Жума 24 Ноябрь 2017 | 5 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

204. Акса уриш (чучкуриш) одоблари

1835 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْعُطَاسَ وَيَكْرَهُ التَّثَاؤُبَ فَإِذَا عَطَسَ أَحَدُكُمْ وَحَمِدَ اللَّهَ كَانَ حَقًّا عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ سَمِعَهُ أَنْ يَقُولَ لَهُ يَرْحَمُكَ اللَّهُ وَأَمَّا التَّثَاؤُبُ فَإِنَّمَا هُوَ مِنْ الشَّيْطَانِ فَإِذَا تَثَاءَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَرُدَّهُ مَا اسْتَطَاعَ فَإِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا تَثَاءَبَ ضَحِكَ مِنْهُ الشَّيْطَانُ» (متفق عليه). وفي رواية: «فإن أحدكم إذا قال: هاء . . ضحك منه الشيطان.»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради, эснаганни ёқтирмайди. Сизлардан бирортангиз акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмон: «Ярҳамукаллоҳ» дейиши лозим бўлади. Эснаш эса шайтондандир. Сизлардан бирортангиз эснак келганда имкони борича уни қайтарсин. Чунки сизлардан бирингиз эснаса, шайтон унинг устидан кулади». Бир ривоятда: «Сизлардан бирингиз (эснаб) «А-а-а-ҳҳ» деса шайтон ундан кулади» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا عَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ الْحَمْدُ لِلَّهِ وَلْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَإِذَا قَالَ لَهُ يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَلْيَقُلْ يَهْدِيكُمُ اللَّهُ وَيُصْلِحُ بَالَكُمْ» (رواه البخاري).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз акса урса: «Алҳамду лиллаҳ» (Аллоҳга ҳамд бўлсин), десин, шунда биродари ёки ҳамроҳи унга: «Ярҳамукаллоҳ» (Сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), десин. «Ярҳамукаллоҳ» деса у: «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум» (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ҳолингизни ислоҳ қилсин», деб жавоб қайтарсин» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «إِذَا عَطَسَ أَحَدُكُمْ فَحَمِدَ اللَّهَ فَشَمِّتُوهُ فَإِنْ لَمْ يَحْمَدِ اللَّهَ فَلا تُشَمِّتُوهُ» (رواه مسلم).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Сизлардан бирингиз акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит (ярҳамукаллоҳ) айтинглар. Аллоҳга ҳамд айтмаса, унга ташмит айтманглар» (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا عَطَسَ غَطَّى وَجْهَهُ بِيَدِهِ أَوْ بِثَوْبِهِ وَغَضَّ بِهَا صَوْتَهُ (أخرجه أحمد والترمذي وأبو داود).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам акса урсалар юзларини қўллари ё кийимлари билан тўсар ва шу билан овозларини пасайтирар эдилар (Имом Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Шарҳ:

Акса уришнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берган одоб ва суннатлари бор бўлиб, мусулмон киши кўп яхшиликларга сабаб бўлувчи ушбу одобларга риоя қилиши лозим.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Акса урган киши Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир киши «ярҳамукаллоҳ» деб ташмит айтиши лозим;
  2. Аллоҳга ҳамд айтмаса, унга ташмит айтилмайди;
  3. Акса уриш Аллоҳга ёқади, чунки у тетиклик ва енгиллик натижасидир;
  4. Акса урганда юзни кийим, қўл ёки рўмолча билан тўсиб олиш яхши;
  5. Баланд овозда акса уриш макруҳ.