Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

313. Қиёмат кунидаги даҳшатларнинг қаттиқлиги

3203 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Ҳаж: 1,2).

«Бас, агар сизлар кофир бўлсангизлар (ўз даҳшати билан) болаларни(нг сочларини оқартириб) чолларга айлантириб қўядиган Кун(нинг азоби)дан қандай сақланурсизлар!» (Муззаммил: 17).

عَن الْمِقْدَادِ بْنِ الأَسْوَدِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «تُدْنَى الشَّمْسُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ الْخَلْقِ حَتَّى تَكُونَ مِنْهُمْ كَمِقْدَارِ مِيلٍ قَالَ فَيَكُونُ النَّاسُ عَلَى قَدْرِ أَعْمَالِهِمْ فِي الْعَرَقِ فَمِنْهُمْ مَنْ يَكُونُ إِلَى كَعْبَيْهِ وَمِنْهُمْ مَنْ يَكُونُ إِلَى رُكْبَتَيْهِ وَمِنْهُمْ مَنْ يَكُونُ إِلَى حَقْوَيْهِ وَمِنْهُمْ مَنْ يُلْجِمُهُ الْعَرَقُ إِلْجَامًا قَالَ وَأَشَارَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهِ إِلَى فِيهِ» (رواه مسلم).

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни қуёш халқларга жуда яқин келтирилади, ҳатто бир мил миқдорида қилинади. Шунда одамлар амаллари миқдорига қараб тер ичида бўладилар. Баъзилари тўпиқларигача, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача (терга ботади), айримларини тер юганлаб олади», шундай деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан оғизларига ишора қилдилар (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الْعَرَقَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لَيَذْهَبُ فِي الأَرْضِ سَبْعِينَ بَاعًا وَإِنَّهُ لَيَبْلُغُ إِلَى أَفْوَاهِ النَّاسِ» أَوْ «إِلَى آذَانِهِمْ» يَشُكُّ ثَوْرٌ أَيَّهُمَا قَالَ (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тер қиёмат куни ерда етмиш қулочгача кетади, у одамларнинг оғизларигача ёки қулоқларигача – ровий шак қилган – етади» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

Қиёмат кунининг даҳшати буюк, машаққати оғир, у куни одамларга қаттиқ қийинчилик етади, қуёш яқин келтирилади, амалларига қараб терга ботадилар, тер ерда узоқ масофаларга етади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Қиёмат кунининг даҳшати оғирлиги;
  2. Қуёш одамларга жуда яқин келтирилади, улар қаттиқ терга ботадилар;
  3. Тер ҳар бир кишининг амалига қараб тўпиғидан тортиб оғзигача етади.