Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

220. Қўшнининг ҳаққи ҳақида

3363 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!» (Нисо: 36).

عَنْ أَبِي شُرَيْحٍ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَاللَّهِ لا يُؤْمِنُ وَاللَّهِ لا يُؤْمِنُ وَاللَّهِ لا يُؤْمِنُ» قِيلَ وَمَنْ يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ: «الَّذِي لا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَايِقَهُ» (رواه البخاري)

ولمسلم: «لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لاَ يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ».

Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, (комил) мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди», дедилар. «Ким, Ё Расулуллоҳ?», сўрашди саҳобалар. «Озор-азиятидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган (яъни қўшниларига тинчлик бермайдиган) кимса!», деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Имом Муслимда: «Озор-азиятидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلا يُؤْذِ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонига иззат-икром кўрсатсин! Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ё яхши сўзлар сўзласин ё эса сукут сақласин!» (Муттафақун алайҳ).

عَنِ ابْنِ عُمَرَ و عائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ قَالاَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ» (متفق عليه).

Ибн Умар ва Оиша розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қўшнига яхшилик қилиш хусусида Жибрил алайҳис-салом менга шунчалик кўп гапирдики, мен қўшни (қўшнига) меросхўр бўлиб қолармикин, деб ўйладим» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ لِي جَارَيْنِ فَإِلَى أَيِّهِمَا أُهْدِي؟ قَالَ: «إِلَى أَقْرَبِهِمَا مِنْكِ بَابًا» (رواه البخاري)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, улардан қай бирига ҳадя беришим афзал?», деб сўрадим. «Эшиги сенга яқинроқ бўлганига», деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ:

Исломда қўшнининг ҳақлари бор, Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга буюрганлар, қўшнига яхшилик қилиш иймоннинг мукаммаллигига аломатдир, озор бериш эса иймоннинг заифлигига далолатдир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Қўшнининг ҳаққига риоя қилиш, унга яхшилик қилиш зарур, зеро бунга Аллоҳ буюрган ва уни Ўзининг ибодатига боғлаган;
  2. Қўшнига азият етказиш ҳаром ва гуноҳи кабиралардан;
  3. Қўшнига иззат-икром кўрсатиш жаннатга кириш сабабларидан;
  4. Ҳадя ва ярим коса овқат билан бўлсада қўшнилар ҳолидан хабар олиб туриш суннат;
  5. Қўшниларнинг яхшиликка лойиқроғи эшиги яқинроғидир.