Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Расулуллоҳ севгиси ва унинг аломатлари

4124 марта кўрилган

Муаллиф: Шайх Фазл Илоҳий
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Кириш

Шубҳасиз барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамдлар айтиб, Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Нафсимизнинг ёмонликлари ва ёмон амалларимиздан Унга сиғинамиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилгувчи зот йўқдир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Унинг шериги ҳамда тенги йўқ эканига, Муҳаммад Унинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик бераман. Унга, унинг оиласи, саҳобалари ва унга яхшиилк билан эргашган барчага салавоту саломлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча махлуқлардан кўра кўпроқ суюш, бандаларнинг бурчи эканлигида ҳеч шубҳа йўқдир. Бунинг дунё ва охират ҳаётида катта ижобий самаралари бор. Бироқ, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севгисини даъво қилган айрим шахслар меъёрдан ошаётган бўлсалар, айримлари бу муҳаббатнинг маъносини ўта тор олмоқдалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг аҳамияти, самаралари ва ҳақиқий маъноси ҳақида аввало ўзимни, сўнгра дўстларимни огоҳ қилиш ҳамда шуурларининг очилишида ёрдамчи бўлиши учун, Буюк Аллоҳнинг мадади билан, қуйидаги саволларга жавоб изламоқчи ҳамда бу мавзуни муфассалроқ очмоқчи бўлдим:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг ҳукми нима?

Бу севгининг дунё ва охиратдаги самаралари нима?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш аломатлари нима?

Саҳобалар –Аллоҳ улардан рози бўлсин- ҳаётида бу аломатлар қандай зоҳир бўлар эди?

Ва биз қандай ҳолатдамиз?

Бу мавзуни уч баҳсда, қуйидагича қаламга олдим:

Биринчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун махлуқлардан ортиқ суюшнинг зарур экани.

Иккинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш самаралари.

Учунчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш аломатлари.

Ушбу рисола аслида, Қудратли Аллоҳнинг лутфи билан, илк Саудия Арабистони Умумхавфсизлик Бўлими қошидаги Диний Ишлар Доираси тарафидан ҳафтаномада босилиб чиққан, уни баъзи нашриётлар нақл этиб босган эдилар. Шунинг учун мен, уни қайта кўриб чиқдим: янги қўшимчалар қўшдим, тузатишлар киритдим.

Буюк ва қудрати чексиз бўлган Аллоҳ таолодан ушбу қилган ишимни Ўз ризолигига етиш учун васила, менга ва буни ўқиган китобхонларга молу дунё ва фарзандлар наф бермайдиган бир кунда фойдали қилишини, барчамизга Ўзини ҳамда пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшни насиб этиши ҳамда мангу неъматлари бўлган жаннатига у билан бирга киритиб, марҳаматлар қилишини сўраймиз. У Аллоҳ – барча нарсани эшитувчи ва дуоларни қабул қилувчи Зотдир!

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, Унинг оиласи, саҳобалари Унга яхшилик билан эргашган барчага салавоту саломлар ва баракотлар йўлласин!

Биринчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча махлуқотдан ортиқ суюшнинг зарурати

Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюш иймоннинг бир парчаси эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жон, ота-она, фарзанд, оила аъзолар, молу дунё ва барча инсонларни севгандан кўра кўпроқ суюш зарур эканини ифода этган жуда кўп насс – оят ва ҳадислар бор. Уни бундай суймаган банда ўзини дунё ва охиратда Аллоҳнинг азобига гирифтор қилади. Қуйида бу нассларнинг баъзиларини эслатиб ўтмоқчимиз:

А – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жонимиздан ҳам ортиқ суюшимизнинг зарурати

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Ҳишом разияллоҳу анҳудан нақл қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша пайтда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг қўлларини ушладилар. Умар разияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг расули! Мен сизни ўз жонимдан бошқа барча нарсадан кўра яхши кўраман!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Жоним қўлида бўлган Зот номига қасам ичиб айтаманки, мени ўз жонингиздан ҳам ортиқ суймагунингизча бўлмайди!"- дедилар.

Шу заҳоти Умар разияллоҳу анҳу: "Мана ҳозир Аллоҳга онт ичиб айтаманки, Сизни ўз жонимдан ҳам ортиқ суймоқдаман" деганида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мана энди бўлди, эй Умар!"- дедилар (Имом Бухорий ривояти: 6632, 11 / 523).

