Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

320. Жаннатнинг энг пастки даражаси

3477 марта кўрилган

عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ عن رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «سَأَلَ مُوسَى رَبَّهُ مَا أَدْنَى أَهْلِ الْجَنَّةِ مَنْزِلَةً قَالَ هُوَ رَجُلٌ يَجِيءُ بَعْدَ مَا أُدْخِلَ أَهْلُ الْجَنَّةِ الْجَنَّةَ فَيُقَالُ لَهُ أُدْخُلِ الْجَنَّةَ فَيَقُولُ أَيْ رَبِّ كَيْفَ وَقَدْ نَزَلَ النَّاسُ مَنَازِلَهُمْ وَأَخَذُوا أَخَذَاتِهِمْ فَيُقَالُ لَهُ أَتَرْضَى أَنْ يَكُونَ لَكَ مِثْلُ مُلْكِ مَلِكٍ مِنْ مُلُوكِ الدُّنْيَا فَيَقُولُ رَضِيتُ رَبِّ فَيَقُولُ لَكَ ذَلِكَ وَمِثْلُهُ وَمِثْلُهُ وَمِثْلُهُ وَمِثْلُهُ فَقَالَ فِي الْخَامِسَةِ رَضِيتُ رَبِّ فَيَقُولُ هَذَا لَكَ وَعَشَرَةُ أَمْثَالِهِ وَلَكَ مَا اشْتَهَتْ نَفْسُكَ وَلَذَّتْ عَيْنُكَ فَيَقُولُ رَضِيتُ رَبِّ قَالَ رَبِّ فَأَعْلاهُمْ مَنْزِلَةً قَالَ أُولَئِكَ الَّذِينَ أَرَدْتُ غَرَسْتُ كَرَامَتَهُمْ بِيَدِي وَخَتَمْتُ عَلَيْهَا فَلَمْ تَرَ عَيْنٌ وَلَمْ تَسْمَعْ أُذُنٌ وَلَمْ يَخْطُرْ عَلَى قَلْبِ بَشَرٍ قَالَ وَمِصْدَاقُهُ فِي كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ ﴿فَلا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَا أُخْفِيَ لَهُمْ مِنْ قُرَّةِ أَعْيُنٍ﴾ الْآيَةَ» (رواه مسلم)

Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусо алайҳис-салом Роббиларидан: «Жаннатдаги энг қуйи ўрин кимга берилади?»- деб сўрадилар. Аллоҳ хабар бериб деди: «Жаннат аҳли жаннатга киритилгач бир киши келади. Унга «Жаннатга кир!»- дейилади.

- Эй Роббим, қандай кираман? Ахир одамлар ўз ўринларини эгаллаб Ҳожалари берган марҳаматларни олиб бўлдилар-ку? - дейди.

- Дунё шоҳларидан бирининг мулкича мулк сеники бўлса, розимисан?- дейилади. У:

- Парвардигоро, розиман,- дейди.

- Мана шу ва ўшанча, ўшанча, ўшанча ва ўшанчаси сеники,- дейди. Беш баробар бўлганда:

- Парвардигоро, розиман,- дейди банда.

- Сўраганинг ва унинг ўн баробари сеники ҳамда кўнглинг тусаган ва кўзингга ёққан нарса сеникидир, дейди.

- Парвардигоро, розиман,- дейди банда.

Мусо алайҳиссалом:

- Эй Роббим, энг баланд мартаба кимларга берилади?- дедилар. Аллоҳ айтади: Шундай зотларга бериладики, уларни Мен Ўзим танлаб олдим, уларнинг кароматларини Ўз Қўлим билан экдим ва унга Ўзим муҳр қўйдим. У неъматларни кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг кўнглига келмагандир,- деди. Бунинг тасдиғи Аллоҳнинг Китобидаги: «Улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17) оятидир (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

Жаннат неъматлари улкан, ундаги иззат-эҳтиромларнинг васфини келтириш имконсиз, унинг энг қуйи даражадаги кишиси дунё подшоҳларидан бир неча баробар азиз ва мукаррам бўлади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Жаннат неъматларининг улканлиги;
  2. Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагисига ато этиладиган неъматлар дунё подшоҳлари мулкига бир неча баробар бўлиши;
  3. Аллоҳ фазлу марҳаматининг кенглиги.