Жума 24 Ноябрь 2017 | 5 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

299. Ҳажнинг фарзлиги

1525 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади: «Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «بُنِيَ الإِسْلامُ عَلَى خَمْسٍ شَهَادَةِ أَنْ لا إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهُِ وَإِقَامِ الصَّلاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ وَحَجِّ الْبَيْتِ وَصَوْمِ رَمَضَانَ» (متفق عليه).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом бешта устун устига қурилган: Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, ҳаж қилиш ва Рамазон ойида рўза тутиш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ فَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ الْحَجَّ فَحُجُّوا» فَقَالَ رَجُلٌ أَكُلَّ عَامٍ يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ فَسَكَتَ حَتَّى قَالَهَا ثَلاثًا فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَوْ قُلْتُ نَعَمْ لَوَجَبَتْ وَلَمَا اسْتَطَعْتُمْ» ثُمَّ قَالَ: «ذَرُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ فَإِنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ بِكَثْرَةِ سُؤَالِهِمْ وَاخْتِلافِهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ فَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بِشَيْءٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ وَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عَنْ شَيْءٍ فَدَعُوهُ» (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, дедилар: «Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳаж (ибодати)ни фарз этди, ҳаж қилингиз!» Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ! Ҳар йилими?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бермадилар. Ҳалиги киши юқоридаги саволини уч маротаба такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар «Ҳа» десам (ҳар йили ҳаж қилиш) фарз бўлиб қолади ва сизлар бунга қодир бўлмайсизлар», дедилар. Кейин айтдилар: «Сизларга айтмай қолдирган нарсаларимда мени тинч қўйинглар. (Яъни, ортиқча саволлар берманглар.) Сизлардан олдингилар кўп савол беришлари ва пайғамбарларига хилоф қилишлари сабабли ҳалок бўлганлар. Агар сизларни бир ишга буюрсам, имкониятингиз даражасида уни бажаринглар. Бирор нарсадан қайтарсам, уни тарк этинглар», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

Ҳаж Исломнинг улкан беш рукнларидан биридир. Аллоҳ таоло уни қодир бўлган кишиларга умрда бир бор фарз қилган. Унда мусулмонлар учун кўп диний ва дунёвий манфаатлар ҳосил бўлади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Қодир бўлган кишиларга ҳажнинг фарз экани;
  2. У Исломнинг рукнларидан бири экани;
  3. У умрда бир марта фарз экани.