ билан мисол келтириб айтади: «...(У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр).... то оятнинг охиригача». Бу ўхшатишнинг лўнда маъноси: "Албатта ҳаёти дунё бир экинзорга ўхшар. Ўзининг кўкламлиги ва кўркамлиги билан унга қараган ҳар қандай кўзни қувонтирур. Кейин эса, кўп ўтмай қуп-қуруқ пичан, сомонга айланадики, гўё у асло, мавжуд эмас эди деб ўйлайсиз". (Имом Шавконийнинг "Фатхулқадир" номли тафсиридан баъзи қисқартишлар билан мазмунан олинди).

Тўғри, Аллоҳ таоло ҳаёти дунё ва ундаги ноз-неъматларнинг барчасини инсон учун яратган. Улар ҳаром ҳам, макруҳ ҳам эмас. Бироқ бу нарсалар охират йўлига ғов бўлиб, инсонни Тўғри Йўлдан адаштирадиган бўлса, макруҳлик ва ҳаромлик томонга ўтиб қолади. Оқил киши эса, ушбу неъматлардан тўғри фойдаланади. Бу неъматлар уни яралишидан асл мақсад бўлган "тоат-ибодат"дан ман қилиб қўйишига асло йўл қўймайди. Балки, бу неъматларни у Раббига ибодат қилишда, Унинг ҳузурида олий мақомларга эришишда ўзига ёрдамчи қилиб ишлатади.

Саҳобаларнинг ҳаёти дунёни қандай тушунганлари

Саҳобайи киром розияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан таълим олган билимлари билан ҳаёти дунёнинг маъносини тўғри идрок этишди. Улар ҳаёти дунёни охиратга ўтиладиган бир йўлак деб тушинишиб, ундаги муомалаларини мана шу тушунча асосида юргизишди. Ҳаёти дунё уларнинг охират фикридан йироқлашиб қолишларига асло сабаб бўлмади. Улар дунё қалбга ўрнашиб олиб, унга эгалик қиладиган бўлса, бандани охират фикридан узоқлаштириб юборишини яхши тушунишди. Чунки, у қалбга хўжайин бўлиб олса, албатта уни охират йўлини кўра олмайдиган қилиб қўйишини яхши англашди. Бу ҳақиқатни яхши билган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари дунёни орқаларига улоқтириб, қалбларини бу дунёнинг кирлигидан пок тутишди. Улар бу дунёга кўнгил бермай, уни тарк этишди. Балки, уни қоронғи бир зиндон деб ҳисоблашди. Шу боис улар бу дунёдан чинакамига юз ўгиришди. Агар улар хоҳлашса эди, ҳаёти дунёдаги роҳат-фароғат ва кўнгилга марғуб нарсаларга эришишарди. Раҳнамолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дунё хазиналарининг калитлари рўбарў қилинган пайтда ҳам, уни ўз ихтиёрлари билан рад қилдилар. Саҳобалар ҳам бу дунёнинг бойликлари оқиб келган чоғида, охиратдаги насибамиздан маҳрум бўлиб қолмайлик деб, уни тарк этишди. Бир сўз билан айтганда улар бу дунёни қарор топиб турадиган жой эмас, балки, у охиратга ўтиб кетиладиган бир йўлак, у шодланиб, хотиржам яшайдиган уй эмас, балки, у мусофир киши дам олиш учун бир қўниб ўтиб кетадиган жой, бошқача таъбир билан айтганда; ёз кунлари гоҳида бир кўриниб қоладиган кейин тезда тарқалиб кетадиган бир парча булут мисолида деб билишди. (Алфавоид/ Ибнулқаййим)

Танбеҳ: Кимки, бу дунёни ўткинчи бир нарса, қарор топиб, шод-хуррам яшаб туриладиган жой эмас, мусофир бир қўниб ўтадиган манзилгина, холос деб билмай, уни ўзининг ўзгармас қароргоҳи деб билиб, ундаги ўйин-кулги, зеб-зийнат ва мақтанишларга маҳлиё бўлиб ва унда мол-дунё ва фарзандларни кўпайтириб, унинг мастлигида камбағал бечораларни унутиб, охиратни ва унга тайёргарликни эсдан чиқарса, шубҳасизки, ундай шахс қоронғи-зулматга кириб қолади. Бу каби қоронғи-зулматга кириб қолган кишининг ҳеч нарсани кўра олмаслиги маълумдир. Демак, у бу ҳаёти дунёда ҳеч нарсани кўра олмайдиган аъмо(кўр) киши каби яшайди. Ўзини охиратга олиб борадиган Тўғри Йўлни ҳам топа олмайди. Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни оёғининиг остини ҳам кўра олмайдиган аъмо (кўр) қилиб тирилтирган пайтда: «У: "Парвардорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку"...» (Тоҳа: 125) деб қолади. Шунда Аллоҳ таоло унга, унинг бу ҳолга тушиб қолишига ҳаёти дунёда Аллоҳнинг оятларини унутганлиги сабаб бўлганини эслатиб: «..."Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўжизаларимиз келганида уларни ("кўрмадинг") – унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай "унутилурсан"» (Тоҳа: 126) деб,— жавоб қайтаради.

Аллоҳ таоло айтади: «Кимки бу дунёда кўр-гумроҳ экан, бас, у Охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир». (Ал-Исро: 72)

Азиз ўқувчи, юқорида айтган сўзларимизга эътибор берган бўлсангиз, сизга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг "Дунёга муҳаббат қўйиш зулматдир", деган сўзлари нақадар тўғри эканлиги намоён бўлади. Ҳа, ҳаёти дунёнинг нималардан иборат эканлигини тўғри идрок этган улуғ саҳоба Абу Бакр разияллоҳу анҳу унга муҳаббат қўйиш зулмат эканини айтиб, кейин у зулматни ёритгувчи чироқ нимадан иборат эканини ҳам, баён қилиб: "Бу зулматни ёритгувчи чироқ тақводир",— дедилар.