Машҳур олим Авний раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:"Жоним қўлида бўлган Зот номига онт ичиб айтаманки, мени ўз жонингиздан ҳам ортиқ суймагунингизча бўлмас!" сўзларини "Иймони комил бўлмас", "Мана энди бўлди" деган сўзларини эса: "Иймонингиз камолига етди" дея тафсир қилди ("Умдатул-қорий", 23 / 169).

"Жоним қўлида бўлган Зот номига онт ичиб айтаманки" жумласининг диққатни жалб этган томони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қасам ичишларидир. Зотан, қасам ичмаса ҳам айтган барча сўзлари тўғри бўлган зотнинг сўзлари, қасам ичганидан сўнг қандай бўлиши мумкин?! Чунки қасам, айтилган сўзнинг маъноларини яна ҳам таъкидлаш учун истеъмол қилинади ("Умдатул-Қорий", 1 / 143).

Б - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ота-она ва фарзанддан ҳам ортиқ суюшнинг зарурати

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Жоним қўлида бўлган зотга онт ичиб айтаманки, сизлардан бирингиз мени отаси ва фарзандидан ортиқроқ суймагунича тўла иймон келтирган бўлмас" (Имом Бухорий: 14; 1 / 58).

Кўриниб турганидек, ростгўйлиги тасдиқланган Зот қасам ичмоқда (Унга салавоту саломлар бўлсин).

Ажабо, она ҳам (ҳадисда зикри келган) "ота" сўзининг маънолари остига кирадими ёки йўқми? Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу саволга қуйидагича жавоб берган: "Агар "волид" сўзи билан фарзанди бўлган кимсани қасд қилинаётган бўлса, маъно умумийдир. Бошқача қилиб айтсак, икки зиддан бирини зикр қилиш билан кифояланилганидек, бу ерда ҳам мисол ўлароқ келтирилган бир исмдан, бутун севимли инсонлар назарда тутилгандир. Яъни, барча қийматли махлуқлардан ҳам ортиқ суймагунча...", демакдир" (Фатҳул-Борий, 1 / 59).

В – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз жуфти, мол-дунёси ва бутун махлуқлардан ҳам ортиқ суюшнинг зарурати

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини ривоят қилди: "Банда Мени жуфти, мол-дунёси ва барча инсонлардан кўра ортиқ суймагунча комил мўъмин бўлмас!" (Имом Муслим ривояти: 69, 1 / 67. Ушбу ҳадисни айни шаклда Ҳофиз Абу Яъло ўз "Муснад"ида ривоят қилди: 3895; 7 / 8).

Г – Бирон бир махлуқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ортиқ суйган кимсага таҳдид

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ота, фарзанд, жуфт ёки қариндош-уруғидан биронтаси, тижорати ёки турар-жойларини Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан кўра ортиқ севган кимсани илоҳий жазо билан қўрқитмоқда: "Айтинг: Агар оталаринигз, фарзандларингиз, қариндошларингиз, жуфтларингиз, уруғингиз, эришган бойлигингиз, инқирозга юз тутишидан қўрққан тижоратингиз ва рози бўлган турар-жойларингиз Аллоҳ, Расулуллоҳ ва Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан кўра севимлироқ бўлса, Аллоҳ амри (азоби)ни олиб келгунича кутинг! Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас!" (Тавба: 24).

Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятни: "Яъни, Аллоҳ, Расулуллоҳ ва Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан севимлироқ бўлса, бунинг бошингизга келтирадиган жазосини кутинг!"- дея тафсир қилди (Рофиъий "Мухтасару ибн Касир", 2 / 324).

Мужоҳид ва Ҳасан раҳимаҳуллоҳлар Аллоҳ таолонинг "Аллоҳ ўз амри (азоби)ни олиб келгунича" оятини: "Дунё ёки охиратда унинг жазосини кутингиз!" дея тафсир қилдилар (Қуртубий, 8 / 95-96).

Буюк аллома Замахшарий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида: "Бу ояти карима жуда ҳам оғир ҳукмни ўз ичига олган. Бундан кўра оғирроқ ҳукмни ўз ичига олган бошқа бир оятни кўрмайсиз"- деди (Кашшоф, 2 / 181).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ эса: "Ояти каримада Аллоҳ ва Унинг расулини суюшнинг фарз эканига ҳужжат бор. Бу хукмга барча уламолар якдил фикр билдирганлар. Ўзига хос бу муҳаббат, севилган барча нарсадан олдин келиши шартдир"- деди (Қуртубий, 8 / 95. Шайх Абу Бакр Жазоирий "Айсарут-Тафасир"2 / 177).

Иккинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшнинг самаралари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг севгимизга эҳтиёжи йўқ эканини айтишга ҳожат бўлмаса керак. Бизнинг севгимиз унинг мақомини кўтармаганидек, севмаслигимиз унинг мақоми ва шарафини пасайтирмайди. Қандай ҳам пасайтирсин? Ахир у - Оламлар Роббиси суйган банда-ку!!

Бундан ташқари, ундан ўрнак олиб эргашган кимсани Аллоҳ яхши кўради ва гуноҳларини кечиради: . «Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Оллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Оллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Оллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир».(Оли Имрон: 31).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатидан уни суйганларгина фойдаланиб, дунё ва охиратдаги бахт-саодатни қўлга киритадилар. Шу ерда бу бахтиёрликни тафсилоти билан баён қилиш учун мисоллар келтирсак фойдадан холи бўлмаса керак.

1. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суюш, иймон лаззатини қўлга киритиш сабабларидан биридир.

Қудратли Роббимиз иймон лоззатини қўлга киритиш учун сабаблар шодасини териб қўйди. Улардан бири - Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни Борлиқдаги барча мавжудотдан кўра ортиқроқ суюшдир. Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Уч хислат борки, улардан биронтаси кимда бўлса, у одам иймон лаззатини топади: Аллоҳ ва расулини бошқалардан кўра кўпроқ суймоқ, севган кишисини Аллоҳ учун севмоқ ва оловга ташланишини ёқтирмаганидек куфрга қайтишни ёқтирмаслик" (Имом Бухорий, 16; 1 / 60; Имом Муслим: 43; 1 / 66. Бу ерда келтирилган лафз Имом Бухорийникидир).

Уламолар айтган сўзларга қараганда, иймон ҳаловатини топишнинг маъноси – ибодатлардан лаззат олиш, дин йўлидаги машаққатларга сабр қилиш ва буни дунё манфаатларидан устун кўриш, демакдир (Нававий шарҳи, "Фатҳул-Борий": 1 / 61).

Аллоҳим! Эй Оламлар Роббиси, бизни бу ширин меванинг тотидан маҳрум этма!

2. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган у билан охиратда бирга бўлади

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган банда охиратда, албатта, у билан бирга бўлади.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас разияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда шундай дейилади: "Бир одам расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: "Эй Аллоҳнинг расули, Қиёмат қачон бўлади?", деб сўради. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Қиёмат учун нимани ҳозирладинг?"- дедилар. Ҳалиги одам: "Аллоҳ ва расулига бўлган севгини!"- деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳеч шубҳа йўқки, сен суйганларинг билан бирга бўласан"- дедилар". Анас разияллоҳу анҳу: "Ислом динини қабул қилган кунимиздан буён Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг "Ҳеч шубҳа йўқки, сен суйганларинг билан бирга бўласан" деб айтган сўзларидан севинганимиздек севинмаган эдик", деди.

Анас разияллоҳу анҳу: "Мен Аллоҳ, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумоларни яхши кўраман. Менинг қилган амалларим уларнинг қилган амаллари олдида арзимас бўлсада, улар билан бирга бўлишни орзу қиламан"- деди (Имом Муслим, 2639; 4 / 2032 – 2033. Бунга ўхшаган бир ҳадисни имом Бухорий ҳам ривоят қилди. Қаранг: 6167; 10 / 553).

Имом Бухорий ва имом Муслим келтирган бошқа бир ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай деди: "Бир одам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: "Эй Аллоҳнинг расули, бир жамоани яхши кўришига қарамай улардек яхши амалларни қила олмаган одам ҳақида нима дейсиз?"- деб савол берди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Киши ўзи суйган одамлар билан бирга бўлади", деб жавоб бердилар" (Имом Бухорий: 6169; 10 / 557; Имом Муслим: 2640; 4 / 2034. Ҳадис лафзи имом Бухорийникидир).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: "Киши ўзи суйган одамлар билан бирга бўлади" дейишларидан мақсад: "У билан жаннатда бирга бўлади", демакдир (Умдатул-Қорий, 22 / 197).

Аллоҳу Акбар! Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни суйган кимсанинг мукофоти нақадар катта экан-а!!