Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

024. Тақдирга иймон келтириш

4345 марта кўрилган

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Умар розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Биз Росулуллоҳ саллаллоҳу алайхи ва салламнинг ҳузурида ўтирган эдик, тўсатдан кийимлари оппоқ, сочи тим қора, афтидан мусофирга ўхшамайдиган ва бизга номаълум бўлган бир киши кириб келди. Юриб келиб Росулуллоҳ саллаллоҳу алайхи ва салламнинг олдиларига чўккалаб ўтирди. Икки тиззасини У зотнинг тиззаларига жипслаштирди ва икки кафтини сонлари устига кўйди. Ва деди: Эй Муҳаммад, менга ислом ҳақида хабар беринг. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайхи ва саллам дедилар: Аллоҳдан ўзга хақ худо йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканлигига гувоҳлик бермоғинг. Намозни тўла барпо қилмоғинг. Закотни адо этмоғинг. Рамазон ойи рўзасини тутмоғинг. Йўлга қодир бўлсанг Байтуллоҳга ҳаж-зиёрат қилмоғинг. Тўғри айтдингиз деди. Унинг сўзидан ажабландик, аввал сўради кейин эса тўғри айтдингиз деб тасдиқлаб қўйди. (Номаълум киши) деди: Менга иймон хақида хабар беринг. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайхи ва саллам айтдилар: Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда тақдирнинг яхшию ёмонига иймон келтирмоғинг. Тўғри айтдингиз деди. Менга эҳсон ҳақида хабар беринг деди. Аллоҳга уни кўриб турганингдек, агар сен уни кўрмаётган бўлсанг, у сени кўриб турганидек ибодат қилмоғинг дедилар. Менга Қиёмат хабарини беринг деди. Қиёмат ҳақида сўралаётган киши сўровчидан билувчироқ эмас дедилар. (Яъни: буни мен ҳам, сен ҳам билмаймиз). Ундай бўлса унинг аломатларидан хабар беринг деди: Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, яланг оёқ, камбағал қўйчувонларнинг (бир-биридан баланд, гўзал) уйларни қуришда баслашаётганларини кўрмоғинг, дедилар.

Умар айтади: (номаълум киши) кетди, биз эса бироз тин олиб ўтирдик. Шунда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайхи ва саллам: эй Умар, бу сўроқлаб келган ким биласизми, деб, сўрадилар? Аллоҳ ва Росули билувчироқ дедим. Бу Жаброил сизларга динингиз ишларини ўргатиш учун келди, дедилар».

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирини осмонлар ва ерни яратишдан эллик минг йил аввал ёзиб қўйди, ўшанда Аллоҳнинг Арши сув устида эди», дедилар.

Шарҳ

Иймон устунларидан бири тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришдир. Инсон ўзига етаётган зарар ёки фойда Аллоҳ тақдир қилгани учун етаётгани ва етмай қолган яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳ азалда ёзиб қўйгани учун етмаганига тўлиқ иймон келтирмагунича комил мўъмин бўла олмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳамма бўладиган ишларни азалдан билган ва лавҳул маҳфузга ёзган, вақти келганда унинг бўлишини ирода қилган.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Тақдир хақ, бўлаётган хамма ишлар Аллоҳнинг қазо ва қадари билан бўлади.
  2. Тақдирга иймон келтириш ва таслим бўлиш вожибдир, чунки қадар иймон устунларининг биридир.