Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

027. Салом қандай берилади?

5023 марта кўрилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло Одам алайҳис саломни яратгач унга бор - ана у ўтирган бир жамоа фаришталарга - салом бер ва сенга нима жавоб беришларини эшит, ана шу сенинг ва зурриётларинг саломи деди. — Одам алайҳис салом фаришталарга бориб: "Ассаламу алайкум" деди. Фаришталар: "Ассаламу алайка ва роҳматуллоҳ" дейишди, улар “ва роҳматуллоҳ” ни зиёда қилишди», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб: Ассаламу алайкум деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам алик олдилар, сўнгра у ўтирди. Расулуллоҳ: ўнта -яъни ўнта хасанот ёзилди- дедилар. Кейин бошқа одам келиб: Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳам алик қайтариб "йигирмата" дедилар. Яна бошқа бир одам келиб: Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ деди, алик олганларидан кейин ўтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "ўттизта"», дедилар.

Шарҳ

Саломнинг ўзига хос лафзлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари бу лафзларни бизларга ўргатган. Биринчи салом Одам алайҳис салом билан фатишталар орасида бўлиб, Аллоҳ таоло ўша саломни Одам болаларига ато қилган. Бу лафз мусулмон киши салом берганида энг афзал суратида: "Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ" дейишидир. Агар қисқа қилиб: “Ассаламу алайкум” ёки “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” деса ҳам бўлади, лекин юқоридаги ҳадисда зикр қилинган ажрни тўлиқ олмайди. Саломга алик олиш ҳам ҳудди шу суратда бўлади, лекин аликни саломдан зиёдароқ қилиш ҳам суннатдир, масалан биров “Ассаламу алайкум” деса, “ва алайкумус-салам ва роҳматуллоҳ” деса яхши бўлади ёки “ва баракатуҳ” ни ҳам қўшиб қўйса янада гўзал бўлади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни сунннатга мувофиқ салом беришга ва йўқолиб бораётган суннат амалларини тирилтиришга муваффақ қилсин.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Суннатга мувофиқ салом бериш “Ассаламу алайкум” дейиш. Маъноси жуда кенг бўлиб, қисқа таржимаси “Сиз мен томонимдан тинчлик, омонликдасиз” дегани. Аммо бугунги кунда кўпчиликнинг “Ассому алейкум” деб бераётган саломининг маъноси “Сизга ўлим сўрайман” дегани.
  2. Агар саломига “ва роҳматуллоҳ” ни қўшса ажри зиёда бўлади, “ва баракатуҳ” ни ҳам қўшса ажри тўлиқ бўлади.
  3. Саломга алик олиш фарз, аликни қайтармаса гуноҳкор бўлади.
  4. Алик олган киши унга қандай салом берилса шундай қилиб, қисқартмасдан жавобини қайтариши вожиб, зиёдаси билан қайтариш суннат, аммо саломга “хуш келибсиз”, “келинг”, “яхши келдингизми?” ва шунга ўхшаш калималар билан жавоб қайтариш жоиз эмас.