Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

308. Арафа куни ҳақида

4007 марта кўрилган

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ أَكْثَرَ مِنْ أَنْ يُعْتِقَ اللَّهُ فِيهِ عَبْدًا مِنْ النَّارِ مِنْ يَوْمِ عَرَفَةَ وَإِنَّهُ لَيَدْنُو ثُمَّ يُبَاهِي بِهِمُ الْمَلائِكَةَ فَيَقُولُ مَا أَرَادَ هَؤُلاءِ» (رواه مسلم)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло Арафа кунидагидан кўра кўп бандаларни жаҳаннамдан озод қиладиган бирон кун йўқ. (У куни) У жуда ҳам яқин келади ва (ҳаж қилувчи бандаларини) фаришталарга мақтаб: «Улар нималарни истадилар?» Яъни: улар оилаларини, ватанларини тарк қилиб, мол-дунёларини сарфлаб, жонларини қийнаб бу ерга мағфират, розилик ва қурбатдан бошқа нимани истаб келдилар?- дейди» (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ عَنْ صَوْمِ يَوْمِ عَرَفَةَ فَقَالَ: «يُكَفِّرُ السَّنَةَ الْمَاضِيَةَ وَالْبَاقِيَةَ» (رواه مسلم)

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Ўтган йилги ва йилнинг қолган қисмидаги гуноҳларга каффорат бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «خَيْرُ الدُّعَاءِ دُعَاءُ يَوْمِ عَرَفَةَ وَخَيْرُ مَا قُلْتُ أَنَا وَالنَّبِيُّونَ مِنْ قَبْلِي لا إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ» (أخرجه الترمذي).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг яхши дуо – Арафа куни қилинган дуодир. Мен ва мендан аввалги пайғамбарлар айтган сўзларнинг энг яхшиси: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр»дир. (Маъноси: Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ. У Ёлғиз, шериксиздир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уники ва У барча нарсага Қодирдир) (Имом Термизий ривояти).

Шарҳ:

Арафа куни Аллоҳ наздида энг улуғ кунлардан. У куни Аллоҳ таоло ҳаж қилаётган бандаларини фаришталарга мақтайди, у кунда кўплаб бандаларини дўзахдан озод қилади, у куннинг рўзаси йилнинг ўтган ва қолган қисмидаги гуноҳларга каффорат бўлади, у кунда қилинган дуо энг афзал дуо саналади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Арафа кунининг фазли, у энг афзал кунлардан экани;
  2. У кундаги рўзанинг фазли, у йилнинг ўтган ва қолган қисмидаги гуноҳларга каффорат бўлиши;
  3. У кундаги дуо энг яхши дуо экани.