Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

085. Пешин ва аср намозларидаги қироат

3518 марта кўрилган

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ لَقَدْ كَانَتْ صَلاةُ الظُّهْرِ تُقَامُ فَيَذْهَبُ الذَّاهِبُ إِلَى البَقِيعِ فَيَقْضِي حَاجَتَهُ ثُمَّ يَتَوَضَّأُ ثُمَّ يَأْتِي وَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الرَّكْعَةِ الأُولَى مِمَّا يُطَوِّلُهَا (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу шундай дейди: Пешин намозига такбир айтилар, шундан сўнг бирон эҳтиёжи бор одам бориб Бақеъда ҳожатини адо этиб, сўнг таҳорат олиб келарди, ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни узоқ ўқиганларидан ҳали биринчи ракъатда бўлардилар.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي بِنَا فَيَقْرَأُ فِي الظُّهْرِ وَالعَصْرِ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الأُولَيَيْنِ بِفَاتِحَةِ الكِتَابِ وَسُورَتَيْنِ وَيُسْمِعُنَا الآيَةَ أَحْيَانًا وَكَانَ يُطَوِّلُ الرَّكْعَةَ الأُولَى مِنْ الظُّهْرِ وَيُقَصِّرُ الثَّانِيَةَ وَكَذَلِكَ فِي الصُّبْحِ (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан бирга намоз ўқирдилар, пешин ва асрнинг аввалги икки ракъатида “Фотиҳа” сурасини ва иккита сура ўқирдилар, гоҳо оятни бизга эшиттириб қўярдилар. Пешиннинг биринчи ракъатини узунроқ, иккинчисини қисқароқ ўқирдилар. Бомдодда ҳам шундай қилар эдилар.

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الظُّهْرِ بِاللَّيْلِ إِذَا يَغْشَى وَفِي العَصْرِ نَحْوَ ذَلِكَ وَفِي الصُّبْحِ أَطْوَلَ مِنْ ذَلِكَ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозида “Вал-лайли иза яғша” ва асрда ҳам шунга ўхшаш сураларни ўқир эдилар. Бомдодда эса бундан узунроқ сураларни ўқир эдилар.

Шарҳ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ва аср намозларида ўрта сураларни ўқирдилар. Пешин намозининг биринчи ракъатини узунроқ ўқирдилар, ҳатто киши такбир айтилганда чиқиб ҳожатини бажариб, сўнгра таҳорат олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биринчи ракъатни ўқир эди, аммо иккинчи ракъатни қисқароқ ўқирдилар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Пешиннинг биринчи ракъатини узунроқ ва иккинчи ракъатини қисқароқ ўқиш суннат.
  2. Пешин ва аср намозида ўрта сураларни ўқиш суннат.