Сешанба 21 Ноябрь 2017 | 2 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

005. Аллоҳ таолонинг номи ёдга олинмайдиган мажлислардан узоқ бўлиш

2466 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 18-оятида шундай дейди: «У бирон сўзни талаффуз қилса унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)».

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким бирон мажлисга ўтирса ва – шу ўтирган ўрнида – Аллоҳни зикр қилмаса унга Аллоҳдан “тира” – яъни ноқислик ёки қасос бўлади. Ким бирон ўринга ёнбошласа-ю, Аллоҳ таолони ёдга олмаса унга Аллоҳ таолодан “тира” – яъни ноқислик ёки қасос бўлади».

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси қавм бирон мажлисда ўтирсалару – мажлисларида – Аллоҳ таолони ёдга олмасалар, Пайғамбарларига салавот айтмасалар уларга Аллоҳдан “тира” яъни, қасос бўлади. Хоҳласа уларни азоблайди ва хоҳласа уларни кечиради», дедилар.

Имом Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг зикри бўлмаган гапларни кўпайтирманглар, чунки Аллоҳнинг зикри бўлмаган гапларни кўпайтириш қалбни қорайтиради. Одамларнинг Аллоҳ таолодан энг узоқ бўлгани қалби қорайган кишидир».

Шарҳ:

Одамлар жамланадиган ва суҳбат қурадиган мажлисларнинг бўлиши табиий. Бундай мажлисларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг номи ёдга олинадиган, оят ва ҳадис ўқилиб, дарс қилинадиган мажлисдир. Аммо Аллоҳнинг номи зикр қилинмайдиган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтилмайдиган мажлислар қораланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёмон оқибатидан огоҳлантирган мажлисдир. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам бундай мажлис эгаларининг ажрлари Қиёматда ноқис бўлиши ёки уларда Аллоҳнинг қасоси бўлиши ҳақида хабар бердилар. Бундай мажлисларда вақтлар бефойда ўтказилади, қалблар эса мавъизаларга эримайдиган, эслатмаларни қабул қилмайдиган қаттиқ қаро қалбга айланади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Аллоҳнинг зикри; Истиғфор, илм ўрганиш, амру маъруф ва наҳйи мункар кабилардир. Шулар бўлмаган гапни кўпайтиришдан сақланмоқ.
  2. Аллоҳнинг зикри бўлмаган мажлислардан қочиш ва Аллоҳ ёд қилинадиган мажлисларга харис бўлиш.
  3. Аллоҳнинг зикри бўлмаган, бекорчи кўп гаплар дийданинг қотишига сабаб экан.