Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

284. Омонатга хиёнат қилмаслик ва уни адо этишга буйруқлар

3550 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта Биз бу омонатни (яъни шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг (таклиф) қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилувчи ва нодон эди (яъни бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди)» (Аҳзоб: 72).

«Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради» (Нисо: 58).

«Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, омонатли-ишончли кишидир», деди (Қасас: 26).

«Улар (яъни мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилувчи зотлардир» (Маориж: 32).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ بَيْنَمَا النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي مَجْلِسٍ يُحَدِّثُ الْقَوْمَ جَاءَهُ أَعْرَابِيٌّ فَقَالَ مَتَى السَّاعَةُ؟ فَمَضَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُحَدِّثُ فَقَالَ بَعْضُ الْقَوْمِ سَمِعَ مَا قَالَ فَكَرِهَ مَا قَالَ وَقَالَ بَعْضُهُمْ بَلْ لَمْ يَسْمَعْ حَتَّى إِذَا قَضَى حَدِيثَهُ قَالَ: «أَيْنَ أُرَاهُ السَّائِلُ عَنْ السَّاعَةِ» قَالَ هَا أَنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: «فَإِذَا ضُيِّعَتِ الأَمَانَةُ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ» قَالَ كَيْفَ إِضَاعَتُهَا؟ قَالَ: «إِذَا وُسِّدَ الأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرْ السَّاعَةَ»

(رواه البخاري).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мажлисда қавмга гапириб турганларида бир аъробий келиб: «Қиёмат қачон?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлашда давом этдилар. Қавмнинг баъзилари: «Унинг гапини эшитдилар-у, лекин айтган сўзини ёқтирмадилар» дейишди. Баъзилари эса: «Йўқ, эшитмадилар» дейишди. Сўзларини тугатгач: «Қиёмат ҳақида сўровчи қани?» дедилар. «Ҳа, мен, ё Расулуллоҳ» деди. У зот: «Омонат зое қилинса, қиёматни кутавер» дедилар. «Уни зое қилиш қандай бўлади?» деди. «Ишни нолойиқ одамга топширилса, қиёматни кутавер» дедилар (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَلَّمَا خَطَبَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلاَّ قَالَ: «لا إِيمَانَ لِمَنْ لا أَمَانَةَ لَهُ وَلا دِينَ لِمَنْ لا عَهْدَ لَهُ» (أخرجه أحمد).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деярли ҳар бир хутбаларида: «Омонати йўқ кишининг иймони йўқ, аҳди йўқ кишининг дини йўқ», дердилар (Имом Аҳмад ривояти).

Шарҳ:

Омонатнинг масъулияти жуда катта, Аллоҳ таоло уни муҳофаза қилиш, адо қилиш ва риоя қилишга буюрган, омонатдор кишиларни мақтаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам омонатдорлиги йўқ кишининг иймони бўлмаслигини, омонатни зое қилиш қиёматнинг белгиларидан эканини айтганлар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Омонатнинг иши оғирлиги, уни асраш лозимлиги;
  2. Омонатга риоя қилиш нажот топувчи мўминларнинг сифатидан экани;
  3. Омонатларни ўз эгаларига адо қилиш шартлиги;
  4. Омонатдорлиги йўқ кишининг дини бўлмаслиги.